Кўпчилигимиз болаларимизда илк бор дуч келган ариқ ёки анҳорни яхши
эслаб қолганмиз. Эҳтимолки, соҳилларини ажриқ, ялпиз, қирқбўғимлар босиб ётган,
ичида балиқлар ғужғон ўйнаган, сувтиндиргичлар бетиним чарх ураётган сўлим гўша
бўлгандир у. Эҳтимолки, баҳорда тошиб оқадиган, кейин тиниб-тинчийдиган тоғ
дарёсидир.
Ариқларни заминнинг қон томирлари,
дейилиши бежиз эмас. Сув бор жойда ҳаёт бор. Сувни эса улкан дарёлардан, тоғ
чашмаларидан ана шу ариқлар олиб киради
ёки олиб чиқади.
Ҳа, биз улкан дарёларни мадҳ этишга, улар билан фахрланишга кўникиб
қолганмиз. Аслида ҳар қандай дарё кичик ариқлар йиғиндиси эканлигини ҳам
унутмаслигимиз керак! Эътибор берган бўлсангиз, одамлар азал-азалдан катта
дарёларнинг соҳилларида эмас, ариқлар, анҳорлар, кичик дарёларнинг бўйларида
яшашган.