суббота, 1 июня 2013 г.

САРҲИСОБ 29



   Бугун – 1 июн. Эрталаб Рухсора билан бориб, Улуғни табрикладик. 43га кирди. Ревизия тугаганини айтди. Ҳар гал мен сабаб бўлиб,  ўғлимга зарофат етказишларидан хавотир тортаман.
    Май  сокин ўтди. Садри бобонинг  маракаларига қатнашиб турдим, ерга экин экиб, кўкартириб олдим. Иссиқхонада помидор пишди.
   Ўтган ой Ўткир Ҳошимов билан Фарҳод Мусажонов оламдан ўтишди. Охиратлари обод бўлсин. 
   Элчихона ташаббуси билан Улуғбек мадрасасида америкалик ёзувчилар билан учрашдим. Улардаги  китоб  нашри, тиражлар, гонорарларга ҳавасим келди.  Аммо суҳбатдан кўра мадраса кўпроқ таассурот қолдирди менда.  Батамом дигаргун бўлибди.
   Ўтган ой давомида фаесбукда қатнашиб турдим. Асосан, эски асарларни эълон қилдим. Тасдиқлар ва ижобий шарҳлар дилимга қувват беради. Янги нарса ёзолмаябман.


среда, 1 мая 2013 г.

CАРҲИСОБ 28


                                 
        Апрел серёғин, салқин келди. Шунга қарамай, ҳовлига кўчиб келдик, аммо экин эколмадик. Бу ерга келиб, соғлиғимни тикладим. Бир ҳафта физиотерапияга  қатнадим, докторлар билан маслаҳатлашдим. Врач юрагим учун бошқа дориларни ёзиб берди. Аммо босим жойида. Набирам Фотима Бокудаги халқаро фестивалдан учинчи ўринни олиб келди.  9 мамлакатдан 100 киши  қатнашган экан. Деярли ҳамма ёшар бўйича биринчи ва иккинчи ўринларни озарбайжонликлар олишибди. Республикамизда бўладиган турли халқаро мусобақаларда бизникилар ғолиб бўлиши сабабини англагандай бўлдим. Аммо бизники ҳолва экан.
    Ой охирида қудамиз Садри бобо оламдан ўтдилар. Уч йил тўшакда ётгандилар. Бел боғлаб турдик.
   Фаесбукда чиқишлар қилдим. Айримларини кўчириб олдим.

понедельник, 1 апреля 2013 г.

САРҲИСОБ 27



                                 
  Бугун – 1 апрел. Ўтган ой давомида худди нашаванддай “Faсebook” билан боғланиб қолдим. Унда анча−мунча нарсаларим эълон қилинди. Айниқса “Мусулмоннинг жуфти ҳалоли” деган қатрам ва Исмат Хушев ҳақидаги фикримга яхши муносабатлар билдиришди. Ўқиб кўринг:
                                                  * * *
                    Россия ТВсидаги бир интервью ёдимдан чиқмайди.
   Чеченга эрга тегиб, муслималикни қабул қилган, ишбилармон рус аёли айтган эди. “Эрим корхонамда ишларди. Менга бўйсинишдан ор қилиб, бошқа ишга ўтди. Иши оғир, алламаҳалда  ҳориб келади. Чарчоқдан ваннага кирмагани учун илиқ сувни ётоққа олиб келаман, пайпоғини ечиб, оёғини ювишга кўмаклашаман. “Жирканмайсизми?” сўради мухбир. “Нима деябсиз, ҳушёр тортди у, агар эрим: “Ана шу сувни ич”, деса,  ҳеч иккиланмай ичаман ҳам...” 

пятница, 1 марта 2013 г.

САРҲИСОБ 26


   Бугун 2013 йилнинг 1 март куни.
   Ўйлаб кўрсам,  сарҳисоб ёзишни давом эттиришим керак экан. Ўртада катта танаффус бўлди:  “Жадид”  кўп вақтимни олди. Энди бекорчиликдан зерикабошладим. “Чол ва кампир” деган ҳикоя ҳам бошлаб қўйдим.
   Бир−бирига суяниб эллик йилдан зиёд рўзгурзонлик қилган ва бугунги кунда хотиралар билан яшаётган чол билан кампир ҳақида.
   Отахон агроном бўлган,  кейин амал пиллапояларидан бирма−бир кўтарилиб, вилоятда бошқарма бошлиғи, туман саркотиби бўлади. Аммо ҳеч ерда беш йилдан ортиқ ишламайди. Ёки ариза ёзиб кетади ёки унинг характерини билган раҳбарлар бошқа вазифага ўтказиб қўйишади. Беш йилдан ортиқ ишлаган ҳар қандай раҳбар – у бригадирми ёки давлат раҳбарими, аввал амалдорга, кейин доҳийга айланади, инсон боласи амалдор ёки  доҳийга айланса, одамгарчиликдан чиқиб кетади,  деган ақидага риоя қилади. Отахон Самарқандда беш йилдан ортиқ саркотиб ёки ҳоким бўлган кишиларнинг қай тариқа бузилганлигини: