“ҲАҚ ОЛИНУР...”
27 ноябрда ( 1917) Ҳўқандда
Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун!
Камина ҳам мажлисда бўлиши учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!..
Туркистонинг ҳар тарафидан 300 қадар киши мунда бор эди. Яъни ваколат ила
юбориб эдиларким, бунинг катта бир қисми уламо ва машойих эдилар. Рус, яҳудий
ва арманлардан ҳам вакиллар бор эди. Биргина киши бўлсун, бу мухториятга ҳеч
бир фирқадан мухолифат этмади. Эътироз ва протест деган сўз асло
бўлмади...Оқшомгача бутун Хўқанд кўчаларидан мактаб ва мадрасалардан такбир
овозлари чиқар эди. Зиҳи саодат!
* * *
Бутун Туркистон иттифоқ
этса, 15 миллионлик бир қувват оламға
келурки, мунга ер титрайди. Агар сўзумни фаҳмлатолган бўлсам, ўзимни бахтли
ҳисоблардим.
* * *
Азиз (қозоқ) қариндошларим! Мусулмон
биродарлар! Ҳаммангизга маълумдурки, Туркистон демак туркий эл бўлиб, мундаги
халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари ҳаммаси турк муғул
болалари ҳамда жаҳонгир Чингизхон ва Темурнинг авлоди ёки оға
инисидурлар...Бовурлар! Билингки, ҳозирда
Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва, сиз
билингки, “Ҳақ олинур, берилмас!” Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи
бирлашиб ғайрат ила олурлар, албатта, бошқалар тарафидан берилмас! Бошқаларнинг
қўлидан келса бермаслар.
* * *
18 июлда (1918) Тошкентға кирдим. Йўлда
вагонға одам кўплиги учун ўтуруб бордик. Анда бориб, Ниёзов билан бирга ҳозирги
Туркистон ҳукуматининг раиси Тоболин афанди ҳузуриға кирдик. Ва ушбу тубандаги
масалалар тўғрисинда сўйлашдук.
1.Ғалла; 2. Аскар олиш; 3. Тазминоти (таъминоти)
ҳарбия; 4. Ер ва сув масаласи.
Ҳозирги ҳукумат ва ҳам
Туркистон мусулмонларининг нафи нуқтаи назаридан юқоридаги масалалар хусусинда
эътидод ва осон йўлларини кўрсатиб таклиф этдим ва ўзимни 25 йил халқ ишига
аралашиб ва бир неча дафъа саёҳат этиб, дунё ва мусулмон, хусусан Туркистон
мусулмонларининг тирикчилигига ҳосил этган тажрибам юзасидан хулоса ва холисан
ватан ва Туркистоннинг тинчлиги номиға бир хейли таклифотда (таклифлар
киритдим) бўлдим. Туркистоннинг ҳозирги
дохилий (ички) ва хорижий душманлари аҳволини ва халойиқнинг аҳволи
руҳия ва эътиқодини ва маишиясига ( тирикчилигига) бироз бўлса ҳам аҳамият
бермак ва риоя қилмоқ кераклигини билдирдим.
Тоболин афанди бу сўзларға
аҳамият бергандек бўлиб кўрунди. Ниёзуф билан Жўрабоев афандилар ҳам ҳозир
эдилар ва маним сўзларимни таҳийи
(маъқул) этдилар. Юқоридаги масалалар тўғрисида таклифларимнинг хулосаси
шул эди.
Бул тўғринда (ғалла) маним
таклифим шул бўлдики, бозор очиқ бўлсун, аммо вилоят ва уезддан ғалла
чиқарилмасун ва омборларнинг ғалла олиши манъ қилинсун. Такса ( қатъий баҳо)
асло бўлмасун, фақат ғалла эккан деҳқонлар бир ботмон экилган ердан тўрт пуд
ғалла такса юзасидан берсунларки, бу ҳам аввал дафтар бўлуб, сўнгра берилсун.
Аскар масаласидурки, бу ҳар
нарсадин муҳим ва умумий бўлиши лозим. Аммо мусулмонлар ҳамон шунга ўрганмаган
ва ҳам дохилий ( ички) фитначилар қора халқнинг фикридан фойдаланиб...ёмон
ҳодисалар пайдо бўлса. Шунинг учун таклиф қиламанки, то халқ ўрганиб, бироз
аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, халқнинг аҳволига (қаралса) эди.
Ҳозирги ҳукуматнинг раиси
Тоболин афанди билан музокарамиз икки дафъа (марта) бўлуб, бир соатдан зиёд
чўзилди. Тоболин афанди юқоридаги масалаларнинг муҳимларини ёзиб олиб, яхши
ваъдалар берди...Маним юқоридаги таклифим бутун Туркистон учун қабул қилинди
ва, ўз фикримча, туркистонлик
ватандошларимнинг буни жон ва дилдан қабул ...( этишлари лозим).
* * *
Каминани Самарқанд маориф комиссарлигига
Самарқанд мусулмон шўроси сайлаб эди.
Баёни узр (рад) этдим. Қабул қилинмади. Бир неча вақт қўлимдан келгунча
ишладим. Мактаблар тўғрисинда баъзи лойиҳалар ёзиб ташладим. Охири безгак ва
оёқ оғриғи ҳам йилнинг қийматчилиги важҳидан рўзғор ва деҳқончилик ишларимнинг
кўблиги ва бир неча сабаблардан комиссарликдан истеъфо бердим.
Тўпловчи Нусрат РАҲМАТ
Манба:
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар 2018 https://nusratrahmat.blogspot.com/
Бу асар блогимда.
Комментариев нет:
Отправить комментарий