пятница, 9 июня 2023 г.

ОМАДСИЗЛИК

 Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.

Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

понедельник, 29 мая 2023 г.

ШАФФОФ ШАБНАМЛАР

 Бу йил қалдирғоч ҳаммомга кирадиган даҳлизчада, лампочка устига ин қурди. Уни ҳуркитиб юбормаслик учун ҳамма эҳтиёт чораларини кўрдик: эшикни ёпилмайдиган, лампочкани ёнмайдиган қилиб қўйдим. Набираларга алланималарни қайта-қайта тайинлаган бўлдим.

  Гап шундаки, икки йил илгари айвондан жой танлаб, иннинг ярмини тиклагач, ғойиб бўлиб кетишган эди. Уларни нимадир ( мушук, илон, хакка) қўрқитганди чамаси. Биз надоматлар чеккандик.

четверг, 25 мая 2023 г.

“ҚОЧИНГЛАР, СЕЛ КЕЛЯБДИ!”...

             

   Мухбирлик йўлидаги мулоқотлар, тасодифий воқеалар тўғрисида 1987 йилда,  катта тиражда (40 минг нусха) чоп этилган “Мен редакцияданман” деган китобчамда сўз юритганман. Бу асар кейинчалик “Мен мухбирман” номи билан ҳам нашр этилди.
   Аммо “Фарзандга ўгитлар” китобимда ҳам журналистик  саргузаштларини четлаб ўтмаган эканман.
      Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этгим келди.
                                     *  *  * 
У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут
қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина "Виллис" зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа–сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги ўў чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.

пятница, 12 мая 2023 г.

 

ПОНЕДЕЛЬНИК, 13 ИЮЛЯ 2020 Г



                                Қўлда қалам билан...

                                                 Мунофиқлик
   Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
  –  Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
   Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос  кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
  Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
  Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
  – Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
  Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.