пятница, 18 мая 2018 г.

2. ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН


                     
                          Актёрлик маҳорати
   
   1977 йилнинг ноябр ойи эди. Идорадан  (“Қишлоқ ҳақиқати” таҳририяти)  телефон қилиб, эртага Навоий вилоятидаги ”Нарпай” совхози пахта тайёрлаш мажбуриятини бажаришини, шу муносабат билан у ерга Шароф Рашидов боришини, мен ҳам ўша жойда бўлишим зарурлигини айтишди.
  Етиб келганимда, одамлар тўпланиб бўлган эдилар. Улар идорагача бўлган йўлакнинг икки томонида тартиб билан туришар, олдинги қаторда янги либослар кийиб гул кўтарган ва салқин ҳавода дилдираётган қизалоқлар, ундан кейин бир хил яктак кийган муйсафидлар... Булутли осмондан кўз илғамайдиган ёмғир зарралари ёғарди.  Мен ҳам отахонларнинг ортларида туриб, республика раҳбарини кутабошладим.
   Аммо муйсафидларнинг кайфияти байрамона эмасди. “Амирлик замонида ҳам бунақа азоб беришмасди одамларни,  давом этарди улардан бири, далада бир чаноқ ҳам пахта  йўқ, барибир, терасан, дейди. Пахта сотиб олиш учун ҳар куни пул йиғади золимлар!. Пенсияни қўлга олмасдан, уларга тутқазиб юбордим”  

вторник, 15 мая 2018 г.

ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН...


                                                 Мунофиқлик
   Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
    Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
   Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос  кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
  Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
  Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
  – Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
  Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.
  Аслида, шикоят – шифохонадаги жуда ночор аҳвол ҳақида эди ва бу ҳақда газетада чиқиш қилгандим. Аммо йиллар ўтган бўлсада, балкондаги қиз билан жиккак эркак кўз ўнгимдан кетмайди.    Табиийки, қиз мунофиқлик қурбони бўлган; уни қайбирам бетамиз бола алдаган. Жиккакка келин бўлиб тушган қиз биринчи кечаёқ жиннига қўшиб қўйишганини фаҳмлаб, жонига қасд қилган. Бечора келинчакка маҳалла куй, қўшнилар мунофиқлик қилишган – бўлажак қуёвнинг руҳий касаллигини яширишган.  
                                      
                                         Ташналик
   Бундан қирқ  йиллар муқаддам Шофирконга Аму-Бухоро каналидан илк бор сув келганига гувоҳ бўлгандим. Канал соҳилларида тўпланганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Боласини кўтариб олган аёллар, муйсафидлар, сипо кийинган амалдорлар...
   Зарафшон дарёсидан сув келмай қолганлиги боис, бу одамлар ташналикнинг ҳамма азобларини бошдан кечирган эдилар. Қўл ювмоқчи бўлишса, бирорта ниҳол ёки экин тубига боришарди. Бир томчи бўлса ҳам шу ниҳол ёки экин намдан баҳра топишидан умидвор бўлишарди. Ҳар қадамда сарғайган дарахтлар, қовжираган экинлар дилингизни хуфтон қиларди.
  Бир маҳал қийқириқлар бошланди. Янги каналда бўтана сув кўринди. Бобойлар қурбонлик учун етаклаб келган қўйларини канал соҳилларида сўйишни бошлашди. Ўсмирлар шодон ўзларини сувга отардилар. Катта ёшдаги эркаклар ҳазил-мутойиба билан бир- бирларини сувга итаришар, қувончларини яширишолмасди. Бир кампир  қаршимда тўхтаб, мени дуо қилакетди.
  – Илоҳим  умрларингдан барака топинглар, омборларинг донга тўлсин, худои таоло насибаларингни сувдай  сероб қилсин...
  Бу онахон каминани канал қурувчиларидан бири деб ўйлаган бўлса ажаб эмас.
   Мен  репортажни тайёрлаш учун қайтганимда ҳам бу ерда шоду- хуррамлик давом этарди.
   Халойиқнинг бундай беҳад сарафроз бўлганини қайтиб кўрмадим.

суббота, 12 мая 2018 г.

НОМАЪЛУМ ОДАМ МОНОЛОГИ


                                




                 

 

 

                                                          1    
  Кўз ўнгингизга  қирқ  ёшнинг нари-берисидаги, анча одми кийинган, ўрта бўй,  ўйчан, андак асабий ва зумроқ   эркакни келтираоласизми?
    Ана шу одам,  менман.  Исм-шарифим билан қизиқмай қўяқолинг. Уни айтишга хоҳишим йўқ. Ўзим ҳам жамиятдаги  ўртача одам бўлсам керак-ки,  ҳозиргача қўним топганим йўқ. Дастлаб  судяга шогирд бўлдим,   кейин  уч йил Москвада ишлаб келдим, аниқроғи, мардикорлик қилдим,  сўнг  Самарқандга  қайтиб,  киракашлик билан банд бўлдим.
    Ҳозир уйимда интернет-клуб ва компьютер курси очганман. Маҳалламиз болаларига турли томошалар кўрсатаман, кейин компьютерда ишлашдан сабоқ бераман. Клуб − пулли,  курслар эса бепул.
    Менга ўхшаб,  узлатга чекинган кишиларнинг  улфатлари, дўстлари ҳам кам бўлади. Агар Самандар акани ҳисобга олмаса, бақамти ўтириб гаплашадиган танишим  йўқ ҳисоби.

суббота, 5 мая 2018 г.

БОЯҚИШ ЎҚИТУВЧИ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ


                      

“...муаллимларнинг бошини силангизлар... Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар...”
         Беҳбудий васиятларидан
  

  Агар бизнинг орамизда яхши одамлар бўлсалар, булар бошлаб мактаб муаллимларидир. Агар бизда фойдали одамлар бўлса, булар ҳам муаллимлардир...
  Шараф сизга, муҳтарам ўқитувчилар! Мусулмонларда ғурурланмоқ учун бирор нарса бўлса, булар ҳам сизлар! Сизнинг фидойи меҳнатингиз қадрига етмаганимиз учун, сизни фақирликда, муҳтожликда қолдирганимиз учун бизларни, ўқитган болаларингизнинг оталарини кечирингиз!”
           Исмоилбек Гаспринский

    

          

                           Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.