вторник, 10 декабря 2019 г.

БИРЛАШГАН ЎЗАР




    Миллий масалада ёзиш  жилла серғалва, хавотирли. Илмий ва амалий жиҳатдан бот-бот тасдиқланган, жаҳондаги барча википедия ва энциклопедияларда эътироф этилган ҳақиқат ҳам, гоҳида кимнингдир жаҳлига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир банда ўз миллатини дунёдаги энг қадимий, доно, номдор деб ҳисоблайди. Бу борада фактлар, далиллар топади ёки ўзи ўйлаб топади. Гоҳида эса, миллатга меҳрдан кўра  миллатпарвар бўлиб кўриниш  олдингги маррага чиқиб қолади.

   Республикамизда  рус тилини иккинчи Давлат тили деб аталишига қарши чиқдик. Аслини олганда, биз рус тилига ёки рус миллатига қарши чиққанимиз йўқ. Бизни рус сиёсати хавотирга солган эди. Биз бу сиёсатнинг  ғирромликларига кўп гувоҳ бўлган халқ эдик. Бунинг устига республикамизда рус тилининг мавқеи бусиз ҳам ўзбек тилидан паст эмаслигидан хабардормиз.
   Аммо ижтимоий ҳаётнинг ўзига  хос  қонунлари  амал қилаверади.  Балки, келажакда Марказий Осиё республикалари ҳам бирлашар ва уч-тўрт тилга эга бўлиб қолармиз. Эҳтимол, Шанхай ҳамкорлиги ёки Евразия давлатлари билан қай бир маънода бирлашармиз ёхуд келажак авлод  рус, инглиз тилини ёқтириб қолар...Ҳарҳолда, шу йил декабр ойида Тошкентда Марказий Осиё раҳбарларининг йиғилиши дилимга умидлар солди. Мадомики биз Евроосий иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмас эканмиз, ўзаро бирлашимиз зарурдан зарур. Бунда тил масаласи энг муҳим  ричаглардан биридир.
  Кўп тиллиликнинг зарари йўқ. Қўшнимиз Афғонистонда уч тилга юридик мақом берилган. Ҳиндлар инглиз тилига ҳам статус беришди. Эндиликда бу юртда, деярли ҳамма инглиз тилини билади; ёшлар Европа ва Америкага бориб ўқиб келишади.   Европадаги талай мамлакатларда тўрт-беш тил амал қилади, улар бир-бирига зарра халақит бермайди, камситмайди. Тараққий этган аксар мамлакатлар фуқароларининг паспортидаги “миллати” деган графа ҳам олиб ташланган. Уларни  қўятуринг,  қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Россияда ҳам паспортида миллати қайд этилмайди. Билишимча, фақат бизда, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистонда мазкур графа сақланиб қолган..
   Майли, асосий масаладан узоқлашмайлик.
   Шу йил баҳорда Тожикистонга борганимни ёзгандим. Бозорлар, чойхоналар, тўйхоналарда одамлар билан мулоқотда бўлдим.  Ва бу ерда ҳар тўрт кишининг бири ўзбек эканлигига ишонч  ҳосил қилдим.  Улар давраларда тожикча муомала қилишса ҳамки, ўзаро она тилларида гаплашишаркан.  
   Шўролар даврида бу республикада ўзбеклар сони  бир ярим миллион  киши деб ҳисобланарди. Ҳозир ҳам шу рақамни пешкаш қилишади. Бу орада Тожикистон аҳолиси  икки бараварга ошдику. Демак ўзбеклар ҳам уч миллиондан кам эмас. Аслида олганда,  ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин! Ўзбек мактаблари, олий ўқув юртидаги факултетлар эса, таассуфки, мутаносиб тарзда ошмаган. Гарчанд давлатлараро муносабатлар тубдан яхшиланган бўлсада, ўзбек болаларининг   бизнинг республикада ўқишни давом эттиришлари учун тўсиқлар анчагина. Ўзбеклар яшайдиган масканларда она тилларидаги шиор ва вивескаларни кўрмадим. Республика ТВ сида ўзбекча концертлар йўқ, атиги бир бор ўзбекча ахборот берилади, холос.
     Шунга ўхшаш муаммолар анчагина. Ўзбекларнинг констуцион ҳуқуқларини жой-жойига қўйиш учун нима қилиш керак? Менимча, муаммони ҳал қилишнинг ягона  йўли, у ерда ўзбек тилига ҳам давлат тили  статусини беришдир.
    Аммо Тожикистон - мустақил республика. Биз бир вақтлар уларга турли шартлар,  талаблар қўйиб кўрдик, лекин улар мийиғларида кулиб, ишларини давом эттирдилар. Бунинг учун ҳукуматлараро, парламентлараро келишувга эришиш зарур. Мадомики, қўшни мамлакатда ўзбек тилининнг мавқеини оширишни истар эканмиз,Ўзбекистонда ҳам тожик тили
мақомини андак кўтаришга тўғри келади.
    Ўзбекистонда тожиклар сон жиҳатидан ўзбеклардан кейин иккинчи ўринда туришади. Шўролар даврида уларнинг сонини бир ярим миллион киши деб ҳисоблашарди. Ҳозир ҳам шу миқдор қайд этилади. Ваҳоланки республика аҳолиси икки баравар ошди. Демак улар ҳам уч миллиондан кўпроқ. Аслида ундан ҳам мўл.
   Келинг, миллий эҳтиросларни йиғиштириб қўйиб,  кўп тиллилик масаласини  шоҳисталик ила муҳокама қилайлик. Бундан ким ютади, ким ютқазади? Менимча бундан фақат Тожикистондаги ўзбек ва Ўзбекистондаги тожик ютади.  Ҳеч ким зарар  кўрмайди, ҳеч кимнинг ҳуқуқи паймол бўлмайди.
     Тожикистонда аҳоли сони биздан тўрт баравар кам. Иқтисодий кўрсатгичлар ҳам шунга мутаносиб. Лекин шунга қарамай, ҳар қандай  вазиятда ҳам ўзбекнинг: ”Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил”; тожикнинг:  “Бародари – баробари”, деган нақлига риоя  қилиш талаб этилади.
   Ўзбек-тожик муносабатлари масаласида анча дадил, дангалроқ гапиришга маънавий ҳақлиман. Мазкур мавзуда аввал ҳам ёзганман. Чунки миллатим - тожик,   лекин ўзбек журналисти, ёзувчисиман. Бу бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, бунисини ҳам.. Худо ҳаққи шундай!
      Биз (ўзбек ва тожиклар) минбарда бир гапни  гапириб, пастга тушгандан кейин иккинчи гапни, ресторанда эса учинчи гапни гапиришга мойилмиз. Шу кунларда ижтимоий сайтларда Марказий Осиёни фақат форсийзабонлар ёки туркийлар юрти юрти деб ёзилишига муносабатлар билдирилябди. Дарҳақиқат, бу дўстлик қонунларига зид. Бундай рафтор яқин тарихда чегараларимизга мина ётқизилгани сингари ғайриақлоқий иш.
   Ахир,  душманларга қарши ўзбек билан тожик бирга кураш олиб  бормадими, дунё маъжизаси ҳисобланган иморатларни ўзбек ва тожик усталари бирга қуришмадими?
   Беҳбудий ёзадилар: “Бухоро тили форсий ва аксари уламоси Бухоро ва Самарқанд ва кўҳистоний форсийдурлар. Мадрасаларда форсий дарс берадурлар ва талабаси турк, татар, қирғиз, туркман, форсий на бўлса бўлсин форсий таълим берар, Фарғона, Сирдарё ва Маворои баҳри Ҳазар ва туркмони шарқий Хива, Афғонистон ва Туркистон вилоят ва мамлакатларини талабалари қаю тилға бўлса бўлсинлар ва Бухоро дарсларини форсча айтарлар..”
   Ваҳоланки Бухорода сомонийлардан сўнг  асрлар давомида  туркий қавмлар (аштархонийлар, манғитлар) ҳукмронлик қилдилар.  Лекин “миллат” деган тушунча   йўқ эди.  Магарам расмий тил тожикча бўлсада, сарой, мадраса, бозорларда икки тилда гаплашиб кетардилар.
   Беҳбудийнинг бу гапини  ўқиганлар тақсирни форспарастликда айблаши мумкин. Ваҳоланки, 1937 йила у кишига пантуркист деб айб қўйилган.
  Ҳозир ижтимоий сайтларда Ўзбекистон ва туркийлар тарихи ҳақида афсона ва ҳақиқатлигини аниқлаб бўлмайдиган тахминлар кўп ёзилябди. Бизнинг боболаримиз фалон ва фалон юртларни забт этганлиги бот- бот қайд этиладиган бўлган.
   Ҳар иккала республика ТВси ва матбуотида “Байналмилалчилик”, “Халқлар дўстлиги” деган калималарни деярли қўллашмайди, аммо “Биз - буюк миллат” деган ҳузурбахш мақтов бот-бот янграб туради. “Мақтанадиган бошқа нарсаси бўлмаган киши миллати билан оиласини мақтайди”,  деб ўқиган эдим. Аслида миллатимиз ва оиламизни ўзгалар улуғлагани маъқул эмасми?!
  Буюкларнинг номидан уларнинг хаёлига ҳам келмаган гапларни тўқиш, ўзга миллатларга андак нописандлик қилиш оддий ҳолга айланиб борябди.  Аслида миллий фахр билан миллий маҳдудликнинг ораси бир қадам. Бунинг чегара чизиғи ўзга миллатга нописандликдан бошланади. Бу - жаҳолат! Бундайлар кўпайса,  қонсираган хавфли оломон юзага келади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий