Муҳтарам
газетхонларга аёнки, мен ўтган ойлар давомида ўта заҳарли моддалар ҳамда
радиоактив қолдиқларни беназир тоғ ёнбағирларига тонналаб кўмиб ташлашга қарши
газета, телевидение ва радиода чиқишлар қилдим. Жумладан, “Ўзбекистон адабиёти
ва санъати” газетасида босилган “Реактор зарурми?” мақоламда Тошкент шаҳрида
қурилган бу ўта хавфли радиация манбаига ўз муносабатимни билдирган эдим.
Фақат
оммавий-ахборот воситаларигина эмас, бу хусусдаги мулоҳазаларимни бир қатор
юқори ташкилотларга, халқ депутатларига ҳам йўллаганман. Бундан муддао,
аждодларимизга ризқу-рўз ато этган ҳамда келажакда зурриётларимизни ҳам боқиши
зарур бўлган она тупроғимиз безавол, сувимиз зилол, ҳавомиз беғубор бўлиши
бағоят зарурлигини тағин бир бор, хавотирона таъкидлаб ўтишдир, албатта.