понедельник, 22 декабря 2025 г.

 

ГУЛГИР



 
  
  Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ  бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.

  Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
   “ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат  тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
  Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб  қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
 “Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
  Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани  узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.

  НОХУШ  МАНЗИЛГОҲ 

             "Мен редакцияданман"китобидан


     Мухбирлик - ёзувчи учун энг яхши мактаб. Газета, журнал, телевиде-ние ёки радиода ишласангиз, - касбу кор тақозаси билан қаерларга бош суқ-майсиз, кимлар билан мулоқотда бўлмайсиз?!
     Вилоят газетасида ишлаб юрган пайтларимда жасадлар қаторлашти-риб қўйилган моргга ҳам; жиннихона, қамоқхонага ҳам кириб чиқишимга тўғри келган.
     Моргга кирганимни эсласам, ҳамон этим жўнжикиб кетади.
         Шифохона этагида жойлашган бу пастқам бино ўша пайтларда жуда хароб бўлиб, пойдеворидаги ғиштлар емирилган, шувоқлари кўчиб кетган эди. Бу бинони таъмирлашди, мармар қопламалар билан зеб беришди, аммо у ҳамон нохуш ва совуқ! Чунки у - морг! Бир шоир бу иборани: "Марҳумларнинг охирги роҳат гўшаси", деб шарҳлаганди. Уни маргхона ҳам дейишади. (Марг: тожикча -ўлим дегани).
         Бинонинг ичи зах, ним қоронғу эди. Марҳумлар никель дасталари занглаб кетган темир кроватларда ётишар, устларига ёпилган оқ чойшаб, кафанга ўхшаб туйғуларингни ғижимларди.
         Дилимни беҳудуд ғусса босди.
         "Зах ва қоронғу жойда  ётқизилган ҳолда сақлансин".

четверг, 11 декабря 2025 г.

 

САРҲИСОБ - 37


Ҳарҳолда, биринчи бўлиш шарафли. Тарих Колумб, Гагарин, Амстронг сингари биринчиларни унутмайди ва шарафлайди.
  Биринчи бўлиш бағоят қалтис ҳам. Бу номаълум сўқмоқларда сени нималар кутайтганини қаердан ҳам биласан, ахир?!
   Мабодо, менинг “Буни ҳаёт дебдилар” деган романимни ўқиган бўлсангиз, асар ўғлим − Улуғбекнинг паррандачилик фабрикасидан кетиб, хусусий ветеринария дорихонаси очиш ҳаракатига тушгани билан хотималангани ёдингизга тушади. У Самарқандда биринчи бўлиб, шундай дорихона очди. Аммо ишини ўнглаб олиши учун ўн йиллар ўтиб кетди.
  Ҳозир бу дорихонани кичик ўғлим Фируз бошқаради. Улуғбек хусусий корхона очди;  у ветеринария дори-дармонлари, товуқлар учун комбикорм ишлаб чиқариш билан банд.
   “Дом”да зериккан пайтларимда Фирўзнинг дўконига чиқиб ўтиришимни, таниш-нотанишлар билан гаплашишимни айтган эдим. Бунинг устига, ҳавонинг кескин совиб кетиши, светнинг бот-бот ўчиши ўта нохуш эди.
    Назаримда бизда энергия кризиси бошланаётганга ўхшайди. Чунки электр таъминоти йилдан-йилга оғирлашаябди.


    Зеро бу − алоҳида мавзу...
    Тингловчидан кўра гапирувчи, ўқувчидан кўра ёзувчи кўпайган ҳозирги шароитда, эҳтимол, пайт пойлаб, жимгина кузатган киши ютиб чиқар... Аммо умр ўтиб кетаябди. Ҳаёти  кимгадир ибрат ёки сабоқ бўладиган бандалар шу бадбўй дорихонага ҳам киришади-ку, ахир.
    Фарангларда шундай       нақл бор:  “Дунёдаги ҳамма  аптекаларнинг ҳиди бир хил”.  Бунда  медицина дорихоналари кўзда тутилган бўлиб, аслида, “Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради”, дегандек,  маъжозий  маъно касб этади.  Аммо ветеринария дорихоналари уларга нисбатан  анчайин бадбўйроқ.  Чорва молларига мўлжалланган  баъзи  препаратлар аллергияга ҳам  сабаб бўлиши мумкин.
   Майли, мавзудан четлаб кетмайлик.

   ИДРОК  ЭТГАНЛАРИМ


ЖОНИВОРЛАР. АХИР УКАЛАРИМИЗ...

                              Сергей ЕСЕНИН



Бу гал диққатингизни қоқиўтга, ҳа, оддий қоқига қаратмоқчиман. Эътибор берганмисиз, у гуллаганидан кейин гулдон ўрнида юзлаб оппоқ «парашют»чалар ҳосил этади. Сўнг салгина шабада кўтарилиши билан ана шу «парашют»чаларнинг ҳар бири ўзидан анча оғир уруғни кўтариб, кўкка парвоз қилади ва аллақаерга бориб, «юмшоқ қўнади»…

Сиз уни ҳозирги замон «парашют»ларига таққослаб кўринг-а! Парашют юкни фақат юқоридан пастга олиб тушади. Қоқиўтнинг бағоят такомиллашган, физика ва аэродинамика қонунларига мос келадиган «парашют»чалари эса шамол кучи билан юқори кўтарилади ва узоқ йўл босиб пастга тушади.

Табиат қоқиўт уруғини тарқатиш учун қўллаган бу жараённи амалда татбиқ этиш учун ҳали кўп йиллар керак, албатта.

 

***

Инсон қадим-қадим замонларданоқ сайроқи қушларни хонакилаштирганини биламиз. Бугун бедана, булбул, каклик, канарейка сингари ўнлаб парранда турлари бизга эстетик завқ ато этади.

Лекин, негадир инсоният сайроқи ҳашаротларни қўлга ўргатишга эътибор бермаган. Ваҳоланки, улар орасида овози ширалилари оз эмас. Бунга қора чигиртка билан жизиллоқ (цикада)ни мисол қилиб олиш ўринли бўлар эди. Бу жониворларнинг дилкаш қўшиғидан дилим завқ-шавққа тўлган дақиқалар кўп бўлган. Қора чигиртка кўпроқ шом маҳали хониш қилади. Унинг бетакрор қўшиғини шаҳарларда ҳам тинглаб қолиш мумкин. Чириллаб қўшиқ айтиши сизга гоҳида чанг, гоҳида флейта оҳанларини эслатиб қолади. Жизиллоқ (уни саратон, ҳам дейишади) бир маромда ғижжак чалаётган санъаткорни ёдга солади.

Мен бир маҳаллар қора чигиртка билан жизиллоқни қутичага солиб, олиб юрганман, аммо улар тутқунликда хониш қилишмаганди.

 

***

Сиз уни бармоқларингиз орасига авайлаб олинг-у, ўзгача нигоҳ билан синчиклаб назар ташланг. Шунда, табиат чигиртка деган маҳлуқни зўр дид ва ҳафсала билан бунёд этганига ишонч ҳосил қиламиз. Унинг кейинги чайир ва кучли оёқлари отникига жуда ҳам ўхшаб кетади, кўзлари бургутникидай ўткир, ўмровлари кенг.

Бу жонивор вазиятга қараб юради, сакрайди, учади. Агар инсон ўз гавдасига нисбатан чигирткадай сакраганида эди, тўққиз қаватли уйнинг устидан ҳам ҳаккалаб кетган бўларди.

Биламан, сиз унинг зарари ҳақида кўп эшитгансиз, аммо табиат учун «зарарли» ёки «фойдали» фарзанд йўқ. Шу сабабли бу гал жониворни ўтлоқ орасига беозоргина қўйиб юборинг – ризқини топиб есин.

 

!