Унинг номи ёдда қоладиган,
болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида
Ашурали, Ашур, Аши дейдиганлар ҳам
анчагина.
Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков дейишган.
Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар
назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто
имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган;
жаҳли чиққанда, зуғум билан бош
бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук одатини умрининг охиригача ташламаган.
- Отам кўз ўнгимизда онамни дўппослаб
қоларди,- дейди Ашуралиохун, бу ҳақда гап кетганда,- укам иккаламиз зириллаб
турардик, нима қилишни билмай, жуда ўсал
бўлардик. Феъли ғалати эди: биров арақ
узатса, қўлини қайтармасди; кайфи ошганда гўрковлиги билан мақтанар, Худонинг
назари тушган касб, деб гарилларди. Биров манзират қилмаса, ойлаб оғзига олмас,
унутиб юборар, ичганларни лаънатлаб қоларди.
Бирорта художўй мачитга таклиф қилса, эргашиб кетаверар, бошқа вақт
қабристондан чиқмасди.
Майли, отасини қўятуриб, ўзига
таъриф берайлик. Ўттиз ёшларнинг
нари-берисидаги бўйчан-у ўйчан,
раҳмдил-у содда; сочини мудом қиртишлатиб, дўппини бостириб кийиб юрадиган, қўнғиз мўйловчаси ўзига ярашган,
юзи чўзинчоқ, озода, қирғийбурни ҳийла
катта бўйдоқ йигитни кўз ўнгингизга келтира оласизми? Бунга қўшимча қилиб,
дона-дона, қисқа қилиб, кесиб гапириш, бирор юмушни бошлашдан олдин қўлларини
бир-бирига ишқаб, кулиб қўйиш одати борлигини ҳам айтиб ўтишимиз ортиқчалик
қилмас.