четверг, 19 июля 2018 г.

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ


 


   Ер миналаридан фойдаланиш халқаро қонунлар билан таъқиқланган. Шунга қарамай, биз қўшни республикалар чегараларига минглаб  миналар кўмдик. Бу, аслида, кўп йиллик дўстликка қўйилган бомбалар эди.

   Кейинги маълумотларга қараганда, бу миналар 474 кишининг жонига зомин бўлган экан. Ногирон бўлиб қолганлар қанча. Уларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, чўпонлар, туристлар, лола тергани  чиққан болалар, қўшни қишлоққа  тўйга ёки азага бораётган бегуноҳ кишилардирлар. “Қизил китоб”га кирган жониворлар, чорва моллари ҳақида айтмай қўяқолайлик. Аммо бирорта жангари, қурол ёки наша сотувчи минага дуч келгани ҳақида маълумот йўқ!

  Ҳозир ҳам минглаб миналар  ўз қурбонларини кутиб ётибди. Уларни топиб, зарарлантириш жуда мураккаб юмушлигини айтишмоқда.

   Бу жиноятлар учун кимдир жавоб бериши зарурку, ахир!

  Мен бу мавзуда “Айиқ эргаштирган амаки” деган ҳикоя ёзиб, 2008 йилда эълон қилинган “Фожиа” китобимга киритган эдим.

   Хоҳишингиз бўлса уни қуйидаги тармоқдан ўқишингиз мумкин. https://nusratrahmat.blogspot.com/



 


 

 

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН  АМАКИ



- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса   аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум  тин  олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг  енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан  сийлашарди. Айиқ эса турли  илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан  нафсини қондирарди.

Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.
Соҳил бўйлаб одимлашларининг сабаблари кўп. Улар бир нарсани - ватанлари ана шу дарё йўл бошлаган тоғлар орасида эканлигини унутишмаганди ва Зарафшон  она юртларига адаштирмай етказишига умид боғлашганди.
Икковлари ҳам ёшини яшаб, ошини ошаганлардан эди.
Айиқ етаклаган амакининг номи - Сафарали. Ёши етмишнинг нари-берисида бўлиб, пешона тери ва кўз ёши таъмини роса татиган; чайир, андак букчайиб юрадиган, ўртабўй киши. Айиқ (лақаби - ар-ар)нинг ҳам елка суяклари бўртиб турганлиги, жунларининг дағаллашгани, ўта итоаткорлиги, кўзлари хиралашиб, тишлари тўкилганлигини кўрган киши русларнинг: «Старость - не радость» деган нақли фақат одамларга эмас, жониворларга ҳам тааллуқли эканлигига ишонч ҳосил қиларди.
Тақдир бу икки шўрликни бу томонларга улоқтириб ташлаганига ўн беш йиллар чамаси бўлиб қолди. Касбу кор, тирикчилик, аниқроғи, ўттиз икки  сабаб  барига. Айиқ ўйнатиб, нон топиш Сафарали учун - ота касб. Унинг бобокалонлари ҳам тоғдан ҳали кўзи очилмаган айиқ болаларини олиб келиб, бир қўлда қамчи, бир қўлда ширинлик билан, уларни йўлга солишган:  тил топишган, гаплашишган.
Сафарали ар-ар билан унинг акасини қўлга киритиш учун обдон тайёргарлик кўрган, роса пайт пойлаганди ўшанда. Бу ердаги она айиқлар қишки уйқу пайтида - феврал ойининг охирларида кўз ёришини, болакайларнинг кўзи қирқ кунгача юмуқ бўлишини отасидан эшитганди. Шунинг учун ҳам кунлар исиб, она инидан чиқиб кетишини интиқлик билан кутишга тўғри келди.  
Она  инидан чиққан биринчи куниёқ у болакайларни ўғирлади. Кўп ўтмай бечора она  дараларни ларзага солиб  ўкирди: ногаҳонда икки навқирон ўғлидан жудо бўлган сийначок онанинг дардли фарёди эди бу. Ини ичида инсон ҳиди иниб қолганиданоқ, бу бедодликни ўша икки оёқли душмани қилганини   азалий инстинкти билан ҳис этди. Шундай дақиқаларда атрофда одамга дуч келса, тилка-пора қилиши турган гап эди.
 Айиқ деганлари ҳаммахўр жонивор: гўштми, мевами, илдизпоями паққос туширишни хуш кўради. Лекин кўзи эндигина очилаётган мурғак айиқчаларни сут, атала, қийма гўшт билан боқиш талаб этиларди. Қўшнининг боласи айиқчаларнинг каттасини қуғирчоққа ўхшатди ва шу кундан эътиборан унинг лақаби лўхтак бўлиб қолди. Кичигига эса ар-ар деб ном қўйишди. Қишлоқларининг ҳам номи Ар-ар, аммо бунинг бир-бирига алоқаси камроқ. Айиқча эрталаблари она ҳиди, ҳарорати, сутини қумсаб бўкирарди ва бутун оила  ваҳимага тушар, она айиқ  келиб қолишидан хавотир тортарди. Шу сабаб ар-ар бўлиб қолганди унинг лақаби.
- Сен, ҳайвонсан,- йўлида ва сўзида давом этди Сафарали,- кўп нарсани билмайсан - ёдингдан чиқариб юборасан. Биз келганимизда чегара деган гап йўқ эди - бемалол ўтиб келаверардик. Энди унақамас…
Бу - хавотирланиш эди. Улар ҳар йили баҳорда келиб, кузда қайтиб кетишарди: айиқ қишки уйқуни ўз юртида ўтказарди. Аммо ногаҳонда  вазият ўзгарди. Ёз давомида тўйларда, сайлгоҳларда томоша кўрсатиб, тузуккина пул топишди-ю, аммо қайтишда автомат тутган ҳарбийлар уларнинг йўлларини тўсишди: ҳукмфармолик билан ҳужжат талаб қилишди. Табиийки, уларда  ҳужжат йўқ эди, илтимос, илтижолари эса уларнинг тош юрагини илитолмади: ноумид орқага қайтишга мажбур бўлдилар.
 Ариқ бўйида лўлилардан қолган кулбада яшашганди. У ер  ўнғай эди: қўни қўшни йўқ: жониворнинг важоҳатидан, бўкиришидан чўчиб, ҳеч ким шикоят қилмасди. Улар ҳамроҳликда кўчага чиқишар,  танишлардан гўшт, нон, ёнғоқ сотиб олишарди. Кўп ўтмай ар-ар қишки уйқуга кетди.
-Ўша қиш яхши ухламадинг,- сўзида давом этди  Сафарали, - бу ерда ҳаво тоза эмасди, шовқунлар ҳам бўлиб турарди. Гоҳида миршаб келиб, мендан пул талаб қилишини ҳисобга олмаганда, ҳеч ким тинчимизни бузмасди.
Улар йўлда давом этардилар. Атиги бир неча қадам нарида донлаб юрган тустовуқлар галаси, дарё ювиб, кўлмаклар ҳосил бўлган жойлардаги ширмой балиқлар иштаҳаларини қитиқлар, аммо уларнинг ортидан тушиш бефойда эканлигини ҳис этиб, йўлнинг танобини тортишарди.
Ногаҳонда ар-ар бошини кўтариб, ҳавони узоқ ҳидлади. Кейин чап томонга интилди. Сафарали хавотир аралаш иккиланиш билан унинг ортидан эргашди; кўп ўтмай, тандирда жизғанак бўлган нон парчасининг ҳидини туйди. Қишлоқ чекасида бир аёл нон ёпарди. У хавотир тортмаслиги учун Сафарали ар-арнинг бўйнига занжирни илинтирди ва анча яқинроқ бориб тин олишди. Аёл аввал ажабланиб турди, сўнг ҳаммасини тушунди ва боласидан бир жуфт иссиқ нон бериб юборди. Кейин эса  бу ногаҳоний меҳмонлар боласига бирор зарофат етказишидан  кўнгли тап тортиб, зийрак кузатиб турди.
- Ўзбек аёллари яхши,- деди  Сафарали,- юр, энди нонни сувга ботириб еймиз.
Улар дарё бўйида тин олиб, нонни сувга бўктирдилар.
- Акамни кўрмаганимга ўн беш йилдан ошди,- сўзида давом этди Сафарали, қоринни тўйғазиб, йўлга тушгач,- кексайиб қолган бўлса керак. Эҳтимол, мени танимас ҳам. Мен эса: «Ака, ман Сафаралиман!», дейман. Сенинг ҳам қавмларинг дастлаб бегонасирашади; кейин таниб олишади. Энди кексайдик: ўлимдан қочиб  қутулиб бўлмайди! Ўз юртингда оёқ узатганингга нима етсин?!  Сенинг аканг барвақт нобуд бўлди - кечир мен нотавонни…
 Гап шундаки, дастлабки йиллари омад уларга бот-бот ўнг қўлини чўзиб турди. Илк бор Регистонда томоша кўрсатишгани эса сира ёдларидан чиқмайди. Дастлаб лўхтак ҳам ар-ар ҳам батамом бегона ҳид, нотаниш қиёфалардан ҳадиксираб туришди, аммо хўжайин нигоҳидаги жиддийлик аралаш хайрихоҳлик дилларига қувват  ато этди. Ноғора «Андижон полкаси»ни бошлаши билан  иккиланмай, оҳангга ҳамоҳанг йўрғалашга тушишди.  Атрофдаги болакайлар қиқирлаб кулишди, катталар илжайишиб, тартибсиз қарсак чалишди. Анчагина давом этди бу завқовар томоша.  «Муҳтарам томошабинлар, тиржайиб турган юзлаб башараларга мурожаат қилди хўжайин шу билан рақсни якунлаймиз. Энди ака-укалар кураш тушишади - даврани кенгроқ олинг! Ширий круг! Ширий круг!»
 Тўпланганларнинг юзларидаги қизиқиш, ҳангоматалаблик  майллари кучайгандай бўлди. Ноғора бу гал вазминроқ, ҳатто мунглироқ оҳанг бошлади. Улар паҳлавонларга монанд ҳаракатлар қилиб, икки бор давра айланишди, бир-бирларини курашга чорлаб, пўписа-ю, иддаолар қилгандай бўлишди. Кейин  (хўжайин ўргатгандай қилиб) ар-ар илкисда акасига ташланиб қолди. Лўхтак ҳам анойилардан эмасди - рақибни белидан  қучоқлаб даст кўтариб турди-ю, ҳангоматалаб оломоннинг ҳаяжонларини роса кўпиртиргач, кўтариб ташлади. У эса  ирғиб туриб, рақибининг оёғидан олмоқчи бўлганда, Сафарали адолатпеша ҳакамлардай орага кирди: «Ҳай-ҳай! Ғирромлик чикора?! Мардлик - ҳалолликда!». Хуллас, узоқ давом этмаган курашдан кейин (ҳамишадагидек) Дар-дарнинг қўли баланд келди. Сафарали барабан чалишдан тўхтаб, муддаога ўтабошлади: қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, қабилида шаъма билан ака-укага мурожаат қилди: «Сизлар жуда узоқдан - ҳов тоғлар орасидан самарқандликларга шод-у хуррамлик улашиш учун келгансизлар. Мана, роса ўйнадиларинг, кураш тущдиларинг. Албатта, андак чарчаб, қоринларинг ҳам очқагандир. Аммо сизларга у-бу олиб берай десам, шу кунларда ўзим ҳам жилла камхаржроқ бўлиб турибман. Энди бир давра айланиб чиқинглар: якка-ю ягона умидимиз Худодан - саховатпешалар, жўмардлар бу шаҳри азимда кўп деб эшитганмиз. Қани биродари азизлар, қўлларингни дуога кўтаринглар! Марҳаматини дариғ тутган, тутмаганни Аллоҳ ўз паноҳида сақлаган бўлсин!  Худои меҳрибоним фарзанд талабларга - фарзанд, тўшакда михланиб ётган беморларга шифо ато этсин! Омин!» 
Хўжайиннинг таниш ишорасидан кейин ар-ар лўхтакнинг елкасига миниб олди. Сафарали, одатдагидек, унинг қўлига эски шляпани  тутқазди ва барабанда мунгли куй чалабошлади. Бу оҳанг оғир  тоғ йўлларини, ҳаёт машаққатларини ёдга соларди. Пул қанча кўп тушса, оҳанг шунчалик авжига чиқар, Сафаралининг ҳаяжони, хурсандчилиги ошарди. Томошадан кейин эса, кўп ҳолларда, Сафарали сахий бўлиб кетар: ака-укани гўшт, мева билан сийларди, аммо шуниси нохушки, гоҳида ўзи ҳам арақ ичар, бундан айиқ полвонларнинг дили беҳузур бўларди. Буниси ҳам майли: шундай хушфеъл хўжайин ичгандан кейин сўрраяр, кўзларини жовдиратар, жоҳиллашиб кетар, ака-укага дўқ урар, гоҳида золимона қамчилаб қоларди. Бир бор  шундоққина йўлакда чўзала тушиб ётиб қолди; чўнтагида эса анча-мунча пули бор эди. Бир неча соатгача миршаб-у, ўғриваччалардан қўриқлаб туришга тўғри келганди уни.  
- Эҳ, яхши даврлар эди,- сўзида давом этди Сафарали,- ҳамма бизни яхши кўрарди: томошалар, базмлар, тўйларга таклиф этадиган бўлишди. Сен тентакларни ҳайвонот боғига ҳам олиб киргандим…Лекин беодобли қилиб қўйдиларинг: ҳижолат чекдим.
Гап шундаки, ўша йили Самарқанддга кўчма ҳайвонот боғи келганди. Уччовлашиб томошага киришди. Қизиқ бўлганди шунда. Бир қафасда урғочи айиқни кўриб, иккаласи ҳам ўша томонга ташланишди, хужайинни ҳам тортиб кетишди. Ҳали бирор бор жинсий эҳтиросларини қондирмаган навқирон йигитчаларни тушуниш мумкин эди. Қафасдаги айиқ ҳам ажиб бир мойиллик ила булар томон интилди -  лаҳзалик бўлса ҳамки, шавқовар лаззатга ташна эди: улар лабга-лаб босиб, ташналикларини андак қондирган бўлишди, аммо ярамас темир қафас бундан бошқасига имкон бермади.
Одатда ҳаёт,  улашадиган арзимас шодликлари учун жуда кўп ҳақ талаб қилади.  Уларнинг ҳам бу сарафроз кунлари икки йилдан ошмади: нима бўлди-ю, айиқлар касалланиб қолишди - иштаҳалари тушиб, ориқлаб кетишди; кечалари  нолиш қиладиган бўлишди. Сафарали жуда ташвишга тушди, нигоҳлари сўник, меров бўлиб қолди. Ахир, ар-ар билан лўхтакдан ўзга ҳеч кими йўқ эди-да, бу бояқиш мусофирнинг. Бунинг устига тирикчилик ҳам шу ака-укалар туфайли. Хуллас, айро яшашни тасаввур қилиб бўлмасди! Томоша пайтида бир рус қизи Сафаралига яқинлашиб, жониворлар касаланганини  ва вокзал томонда уларни даволайдиган клиника борлигини, ўзи ўша ерда ишлашини айтди, манзилгоҳни ёзиб берди.
- Ар-ар, ёдингдами у ердаги ўрис қизлар журъатли, жонсўз, меҳрибон экан:  иккалангни ҳам оғзингни чаққон боғлашди, ҳароратларингни ўлчашди. Кейин тезакларингни текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашди. Биз кечгача ўтирдик. Овқат емай қўйганларинг сабаб, қоринларингни бўшатишларинг ҳам қийин кечди. Ниҳоят, қизлар ахлатларингни олиб, заррабинга қўйишди ва ўксиниб кетишди: ўпка, жигарларингда қурт бор экан. Улар  дорилар беришди, аммо пул олишмади.  Шуларнинг шарофати  сабаб сен тирик қолдинг, акангни эса тупроққа топширдик. Ёлғиз ўзингни эргаштириб, мактабларга борардим - болаларга турли томошалар кўрсатиб, ризқ рўзимизни топарди. Аммо ҳаёт кундан-кун даҳшатли даражада зерикарли бўлиб борарди…
Сафаралининг гапи илкисда узилиб қолди: нарироқда, дилига ҳамиша ғулғула солиб келган, елкасига автомат илган ҳарбий кишини кўриб қолганди.  У сўхтаси совуқ бир пас ажабланиб турди-ю, сўнг  ўнг қўли билан «орқага» деб ишора қилабошлади. Бу бағритош қашшангнинг бўйруғини бажармаслик эса нохуш оқибатларга олиб келишини Сафарали яхши биларди. Аммо ватанга қайтиш, жисму жонларини ўша тоғ-у тошлар бағрида эгасига топшириш истаги бундан-да кучли эди. Шунинг учун дарё бўйлаб эмас, Бахмал тоғлари ёнбағирларидан ўтиб кетишни режалаштирди. У ерда ҳам ҳарбийлар бўлиши мумкин, ўйларди Сафарали, аммо тунда харсанг-у буталар оралаб, уларнинг нигоҳларини шамғалат қилиб кетса бўлар… 
Улар Ойқор чўққисини мўлжаллаб йўлнинг танобини тортишга киришишди. Сафарали бирор номаҳрамнинг эътиборини тортмаслик учун, асосан тунда  йўл босишга қарор қилганди.  Шу тариқа қишлоқлар, экин майдонлари ортда қолабошлади. Тонгда қир қўйнида асалари қутилари кўзга ташланди. У ар-арнинг бўйнига занжир солди, жониворнинг асалга ўчлигини яхши биларди: бирор бебошлик қилиб қўйишидан хавотир тортганди. Бир неча қадам қолганда, тин олишди. Асаларичи ҳам ўша нон пишираётган аёлдай саховатпеша экан: шогирдидан бир косача асал жўнатди. Сафарали  нон билан икки бор ялади, холос; қолганини айиғига берди: у сўнгги томчисигача ялагач, улар енгил тортишди ва тоққа тирмашабошладлар.
- Мана шу икки тоғдан ошсак, у ёғи ўзимизнинг юрт.  Уша чўққида ярамас ҳарбийлар бўлиши мумкин: ундан тунда ўтамиз,- деди Сафарали андак ишонч билан.
Бу ерда қўй-эчкиларнинг сўқмоқлар мўл эди ва уларнинг аксари ёнбағир бўйлаб, баландликка олиб чиқарди. Икковлон ана шу йўлаклардан юқорига қараб юришарди. Биринчи тоғдан ошиб ўтишганда тағин қоронғулик чўкди. Бу - айни муддао эди: асосий довондан бирорта пашшанинг ҳам эътиборини тортмай ўтиб кетса бўларди. Улар ўғрилардек, овоз чиқармай, шарпасиз юқорига чирмашабошладилар. 
  Икковлон сўнгги довонга чиқишганда, тонг бўзарабошлаганди. Қаршиларидаги сарҳадсиз пасттекисликни  кўриб энтикиб кетишди: ёшликда дилларига жо бўлиб қолган таниш чўққилар, даралар - киндик қони томган она юрт бор бўёқлари, жозибалари билан намоён бўлганди. Диллари лиммо-лим сурур ва шавқоварликка тўлиб, бир неча дақиқа тин олишди. 
  - Пастга эниб олсак, кечгача уйга етамиз,- деди Сафарали аллақандай қониқиш, ҳаяжон аралаш. Унинг ҳозирги ҳолати узоқ сафардан қайтиб, ўзи туғилган уйнинг эшигини очмоқчи бўлган кишининг шавқовар ҳолатини эслатарди. Ар-ар буни ҳис қилиб олдинга интилди. Улар бирнеча қадам босишлри билан…
  Кутилмаган бу фожеани фақат киночиларгина бор ҳақиқати, бўёқлари билан ишонарли  намоён қилишлари мумкин эди. Менинг эса қаламим ожиз. Ногаҳоний вулқонга ўхшаш куч уларни ёнбағирга улоқтириб юборганди, нимадир қаттиқ гумбурлаб, уларнинг фарёдларини босиб кетди, худди чақмоқ чаққандек, борлиқ бир лаҳза ёришди.
 Сафарали қачон ўзига келганини билмайди. Аввал кўз ўнгида хира туман қилт этмай тургандай бўлди, кейин у тиниқлашиб юлдузли осмонга айланди. Нима ҳодиса рўй берганини, аниқроғи, оёқ остидаги ажал алангаси жунбушга келганлигини  тасаввур ҳам қилолмай, мадорсиз  қўллари билан атрофини пайпаслади ва қўли аввал ар-арнинг совуқ вужудига, кейин эса шилимшиқ нарсага тегди.
  Уларинг вужудларидан оқаётган қон бир жойда ҳалқоб бўлаётганини  англашга эса қувваи ҳофизаси ожизлик қиларди.
  Кейин жимлик чўкди.
Абадий жимлик.

                                                            2007

Комментариев нет:

Отправить комментарий