Фақат хўроз ҳақидамас
Ўғлим Улуғбекнинг кундалигидан
Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлаб, завқовар саҳифаларни топишингиз амри маҳол. Грамматиканинг чигал қоидалари, жўн диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»ни сизга тақдим этардим.