НОМАЪЛУМ РАССОM
Маҳалладошлар уни унчалик хушлашмайди. Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл жиҳозлари нопок йўл билан келаётганини ҳамма билади. Шунга қарамай, унинг олдига келиб туришади, илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров машина ололмай ҳалак. Бунақа юмушларга унинг суяги йўқ: танишларини ишга солади, урушда “қон тўкканини” пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.
Шаҳарга туташ колхознинг бригадири унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон олиб беради.
Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса, бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман.
Бу даргоҳга ижара излаб келганим кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болохонадаги уй бўшлигини, хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.
–Ургутданман, - дедим, сўнг қўшиб қўйдим: - Юрфакда ўқийман.
–Ҳа, тузук, - деди у чиройи очилиб.
Шу билан гапимиз тугади. Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
– Майли, - деди у ниҳоят, - аммо маст бўлинса, аёл-паёл олиб келинса хафалашиб қоламиз.
Кўчиб келганимнинг биринчи ҳафтаси эди. Кечқурун хонамга кириб кетаётганимда, хивичдан тўқилган креслода ялпайиб ўтирган хўжайин мени чойга таклиф қилиб қолди. Унинг рўпарасидан жой олдим-у, нигоҳим кўкрагига чизилган катта расмга тушди. Табиатан баданига турфа ёзувлар ва расмлар бўлган кишиларни ёқтирмасдим. Нохуш бўлдим. Хўжайин ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, чой узатди. Унинг кайфияти яхши эди. Ўзимни мумкин қадар бепарво тутишга уриниб, унинг кўкрагига тағин зимдан назар ташладим. Балоғат ёшидаги қизнинг жуда зўр ҳафсала ва дид билан чизилган расми эди у. Қиз бошини осиёлик жувонларга хос танғиб олган бўлса-да, қирра бурни ва яна алланималари европача эди. Кўкраги жуда бўлиқ, сийнабанди осмонранг. Кўкрагининг ярми хўжайиннинг майкаси остида қолганди. Аммо, синчиклаб қаралса, тўр остидаги унинг бор вужудини кўриш мумкин эди. Назаримда у ҳозиргина чўмилишдан чиққандай, устига мато ташлаб олганди. Қизнинг боши негадир бир оз хам қилиб чизилган, табассумида билинар-билинмас ғуссами, истеҳзоми яширинганди.
–Ўқиш қачон тамом бўлади? – ногаҳонда сўраб қолди хўжайин.
–Яна бир йил бор.