ИБЛИС КУЛБАСИ ЁКИ ОБИЙ
Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.
«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.
«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ўаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».
Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай. Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я!) шуғулланганини тахминлашади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага кирган заҳоти ташқаридан туриб, қувурга электр токи тегизади.
Бу нохушликни яширишга ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, у ҳақда, мазкур уй хусусида афсона ёки ҳақиқатлигини англаб бўлмайдиган шов-шувлар кўпайиб кетади. Жумладан, бир отахон ана шу уйнинг томида алвастилар галасини кўрганини айтиб, қасам ичади. Табиийки, ҳозир кўпчилик инсу жинсга ишонмай қўйган. Аммо отахон ўз ҳақиқатини тасдиқлашдан чекинмайди. «Бир замонлар бу ер тўқай эди, ўшанда ҳам алвастихона, дейишарди. Улар олов ёқиб ўтиришганини, йўловчиларга эчки, чақалоқ бўлиб кўринганини кўплар билади».
Хуллас, шу воқеадан кейин фабрика маъмурияти турфа ҳангомалар ва маломатларга чек қўйиш илинжида уйни уч талабгорга тақсимлаб беради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Шафиқа деган санитарка, Сабура деган кассир ва тағин биров киришади. Аммо кўп ўтмай ана шу уйга яширинган қора қисмат Сабурани ҳам таъқиб этади: унинг шипга осилганича қотиб қолган жасадини кўрган одамлар сесканиб тушадилар. Фақат ўша гувоҳларгина эмас, бутун посёлка, фабрика, зоҳиран хавотир тортади. Ўангомага ўч оломоннинг ҳали сўнмаган шов-шувларига кимдир бир пақир керосин сепгандай бўлади. Кассир аёл ўзини ўзи осганми ёки бу қотилликни бош¬қалар қилганми – латтачайнар терговчи аниқ жавоб беролмайди...