среда, 15 апреля 2015 г.

УМРБОҚИЙ - САДРИДДИН АЙНИЙ



                  
     Бугун ўзбек ва тожик жадид адабиётининг асосчиларидан бири, аллома Садриддин Айний таваллуд топган кун. Адибнинг ўзбек тилида ёзилган “Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими” сингари асарлари  жаҳон адабиёти дурдоналари сафидан ўрин олган. Биргина “Судхўрнинг ўлими” ўттиздан ортиқ тилларга таржима қилинган.     
   Садриддин Айний Марказий Осиё  ёзувчиларидан биринчи бўлиб Сталин мукофотига сазовор бўлган эди. Унинг номи адабиётимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий билан бир қаторда туради.
    Аммо сўнгги йилларда Айний ҳазратларига бўлган нохуш муносабат дилингни хуфтон қилади. 2009 йилда вилоятнинг собиқ амалдорлари унинг Самарқанддаги уй-музейини   бузиш ҳақида  фармойиш беришди.  Ёзувчининг мухлислари булдозер қаршисига  чиқдилар ва у ортга қайтишга мажбур бўлганди. Майли,  амалдорлар ва булдозерчилар жоҳилдир. Аммо яқинда адабиёт дарсликларини варақлаб, Садриддин Айнийнинг номи бу китоблардан олиб ташланганининг гувоҳи бўлдим ва надомат чекдим. Бу, бағоят калтабинликдан ўзга нарса эмас! Аслида, амирнинг етмиш даррасига чидаб берган ёзувчига бу зарбалар заррача таъсир қилмаслиги аниқ. У асрлар оша яшайверади!  Жоҳил амалдорлар ва адабиёт дарсликларини тузадиганларга айнан шу умрбоқийлик аламли бўлса ажаб эмас... 

    


воскресенье, 22 февраля 2015 г.

САРҲИСОБ 42



      Қишлоқдан шаҳарга келганда, анчайин одобли, ҳамиятли,  эътиқодли бўлган йигитчанинг йиллар оша  мунофиқ, иғвогар, қаллоб, таъмагирга айланиб қолишини кузатганмисиз? Бунинг сабаблари ҳақида фикр юритганмисиз?! 
    Мазкур ўзгаришга фақат шаҳар муҳити сабабми ёки  унинг қонида аввалдан мавжуд бўлган вирусларнинг юз кўрсатишими?
     Қишлоқда яшайдиганлар шаҳарликлардан кўра афзал ёки бизнинг миллат бошқалардан устун, деб  ҳисоблашларига сизнинг муносабатингиз қандай?  
    Керакли пайтда кечирим сўрашнинг моҳияти ёки муъжизаси ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?  
   Айрим воқеалар сабаб бўлиб, шу саволларга жавоб изламоқчи бўлдим.

четверг, 15 января 2015 г.

Адабиёнинг янги мезони



  

   Табиатан, бот-бот микротадқиқотлар ўтказиб туришни хуш кўраман. Бундан йигирма  беш йиллар муқаддам,  қайси тоифадаги кишилар кўп китоб ўқишини ўрганишга ҳаракат қилгандим. Танлаганларим орасида  врачлар, ёзувчилар, педагоглар, чўпонлар, асаларичилар, қоровуллар ҳам бор эди. Йил давомида, уларни холисона кузатдим, сўраб-суриштирдим.  Шу жараёнда метро эскалаторидан китоб ўқиб чиқадиганлар эътиборимни тортиб қолди. Уларни ана шу хавотирли, ноўнғай вазиятда  ўқишга даъват этган куч нима? Одатми, китобни ёзган муаллифнинг истеъдодими, вақтдан ютиш истагими...Кейин уларга яқинлашиш ва мазкур асрордан хабардор бўлишга ҳаракат қилдим.  Бу одамлар,  аксар ҳолда, русизабон кишилар бўлиб чиқарди. Ва улар ўқийдиган китоблар, кўпинча, медицинага оид оммабоп, қизиқарли ва андак радикал тарзда, яъни медицина анъаналарини жилла инкор этган кайфиятда ёзилган адабиётлар; шунингдек, детективлар, мифлар бўлиб чиқарди. Соф адабий асар ўқийдиганларни эса учратмадим. Зеро, адабий асарни бундай ноўнғай вазиятда  ўқиш ножоиз ҳам.

воскресенье, 11 января 2015 г.

САРҲИСОБ 41



    Ушбу сарҳисобни Улуғбекнинг шаҳардаги  янги ҳовлиси (Мингтут маҳалласи)да ёзябман. Рухсора билан бу ерга кўчиб келганимизга уч ҳафтача бўлди. Қишлоқда ҳам шароит яратиб беришган эди. Аммо ўғиллар ёлғиз яшашимизга рози бўлишмади.
   Бу ерда андак зерикябман. Аммо начора...Турфа кишилар билан танишишга, суҳбатлашишга ҳаракат қилябман. Ветаптекада бўлябман.
   Декабр ойини сарҳисоб қилдим.  “Зиё истаган...” сайтидан ҳикояларимни қарийб минг киши сақлаб олибди. Бошқа сайтларда ҳам ўсиш бор.
   Умуман, ўтган йилдан мамнунман. Эвара кўрдим. Амиржон. Сарвиноз медицина институтига кирди. Набираларда интилиш кучли. Ўғиллар ишида ҳам тараққиёт бор. Янги птицефабрикани ишга туширишди улар. Ёзда Рухсора билан Зомин санаториясида яхши дам олдик. Жисмоний машқларни канда қилмаябман.
    Йўқотиш ҳам бўлди: синглим Мустаҳкам оламдан ўтди.
    Ўтган йил қошиқлар музейининг асосий юмушларини бажариб бўлдим. Миршариф, Тошпўлат, Зиядулла билан оилавий ўтиришимиз давом этиб турибди. Сиёсий ва миллий мунозараларга аралашмай қўйдим.