понедельник, 2 августа 2021 г.

5. ЖУМАНАЗАР АКА САРГУЗАШТЛАРИ

 

                                 Бешинчи вароқ

                                          Ҳазил

    “Бундай қиламиз, депти ниҳоят блогер. Кечқурун касал кўргани беморларнинг  қавмлари келишади. Уларнинг машиналари орасида ўзимизни жинниликка солиб, тентираб юрамиз. Бирорта овсарроғи калитини қолдириб, ичкари кириши билан,  машинасини вокзалга  қараб ҳайдаймиз: поездга осилиб, Россияга қочамиз”.

   Бу таклиф Жуманазар акага маъқул бўлипти ва ёдига Москвада ишлайдиган жияни Шер (Шерзод)ни тушибди. Бола пақир анчайин уддабурро бўлиб, айтгани рост бўлса,  “Москвадаги  ҳайвонот боғига директорман” деярди.  Ёзда қишлоққа келиб, катта тўй берганди, ночорларга мадад кўрсатганди.

 

   Якшанба куни ( одатда, касал кўргани келадиганлар кўп бўлади) эскигина “ Nexia” эгаси машина калитини олмай, эшигини ҳам қулфламай, ичкарига шошилди. У кўздан пана бўлиши билан икковлон ўзларини машина кабинасига уришди ва  блогер тезликни оширди. Москвага борадиган поездга чипта ҳам топилди. Алламаҳалгача юрак ҳовучлаб туришди ва поезд жойидан жилиши билан блогер ҳаяжонга

тўлиб, Ўзбекистоннинг бир замонлардаги мадҳияни бузиб, яъни ўзидан ҳам алланималарни қўшиб, тантанавор қироат қилишга киришди.

          Ассалом, рус халқи,  буюк оғамиз!

          Мардикорга мададкор, тоғамиз

         Озодлик йўлини сиз кўрсатдингиз

         Бу гал ҳам умиду, ишончимиз сиз
          Дарёлар бўйида эдик сувга зор...

        Ҳозир ҳам ташнамиз хормиз ва беҳол

       

   Кейин, тағин хавотир оғушида  жимгина ўтиришибди.  Поезд Россия ҳудудига киргач, блогер тағин машҳур шоирнинг шеърини бузиб, айтабошлабди.

          Россия, Россия азамат ўлка.

         Эй осмон сингари бепоён ватан.

          Бағрингга ол биз шўрликларни

          Қочиб келдик жиннихонадан...

  Шу тариқа гоҳ шошиб, гоҳида ҳаяжонланиб, Москвадаги ҳайвонот боғига етиб боришибди. Аммо бу ердаги сўхтаси совуқлар:

  “Здесь такого нет”, дейишдан бошқасини билишмаскан

  “Шер, Шерзод, мой жиян” дилтанглик билан тушунтиришга ҳаракат қиларкан  Жуманазар ака.

    Хуллас икковлон хуноб бўлиб чиқиб кетишаётганда девордаги эълонга кўзлари тушипти. “Ҳайвонот боғига ишчилдар қабул қилинади” деб ёзилган экан унда.

   Директори аёл киши экан. У ҳозирча фақат битта ўрин қолганлигини  айтиб, негадир Жуманазар акани танлабди. Блогерга эса кейинроқ хабар олишни маслаҳат беришипти.  Ўша куниёқ, Жуманазар акага маймун (орангутан) терисини кийгизиб, қафасда туриш ва маймунга ўхшаш қилиқлар қилиш зарурлигини уқдиришибди.

   Ҳойнаҳой, қўшни қафасда шер яшаркан. Бу йиртқич негадир орангутан (Жуманазар ака) дан кўзини узмас, важоҳати бузуқ экан. Бу ҳам майли, эртаси бу бадфеъл қонхўр панжарани бузиб,  қафасга кириб келипти. Жуманазар ака дир-дир титраб, бурчакка тиқилиб турса, шер унга яқинлашиб, уёқ-буёқларини ҳидлаган бўлибти  ва унинг қулоғига

    “ Тоға, қўрқманг, мен жиянингиз Шерзод бўламан”, дебди.

      “Ҳей ҳувори, ўтакамни ёрдингку”, койиб берибди Жуманазар ака.

   Шу тариқа маймун либосида унинг ролини ижро этиб юрган экан, учинчи куни блогер пайдо бўлибди. Аланг-жаланг бўлиб, жониворларни томоша қилаётганда, Жуманазар ака  уни кўриб:  “Ҳай, Ҳаққул, дебди, яхши келдинг,  сенга иш топиб қўйдим, Қўтос бўласан. Маош минг доллар”...

  Кечқурун уни директор чақирипти.

“Сизга жавоб, бошқа иш топинг!”

  “Сабабини билсак бўладими?”

    Маймун томошабин билан гаплашмаслиги керак”

     “Нима қилипти, маймун ҳам одамдан тарқалганку”

    “Лекин маош неча пуллигини айтмаган”

“Хафа бўлманг, Жуманазар ака, далда берипти Ҳаққул, ташқари чиққач, мен иккаламизга бошча юмуш топиб қўйдим”.

   “Хўш?”

    Москва бозорларида асосан ўзбек ва тожиклар савдо қилишаркан. Сиз улар орасида жуда машҳурсиз. “ Жуманазар акани олиб келинг, бир тавоф қилайлик” дейишди. У киши коинотга бориб келадилар, жаннатга ҳам кириб чиқадилар, марҳумлар билан гаплашадилар.  Агар хат ёзиб берсаларинг, эгасига етказадилар” дедим. Кўплар ишонишди.”

   “ Кўплар ишонишди” деганинг нимаси? Мен ҳақиқатан ҳам жаннатга кириб чиқаоламан” дебди Жуманазар ака.

    Эртагаси бозорга боришган экан, одамлар Жуманазар акани ўраб олишибди. Биринчи бор фақат уч кишининнг илтимосини қондиришим мумкин, дебди, Жуманазар ака, лекин ўша марҳумнинг қаердан эканлиги, исму шарифи, қачон охиратга рихлат қилганлигини аниқ ёзиб беришларинг керак. Гап ҳам қисқа бўлсин”.

      Бир аёл кўз ёш қилиб, хўжайини ўтган йил оламдан ўтканини айтиб, кўз ёши қилибди.”Бизнинг соғ саломат эканлигимизни  айтсангиз бўлди. Мен кенжатойни ҳам уйлантирдим, келин жуда яхши чиқди. Ҳаммаси яхши . Фақат у кишининг ўрни...”

   Аёл шундай деб йиғлаб юборипти..

   “ Дадам икки бор ҳаж қилган эдилар. Аптекалари бор эди, камбағалларга арзон сотардилар, маҳаллага ҳам кўп яхшиликлар қилганлар. Қабрларига мана бундай сағана қўйдик, ҳайкал ўрнатдик.”   Шуни кўрсатинг, деб расм  ҳам ҳам узатипти. Тағин бирови...

  Жуманазар ака кейин осмонга қараб: “ Фариштам Юпетериан! Кел, мени олиб кет. Бу гал жаннат боғларини кезгим ва ваъдаларни ижро этгим келяпти” депти.

  Зум ўтмай Юпетериан пайдо бўлибди ва Жуманазар акани олиб, коинот сари парвоз этибди.

1 комментарий: