Олтинчи боб
Шанба куни, кечқурун дастурхонга фотиҳа тортилгач, Жамила одатдагидек, ҳаммамизнинг диққатимизни тортди.
- Эртага якшанба – дам олиш куни. Лекин, дам олиш йўқ. Юмушлар тўпланиб қолган. Ҳадемай, қиш келади. Шунинг учун, эрталабдан жомакорни кийиб чиқасизлар. Жўжаларнинг катагини бу ердан дачага кўчирмасак, бўлмайди. Чунки бадбўй ҳиди чиқиб қолди, пашша ҳам кўпайди. Иккинчидан, ерни тозалаш, ағдариш керак. Кечки кўкат экадиган пайт келди. Бултур қишда кўкат сотдик. Бир томонимизни кўтарди...