вторник, 19 января 2016 г.

БЕҲБУДИЙ ЁЗАДИЛАР



“Марвда  аҳоли аксария ила рус, арман ва эрон табъаларидур. Атроф халқи туркман бўлуб, шаҳарий бўлғонлари йўқ. ..Йўл устиндаги туркманларни бошиндаги узунлиги уч ярим қариш, эни экки қаришдан зиёда телпагидан башқа кўргу ери йўқ, фақат ҳануз белида аксария ила ханжари бордур. Аммо алар ханжар ўрниға қалам тутиш замони келганини билмайдурлар”. (“Саёҳатнома”)
                                          
                                                    * * *
“Ер – қум. Бир тараф ўтсиз тоғ, беш-ўн тева, бир-экки эски олачиқ ҳар ерда оз-оз кўринур. Бу қазоқларга лозим эдики, ўзлариға яқин шаҳарлар атрофинда йиғилиб турғун бўлинсалар, валлоҳ, бу кетишни охири йўқ бўлмоқдир. Муҳтарам қазоқ талабалари, қазоқ уламо ва зиёлилари муни талқин этсалар керакдур”. (Қизиларвот)

понедельник, 18 января 2016 г.

ЖАДИД



                  

                                                 Романдан боб



    Эътибор берганмисиз:
 одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни ёмон  кўришади;
   амалдор бўлишни исташади, аммо бошлиқларни ёқтиришмайди; 
   “Яшасин, демократия!” дейишади, аммо демократлардан хавфсирашади;
   олдинги сафда бўлишни хоҳлашади, аммо олдинлаб кетганларни тартибга чақиришади.
  Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари анчайин олдинлаб кетган кишилар эди.
   Уларни шунчаки тартибга чақиришмади, балки аксарини Сталиннинг Сибирда қурдирган машъум  авахтахоналарида чиритишди, нокас ғаддорлар!
    “Инсон боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган ҳукуматдан,   замондан  Худонинг ўзи асраган бўлсин!” ( Чингиз Айтматов)
    Жафокаш халқини билим ва маърифатга даъват  этгани учун шундай қаттол қисматга мустаҳиқ этишди  бечораларни. Бу бахти қаро боболаримизни чоризм ҳам, большевизм ҳам, ўзимизнинг уламо-ю, катта-кичик  замон зўрлари ҳам,  “душман”, “кофир” деб эълон қилишдан чарчашмади...
  “Ўқи! Болаларингни ҳам ўқит!” дейишгани учун бечора жадидларни отишди, осишди, қамоқхоналарда чиритишди.

среда, 30 декабря 2015 г.

САРҲИСОБ 43



      Сарҳисобнинг сўнгги бобини ёзаётганга ўхшайман...

    Уни каминанинг иқрорномаси ўрнида  қабул қилишингиз ҳам мумкин. Агар “Нохуш хаёллар” деган ҳикоямни ўқиган бўлсангиз, айнан менинг ёшим (74) даги бош қаҳрамон  Ваҳоб Кабирович, бир йилга етмай, бу ёруғ оламни тарк этаман, деган нохуш ва муқаррар хулосага келади. Хафақон касаллигининг авж олиши, ота-онасининг айнан шу ёшда вафот этишлари ва бошқа талай сабаблар уни шундай тўхтамга олиб келади.

    Мен ҳам худди шундай ноумид кайфиятда  клавишларни терябман. Чунки, каминанинг тушкунлигига сабаблар бисёр бўлиб қолди.

    Майли, бир бошдан...

                                         *  *   *

     3 июл куни, туғилган кунимни нишонлаш учун фарзандлар, қавмлар, дўстлар келишди. Одатдагидек, меҳмондорчилик бўлди.Ўша куни Фейсбукда 50 дан ортиқ кишидан табрикнома олдим. Уларга индувидуал ва қуйидаги умумий жавобни ҳам йўлладим. “Каминани, журналистикани, адабиётни шунчалик ҳурмат қилганларингиз учун сизларни Худо ҳурмат қилсин! Кенг феъл, кетмас давлат берсин! Остоналарингга осойишталик тилайман! Шодлик ва омад икки қўлини чўзган гўдакдай сизларга талпинсин. Худо ҳақи, сизларни яхши кўраман!”

среда, 19 августа 2015 г.

ТЎЙ



  16 августда Султон сарой ресторанида набираларим Далер, Беҳрўз ва Беҳбуджонларнинг суннат тўйлари бўлиб ўтди. Тўй завқли, ҳаяжонли бўлди. Набираларим Малика, Фотима, Рухшона, Райҳона ҳиндча рақс ижро этишди.