РАДИОАКТИВ ВА КИМЁВИЙ ОҒУЛАРГА ЙЎЛ ЙЎҚ!
Газета тахламидан
садолар.
Бу
мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1989
йил 6 октябр сонида эълон қилинганди
Муҳтарам газетхонларга аёнки, мен ўтган ойлар
давомида ўта заҳарли моддалар ҳамда радиоактив қолдиқларни беназир тоғ
ёнбағирларига тонналаб кўмиб ташлашга қарши газета, телевидение ва радиода
чиқишлар қилдим. Жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг шу йил
21 апрел сонида эълон қилинган “Реактор зарурми?” мақоламда Тошкент шаҳрида
қурилган бу ўта хавфли радиация манбаига ўз муносабатимни билдирган эдим.
Фақат оммавий-ахборот
воситаларигина эмас, бу хусусдаги мулоҳазаларимни бир қатор юқори
ташкилотларга, халқ депутатларига ҳам йўллаганман. Бундан муддао, аждодларимизга
ризқу-рўз ато этган ҳамда келажакда зурриётларимизни ҳам
боқиши зарур бўлган она тупроғимиз безавол, сувимиз зилол, ҳавомиз беғубор
бўлиши бағоят зарурлигини тағин бир бор, хавотирона таъкидлаб ўтишдир, албатта.
Бугунги кунда табиатни севмайдиган одамнинг
ўзи бўлмаса керак. Лекин ҳозирги ўта ночор экологик шароитда ўтлоқлар ва
жониворларни ардоқлаш билан ҳеч нимарсага эришиб бўлмаслигини, табиатнинг
устиворлиги учун курашиш инсоний бурчимиз эканлигини ҳамма ҳам ҳис
этмаётганлиги ачинарлидир.