* * *
Москвада мени ҳаяжонга солган бир воқеа ҳақида гапирмоқчиман.
Ботаника боғида юрган эдим. Осмонга бўй чўзган қрим қарағайи (уни Абу Али ибн Сино: "санавбар дарахти" деб атайди) шохчасида бир олмахон пайдо бўлди. Мени кўриб, қочиб қолади, деб ўйлагандим, ундай бўлмади: жонивор менга қараб югуриб кела бошлади. Мен андак саросималаниб қолдим, кейин шошилинч чўнтагимга қўл солдим: ҳар қалай бир нечта писта данаклари қолган экан, ана шу неъматни кафтимга қўйиб, думи бароқ мўжизага узатдим. У андак иккиланиб турди-ю, тумшуғини чўзди. Ҳадемай унинг иссиқ нафаси кафтимга тегди ва дилим беҳудуд ҳаяжонга тўлди.
* * *
Дилингизни ногаҳоний ғусса босганида, асабингиз қақшаган лаҳзаларда мўъжазгина гулхан ёқиб, алангага андак тикилиб кўринг-а. У худди тирик мавжудотдай тўлғанади, ён-теграсига, осмонга қараб талпинади. Гарчанд унинг безовта тўлғаниши бетартибдай бўлиб туюлса-да, бу курашда аллақандай қонуният борлигига ишонч ҳосил қиласиз. Унинг талпинишигинамас, бетакрор ранги, ҳарорати вужудингизга роҳат баҳш этади.
Сиз энгил тортасиз.
Мен бунга аминман!
* * *
Иссиқ вужудингизни лоҳаc қилади, ғайратингизни сўндиради. Лекин совуққа таққослагудай бўлсангиз, барибир унинг бир неча бор афзаллигига ишонч ҳосил қиласиз.
* * *
Мен сени шунчалар яхши кўраманки...
Сенинг қорачуқларинг ҳудди чақалоқ нигоҳларидек тийран ва тиниқ.
Сенинг жажжигина бошинг оппоқ атиргулга ўхшаб кетади.
Сен жуда қобил-мўминсан!
Биз табиат деб аталган бир дарахтнинг икки шохчасидаги икки нозик гулмиз.
Мен сени ғийбатлар қилдим, сени ёмонлаб ривоятлар тўқидим.
Ранжима, мен ғийбатчидан, азизим бойқуш!
* * *
Сукунат. Шаҳарда яшайдиган киши уни ботбот қўмсаб қолади.
Кунлардан бирида яйловда тунаб қолдим-у тунда ташқарига чиқиб, ана шундай сукунатга дуч келдим. Жонимни ҳалқумимга келтирган моторлар, электр карнайлардан холи маскан эди бу ер. Лоақал итлар ҳам ҳуримас, хўрозлар ҳам қичқирмасди. Бу ҳузурбаҳш ҳаловат дилимни неча дақиқа қитиқлаганини билмайман. Сўнг сукунатга қўшилиб, вақт ҳам қотиб қолганга ўхшаб кетди. Дилимдаги ҳаловат ўрнини аллақандай ғашлик эгаллади. Вужудим учун бундай боқий сукунат батамом ёт эканлигини биринчи бор чуқур ҳис этдим. Акс-садога умидвор бўлиб секин йўталиб қўйдим. Шунда зулмат қўйнидан «сақ-сақ» деган овоз янграб кетди. Мен уни танидим ва дафъатан енгил тортдим: бу — сақ-сақ деб аталган қуш эди.
Эмишки, у бир замонлар одам бўлган экан. Ножўя қилмишлари учун дадаси қарғаб паррандага айлантирган эмиш. Ҳар замонда «сақ-сақ» деб ўз жигаргўшалари бўлмиш одамларга сиҳатлигидан хабар бериб турармиш.
Соғ бўлсанг бас, менинг укам — сақ-сақ!
* * *
Бари ҳам навқирон, йигит ёшида эди. Кўзларидан ўт чақнарди-я! Кўкракларининг бақувватлиги, нафислигини; мускулларининг кўркамлигини, белларининг чайирлигини, қорачиқларининг дилкашлигини айтмайсизми?!
Кўпчилик эди улар. Кейин урушга олиб кетишди. Бирортаси лоақал мажруҳ бўлиб ҳам қайтиб келмади-я!
Бари фашист ўқига нишон бўлди.
Бечора дулдуллар, қорабайирлар
Комментариев нет:
Отправить комментарий