ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР.
ҒАРИБХОНА
“Кексалар уйида бир муйсафид ўзини осибди. Салласини шифтга ҳалқа қилибди-ю...”
Бу гапни таниш журналист, шунчаки гап орасида айтган бўлса ҳамки, ўша бахтиқаро муйсафид кўз ўнгимдан кетмай қолди. Не ситам ё зулм ўтди экан, шўрлик отахонга? Нега айнан салласига осган?
Кунлардан бирида, беихтиёр, ўша даргоҳга йўл олдим. Директор мени хушфеллик билан қарши олди. Анчайин сарамжон- саришта бўлган маънавият хонаси, ошхонани кўрсатди, гулзорларни томоша қилдик. Аммо ўз жонига қасд қилган отахон ҳақидаги ахбороти жуда дудмал бўлди. Келганига атиги уч кун бўлган экан. Намозхон экан, Биринчи куни санитар аёл билан уришиб қолибди, эртаси ўғли келган экан, уни ҳайдаб солибди. Бошлиқ ҳамма иллатни чолнинг ўзига ағдаришга мойил эканлиги сезилиб турарди. Аммо қалбим ниманидир инкор этарди: мен кексалар уйини шунчалик ташқи сувратини кўриб, унинг сийратидан бехабар қолганимдек, ҳалиги кексанинг ички нидолари, ҳасратлари, ғуссаларидан бехабар эдим.
Мен учун жумбоқ бўлиб қолган бу асрорларни фақат ҳикояда акс эттириш мумкин, деган хулосага келдим. Чунки бу жанр тахминлар, фантазиялар ва башоратлар учун очиқ.