пятница, 23 июля 2021 г.

 

                        АСАРЛАРИМДАН ИҚТИБОСЛАР


Муаллимлар орасида фронтдан ярадор бўлиб келганлар ҳам анчагина эди. Устозимиз Абдураҳмон аканинг ҳам бир оёғини снаряд юлиб кетган бўлса керак, ёғоч оёқда юрарди. Юрганда оёғи ҳазин ғижирлагандай бўларди. “Сўроқ бўлгиси деса, ўроқни эсла, ундов белгиси деганда, оёғимни эсла,” деярди.. Йиллар ўтиб, ана шу ундов белгисига айланган мажруҳ оёқ мени урушга қарши курашга даъват этабошлади ”Ундов белгиси” деган туркум шеърлар ёзгандим.


Ёғоч оёқ ғичирлайди, ғичирлаб ҳазин-

Одамларга баён этар, серҳасрат арзин:

«Мен садақайрағоч эдим бир замон,

Она ергинамнинг чайир ўғлони.

Чорак аср аввал кесиб беомон,

Кесилган оёққа улашди мани.

Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо

Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.

Чорак асрдирки, менга муаммо:

Мажруҳ этар нечун, одамни-одам?

 “Таржимаи ҳол”

                                         

 *  *  *

«Муҳаббат ва садоқат шунчаки китобий гаплар эмас. «Муҳаббат – бир-бирига етишгунча оловланиб, сўнг сўниб қоладиган туйғу», деган экан бир файласуф. Дастлаб бу афоризм менга жуда ёқиб тушганди, кейин эса ҳаётда бунинг аксини кўп кўрдим: тўйгача бир-бирини танимаган, кейин эса мажнунона севиб, суяниб қолган, борлиғини бир-бирига бахшида этган талай эр-хотинларни учратдим; уларга ҳавасим келди.

Эй фарзанд! Чироққа лампамой, ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидай, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат талаб қилишини унутма.

Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайди-ку! Яхши кўрадиган кишингнинг кўнглини топиш воситаларини ўзинг ўйла, балки бир даста гул, эҳтимол, ярашиқ либос ёхуд андак ҳамду сано, табассум...

Зеро, шоир айтганидек:

 

Инсонга жуда кўп нарса керакмас,

Уйда уни кимдир кутиб турса бас!

 

Қизим! Бизнинг гоҳ турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб турадиган нохуш ҳол, бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси, оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, уларни тирик етим қолдириш гуноҳи азим.

Қисматнинг бўёқлари оз эмас: биров қайнона-қайнотаси билан келишмайди, бошқа бир келин пулсизлик ва уйсизликка қарши бош кўтаради, яна бир бебахтнинг эри гиёҳвандликка, ичкиликка ёки қиморбозликка берилади. Сен қизим, бундай ногаҳоний зарбаларга ҳамиша тайёр бўл, ҳар қандай иллатнинг ғовлаб кетишига йўл қўймай, унинг олдини олишни ўрган. Қайнона ёки қайнотангдан ҳасрат қилишдан олдин бир ҳақиқатни ақл тарозусига солиб кўр: улар ўзга бир даврда яшашди. Мадомики шундай экан, йиллар орасидаги фарқ нуқтаи назарлар орасидаги тафовутдир.

Оила фақат шаҳвоний зарурат учун қурилмайди!»

                                                 “Фарзандга ўгитлар”

 

 

 

 

 

 

          

-         Паспортингизни ҳам беринг, уни бизда қолдириш керак эди, нега олиб юрибсиз?

 У дафтарчанинг «Ванна» деб ёзилган саҳифасига «Ежедневно»,(ҳар куни) деб қайд қилди, сўнг, беихтиёр паспортни варақлади. Ўша хотиржамлик билан тортмасидан Бободўстовникини ҳам олиб очди ва  ногаҳонда безовталикка тушган шоирага юзланди:  

-         Сиз бошқа киши билан загсдан ўтгансиз: бу одам билан бир хонада ётишларинг мумкин эмас!

Шоиранинг ранги-қути учиб кетди. Тутила-тутила, пала-партиш гапиракетди. Бу гапларда илтижо-ю,  пўписа, шаъма-ю, шаддодлик аралаш-қуралаш бўлиб кетганди.

-         Шомилжон, мени шарманда қилманг! Ўтинаман. Чечен халқини яхши кўраман. Толстой билан Пушкин ҳам уларни улуғлаган. Баримиз мусулмонмиз… Индамай қўяқолинг!

- Мусулмон бўлганимиз учун ҳам  мумкин эмас!

-         Мени ўзингиз массаж қиласиз, деб ўйлагандим…- 

-         Хотинимдан бошқа аёлга қўл тегизмайман, деб қасам ичганман - гуноҳ қилишдан  қўрқаман. - 

-         Менинг учун бир бор гуноҳ қилсангиз - қилибсизда.

- Гуноҳ - келажакда пистирмада туриб, юрагингни нишонга оладиган овчига айланишини биламан! Так-что…

-         Шомилжон, оиламни бузманг…

-         Оилангиз?- у суҳбатдошига савол назари билан боқди.        

-         Болам бор, ахир! Эрим…

-         Хўш?

- У - хирург, аммо ўлгур, ишдан бошқасини ўйламайди.

 - Сизни, болани деб  ишласа керакда…

-         Ичади ҳам…

«Жарроҳлар билан бўёқчиларни қон ва бўёқ ҳиди ичишга ундайди», демоқчи бўлди-ю, аммо  лозим топмади.

  Ҳуррият суҳбатдошининг юзида қилт этган шафқат ифодасини кўрмагач,  пўписага ўтди.

-         Бободўстов сизни фелъетон қилса яхши бўлмайди-ку.

-Ундай қилолмайди - эрингиз хабардор бўлишидан қўрқади. Сиз бошқа хонага ўтишингиз ёки  номус қилаётган бўлсангиз, кетишингиз керак! Так-что…

 - Бободўстовчи?

 - У мантиқни мададга чақирсин!

Кечки овқатга «келин» билан «куёв» чиқмади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деганларидек, шериклар ҳам тезда тафсилотлардан хабардор бўлишди ва ғалати ҳолга тушишди.

 

                                                  “Санаторияда”

 

                         *  *  *


«Русалка» майда қадамлар ташлаб, биз томон яқинлашиши билан, баримиз жимидик ва менга бир нигоҳ ташласайди, деган мавҳум туйғу, интиқлик билан зимдан  кузатдик. Орамизда  бир неча қадам қолганда, унинг юқори лабида қора холи борлигини ва у ҳуснига бағоят ярашганини сезиб қолдим. Атрофга бир зум фарангча машҳур «Shanel» атрининг ҳиди тарқалди ва бундан сархуш бўлдик. Табиат «Сув париси»ни нуқсонсиз қилиб яратганди. У биз томонга ўзгача, жуда ёқимтой табассум қилгандай бўлди.Унинг табассумида мамнунлик, ташвиш, ҳижолатдан кўра кўпроқ изтироб кўрдим; Толстой “Тирилиш” романида яратган Наташа Маслова образини учратгандай эдим. Ундаги изтироб қалбимга кўчди.  Бу куйдирмажонга шунча латофат ва зеболик бахш этган табиат, шум тақдирни ҳам қўшиб берганидан надоматлар чекдим. Мендек бир чолнинг эҳтиросларини жунбушга келтирган экан, йигитчаларнинг аҳволи нечук бўлишини тасаввур қилиш қийин эмасди. Сув париси
 сал нарироқда уни кутиб турган «Каптива»га миниб, кўздан ғойиб бўлди.

– Фариштам, қўлингни бер, мен сени шу бадбўй ботқоқдан чиқариб қўяй! – дедим ғойибона. – Барига сен эмас, бизэркаклар айбдормиз! Ахир, қиличдай бир йигитнинг нозанин ёри бўлишинг мумкин эдику! Лаънат, барига!

                                                                         “Марафонча югуриш”

(Тўлиқ матнларни блогим мундарижасидан изланг)

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий