вторник, 26 сентября 2017 г.

ЖАДИД Тўртинчи боб

ШАКУРИЙ

ЁКИ

БИРИНЧИ  МУАЛЛИМ  ҚИССАСИ

  

   Обимашҳад жарлигига туташ ўтлоқдан келаётган болакайнинг нигоҳидаги нотабиийлик ва хавотир муаллим Абдуқодир Шакурийнинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди.        
   − Қаёқдан келаябсан?-  сўради одатига кўра юмшоқ ва меҳрибон оҳангда.
   − У ердан,-  жавоб берди  болакай катта жийда дарахти томон имлаб.
   − У ерга нега боргандинг?-  саволда давом этди муаллим, қизиқувчанлик билан.
   − Чақирдилар.
   − Ким?
   − У киши.
   − Ким у киши?
    Бола жавоб бермади. Муаллим жилла қистаган эди, у йиғлаб юборди. Шакурий болага жавоб бериб, дарахт томон ўтди. Аммо бу ерда ҳеч ким йўқ эди. У айқашиб ётган шўра, ғумой ва мингдевоналар орасига синчиклаб назар ташлади, аммо бирор бегона из ёки шубҳали буюмга кўзи тушмади. Шундан кейин узоқ мушоҳадага борди ва бу иштибоҳли ҳолнинг илдизига етишга аҳд қилиб уйига жўнади.

БОЯҚИШ  ЎҚИТУВЧИ

ЁКИ

ЭРТАКДАН СЎНГ

“...муаллимларнинг бошини силангизлар... Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар...”
         Беҳбудий васиятларидан
  

  Агар бизнинг орамизда яхши одамлар бўлсалар, булар бошлаб мактаб муаллимларидир. Агар бизда фойдали одамлар бўлса, булар ҳам муаллимлардир...
  Шараф сизга, муҳтарам ўқитувчилар! Мусулмонларда ғурурланмоқ учун бирор нарса бўлса, булар ҳам сизлар! Сизнинг фидойи меҳнатингиз қадрига етмаганимиз учун, сизни фақирликда, муҳтожликда қолдирганимиз учун бизларни, ўқитган болаларингизнинг оталарини кечирингиз!”

           Исмоилбек Гаспарали

   

ЖАДИД Иккинчи боб

САМАРҚАНДДАН ҚУДДУСГАЧА


         Менинг номим “тирикдир”, “бедор”нинг  ўғлиман. Жаҳон асрорларидан воқиф бўлмоқ учун саёҳат қилмоғим, олам бўйлаб  юрмоғим керак.
                                                                    Абу Али ибн Сино
                
    Маҳмудхўжа Беҳбудий  ХХ аср бўсағасидаги       Туркистоннинг  орзу-армонларидан бири сифатида  майдонга келди.
                                                                      Бегали ҚОСИМОВ
                 
                                                            1     

    1914 йилнинг 29 май санаси, эрталаб Самарқанддан йўлга тушган маҳобатли (ўша давр учун) поезд тобора кўтарилаётган ҳароратдан қочиб қолмоқчи  бўлгандек,   тезлик маромини ошириб,  олдинга қараб интиларди. Бир-бирига ўхшамайдиган тўрт вагонни судраб кетаётган бесўнақай паровознинг бурун қисмидан буғнинг ўқтин-ўқтин, аммо бир маромда  отилиб туриши, пойгадаги отнинг ҳансираб нафас олишини эслатарди.  Орқага шиддат билан чекинаётган дарахт ва буталар ўрнини  гоҳида чорва моллари ўтлаб юрган яйловлар, гоҳида яккам-дуккам дарахтлар эгаллардилар.

ЖАДИД Биринчи боб

МАҲВ  БЎЛГАН  ШАҲАР




Душман маҳв этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди.
                                                 Лев Толстой

Урушни ҳамиша ёмон одамлар бошлашади, аммо унда асл инсонлар нобуд бўлади.
                                                               Эрнест Хемингуэй


1868 йилнинг айни тут пишиғи маҳали, нақ саҳар чоғи кекса Самарқанд қаттол душман кўланкасидан сесканиб тушди; аниқроғи, титраб кетди. Манфур ёғий  ҳарбийларининг бир қисми аллақачон Зарафшон дарёсидан ўтган, Чўпонота ёнбағирларида чодир тиккан эди. Ўзгалар  қатори сокингина рўзгурзонлик қилиб келаётган аҳли Самарқанд дилига ғулғула-ю ваҳима солган ҳолда, ғайридинлар гармон чалишар, қийқириб рақсга тушишарди.
  Илло, кўнгилхушлик ҳамда қон тўкиш истаги бир-бирига батамом зид, ғайри-ғайри тушунча бўлса ҳамки, бундай нохуш  арафа, таассуфлар бўлғайким,  рўй бериб бўлган эди.