Шоирлар қишлоқда туғилади, Парижда
ўлади, дейишади фаранглар. Бу - табиий ҳол. Ижодкор ҳамма замонларда ҳам адабий
муҳит қайноқ бўлган масканга интилган, боиси: бундай манзилда ижодий баҳслар,
таҳририятлар, нашриётлар... дегандай. Истаймизми-йўқми, ҳар қандай жамиятда
ҳам меҳр - кўзда деган нақл амал қилади.
Аммо қишлоқда қолиб ҳам ўзига хос ижодий дурдоналар яратган шоир ва ёзувчиларни
биламиз ва уларга тасаннолар айтамиз. Аммо уларга анчайин қийин кечиши табиий:
китоб, мақола чиқариш учун, аввал мутасаддилар билан танишиб олиш, меҳр қозониш
керак бўлади. Шаҳарликлар эса қишлоқдан келган ижодкорларга ҳамиша “юқорироқдан”
туриб қарашга кўникиб қолишган. Майли, бир бошдан.
1974 йилнинг ёз маҳали эди. У
пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб
ишлардим. Идорадан, Аму-Бухоро
каналининг навбатдаги қисми очилишини,
қадимий Жилвон ариғига сув келишини ва ўша ерда бўлиб, репортаж
тайёрлашим зарурлигини айтишди. Аввал Бухорода бўлиб, шоир дўстим Тошпўлат Аҳмадни
тополмагач, Шофирконга йўл олдим ва одатим бўйича, аввал туман газетаси таҳририятига кирдим. Бу
газетанинг бош муҳаррири ёзувчи Аҳад Ҳасан эканлигини, у Самарқандда ўқиганлиги, талай китоблар ёзганини эшитгандим. Редактор
ўринбосари Аҳад ака уйда эканлигини
айтибгина қолмай, у киши яшайдиган Денов қишлоғига олиб борди. Йўл-йўлакай эртага канал очилишини,
сувсизлик ҳамманинг тинкасини қуритганини, оқибатда Қизилқум саҳроси далалар,
қишлоқларни босиб келаётганини гапирди. Дарҳақиқат, атрофда ташналикдан
қовжираб қолган экинларни кўриш нохуш эди.
Рости гапки, Аҳад Ҳасан ҳақидаги
илк таассуротим илиқ бўлмади. У журналист, ёзувчидан кўра кўпроқ райком котиби,
колхоз раисига ўхшаб кетарди. Тўладан
келган бу хушқомат инсон ўзидан мамнун
ва андак нописанддек бўлиб туюлди назаримда. Шунинг учун ҳам алламаҳалгача
умумий тил топишолмай турдик.