Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид бўлиб қолаверади.
Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.
Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда тутасизми, ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.
Хуллас, эзмалик чикора ...
Бир бор экан, бир йўқ экан, жуда ... (дарвоқе, қайси замонда бўлганининг аҳамияти йўқ ҳам) қадимий Самарқанд томонда болакайларга ўқиш, ёзишни ўргатадиган хокисоргина Муаллим рўзгурзонлик қиларкан. Ҳайтовур, муаллимлик – ота касби бўлганиданми ёки бошқа сабабми – мактабни, болакайларни жуда яхши кўраркан. “Афсуски, биз алдам-қалдам замонда вояга етдик, деркан у ёшларга бот-бот; тугал ва комил бўлолмадик. Энди ҳамма умид сизлардан!”. Фақат сўздамас, амалда ҳам интилувчан, равшанфикр экан; мактабда кўпинча биринчиликни оларкан; маъмурият буни эътироф этиб, байрамларда мукофотлар бераркан унга.
Муаллимларнинг маошига кун кечириш мушкул бўлиб қолганда, унинг аксар шериклари бошқа соҳалардан насиба излаб кетиб қолишибди. Лекин у шунда ҳам қаноат қилиб, болаларга меҳр билан сабоқ беришни канда қилмабди. Кун бўйи ўқитиш билан кифояланмай, уқувсизроқ болаларни олиб қолиб, тағин такрор этаркан. Ота-оналар билан юзма-юз бўлганда, уйда бола билан ишлашни илтимос қиларкан, жамоа жойларида эса дунё янгиликлари, маънавий курашлар, эзгу урфлар тўғрисида гапираркан. Шу билан бирга, уйга келиб, бола-чақаси билан томорқа тирнаркан.
Замонлар ўтибди – подшолар, тузумлар ўзгарибди, аммо бечора Муаллимнинг косаси оқармай қолаверибди. Унинг бояқиш хотини гоҳида энтикиб, иморат қуриш, халққа тўй бериш, хуллас, қўни-қўшнилардек фаровон яшаш сингари эмин, устивор орзулар хусусида сўз очиб қоларкан. Лекин начора осмон – узоқ, ер – қаттиқ. Қандай қилиш керакки, осмон – яқин, ер – юмшоқ бўлсин?! Хўш, шундай бўлганда ҳам бундан Муаллимга не фойда?
Отаси қишлоқнинг биринчи ўқитувчиси бўлган экан унинг. Аммо жадидлар билан борди-келди қилгани сабаб “халқ душмани” бўлиб кетган эмиш. Унга эҳтиром кўрсатиб юрган талай одамлар ҳам ўшанда бечорани айблашга ўтиб олишибди: ўзгача рафтор қилганини айтиб, кулишибди ҳам. “Одамнинг чап елкасида жаҳолат, ўнг елкасида маърифат юки бор, деркан, отаси бот-бот. Жаҳолат жами иллатларнинг бошидир. Ва, магарам у ошиб кетса, бахтиқароликлар бошланади. Шунинг учун маърифат юкини ошириб туришимиз шарт!”
Муаллимнинг қўшнилари ...
... улардан бири полвон экан. Тиши билан фалон ботмон тошни кўтариб, ирғитиб юбораркан. Тўй-ю тантаналарда кураш тушиб, буёғи Кавказ, буёғи Руссиядан келган полвонларни мағлуб этаркан. Чайир мускуллари туфайли данғиллама иморатлар қуриб, етти иқлимга тўйлар, зиёфатлар берган экан. Хуллас, ўқимаган бўлса ҳамки, фаровон яшаркан.
Тағин бир қўшниси ...
... унинг номи Шамшариддин бўлса ҳамки, Қашамшам дейишаркан. Бу занғар ҳам жуда бой экан, кайфи ошганда: “Полвондан кучим ҳам, пулим ҳам кўп”, деб кариллашни хўш кўраркан. Бир бор мастликда полвонга қўл ҳам кўтарганмиш. Лекин полвон (табиатан бефаҳмроқ бўлса-да) оғирлик қилибди.
Қашамшам ақлу заковати ёки полвонга ўхшаб ёввойи кучи туфайли эмас, хотини туфайли кўкрак кериб юраркан. Чунки, муқим эр кўрмаган бу тантиқ жувон катта амалдорнинг қизи экан: пул дегани баргхазондай беписанд экан у ярамасда. Тегирмонда туғилган сичқон сахий бўлади, деганларидек, улар бот-бот данғиллама тўйлар қилишаркан.
Хуллас, кўз ёши ва пешана тери таъмини татиб кўрмаган ношуд бандалар!
Полвон билан Қашамшам муаллимга анчайин нописандлик билан қарашаркан: гоҳида ноўрин кесатишлар, хунук ҳазиллар қилишаркан. “Оч баччағардан, қоч, баччағар”, деган нақлни такрорлаб туришдан ҳижолат тортишмас экан, бу бедаво башаралар. Муаллим бундан жаҳлга минмай, кечириб қўяқоларкан.
Ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор, дейишади. Муаллимнинг маоши камлик қилгани сабаб, томорқа тирнаб ҳам, рўзғор кам-кўстларни тўлдириб тураркан. Ўша куни томорқасида роса меҳнат қилиб, увотдаги кекса тут соясига дам олишга чиқибди. Қараса, йириккина қанотли бир чумоли мажруҳ бўлиб, бир жойда айланиб ётган экан. Жониворни авайлабгина қўлга олибди; чангини пуфлаб юборгач, синчиклаб назар солса, бир оёғи синиб, шалвираб ётган эмиш шўрликнинг. “Сени қайси золим босиб кетди”, кўнгил сўраган бўлибди Муаллим ва жомакоридан бир қат ип суғуриб, игнадайгина хасни иккига бўлибди-ю, ҳафсала билан уни чумолининг мажруҳ оёғига ўлчаб, суянчиқ қилиб боғлабди. Жониворни денг, дарахт танасига қўйган экан, ғизиллаб ўрмалаб кетибди. Қилган ишидан ўзи ҳам зоҳиран мамнун бўлиб турганда, чумоли тилга кирибди.
− Эй шафиқ инсон, сен бағоят сершафқат, сермурувват экансан: менга яхшилик қилдинг. Тила – тилагингни!
Муаллим бир муддат каловланиб қолибди.
− Сен, сен ...
− Мен чумолилар подшосиман: истагингни бажо келтираман!
− Эй, қумурсқалар сарвари, - дебди Муаллим ниҳоят, - мен нима ҳам сўрардим?! Бола-чақаларинг, фақиру фуқароларинг бошида омон бўлсанг бас!
Чумолилар подшоси унга қуллуқ қилиб, барглар орасига ғойиб бўлибди. Деҳқон тарқоқ хаёллари билан овора бўлиб қолибди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгач, фикри бошқа томонга чалғий бошлабди: “Худо, ол қулим, деганда бирор нимарса сўрасам бўлармиди? Шу ордона қолгур томорқага жўяк олишга кўмаклашиб юбор, десам, асакам кетармиди?!”
Хаёллар ғалаёнида қўли ишга бормай қолибди шўрликнинг. Уйига келиб, воқеани хотинига гапириб берган экан, у аввал ажабланибди, сўнг зардаси қайнабди.
− Бошингизга Хумо қуши қўнганда, анқаймай, айтиб юбормайсизми – оғизга сиққанини?
− Нима сўрашни билмай, довдираб қолдимда,- дебди у гуноҳкорона. Томорқа юмушини айтсам бўлармиди? Бир-икки ношуд ўқувчиларим бор эди шуларни қўлла, десам ҳам ...
Аёл баттар жаҳлга минибди.
− Кир ювадиган машина ҳаммада бор ... Иморатимиз томига тунуками, шиферми қоқилмаган.
− Балиқчи чолнинг кампирига ўхшама,- зарда қилибди муаллим.
− Сиз бўлсангиз, Хўжаи Хизирни таниб қолган кулолнинг ўзисиз.
Гап шундаки, ҳар бандаи мўмин умри давомида атиги бир бор Хўжаи Хизирга дуч келармиш. Шунда каловланмай, нима талаб қилса, ўша муҳайё бўларкан. Бир кулол, иттифоқо, у кишини таниб қолибди. “Тила-тилагингни” деса, “Уйда мунди йўқ эди”, дермиш.
Лекин таассуфки, шунча бурролик билан хотини ҳам нима зарурлигини айтиб беролмабди. Муаллим ўйга чўмибди: “Олтин сўрасам, нима бўлади? Йўқ, йўқ, хаёлан жавоб қайтарибди ўзига ўзи. Қашамшам билан полвон ҳидини сезиб қолса, хиқилдоғимга тутиб беришлари турган гап”. У ҳарчанд бош қотирса ҳам хаёлларининг поёнига етолмасмиш. Кейин барини ёддан чиқариш илинжида фикрини зўр бериб, бошқа томонга чалғитаверибди. Аммо ҳирсми, ҳавасми ички бир дард бўлиб, юрагини таталайверибди, таталайверибди.
Муаллим фақат болакайларни эмас, жониворларни ҳам дўст тутадиган, раҳмдил одам экан. Шунинг учунми ёки бошқа сабабми, хайтовур, уларнинг тилини билишга аҳд қилибди. Эрталаб кекса тутга юзма-юз бўлиб, чумолилар шоҳини чақирибди.
− Эй, қудратли подшоҳ, - дебди, - овора қилганим учун кечир! Мен жониворлар тилини билиш истагидаман: бемалол бўлса, мурувватингни дариғ тутма.
− Эй шафиқ инсон, - дебди чумоли маслаҳатомуз, - ўйлаб кўр: улар бағоят сержағ – тинчингни ўғирлаб қўйишади. Баринимас, дастлаб бирорта жониворни танласанг кифоя.
− Ундай бўлса, чумолилар тилини ато эт!
− Айтганинг келсин ...
У каломини тугатар-тугатмас, атрофда шовқин-сурон бошланиб кетибди. Муаллим ногаҳоний ғала-ғовурдан ҳушёр тортиб, атрофга алангласа, бу – чумолилар шовқини экан. Худди бозордаги оломондай ғувиллашаркан улар. Муаллим диққатини тўплаб: “Кўтар”, “Тез бўл”, “Лаллайма” деган ибораларнигина илғаб олибди, холос. У чумолилар инидан хавотирона нарироқ тисарилибди. Шовқин тингач, ўзини босиб олиб, тағин чумолиларнинг таниш сўқмоғига яқинлашибди. Аммо бу гавжум йўлакдаги заҳматкашлар озиқ ташиш билан шу қадар банд эканларки, бир-бирларига сўз ҳам қотишмаскан. Бир маҳал уч чумоли ўзларидан ўн чоғли йирик чигирткани бир азобда судраб келиб, унинг рўпарасида тин олибди. Нафасни анча ростлагач, жуссалироғи кичигига иш буюриб қолибди.
− Югуриб бориб, учта чаққонни эргаштириб кел!
Ҳалиги ғизиллаб жўнаши билан қолган иккови йўлни бўшатиш учун азимжусса ўлжани чеккароққа судраб чиқишибди.
− Бу одам нега бошимизга келиб, қоққан қозиқдай қаққайиб қолди,- сўрабди бояги йирик чумоли шеригидан, муаллим томон ишора қилиб.
У алланечук бўлиб кетибди-ю, аммо сир бой бермай тураверибди. Ҳарқалай гап ўзанини бошқа томонга буришибди улар.
− Нега бу шўрлик чигиртка ҳаётдан кўз юмди экан-а?
− Ўз ажали билан ўлмаган кўринади, - дебди униси, - заҳарланган чоғи.
− Кимёвий қуролни одамлар кўсак қурти, ўргимчаккана, ширинчага қарши қўллаганини биламан, лекин чигиртка ...
− Ажал уруғи танлаб таъсир этмайди-ку, қоқвош, - дебди иккинчиси,- тирик вужудки бор – жонини суғуради. Чигиртка нари турсин, одамлар бир-бирини ҳам кимёвий қурол билан қираябди-ку!
Униси надомат билан сарак-сарак бош тебратибди.
− Бирорта чумоли бундай қабоҳатга қўл урмасди.
Улар бир лаҳза тин олишибди. Шўрлик муаллим ҳижолат чекиб турганда, чумоли давом этибди: - Бунинг гўштини еб, болакайларимиз заҳарланиб қолишмасмикан?
− Начора, ҳозир заҳар инмаган неъмат йўқ; шунинг учун чумоли оиласида гўдаклар ўлими кўпайиб кетди, зурриёт нимжонлашди.
Шу орада ҳаллослаганча бир неча чумоли етиб келибди ва улар ўлжани шахдам судраб кетишибди.
Муаллим девонавор бир ҳолатга тушибди, албатта. Чунки назарногир бу митти жониворларнинг фавқулодда зукколигини тасаввур қилиб ҳам кўрмаган эканда. Хаёллари алғов-далғов бўлиб, уларнинг гуфти-гўйига қулоқ тутишдан юраги зириллаб қолибди. Негаки, чумолилар жуда қалтис гапни айтиб юборадигандай ва бундан у маломатга қоладигандай бўлибди. Ишга қўли бормай, уйга паришонҳол қайтибди. Хотини, болаларига бирорта чумолига озор бермасликни тайинлаётганда, деворда ўрмалаб юрган қумурсқа шеригига сўз қотибди.
− Эшитаяпсанми, муаллимнинг гапини? Чумолига озор бериш – гуноҳи азим, деяпти.
- Ҳалол одамда, муаллим; шафқат томирчалари ҳавор тепади. Чунки сўқир эмас. Қани-ку, ҳамманинг ҳам нигоҳи шунақа нурафшонроқ бўлса ...
− Ҳа, бунақалар жуда оз; аксар одамлар авлодимизнинг ашаддий душманига айланиб қолишди. Виждони қилт этмай, эзғилаб кетаверади-я, нобакорлар!
− Заҳар пуркагани, инимизни сувга бостирганини гапирмай қўяқолай.
− Худо одамнинг қорнини катта, бошини кичик қилиб яратган. Биз эса аксинча: бошимиз катта, белимиз ингичка. Негаки, Инсон – баднафс, нуқул қорнини ўйлайди. Биз бўлсак, каллани кўпроқ ишлатишимиз, белни зич боғлаб, меҳнат қилишимиз зарур.
− Одамлар хотираларининг пастлиги, пулларининг камлигидан нолишади-ю, лекин бирор бор омиликлари, ақлларининг пастлигини тилга олишмайди. Бир-бирларини нуқсонлари учун эмас, фазилатлари туфайли балоларга гирифтор қилишади.
− Бир эртак эшитгандим: шунда айтилишича, одамни маймундан яратишган экан. Маймун дегани бефаҳм, жоҳил маҳлуқ. Агар Одамни яратишда, жумладан Хумо қушининг, Асаларининг, Мусичанинг қонидан ҳам қиттак-қиттак қўшилганда мурод ҳосил бўларди. Инсонда Хумо қушининг ашрафлиги, Асаларининг меҳнаткашлиги ва интизоми, Мусичанинг хокисорлиги намоён бўларди.
− Яхши эртак экан,- бошидан эшитсак бўладими, - илтимос оҳангида сўрабди шериги.
У ҳам ўзини тарозига солмай, эртак бошлаб юборибди.
* * *
− Муаззам кунлардан бирида Парвардигори оламнинг амри ҳоҳиши билан, албатта, ер юзидаги тирик мавжудотларнинг катта анжумани бўлибди.
“Сизларни йиғишдан муддао, сўз бошлабди анжуманга раислик қилувчи Жабраил алайҳиссалом, айрим муаммоларни ҳал қилиб олишдан иборатдир. Мана, ерда ҳаёт пайдо бўлганидан бери неча асрлар-у замонлар ўтди. Кимнинг пешонасига нима деб битган бўлсак, ўша бўлаяпти; кимнинг насибасини қаерга сочган бўлсак, ўша ердан топиб еяпти. Ҳозиргача Арши Аълога бирорта ҳам шикоят тушмагани жаҳолат ва адолатсизлик, очкўзлик ва ҳасад, разолат ва мунофиқликка йўл қўймаганимиздан; нурафшон ҳаётдан далолатдир. Ҳеч ким бошпана ёки егуликдан танқислик кўргани йўқ. Тўғрими?”. “Тўғри, тўғри” дейишибди пастдагилар. “Тўғри бўлса, гап шундаки, давом этибди раис, энди ораларингдан кимгадир, албатта Оллоҳнинг розилиги билан андак онг ато этмоқчимиз. Бу ишнинг жилла қалтислигини биламиз, лекин турғунликда яшаш ҳам яхши эмас. Тасарруфимиздаги ана шу зиғирча онгни кимга беришни маслаҳатлашиб олсак, ёмон бўлмасди. Ҳозир ошкоралик пайти – сизларнинг мулоҳазаларингизни ҳисобга олган ҳолда иш тутамиз. Хўш, кимда қанақа таклифлар бор? Ҳатто ўз номзодини кўрсатадиганлар бўлса ҳам, марҳамат!” Аммо ҳеч кимдан садо чиқмабди. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом давом этибди: “Биз торроқ даврада маслаҳатлашиб олдик; сизлар ҳам қўшиларсизлар: шу Чумолини ақлли қилиб қўйсак, нима дейсизлар? Чунки бу азамат жуда меҳнаткаш, ҳеч ким билан иши йўқ”, - дебди. Шунда бизнинг вакилимиз сўз олиб, ётиғи билан рад этишга киришибди. “Ишончларинг учун раҳмат! Аммо, лекин менга онг ато этсаларинг, турмуш тарзим ишдан чиқиб кетиши турган гап. Илтимос, тирикчиликдан қолиб кетмайин. Кейин: жуссам ҳам русчасига айтганда, унчалик салидний эмас, мен, масалан, ўрнимга Асаларини таклиф этардим: интизомли, озода, тадбиркор”. “Бўлмайди, - қўполлик билан унинг гапини кесибди Айиқ полвон, унга ақл ато этилса, мен болдан бенасиб бўлиб қоламан. Шунинг учун ўз номзодимни тавсия қилмоқчиман – савлатим ҳам бор, давлатим ҳам. Тағин нима керак?!” “Бўлмайди, бўлмайди – у ўлгудай қўпол”, - дебди Тулки. Мен, масалан, онг Арслон акамизга берилиши тарафдориман. У кишининг обрўлари баланд. “Розимасман”, - дебди Арслон ўтирган жойида ва ўрнига Бургутни тавсия этибди. Паррандалар шоҳи эса Илоннинг номзодини кўрсатибди. “Менимча, дебди жимгина минбарга кўтарилиб олган Илон, биз қиттай саросималанаётганга ўхшаймиз. Бу – бағоят жиддий масала. Шунинг учун ҳам уни жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиб олиш керак. Тасаввуримча, онг ато этилган жонивор батамом ғайритабиий бўлади; мадомики шундай экан, у бизга нисбатан нописанд бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким! Энг ёмони, бора-бора уни бошқариш ҳам мушкуллашиб қолиши мумкин. Хуллас...” “Таклифингизни айтинг,” унинг сўзини бўлишибди ҳайъатдагилар. “Мен барини айтдим”, - дебди енгил зарда билан. “Энди таклифни мен айтаман, дебди Жаброил жилла жаҳлга миниб, ўша ақлни Илонга бериб кўрамиз. “Тўғри, тўғри”, - маъқуллашибди ҳайъатдагилар. “Мен рози бўлардим-у, дебди Илон, аммо биласизлар: тилим – заҳар! Жаҳл келганда, ҳар қандай ақл қочади. Сизлар ато этган тафаккур заррасидан тўғри фойдалана олмасам, келажак авлод мозоримга ўт қўйиб, мени бадном қилиши мумкин”. Шунда Маймун минбар миниб, масаланинг анча ўнғай тарзини ўртага ташлабди. “Мадомики, бирор жонзодга ақл-заковат ато этиш зарурат экан, бунинг учун янги тур яратиб, ўшани тажрибадан ўтказиш керак. У асосан гиёҳлар, уларнинг мевалари билан озиқланадиган, ожизроқ бўлгани тузук – ўтхўр бўлса, жониворлар оламига озор етказолмайди. Жуда ҳаддидан ошса, қатағон қилиб юбориш мумкин!” Ногаҳоний бу таклиф кўпчиликка ўтиришибди. “Хўш, дебди раислик қилувчи, ўша турнинг қайси оилага мансублигини ҳам белгилаб олишимиз керак-ку!” “Маймунлар оиласидан”, бақирибди биров. “Йўқ, йўқ, бизда бирорта вакант жой қолмаган”, - дарҳол эътироз билдирибди Маймун. “Кўнгилни кенг қилинг: штатни биз топиб берамиз” – дебди раис. Шошилинч овозга қўйишган экан: кўпчилик маъқуллабди. Мамонт, Шохдор она буғу, Денгиз сигири, Архар, Илон қарши овоз беришибди; От, Ит, Сигир, Қўй бетараф қолишибди. Қисса кўтоҳ Яратувчининг “Инвентарлар” деган дафтарида “Homo saрiens” деган ёзув қайд этилибди. Кейинчалик уни неандертал ёки ғор одами, деб қўя қолишибди. Чунки шўрлик, асосан ғорларда яшаб, ўсимлик мевалари, илдизлари билан рўзгурзонлик қиларкан-да.
Алҳол, кунлардан бирида мавжудот оламининг эволюцияси давомида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган дилозорлик содир бўлибди: ғор одамлар галалашиб, Мамонтга ташланишибди – шўрликни тошбўрон қилишибди. Албатта, Мамонт ҳам зудлик билан Арши Аълога шахсан ...нинг номига хат ёзиб, “заказной”қилиб юборибди. Бу ташвишли нома Такягоҳнинг қўлига шахсан текканми, йўқми – бунга ҳеч ким кафолат беролмайди. Лекин бирор ойдан сўнг текшириб, чора кўриш учун мактуб ҳайвонлар сардорига юборилганлиги – ҳақиқат. Шикоятнинг бир бурчагига негадир русчалаб: “Арсланову! Проверить, принимать меры”, деб ёзилган экан. Арслон аввал айбдорни чақирибди. У билан нималар хусусида, қай оҳангда гаплашгани, ҳозирча кўпчиликка қоронғу. Аммо Одамдан кейин Арслоннинг кабинетига кирган Мамонт сардорни юмшоқ диванда оёғини чалкаштирганича, коняк ичиб ўтирган ҳолда кўрибди. Бадазон, дуч келганга: ана шу конякни Арслонга Одам олиб келган, деб овоза тарқатибди. Бу лақмаликдан Арслоннинг тепа сочи тикка бўлганини айтиб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак. Орадан маълум муддат ўтгач, юқорига шундай жавоб йўлланибди: “Шикоят текширилди. Фактлар қисман тасдиқланди. Айб икки томондан ҳам ўтганлигини таъкидлаб ўтиш керак. Акс ҳолда, жабрдийда фуқаро М.М. Мамонтов бир йўла юқори инстанцияга эмас, ўзимизнинг маҳаллий қўмитага мурожаат этган бўлур эди. Шуларнинг барига қарамай, сут эмизувчилар йиғилишида Одамга нисбатан хайфсан эълон қилинди”.
Шу орада ёз бошланиб, еттинчи осмондаги фаришталар ва малойиклар денгиз соҳилига дам олишга кетишибди. Вазиятдан фойдаланган Одам зудлик билан ўн саккиз минг олам сарварига сажда қилиб, тавба-тазаррусини бошлаб юборибди. “Эй мурувватли Парвардигор! – дебди бағоят ҳокисорлик ва илтижо билан кўз ёшларини артиб, ҳазорон ва ҳазорон шукур: ризқим – бут, таним – соғ! Заррача нолишим йўқ! Аммо арзимайдиган муаммолар бор. Ғорларда яшаш жонга тегди: уйлар, шаҳарлар қуришга ижозат берилармикин? Кейин: ўзимизни ҳимоя қилиш учун қурол зарур ... Бизга ҳеч қанақа маблағ, фонд керак эмас – хўжалик ҳисобига ўтганмиз: барини ўзимиз топамиз!”
Худо эса раҳмдил, сермурувватдир!