Фарзандларимиз мажбурий пахта теримидан озод
бўлганлиги ростга ўхшаб қолди. Ўзбекистон тарихида биринчи бор. Бизнинг авлод
бу уқубатларни бошдан кечирганининг ўзи етарли. Ўша замонлардаги золимлик ва
қаллобликлар ҳақида ёзган “Актёрлик маҳорати” деган мақоламни эътиборингизга
ҳавола этмоқчиман.
https://nusratrahmat.blogspot.com/
1977 йилнинг ноябр ойи эди. Идорадан (“Қишлоқ ҳақиқати” таҳририяти) телефон қилиб, эртага Навоий вилоятидаги
”Нарпай” совхози пахта тайёрлаш мажбуриятини бажаришини, шу муносабат билан у
ерга Шароф Рашидов боришини, мен ҳам ўша жойда бўлишим зарурлигини айтишди.
Етиб келганимда, одамлар тўпланиб
бўлган эдилар. Улар идорагача бўлган йўлакнинг икки томонида тартиб билан
туришар, олдинги қаторда янги либослар кийиб гул кўтарган ва салқин ҳавода
дилдираётган қизалоқлар қатор бўлиб туришарди. Уларнинг эгнида фақат кўйлак бор
эди ва уларнинг ўпкаси шамоллаб қолишидан ҳеч ким хавотир тортмаганидан
афсусландим. Ундан кейин бир хил яктак кийган муйсафидлар... Булутли осмондан
кўз илғамайдиган ёмғир зарралари ёғарди.
Мен ҳам отахонларнинг ортларида туриб, республика раҳбарини кутабошладим.
Аммо муйсафидларнинг кайфияти байрамона
эмасди. “Амирлик замонида ҳам бунақа азоб беришмасди одамларни, давом этарди улардан бири, далада бир чаноқ ҳам
пахта йўқ, барибир, терасан, дейди.
Пахта сотиб олиш учун ҳар куни пул йиғади золимлар!. Пенсияни қўлга олмасдан,
уларга тутқазиб юбордим”
Бири тугатмасдан иккинчиси илиб
кетди. “ Сигирни оғилга қамай десам ҳам қўймади, бориб, мана яктакни кийиб
ўтирасиз, деди. Энди бузоқ онасини эмиб
қўяди; кампир кечаси билан жавраб чиқади. Шунинг сутини сотиб, калиш оламиз,
деб тургандик”. “Ёрдамчиларга раҳмим
келади, давом этди тағин бири, шу совуқда саройда ётишибди, улар ҳам бировнинг
эркаси. Пахта сиёсати дейди.”
Шу пайт кортеж кўринди. Ҳамма меҳмон шарафига қарсак чалди ва зум ўтмай йўл
бошида казо-казолар қуршовида Шароф Рашидов кўринди ҳамда қўлини кўксига қўйганича, тўпланганларга
эҳтиром кўрсатиб, келабошлади. Шунда лабига табассум суртиб турган чолларга
хайрихоҳлик кўрсатиш илинжида, ногаҳонда биз томон бурилди ва бобойларга, шу
жумладан менга ҳам қўл чўзиб кўришабошлади. Арбоб ҳар биримиз билан кўришганда:
“Ҳаёт яхшими?”, “Турмуш яхшими?” деган бир хил саволни такрорларди. Муйсафидлар
эса бир-бирига навбат бермай, ҳаёт билан турмушнинг жуда ҳам яхшилигини
такрорлашарди. “Биздан нима талаблар бор?” савол берди у киши, ҳамду-санодан
безиб ва гарчанд, қандай жавоб берилиши яхши билсада. “Ҳеч қанақа камчилик йўқ,
бахтимизга сиз соғ-саломат бўлсангиз бас”, дейишди худди ўргатиб қўйилгандан бир овозда. Муҳтарам
меҳмон ҳамма билан ҳайрлашиб, йўлида давом этди. Муйсафидлар орасида анча зиёли
бўлиб кўринган чол менинг нигоҳимдаги истеҳзони пайқаб қолди, шекилли, ўзини
оқлаган бўлди: “Ҳа, энди замонасозлик қилмаса ҳам бўлмайди”
Кейин залга кирдик. Биринчи бўлиб
совхоз директори сўз олди. Шароф Рашидовнинг пойқадами билан шарафли мажбурият
бажарилганини, халқнинг кайфияти яхшилигини, яна фалон тонна пахта термагунча
уларнинг кўнгли жойига тушмаслиги, далада эса ҳосил кўплигини гапирди. Ҳамма
қарсак чалди. Кейин бир муйсафид минбар
миниб, замоннинг фаровонлиги, аммо ношукур бандалар учраб туришини айтиб, қолган
ҳосилни термаслик увол эканлигини, оиласи билан тағин фалон кило паҳта теришга
ваъда беришини айтди. Тағин қарсак чалинди. Яна казо- казолар чиқиб, аввалгилардай
ўз ролларини маҳорат билан ижро этдилар, аниқроғи, қолган қутган пахта(ни)
қўйдилар. Шароф Рашидов сўз олганда, ҳамма ўрнидан туриб, узоқ қарсак чалди. У
киши энг аввало Брежневни улуғлади ва сўзининг охирида совхоз пахтакорлари
ваъдаларининг устидан чиқишларига ишонч билдирди.
Фақат яланғоч ғўзапоялар қолган
далалардан ўтар эканман, аввал ўзимга таскин бердим. Бир умр подшоҳлар,
амирлар, мингбошиларга таъзим қилиб, фақат уларнинг райига қараб иш тутишга
кўниккан халқ катта-кичик котиб ва
саркотибларга бош эгиши табиий ҳол. Толстой топиб айтган: “Биз подшолар
қаршисида бош эгганимиз учун ҳам улкан
бўлиб кўринишади, агар қоматимизни кўтарсак, улар ҳам ўзимиздай гуноҳкор банда
эканлигига ишонч ҳосил қиламиз”. Далада паҳта қолмаганини Шароф Рашидов ҳам
кўрди-ку. Наҳотки шундай обрўманд одам ҳам рол ўйнадимикин?!
Нахот, қизалоқларга раҳми келмаган бўлса...
Зеро, ўзим ҳам актёрлик маҳоратимни
ишга солишга мажбур бўлдим. Хўжаликда тантана бўлиб, республика раҳбари ташриф
буюрганини, жамоа тағин фалон тонна пахта теришга аҳд қилганини ёзиб юбордим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий