Шукур ака,
саломатмисиз?
“Сайланма”нинг биринчи жилди муборак бўлсин!
Аслини
олганда, сизни ўзга бир ашрафлигингиз билан табриклашим жоиз эди. Ўн олти йил
мобайнида китоб чиқармаган бўлсангиз ҳам, зиналари анчайин баланд шоҳсупадан
жилла пастга тушмаганингиз учун қўлингизни қисмоқчи эдим.
“Сайланма”ни
кўздан кечирган киши Абдулла Қаҳҳордан кейин ҳикоя жанри имкониятларини бир қадар кўтарганингизга имон
келтиради. Шахсан ўзим, бир вақтлар йўқотиб қўйган қадрдон нарсаларимни топиб
олгандай бўлдим. “Нотаниш одам”, “Ҳаёт абадий”, “Жарга учган одам”, “Укки сайраябди”, “Арпали қишлоғида”, ”Кекса ғижжакчи”...нақадар сеҳрли қўшиқлар.
Бойсундаги тоғлар, даралар, энг муҳими, ўз оламига мансуб одамлар кино
лентасидагидай кўз ўнгингизда намоён бўлади. Фақатгина уларни эмас, ўзимнинг
ҳам ўша пайтлардаги мастона ҳолатимни зоҳиран эсладим.