Олтмишинчи
йилларнинг охири, етмишинчи йилларнинг бошида ҳамкорликда ишлаган
биродарларимиздан айримларини хотирлашга жазм қилдик. Худо уларнинг
охиратларини пурнур қилсин.
Ҳожиқурбон
Ҳамидзода
Муҳтарам газетхон! Шоҳи Зинда қабристонига кириб,
ўн-ўн беш қадам йўл босишингиз билан ўнг томонда мўъжазгина мис бюстга кўзингиз
тушади. Нигоҳлари тийран, табиатан сарбаланд бўлган бу йигит Ҳожиқурбон Ҳамидзодадир. Бу доно одамнинг номига кўча, кутубхона
қўйилган. Ўлимидан кейин «Ёш гвардия» нашриёти томонидан чоп этилган «Қалб
хотираси» китоби кўпларнинг ардоқли ёдгорлигига айланган.
1937 йилнинг илк баҳорида дунёга келган ва худди
баҳордек тез ўтиб кетган бу одамнинг номи кўҳна Самарқандда яшаб ижод этган
талай алломалар билан бир қаторда туради.