Машинамиз “Жартепа” постига
яқинлашгани сари дилимдаги мавҳум ғашлик ошабошлади. “Ҳужжатларимиздан бирор
ишкал топиб, қайтариб юборишмасмикин”, деган хавотир тинчлик бермай қўйган эди.
“Машинанинг ҳужжатлари тахтми”, сўрайман, ўғлим Мирзодан. “Парво қилманг”
асабимни тинчлантирмоқчи бўлади у.
Бу ерда ҳужжатларимни кўздан
кечираётган ўзбек йигит мени таниб қолди. Илиқ табассум билан китобимни
ўқиганини айтди. “Янгисидан бор, сизга совға қилиб кетаман,” дедим.
Аммо машинамизни кўздан кечириш учун
нарироққа олиб кетишган экан, бунинг иложи бўлмади. Қайтишда тақдим этишни
дилимга туккан эдим, лекин биз бошқа йўлдан келдик. Тожикистон томондагилар ҳам
“Хуш омадед!” дейишди ва ҳужжатларимизни кўздан кечириб, бизни ўтказиб
юборишди. ( Бу чегарадан ўтишнинг аввалги уқубатлари ҳақида “Калвак махсум
номалари” асаримнинг 3 қисми 2,3 бўлимларида ёзган эдим. Фурсатингиз бўлса, ўқиб
кўрарсиз.)
Панжакент
яқинида анча катта тезлик билан кетаётганимизда, йўл миршаби жаҳл билан югуриб
олдинга чиқди. Таёғи билан йўл чеккасига тўхтатишимизга зардали ишора келди. Ва
кутилмаганда унинг тунд қиёфасида табассум пайдо бўлди. Таёғи билан “ўтаверинглар”
ишорасини такрорлади.
“Номерни
кўриб қолди”, деди Мирзо қувониб, “Ўзбекистоннинг ҳайдовчиси маст бўлса ҳам
индамайсан”, дейишган буларга”.
“Барибир
суистеъмол қилмаслик керак” дедим. Аммо Душанбе шаҳрида тағин қоидани бузиб
қўйдик. Машинамизни тўхтаб туриш ман қилинган жойга қўйган эканмиз. Миршаб бошқа ҳайдовчиларни
жазолади, аммо бизга кулиб қўяқолди.
Панжакентдан - Душанбегача бўлган йўл бизга қадрдон бўлга Зарафшон
дарёси соҳиллари бўйлаб боради. Бу ердаги чуқур даралар, илонизи, қалтис қияликлар ҳайратингизни оширади, бир
умр ёдингизда михланиб қолади. Киши умри давомида, лоақал бир бор бўлса ҳам бу
йўлдан ўтиши керак, деган хулосага келиб қўйдим мен. Бу йўлни қайта қурган
хитойликлар ўнлаб туннеллар ҳам ясашганки, таҳсин айтмай иложингиз йўқ. Аммо, йўл - пулли. Чўнтагимизда тожик сомонийси бўлмагани
сабаб анча қийналдик ҳам.
Душанбеда бўлган киши, албатта, Сомоний майдони, Наврўз саройи, Рудакий боғи, бозорларни, Варзоб
сайргоҳларини кўриши лозим. Мен талай мамлакатларнинг пойтахтларида бўлдим, аммо бу майдондаги
сингари анвойи гуллар, дарахтларни учратганим йўқ. Бир бирига монанд бинолар,
уларнинг симметрия ва меъморлик ечимлари ҳам шу гулзорларга уйғун. Наврўз саройидаги ёғоч ўймакорлигини
ва қимматбаҳо тошлардан ясалган мозаикалар чинакамига ҳайратомўздир.
Аёллар
бозорга кириб кетгандан кейин, ўша ердаги чойхонага чиқдим. Мени Ўзбекистондан
келганимни фаҳмлаган мезбонлар табассум ва хайрихоҳлик билан атрофимга
тўпландилар. Уларнинг ҳам аксари аёлларини
авраб бозорга киритиб юборган ҳангоматалаблардан экан. “Фақат Ўзбекистонникини
ол, дедим хотинимга, давом этарди улардан бири,
сизлардан келадиган либос ҳам пойафзал ҳам Хитойникидан яхши”
Йўқ,
бу амаки шунчалик кўнглим учун гапирмаганди. Бу ерда бизда тайёрланган
маҳсулотларга талаб катта. Кейинги пайтларда, ҳатто Москвадан ҳам бизнинг
корхоналарда тайёрланаётган тайёр маҳсулотларни харид қилиб юборишаётган экан.
Орамизда шаҳарга туташ тумандан келган деҳқон ҳам бор экан. Уни гапга
солгим келди.
“Жаноби
олий (президент) ерларни тақсимлаб берди. “Нима эксан, экиб ол”, деди. Фақат ер
солиғини тўласанг бўлди. Биз жуда қувондик. Ўшанда картошка қиммат эди, уруғини
сотиб олиб экдик, ҳосил яхши бўлди. Аммо, ўша йили картошканинг нархи тушиб
кетиб, қарамай қўйишди. Келаси йил ҳамма
саримсоқ пиёз экадиган бўлдим. Чунки
Россияда чеснок деган фалон пул эканда. Меҳнатни ҳам, ўғитни ҳам аямадик. Ўзим
Саратовга олиб борган эдим. Лабораториядан ўтказишмади, номардлар! Дорини кўп солган, дейишди. Бир
азобда арзон-гаровга сотиб келдим. Кейин одамларимиз беда, макка экиб, молига
берадиган бўлди. Аммо бу ҳам иш эмас эди. Шўролар даврида пахта экканман.
Таваккал қилиб тағин пахта экдим. Бултур ҳосилни йиғиштириб, пахта заводига
бордим. “Килосига фалон сўм тўлаймиз”, дейишди. Кўнмадим,
ундай бўлса бошқа заводга олиб бораман, дедим. Пахтамдан қанча ёғ, қанча
кунжара чиқишини ҳисоблаб бердим.
Килосига фалон сўмдан пул, тағин ёғ билан шелуха беришини талаб қилдим. Хуллас,
келишдик. Ҳозир қўшнилр ҳам пахта экишябди.
Барча кўргиликларимизга пахта сабаб эмас, ишни
ташкил этаолмаган амалдорлар айбдор эканлигига урғу берди у.
Албатта сиёсатни ҳам четлаб ўтишмади. Тожикистонга бостириб кирган
полковник Маҳмуд Худойбердиевни
лаънатлашди. Мингга яқин қуролланган кишилар билан кириб, шаҳар-қишлоқларни
вайрон қилганлигини гапиришди.
Шунингдек Ўзбекистоннинг собиқ
президенти билан жаноби олийнинг гапи қочганлиги халққа жуда қимматга
тушганлигини ҳам четлаб ўтишмади. Сўнгги
йиллардаги барча келишмовчиликлар, жумладан, чегараларга мина қўйилганлиги,
темир ва автомобил йўлларининг беркитилиши, виза тартиби йўлга қўйилганига ҳам
давлат раҳбарларининг муносабатлари дарз кетганлиги сабаб дейишди.
Ғаразли қарашлар оқибатида маҳаллийчилик, миллатчилик авж олабошлаганини, ўшанда ўзим ҳам ҳис этган эдим. Россияда
мигрантларимиз орасида жанжаллар бошланди, Тожикистондаги ўзбеклар ёки
Ўзбекистондаги тожикларга муносабатлар совийбошлади. Шу муносабат билан иккала
президентга ёзган ва “ЦентАзия” сайтида
эълон қилинган (01 12 2011) очиқ мактубимни шундай деб якунлаган эдим.
“Я
лично за ту искренную дружбу между нашими народами и ради этого готов умолять
Ислама Абдуганиевича и Имомали Шариповича низко склонив свою голову! Надеюсь, что они сделают все от них зависящее, чтобы забыть обиды
и протянуть руки навстречу друг-другу
На самом деле, мы
не вечны в этом мире, но народ и его дружба остаются вечными! “
Шундан кейин ВВС мухбири менга: “Хўш, биринчи бўлиб ким қўл чўзиши керак?” деб савол
бергани ва “Албатта, ақлли киши” деб жавоб қайтарганим ёдимда.
Аммо улар бир-бирларига қўл узатишмади.
Мантиқан олганда, Иттифоқ парчалангандан кейин биз -Марказий
Осиё республикалари бирлашишимиз лозим эди, аммо унинг тескариси бўлиб
чиқди. Бунинг сабаблари бир талай ва
ҳозир уларни таҳлил қилиш мавруди эмас. Мендек: миллати - тожик бўлган, ўзбек публицисти учун эса икки миллатнинг ўзаро муносабатлари
ҳаёт-мамот масаласидир. Боиси, бу
бармоғимни тишласам ҳам оғрийли, бунисини ҳам. Ўша таҳликали кунларда бундай
мақола билан чиқиш қалтис бўлса ҳамки, таваккал қилганман. Ва ундан президентларнинг
бехабар қолишлари мумкин эмасди.
Тожикистон аҳоли сони, бюджет, ялпи ички маҳсулот масаласида ҳам биздан,
тахминан тўрт баравар орқада туради. Асосий даромад: мигрантлардан келадиган пул, чет элга
сотиладиган алюмин хомашёси, қуруқ мева, электроэнергия ва ҳакозо... Бунинг
устига асосий йўллари бизнинг ҳудуддан ўтади, газ ва бошқа заруратларни
олишарди. Аммо ўзбекнинг” Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил”; тожикнинг:
“Бародари - баробари” деган нақлларини унутмаслик керакка ўхшайди. Бу яқинлик,
дўстликдан бизнинг ҳам манфаатларимиз бор. Тожикистон президентининг “Биз
сизларни сувсиз қолдирмаймиз”, деган
ваъдаси жуда умидбахш бўлиб эшитилди менга.
Республика электр энергияси мутасаддисининг маълумотига кўра, шу кеча-кундузда Тожикистон бизга суткасига миллион киловатт электр энергия бераётган экан. Янги узатиш
линияларининг қурилиши ҳам бошланибди. Йил охиригача арзон нархда (2 цент) бир ярим миллиард киловатт
элект энергия бериш мўлжалланган экан.
Зеро, биз ҳам арзон нархларда табиий газ берабошладик.
Тожикистон
Қирғизистон билан ҳамкорликда Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонга баланд қувватли
электр линиялари тортишга келишибди. Булар бўлажак Рогун ва Қамбарота ГЭСлари
энергиясини ўша мамлакатларга сотишмоқчи, албатта. Рогуннинг биринчи
агрегати шу йил ишга тушаркан. Биз бу
қадрдон қўшнилардан етарлича ток олсак, эҳтимол, АЭСни қуришга ҳожат ҳам
қолмас. Атом электр станцияси ҳамиша хавотирли: у сув ва ҳавони нуклеидлар
билан заҳарлайди. Уран қолдиқлари асрлар
оша хавфу хатар манбаи бўлиб қолади.
Булардан ташқари, Зарафшон дарёсининг юқори қисмида ҳамкорликда
қарийб 400 меговатт ток берадиган
иккита электростанция қуришга келишиб
олинди. Буларнинг барини амалга ошириш ва давом эттириш учун самимий ва барқарор
дўстлик керак.
“Ўзбек миллий энциклопедияси”ни варақлаб
кўринг-а. Ўзбек ва тожикнинг келиб
чиқиши қадимги суғдлар, бактрияликлар, фарғоналикларга бориб тақалишини қайд
этишган. Демак, қонимиз бир. Шунинг учун
айрим шаклланмаган ( икки томонда ҳам) зиёлиларнинг тарих ва тупроқ талашишлари
бағоят беҳуда ва зарарлидир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий