воскресенье, 25 марта 2012 г.

Сарҳисоб 10



                              


     Бугун - 2012 йилнинг 13-марти. Наврўзга, атиги бир ҳафта қолди. Аммо ташқарида ҳамон қор, совуқ. Қишнинг бундай чўзилиб кетишини фақат 1969 йилда кузатган эдим.
  Ўзбек ТВсининг деярли ҳамма каналларида баҳорни мадҳ этиб, яшил ёнбағирлар, сумалак пишираётган аёллар, барг ёзаётган ниҳолларни кўрсатишаябди. Боғда “Баҳор валси” оҳангида рақс қилаётган қизларни намойиш этишдан чарчашмайди. Табиийки, булар бари аввалги йиллар олинган тасвирлар. Начора,  биз табиат ҳодисалари масаласида ҳам қўшиб ёзишга, яъни ёлғон гапиришга кўникиб қолганмиз.
   Рухсора билан тузган талай режаларимиз орқага сурилаётганидан дилтанг бўлиб, кеча машинам (“Лада-Калина” собиқ “Жигули”)га янги аккумлятор ўрнатдим ва эрталаб уни ҳайдаб чиқдим.
   Аввал қишлоққа бордик. Бу ердаги иссиқхонада юмушлар тўпланиб қолган эди.  Надоматлар бўлғайким, лимонларни совуқ урибди. Аммо поясидан янги куртаклар чиқар, деган умидда, уларни кесмадим. Икковлашиб, бу ерга кўкат экдик, бодринг уруғларини қададим.

Сарҳисоб-9


 

                                 


   Дорулбақога бевақт равона бўлган биродарларим ҳақида ҳикоя қилишга сўз берган эдим. Улардан бири Фазлиддин Султонов эканлигини ҳам айтганман.  Раҳматли туманимизнинг Андижони қишлоғида яшарди...Асаларичи эди. Сув қилиб ичган эди бу соҳани.
   Дарвоқе, сайтда эълон қилинган “Омадсизлик” деган ҳикоям шу ашраф инсонга бағишланган, аниқроғи у кишининг образини яратишга ҳаракат қилганман. Ҳикояни ўқиган кишилар  сарҳисобнинг мазкур бобини ўқимаса ҳам бўлади.  Боиси, талай ҳолатлар, кечинмаларни такрорлашга мажбур бўлганман.
    Қишлоқнинг номидан маълумки, бу ердаги мардумлар бир замонлар, тақдир тақозоси билан Андижон музофотидан келиб қолган кишилардир. Балки Бобур аскарларининг қолдиқларидир улар. Ўн еттинчи асрда амир Шоҳмурод томонидан кўчма қилинган, деган гаплар ҳам юради. Аниқ маълумот йўқ. Аммо бу воқеага бир неча асрлар бўлгани аниқ. Боиси, бу ердагилар батамом тожиклашган. Мактабларида  ҳам тожикча ўқитишади. Ҳатто, андак тожикпарастлик ҳам қилишади. Паспортига “ўзбек” деб қайд этган тожикларни мазах қилишдан қайтишмайди.
   Етмишинчи йилларнинг охирларида ( ўтган аср) ишимда бир чалкашлик бўлди ва  “Қишлоқ ҳақиқати” раҳбарлари  ариза ёзишимни талаб этишди. ( Бу хусусда “Мен мухбирман” китобимда батафсил ёзганман).  Иш дараклаб юрган кунларимдан бирида Фазлиддин ака шерикликка таклиф қилиб қолди. “ Сизда тажриба бор, анча мунча қутиларингиз ҳам. Мен ари уяси бераман”, деди.
   Ўша баҳор ариларни Тожикистон томон олиб бордик. Бу ерда Фазлиддин аканинг биродарлари кўп бўлиши устига, ёнбағирларда  гул ҳам сероб эди. Бу ердан баракали асал олдик.
   Ёзга келиб, ариларни Косон туманига қарашли янги совхозга кўчирдик.  Чўлда ҳам  у кишининг биродарлари кўп экан,  шароит яратиб беришди.
    Аммо  мен, мавзудан жилла чекиниб бўлса ҳамки, янги жойда содир бўлган бир воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

САРҲИСОБ 8



        
   Қишлоқдан шаҳарга энг зарур китобларни олиб келганман. Чунки, эндиликда Интернет, деярли  жаъми  маънавий  эҳтиёжлар ва заруратларни қондира олади.
   Лекин,  мен келтирган китоблар бундан мустасно.  Русча- ўзбекча лўғат, Умар Хайёмнинг форсий ва ўзбекча рубоийлари, Чеховнинг ҳам икки тилдаги ҳикоялари  ва ниҳоят,  Нитшенинг Иброҳим Ғофуров таржимасидаги “Зардўшт таваллоси”  насрий достони шулар жумласидандир....
   Хайём рубоийларини бир оз толиққан, кўнгилхушликка  мойиллик  сезган пайтларда қўлга оламан. Чеховни эса бирор нимарса ёзишдан олдин варақлайман ва алланималарни ўзлаштираман. Нитшени бўлса жилла қаҳрга минган, курашга эҳтиёж сезган лаҳзаларда ўқийман. Аниқроғи, бу буюк  олмон нигилисти билан курашга чиқаман. У оғир вазнли бўлгани боис икки-уч раунддаёқ мени уриб йиқитади. Нитшенинг муштлари чўқморга ўхшайди.У менинг энг нозик жойларим, яъни кўп йиллик ишончларим, кўникмаларим ва эътиқодларимни мўлжаллаб зарба беради.  Зеро,  у ўзини: “Мен, динамитман!” деб ғурурланиши бежиз эмас. Лекин йиқилган курашга тўймайди. Вақт ўтиб,  у билан тағин жангга  киришаман.

четверг, 15 марта 2012 г.

САРҲИСОБ 7




21-феврал куни, кечқурун ТВни қўйсам, “Ёшлар”да суд жараёнини беришаётган экан. Панжара ортида ўнга яқин киши айбдорларча бош эгиб туришибди. Уларни  автомат тутган сержантлар қўриқлашаябди. Бундай пайтда   кишида судланувчиларга нисбатан мавҳум бир нохушлик ёки нафрат пайдо бўлади.  Мадомики,  иш шу даражага етиб  борган экан, булар муқарар гуноҳкор  ёки  жиноятчи деган хаёлга борасан. Аммо,  ҳар қандай шароитда ҳам хулоса  чиқаришга шошилмаслик керакка ўхшайди.
   Прокурор ўқиган айбномадан шу нарса аён бўлдики, бу шўрликлар турк тадбиркорлари бўлиб, бундан беш олти йил илгари  Ўзбекистонда иш бошлашган экан. Тошкентдаги “Чорсу” савдо мажмуаси, Самарқанддаги Марказий универмагларни олиб, ишга солишибди.