пятница, 25 февраля 2022 г.

ПИСТИРМАДАГИ ОВЧИ

 

 

                           ЯҚИН ТАРИХ ЯРАЛАРИ еки

                          саксон ёшда ёзганлирим

 

 

 Ҳар қандай гуноҳ, келажакда пистирмада туриб, юрагингни мўлжалга оладиган овчига айланади.

 

   “Кадрларнинг бетиним тебраниши, тасвирнинг хиралигига қараб, манзара ва жараённи ҳаваскор киши тасмага туширганини фаҳмлаш қийин эмасди. Лекин, шунга қарамай, у ноёб  ҳужжат эди. Уйлар ёнар, аммо одамлар ўтни ўчириш ўрнига, саросар кезишар, аёллар, болалар дилхун бўлиб йиғлашар, жон сақлаш илинжида Андижон томонга қараб қочишарди.Гоҳида анашу қочаётганларни ҳам мўлжалга олиб қолишарди

    Айрим кўчаларда қўлига милтиқ, пичоқ, калтак тутган тўдаларни кўриш мумкин эди. Дарвозаларга бўр билан шошилинч тарзда “ўзбек” ёки “қирғиз” деб ёзилганди. Ўша тўда,  ана шу “ўзбек” деб ёзилган уйларга ўт қўйиш, аёллар, болакайларни ўлдиришга отланганди.   Улар ичкарига кириши билан, аввал аёл кишининг дилни ларзага соладиган дардли фарёди дилингни эзар,қўрқинчли шовқун сурондан сўнг кўп ўтмай ёнғин бошланарди...Бир  ўпкавой ов милтиғи билан осмонга  қараб ўқ отар ва мазмунсиз бақирарди.

   Қулочини ёзганича,  дарвозасини кўкси билан тўсаётган аёл уларга  ўзбекчалаб зорланарди:

“ Мен сизларни оналаринг бўламан, айланайлар! Болаларимга раҳмларинг келсин”...

   У тағин алланималар деб тавалло қилди, аммо гапини эшитиб бўлмади. Бир барвасти безори аёлни итариб юборади, эшик очилади... 

   Оломон, одатда бўрилар галасига ўхшайди. У- масъулият, увол. инсонийлик деган туйғулардан узоқда бўлади.

   Душман қидиришни одат қилган бундай қутурган тўдага:  “Бутун кўргиликларнинг сабабчиси фалон миллат,”, дейилса бас – унинг миясидаги манқуртлик, хунхўрлик томирчалари аниғи, босқинчилик вируслари жадал жонланиб кетади, ўлжасини таъқиб қилаётган йиртқичга айланади.

   Миллатидан қатъий назар, ҳамма ҳам Одам Ато билан Момо Ҳавонинг зурриёти   бўлишига  ва тағин барча тоат- ибодатларимиз инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигига қарамай, Ўш ва Жалолободда чинакамига одамкушлик содир бўлди.

   Паспортида “ўзбек” деб ёзилганини ҳисобга олмаса, бошқа бирор фарқи бўлмаган юртдошини отиш, пичоқлаб ўлдириш, уйига ўт қўйиш фашизмдан ўзга нарса эмас эди!

 

   Я уверен, что если был бы жив Чингиз Айтматов, он бы просил прощения у узбекского народа.

   В связи с этим еще раз подчеркиваю: повторится ли впредь такой кошмар, зависит, именно, от интеллегенциии.””...

    Бу - менинг ўша кунларда “ЦенрАзия” сайтида эълон қилган  мақоламдан бир парча, холос.(тўлиқ матн ҳаволамда  /nusratrahmat.blogspot.com/)

   Ўшанда матбуот бу хусусда узуқ-юлуқ ахборотлар билан чекланди. Эҳтиросларни оловлантирмаслик, миллий адоватларга эрк бермаслик  учун шундай йўл тутилди. Аммо ҳамма ҳам  мум тишлаб тургани йўқ.  Мазкур сайтда, мендан анча илгари Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол шундай деди: “ Жалолобад ва Ўшда ўзбекларнинг авлодлари минг йиллардан буён яшашади. Улар ўз ота юртларида мусофирга айланмаслиги керак!”

   Менинг мақоламга бир қирғиз зарда билан ёзган коммент ёдимдан чиқмайди.

 “Ҳей сарт, нописанд деганди  у. сен ўзинг Месхети туркларидан кечирим сўрадингми?...”

   Ҳа, у мўлжални аниқ олганди.  Бор айбни буйинга олиб,  тавба -тазарру қилиш шарт!

   Кеч бўлса ҳамки,  бошим ерга теккунча эгилиб, турк биродарлардан кечирим сўрашга тайёрман!

   Бизни кечиринг, биродарлар! Биз - туркий  деятуриб, бегуноҳ  қавмимиз уйига ўт қўйдик!

 Биз - мусулмон, деятуриб, намоздан кейин, муслимнинг  қонини тўкдик! 

   Алҳазар, ўзинг диёнат бер!

 

   Икки киши урушса, айб – ақллисида, икки миллат жанжаллашса, гуноҳ – зиёлиларда, дегандим. Демак, миллатнинг равшанфикр кишилари ўз фарзандлари, ўқувчилари, умуман ёшларини инсонга эҳтиром, дўстлик, қардошлик руҳида тарбиялаш ўрнига буюкмиллатчилик деган иллат билан заҳарлашган бўлиб чиқади.

    Аслида  миллий ғурур билан миллий миллий маҳдудликнинг ораси бир қадам. Буюкмиллатчилик кайфиятидаги кишининг кўзига бошқалар хору хасдек жуда ҳам арзимас бўлиб кўриниши турган гап.

   Миллатнинг эса буюги бўлмайди, унинг хўрлангани, юртига сиғмаганлари бўлади. Агар сен чин инсон бўлсанг, уларни бошини  силашинг лозим!

  Улар меҳр−шафқатга муҳтож бўлишларини ёдда тутиш зарурдан−зарур.

    Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки,  тарих ҳеч нимарсани унутмайди. Қирғиз ўзбекнинг уйини ёққани, унга тиғ кўтарганини ҳам; ундан олдинроқ эса ўзбек туркларни бадарға қилганини қайд этиб, муҳрлаб  қўяди. 

 

  Шу йилнинг(2022) бошида Ислом Каримовнинг ўша пайтдаги тансоқчиси ТВда шундай деди:

   “Биз Фарғонага етиб борганимизда, уни (Месхети туркини) тўртинчи қаватдан ташлаб юборишган, у тирик қолганлиги боис устига бензин сепиб, ёқишган; бир тўда ёшлар ўзларича вақтичоғлик қилиб туришган экан. Бизни кўриб, қочиб қолишди.  Мен шунча йил Афғонистонда ишлаб, бундай даҳшатга дуч келмаган эдим.”

   Бу йигитчалар ўзга планетадан келиб қолмаган, албатта. Улар ўз шаҳримизда туғилиб вояга етган, ўзимизнинг мактабларда ўқиган, айримлари мачитларга қатнайдиган  художўйлар.

 

 Истаймизми-йўқми, биз худо,тарих ва виждон олдида бот-бот ҳисоб беришга мажбурмиз.

   Ўшанда ҳукумат томонидан Москвага юборилган телеграмма эълон қилинганди. Унда жумладан. шундай дейилганди:

    Получены предварительные сведения о последствиях беспорядков в Ферганской области с 3 по 9 июня.(1989). Всего погибло 104 человека, пострадало 935, из них 422 – госпитализировано

 

    Қатағон замонида  ота-боболари бошпана  берган, бир бурда нонини баҳам кўрган  мусулмон қавмини уларнинг набиралари ана шу куйга солганини эслаш оғриқли ва унинг сабабларини тушуниш, идрок этишга қувваи ҳофизам заифлик қилади. Ўшанда бу қонга ташналик эпидемияси бошқа туманларга ҳам юқабошлади, уларнинг уйларига ўт кетабошлади. Турклар қўрқиб, уйлари мол мулкларини арзон-гаров сотишга тушдилар.

     Оқдарёда Али Исмоилов деган (турклардан) дўстим бор эди, қўли гул уста эди. Шундай таҳликали кунлардан бирида  келиб қолди.

  “Нусрат ака, хайрлашгани келдим”, деди мунг ила, Кавказдан жой топдим”.  

“Мен сизга ўша қутурганларнинг оёғи етмайдиган  ерлардан жой топиб бераман, кетманг”, дедим. Ҳозирча биз томонда тинчлик-ку”...

   “Йўқ, деди у, кўнглим совиди баридан”.

    Шундай деди-ю, кўзига ёш айланди. “Фақат Зайнабни нима қилишни билмай қолдим? Кетмоқчи эмас”.

     Гап шундаки, унинг катта фарзанди  (Зайнаб) қизим билан университетда бирга ўқишганди. Уни Оқдарёда педагоглар оиласи (ўзбеклар) келин қилганди. Бу оилада Али билан бирга борган эдик. Куёв  милиционер бўлиб, ягона ўғил экан, ота онаси муалимлик қилишаркан Эр хотин ҳар куни эрта туриб, қўшни қишлоқдаги мактабга ишга боришаркан.  Ҳовлидаги бир кафт ерга кўкат экишаркан. Бозорчиларнинг ўзлари келиб, олиб кетишаркан. Зайнаб йил ўтмай, ўғилчали ҳам бўлганди.   Яхши одамлар эди, Зайнабнинг ҳам ҳаётдан мамнун эканлигини билардим.

   “Кетмайман”, деяпти

   Ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб кетди.

   “Алижон, уни қўйинг,  мен уни ёлғизлатиб қўймайман, ўрнингизга оталик қиламан”, дедим.

     “ Йўқ!, деди, зарда ва аламзадалик билан, олиб кетаман!

    “Тушунинг, илтижоли боқаман унинг кўзларига, бунга  ўзбек халқи айбдор эмас, бир тўда ғаламислар...

    Уни ҳечқачон бундай жаҳл ва қатъиятда кўрмагандим. Кўз ўнгимга ёлғиз набирадан ажралиб, зориллаётган ота она, ва милиционер йигит гавдаланди. Аммо, Алига насиҳат ҳам, пўписа ҳам кор қилмаслдигини сезгандим.

   Хуллас, айтганини қилди...Шундай буён ундан дарак  йўқ. Хат ҳам ёзмади...

 

    Грузия уларни ўз юртларига, яъни Месхетияга қабул қилишдан бош тортди. Ислом Каримов Россия ҳукумати билан келишиб, асосий  аҳолини ўша ёққа кўчирди. Россия бағрикенглик қилди, деб турганимизда, уларга фуқаролик матлабини беришмаганлиги аён бўлиб қолди. Бечора турклар АҚШ ва Европадаги бошқа давлатлардан бошпана  топдилар. Билишимча, Туркия ҳам уларни таклиф этмади.

   Бахтиқаролар, тағин бир бор ватандан ажралдилар, биз эса туркий, мусулмон биродарларимиздан жудо бўлдик.

  Тахминимча, энди улар қайси юртда бўлишса ҳамки, ўзбеклар ҳақида илиқ гапларни гапиришмайди.

  

   Месхети турклари анчайин меҳнаткаш, ҳунарманд чиқиб қолди ва табиийки, фаровонроқ яшайбошлади. Бу ҳол айримларга ўтиришмади; қадрдонларни сиғдирмадик, уйига ўт қўйдик, устига бензин сепиб, гугурт чақдик!

  

   Тахминлар, гипотезалар кўп; ҳокимият ўзгарганда ёки зулм, ноҳақлик жондан ўтганда, шундай ҳол юз берар балким...

   Бу жиноятда Москванинг қўли борлигини кўпроқ таъкидлашади. Боиси: ундан сал олдинроқ турклар ўз ватанларига қайтаришни талаб қилиб, намойишлар ўтказишган; бунинг устига, бизда мустақилликка ташналик кучайган, Кремлдан батамом ажралиб чиқиш ҳаракатлари жиддийлашганди...  

   Энг ёмони, бу нохушликларнинг илдизлари ҳозиргача на матбуотда ва на жамоатчилик орасида муҳокама  килинган эмас. Чунки мавзу ноўнғай, қалтис...

   Ҳарҳолда, миллатчиликдан эҳтиёт бўлиш, сақланиш керак!

     Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистонда яшайдиган юздан ортиқ миллат вакилларининг  ҳақ-ҳуқуқи бизникидан заррача кам эмас!

  

                                                           

                                                   Нусрат РАҲМАТ      24 02 2022

Комментариев нет:

Отправить комментарий