Қишлоқдан шаҳарга энг зарур китобларни олиб келганман. Чунки, эндиликда Интернет, деярли жаъми маънавий эҳтиёжлар ва заруратларни қондира олади.
Лекин, мен келтирган китоблар бундан мустасно. Русча- ўзбекча лўғат, Умар Хайёмнинг форсий ва ўзбекча рубоийлари, Чеховнинг ҳам икки тилдаги ҳикоялари ва ниҳоят, Нитшенинг Иброҳим Ғофуров таржимасидаги “Зардўшт таваллоси” насрий достони шулар жумласидандир....
Хайём рубоийларини бир оз толиққан, кўнгилхушликка мойиллик сезган пайтларда қўлга оламан. Чеховни эса бирор нимарса ёзишдан олдин варақлайман ва алланималарни ўзлаштираман. Нитшени бўлса жилла қаҳрга минган, курашга эҳтиёж сезган лаҳзаларда ўқийман. Аниқроғи, бу буюк олмон нигилисти билан курашга чиқаман. У оғир вазнли бўлгани боис икки-уч раунддаёқ мени уриб йиқитади. Нитшенинг муштлари чўқморга ўхшайди.У менинг энг нозик жойларим, яъни кўп йиллик ишончларим, кўникмаларим ва эътиқодларимни мўлжаллаб зарба беради. Зеро, у ўзини: “Мен, динамитман!” деб ғурурланиши бежиз эмас. Лекин йиқилган курашга тўймайди. Вақт ўтиб, у билан тағин жангга киришаман.