среда, 31 декабря 2025 г.

 

2 ҚИСМ: НОМА № 3. НОМА № 4

НОМА № 3

Муродбахш чаҳоршанба, бади нонушта аёлим бирла ўғлумни
чорлаб, дедимки: “Худо каминага, ол, қулим деб, ғойибдан фалон
доллар бериб турибдур. Кўкидан. Машварат этайлук: бул сармояни не
муддаолар учун харж этурмиз? Бисёр ва бисёр зарур бўлғон
харажотларни гапурунглар.” Алар таомилни бузмай, одоб ила, андак
сукут қилдилар. Бадазон заифамиз тоқати тоб бермади. “Қиз ўлгур
бўй етиб турибдур, бир бисот олмадук. Эмдиликда қимматбаҳо мебел
элтурлар, тилло ҳалқа, зебигардон талаб қилурлар. Мани ваҳима
босур ва бисёр дилтанг бўлурман, гоҳида ўйқум қочур...” “Тузук,
тузук”, анинг суханини кесмоқдан дигар иложим йўқ эрди. Боиси:
жоғи бир очилса, беркитмоқ бисёр мушкул кечиши каминага
аёндур.”Магарам ҳоли барвақт бўлса ҳам, сан учун бир ҳавуч кўкча
ажратурман. Қолганига семон, ғишт олурмиз. Найимбекка иморатни
бошлайдурмиз”.
“Даркор йўқ, инкор қилди найнавимиз боз, ман Янгиариққа
бормасман. Қачан бўлмасун, Шўро бобонинг боғидан замин
олурман.”

Биз сукут тутдик.
Эмди Янгиариқ бирла Шўро бобонинг боғи хусусида андак сухан
юритмасак, бисёр гаплар фаҳмингизга етиб бормайдур.
Аввол хотиррасон қилғон эдимки, давлатимиз сарвари тахтга
ўтурган замон: ҳар бир рўзғорга йигирма беш сўтуғ томарқа берилсун
деб, фармони олий бергон эрдилар. Раиятга берилғон бу сабукликдан,
жамики деҳқонлар янглиғ биз ҳам беҳад сарафроз ўлғон эрдик. Ва
хуррамлик ила Мурод муаллим, камина, Мўминжон ва дигарлар
газетни олиб, раисга бордук. Раис ҳам хонасида бу фармони олийни
ўқуб, энса қашлаб турур эрди. “Келдик, дедик бадаз салом-алек, эмди
бизларга ер берурсиз! Мана, фармони олий бор, кўрунг, ким имзо
тортган ва ани бузмоққа ҳеч бир соҳиби амалнинг ҳадди йўқдур.”
“Қаёндан берурман, тўнглик қилди ул бедаво, якчанд дақиқа
хомушлик ила сукут тутуб, гарданимда плон бор. Плонни олсун ёки
калхозга барҳам берсун, бад берурман.” “Бизга ўн сўтухдан бўлса ҳам
кифоя”, жим ўтурмадим ман ҳам. “Ҳал этмасангиз, биз юқорироққа
борадурмиз”, таҳдид этди Мурод муаллим, бадаз танаффус. Ҳа, эмди
сизнинг “ёзувчи” эканлигингизни олам биладур”, деди ул. Сўнг
амалдор сукутини зарра бузмади ва биз илож топмай, чиқиб кетдук.
Экки кун ўтуб, ҳокима ойтига кирадурғон ўлдик. Андак хавотир
ва умед аралаш анинг идораси тамон равона бўлдук.. Зинадан чиққан
маҳалимиз, дарбон миршаб йўл тўсуб, мақсад муддаомизни билмоқ
истади. Арзу додимизни жилла баён қилмоғимиз баробари исму
шарифимиз, тураржойимиз, муддаомизни қоғозга тушурди. Бир
йигитча пайдо бўлди, қайсики, бўйинбоғ боғлағон, алалхусус
сертакаллуф эрди, миршаб бир нимарсалар деб қоғозни анга тутқазди.
Боз якчанд дақиқа ўтуб, кирмоғимизга ижозат берилди. Эккинчи
қабатга чиқиб ҳам кутдик. Аммо дилимизда ногаҳоний қўрқув зоҳир
ўлғон эрди. Бир маҳал: “Маҳаллаликлар кирсун”, деган садо янгради
ва бизни чорладилар.
Катта ва узун хона пешкаҳида ўтурган бу хушрў заифани
тилвизорда якчанд бор кўрганим боис тез танидим. Эшикдан
кираримиз маҳал ул хонима жойидан чаққон қўзғолди, келиб
табассум ва такаллуф ила ҳар биримизга қўл узотди ва
ширинзабонлик ила ўтурмоққа таклиф қилди. “Эшикда турган
йигитчага фармойиш берди: “Бозуд чой келтур, Маҳалладан
бародарлар ташриф этибдурлар”. Ва шу баробаринда сўроқ айладики,
Маҳаллада тинчликму, хонадонлар, фарзандлар, неваралар сиҳатму,
шодму? Эҳтиром тутуб, ҳар биримизга чой узотди ва бисёр сарафроз
ўлдук, хавотир дилимизни тарк қилди. Бо ин жумла раис ва Илҳом
милисани йўқлади, алардан мардумнинг рози ёхуд норозиликлари
бирла қизиқди. Таомилни бузмай, Мўминжон аларни сифатлаб қўйди.
Апамулло бу жавобдан мамнунлиқ топиб, хар хел хандавор
саргузаштларни гапурди ва биз очилиб ханда қилдук. “ Сиз
Лабиғорда лағмонпазлик қилурсиз. Ростми?”, сўроқ айлади бир маҳал
Мўминжондан ва анинг тасдиғидан мамнун ўлиб, давом берди: Сизни
бу жойга келтирурман. Яхши лағмонпаз ўзумузга зарур. Ошхонага
саркор қилиб қўюрман, токи хўрандалар шаҳардан бу жойга
келсунлар.”
Бадазон манга қаради: “Сиз акои Калвакми? Нима юмуш
қиладурсиз?” “Инкубаторим бор, чўжа чиқорурман.” Бадаз бу
жавобим, эътиборни боз зиёда қилиб, якчанд сўроқлар берди.
Жумладан, қанча тухум жойлайдурман, қанча маҳал кутарман ва
дигар.
Ана, дейман камина ўзумга ўзум катта арбоблар ҳам бунча
хокисор, хушмуомала бўлурми экан. Боз жойидан қўзғолиб, чой
қуйди, Биз ҳижолат бўлур эдик ва ҳокимамизнинг ҳар ҳазилидан қаҳ-
қаҳ отиб кулур эрдик. “ Анекдот айтайму”, савол берди Ойтимулло
бир маҳал. “Давай, давай,” дедук бисёр хуррамлик ила. “Маҳаллага
депутат борибдур. Мардумни тўплаб, ваз айтибдур ва : “Бизга не
талаблар бор”, деб сўроқ ташлабдур. Бир маҳаллалик газ масаласи
бисёр чатоқ бўлғонлиғи мазмунида сухан қилғон экан, депутат
киссасидан папиросини чиқориб, анинг қутисига “ Газ келтирмоқ
зарур”, деб битибдур. Боз бир маҳаллалик: “Кўчаларимизни асфалт
қилмоқ керак, автобус юрмоғи жойиз”, демоғи бирла. “Асфалт ва
автобус бўлмоғи зарур” деб ёзибдур. Учинчи маҳаллалик туруб:
“Қишлоғимизга тайёрагоҳ қурмоқ даркор. Биз дигар юртларга писта,
бодом элтадурмиз,” дебду. Депутат боз савол айлабдур: “Тайёранинг
қаноқа хелидан бўлсун? ЯК-40 бўлса майлиму?” “Бўладур” жавоб
айлабдур маҳаллалик. Меҳмон ани ҳам хатга туширибдур ва хайри
хуш қилиб кетибдур. Вақти бегоҳи балалар кўчадан ҳолиги папирос
қутисини пайдо қилибдурлар. Анда жаъми талаблар устига хат
тортиб, пастига: “Эй худо, аларга фаҳму фаросот бермоқ зарур” деб
битгон экан”.
Боримиз авоз қўйуб кулдук. “Боз айтайму, савол айлади ул
ҳокима. “ Давай, давай”, қистадик дағи. Бул сафаргиси авволгидан
ҳам қизиқ эрди. Бадазонки, учунчи сафар қаҳ-қаҳа кулдук, ойтимулло
деди: “Бародарлар, шакарнинг ози хубдур” Эмди хайри-хуш
қиладурмиз. Каминага айни чоғ Тошкандан тилфон қилмоқлари
лозим. Ростдан ҳам тилифон авоз берди ва ул хушфел аёл дастакни
олиб, хушзабонлик ила жавоб қайтарди, инчунин аппоқ қўлини
кўксига босиб, бизга хайри хуш ишорасини ижро этди. Чиқиб
кетмоқдин диган чорамиз йўқ эрди.
То алламаҳал бу хотуннинг хушрафторлиги, сухандонлиги,
меҳрибонлиги, боэътиборлигига тасаннолар айтдук.
“О, асосий гапни айтмадик-ку”, хотирлади бир маҳал Мурод
муаллим. Боримиз сўроқ аломати бирла бир-биримизга қарадук.
Муаллим андак жаҳлга ҳам минди. “Нима, анекдот эшитгани
келдукми? Бизни лаққи қилди бу занак. Давай, қайтиб кирадурмиз”
“Кирсак, маҳаллалик, деб кулмайдурларми, сўроқ қилдим. Баракс,
кирмасак куларлар. “Эмди бизни у жойга қўймаслар ҳам” фикр
қилдим ва аёғим тормай турғонлигини баён этдим. “Ўзим борурман”,
дедику”, дам турмади Мўминжон. У боримизни калака-ю масхара
қилди ва зинҳор бормайдур”, деди муаллим.
Боримиз ноиложлик ила ўйга равона бўлдук.
Арадан ҳафта кечмай, вилоят ҳокимига бормоққа аҳд қилдук.
Роҳба-роҳ маслаҳат этдук, магарам бу амалдор ҳам латифа айтадурғон
ўлса, тиш оқини кўрсатмай турурмиз, бағоят жиддий бўлурмиз деб.
Бу даргоҳда ҳам бизга миршаб пешвоз чиқди ва аввол тўда бўлуб
юргонимиз важидан койиди, бад бино арқасидаги пастак ўйчага
равона этди. Бу жойда арзу дод бирла келганлар бисёр эдилар ва
панжара нарисида турган заифа: “Шикоятларинги қағозга тушуруб,
манга қолдуринглар”деб авоз берур эрди. Аризамиз авволдан
битилғони боис анга узотдик. “Эмди боринглар, ҳал этадурмиз” деди
нохуш.
Ҳафта ўтмай дарвоза қоқилди. Эшик очсам, Илҳом милиса, дўм,
боз экки бегона мардак турур эрдилар. “Акои Калвак сиз жиноят,
кечирасиз, шикоят этғон эрдингизму, савол берди дўм бадқавоқли
ила.” “ Ҳа шу томарқа масаласида” “Ҳозир ҳавлингизни ўлчайдурмиз,
деди ул ва гала бўлуб кирдилар, газламоққа киришдилар. Охир-
оқибат, иморат жойи бирла ўн тўрт сотих чиқди. “Акои Калвак, сизга
ўн сотих положение бўлғон, аммо ғайриқонуний тўрт сотихни қўшиб
олғонсиз ва фалон санадан буён анга налог тўламай, қонуншикасталиғ
қилғонсиз. Зеро, қарзни расчёт этурсиз ва бадазон арзу додингизга
қулоқ тутурмиз”, деди ҳамширағар бегона мардак.
Бисёр ранж топдум. Аммо ҳамсоямиз Мўминжонга чандон баттар
зарба бериб, бисёр хомуш этдилар, бедаво баччағарлар. “Сизни
балангиз йўқ акан, нима қиладурсиз, қўшумча заминни” деб, таънаю
дашномлар бердиларки, бисёр қаҳрга миндук ва пушаймонлиқлар
тортдук. Бадазон Мурод муаллимникига равона бўлдилар.
“Эмди, деди Мурод муаллим ҳафта ўтуб, Тошканга, ўзларига
ёзадурмиз.” “Билганингни қил, локинда бизни тинч қўй, зорландик
Мўминжон бирла камина, биз имзо чекмайдурмиз.” Арадан _______ўн кунлар
чамаси ўтуб, деҳада нохуш гаплар аралади. Ҳокима апа катта
анжуманга раис, Илҳом милиса ва дўмни турғозиб дебдики:
“Маҳалладан афанди чиққан эрди, лақма чиққан эрди, савдогар
чиққан эрди, локинда “ёзувчи” пайдо бўлмаған эрди. Санлар қаёнга
қарайдурсанлар? Кўрми санлар? Ҳар қандоқ “ёзувчи”нинг решасини
қурутарман! Ман бирла ўйнашмасун.” Тахмин қилдиларки, эмди
шўрпешона муаллимни ишдан пеш қилурлар ва қаматурлар. Локинда
бунинг чаппаси содир ўлди. Бир куни боримизни идорага чорладилар.
Дедиларки: “Сизларга қўшимча томорқа берадурмиз. Юқоридан
шундоқ фармойиш бор. Инчунин арза ташлаган башқа бандалар ҳам
олурлар. Аммо-локин, Янгиариқ тамондан замин олурсизлар. Боиси:
бу жойлар банддур.
Магарамки, Янгиариқ деган маскан якчанд чақирим нари бўлса
ҳамки, тархашлик қилмадик. Рўзи чаҳоршанбе олти сотихдан ер
ўлчаб бердилар ва аларнинг узрпурсликлари бирла ўн беш сотихдан
олғонимиз хусусиндаги хатга қўл қўйдурдилар. Бу жавобни
Тошкантга юбормоқлари зарурлигини изҳор этгач, тархашлик
қилмадик.
Ҳамал ойи янги томорқага ниҳол экдук. Алма, шафтолу, гелос
деганларидак. Локинда сув келмагани боис саратон маҳал қуруб
кетди. Бад ўзумиз ариқларни равон қилдук ва дағи кўчат келтурдим.
Аксига олиб, ҳайдав маҳали чорво хароб қилди. Бадазон атрофига
девол кўтардим. Ул замонлар Наимбек бала эди, локинда ман бирла
келиб, кўчатларни суғорур, аларнинг тагини чопмоққа кўмак бурур
эрди. Солба-сол чўл ободлик топди, якчанд бародарлар бу жойга
иморат ростлаб кўчуб келдилар. Локинда Найимбек бош тортди.
Шўро бобонинг боғларидан ер олурман, деб аҳд қилди.
Урушдан аввол Шўро бобо отлиғ мардак ( асли бухоролик) бу
жойга дўм бўлганлар. Обрўлари баланд бўлғон, албат. “Маҳалланинг
ўнг тамонидан ўн гекторлик боғ ташкил қиладурмиз. Аниқ қилдим:
Амир Темурнинг “Боғи Дилкушо”лари худди шу жойда бўлғон экан”
дейдилар. Аммо ба суханни сиёсий хато ҳисоблайдилар ва шу боис
ишдан пеш қиладилар. Шўро бобо далага чиқиб, ҳамма қатори кетман
урадилар ва бадаз чанд сана ўша айтган жойларини текислаб, ниҳол
қадашга киришадилар. Шу тариқа ҳар йили йигирма сўтих чамаси
жойни кетман бирла тахт этиб, кўчат қадайдурлар. Аҳли фаҳмга
аёнки, ниҳолни қадаш бирла иш битмайдур. Уни бо оби-тоб суғормоқ,
навдасини чилпимоқ, ўғутламоқ даркор. Шўро бобо бу юмушларни
бағоят диққат, эътибор ила бажарадилар. Боғни бир қаторга шотут,
дигарига янғоқ ёки анжир қадаб, арасига экин экмоқни канда
қилмайдурлар. Албат, мардум ҳам қўл қавуштурмай, кўмак
кўрсатурлар. Йил ўтуб, боғнинг миён қисмига шийпан бино этурлар.
Бу арада Гирмон уруш эълон қиладур. Аҳли Маҳалла боғ
неъматларидан баҳрамандлик топиб, жанггоҳдаги ўғулларга ҳам
ботмонлаб қуруқ мева савғо қиладурлар.
Бадаз зафту зафар, яънеким Гирмон маҳв бўлғоч, Шўро бобо
деҳама-деҳа пиёда юруб, бағоят кам қолган, мева навларни топадилар
ва пайванд келтуруб, алар миқдорини бисёр қиладилар. Бо ин жумла,
ашўла бўлғон Наманган алмасини дарак қилиб, Ўшдаги боғдан пайдо
қиладилар. Бир замонлар номдор бўлган қирмизак алма ҳам нишонсиз
қолғон экан, ани Ургутдан, бир мусулмоннинг ҳавлисидан топадилар.

вторник, 23 декабря 2025 г.

 

НОМАЪЛУМ РАССОM



Маҳалладошлар  уни унчалик хушлашмайди.  Деярли  ҳар  йили  янгиланиб  туриладиган  машиналар,  данғиллама  иморатдаги  чет  эл  жиҳозлари  нопок  йўл  билан  келаётганини  ҳамма  билади.  Шунга  қарамай,  унинг  олдига  келиб  туришади,  илтифот  кўрсатишади.  Ахир,  кимнинг  ташвиши  йўқ?  Бировга  ғишт,   бошқа  бировга  кўмир  зарур  бўлиб  қолади.  Кимнингдир  ўғлини  судда  ҳимоя  қилиш  керак,  яна  биров  машина  ололмай  ҳалак.  Бунақа  юмушларга  унинг  суяги  йўқ:  танишларини  ишга  солади,  урушда  “қон  тўкканини”  пеш  қилади,  булар  ҳам  иш  бермаса  тегишли  жойларга  ёзади. 
Шаҳарга  туташ  колхознинг  бригадири  унинг  уйига  ёз  давомида   мева,  сабзавот  жўнатиб  туради.  Авжи  пишиқчилик  даврлари  ўзи  ҳам  келади,  маҳсулотни  топширолмай  овора  бўлаётганидан  нолийди.  Шунда  бу  одам  унинг  мушкулини  осон  қилади,  гоҳида  алоҳида  вагон  олиб  беради.

Киборларга  хос  нописандлигини  жиним  ёқтирмаса,  бунинг  устига  суҳбатимиз  унча  қовушмаса   ҳамки,  унинг  қаршисида  ўтириб,  мешчан  фалсафасига  қулоқ  тутишга  мажбурман.
  Бу  даргоҳга  ижара  излаб  келганим  кечагидай    ёдимда.  Менга  пешвоз  чиққан  хушбичим  бека  болохонадаги  уй  бўшлигини,  хўжайин  эса  кечқурун  келишини  айтди.  Ўша  куни  қоронғи  тушмасдан  етиб  келдим  ва  бу  одам  билан  танишиб  қолдим.  Ёдимда:  хўжайин  менга  худди  бозордаги  харидорларга  хос  синчковлик  билан  разм  солди-ю,  қаерданлигимни  суриштириб  қолди. 
–Ургутданман, - дедим,  сўнг  қўшиб  қўйдим: - Юрфакда  ўқийман.
–Ҳа,  тузук, - деди   у  чиройи  очилиб.
Шу  билан   гапимиз  тугади.  Иккаламиз  ҳам  жимиб  қолдик. 
– Майли, - деди у  ниҳоят, - аммо  маст  бўлинса,  аёл-паёл  олиб  келинса  хафалашиб  қоламиз.
Кўчиб  келганимнинг  биринчи  ҳафтаси  эди.  Кечқурун  хонамга  кириб  кетаётганимда,  хивичдан  тўқилган  креслода  ялпайиб  ўтирган  хўжайин  мени  чойга  таклиф  қилиб  қолди.  Унинг  рўпарасидан  жой  олдим-у,  нигоҳим  кўкрагига  чизилган  катта  расмга  тушди.  Табиатан  баданига  турфа  ёзувлар  ва  расмлар  бўлган  кишиларни  ёқтирмасдим.  Нохуш  бўлдим.  Хўжайин  ҳол-аҳвол  сўраган  бўлиб,  чой  узатди.  Унинг  кайфияти  яхши  эди.  Ўзимни  мумкин  қадар  бепарво  тутишга  уриниб,  унинг  кўкрагига  тағин зимдан назар  ташладим.  Балоғат  ёшидаги  қизнинг  жуда  зўр  ҳафсала  ва  дид  билан  чизилган  расми  эди  у.  Қиз  бошини  осиёлик  жувонларга  хос  танғиб  олган  бўлса-да,  қирра  бурни  ва  яна  алланималари  европача  эди.  Кўкраги  жуда  бўлиқ,  сийнабанди  осмонранг.  Кўкрагининг  ярми  хўжайиннинг  майкаси  остида  қолганди.  Аммо,  синчиклаб  қаралса,  тўр  остидаги  унинг  бор   вужудини  кўриш  мумкин  эди.  Назаримда  у  ҳозиргина  чўмилишдан  чиққандай,  устига  мато  ташлаб  олганди.  Қизнинг  боши  негадир  бир  оз  хам  қилиб  чизилган,  табассумида  билинар-билинмас   ғуссами,  истеҳзоми  яширинганди.
–Ўқиш  қачон  тамом  бўлади? – ногаҳонда  сўраб  қолди  хўжайин.
–Яна  бир  йил  бор. 

понедельник, 22 декабря 2025 г.

 

ОМАДСИЗЛИК

Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.
Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

Қўшни қишлоқ ва кентдагиларнинг  тирикчилик тарзи, савияси булардан фарқ қилмаса ҳамки, жағалвойликларни андак анди, лакаловга чиқариш, уларнинг устидан кулишни хуш кўришади. Икки чақиримча юқорида Айриқия деган қишлоқ бор. Бу ердаги одамлар жағалвойликлардан шеваси, соддалиги билан фарқ қилишади. Шулар ҳам: «Бир жағалвойлик…» деб бошланадиган латифанамо гапларда қўшниларини жилла афандига чиқаришга ҳаракат қилишади.
«Бир жағалвойлик ҳовлисига девор уришдан олдин катта дарвоза ўрнатибди. Ҳар кун ишга кетаётганда, дарвозани қулфлаб кетаркан, кечаси тамба қўйиб ётаркан.  Девор эса ҳалигача йўқ экан».
Ҳангоматалабларнинг бири бошлаши билан иккинчиси улаб кетади: «Бунисини қўйинг, бир жағалвойлик махсумнинг девори ҳам, дарвозаси ҳам бор экан. Дарвозани қулфлаб, калитни остона остига қўяркан-у, баландроққа чиқиб, пода ҳайдаб кетган ўғлига  бақираркан: «Ҳов Қарашқул! Калитни остонанинг остига қўйдим».

 

НОХУШ ХАЁЛЛАР

Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.
Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.

Беморликлардан бошлайдиган бўлсак, қарийб йигирма йилдан бери  хафақон (гипертония, қон босими) билан яккама-якка курашиб келаётганимни, аммо кўпга бормай бой беришимни айтиб ўтишим керак. Бир бор йиқилдим ҳам, аммо шифокорлар, рингдаги ҳакам:  «енгил накаут», деганига ўхшаб, микроинфаркт бўлганимни айтишди ва ўрнимдан турғизиб  қўйишди. Менга ўхшаш бадбахт, заҳар чолга нариги дунё ҳам зор эмас экан, деган тўхтамга келдим ўшанда. Дилозордан Худо безор, деганлари, эҳтимол шу бўлса.
Докторлар, табиб-у экстрасенсларни ҳурмат қиламан, албатта, аммо йигирма йилдан бери уларнинг бари менга, шунчаки ён босадиган мухлис ёки ҳангоматалаб томошабин ролини бажариб келишди.  Рингдаги боксчига: «бўшашма», «ўнг қўлингни ишга сол»,  «йиқит», деб бақиришади-ку… Шунга ўхшаш.
 Ҳар йили кардиология шифохонасига  ётиб ҳам чиқаман ва доим ман-ман деган докторларгина эмас, фан ҳам касаллик сабаблари, уни даволаш усулларидан бехабар, деган тўхтамга келаман. Мени даволайдиган доктор шу мавзуда диссертация ёқлаганди. Аммо раҳматлини айнан инфаркт олиб кетганлиги бунга мисол бўлар, деб ўйлайман.
Бошқа дардларим ҳам бор ва бунга табиий бир ҳол деб қарайман. Менинг ёшимдагиларга табиат ҳам, жамият ҳам нуқул чап қўлини чўзишини биламан. Аммо бошқа оғриқларим ҳақида гапиришни истамайман!  Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома, деб эшитганман. «Зангори экран» ва «сариқ матбуот»дан моргдаги  мурдалар, лаблари бўсага ташна  фоҳишалар, эр деган нарсани қўлқопдай янгилаб турадиган юлдузлар ҳаёти; ҳақиқат ёки афсоналигини фарқлаб бўлмайдиган ўйдирмаларни кўриб, ўқиб, ўшаларга  мойил бўлиб қолган бугунги авлод учун менинг касаллиг-у, ҳасратларим бегона ва зерикарлидир.