суббота, 10 сентября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

№ 11

Вақти нонушта эрди, жуфти ҳалолимиз Жамила каминага зоҳирий истеҳзо ва ёширин сарафрозлик ила нигоҳ ташлаб, тагмаънолик ила сўроқ айлади: “Дадаси, эрта - ўнинчи август, қаноқа кун?” Завжамизнинг одати шуноқа, ногаҳоний сўроқ бирла каминани гангитмоқ, ҳижолат этмоқни хуш кўрадур. Балалардан бирортасининг туғилган куни бўлса лозим, деб фикр қилдим, аммо бир сухан деёлмай, лаллайиб турдим. “Махсумзодасиз, давом берди аёлимиз, андак зарда бирла. Доим фаромуш қиладурсиз. Эрта тўйимиз бўлган кунга йигирма беш йил тўладур.” “Эй жонидан...”дедим, меҳр ва пушмонлик ила жилла саросима бўлуб, сан тилло заифасан, фариштасан!” Ачош қилиб олмоқ истадим-у, ўғуллардан андешага бориб, ўзумни тутдим.
Зарур саналарни ёдда тутмоқ, аларни нишон этмоқни, аввол-азалдан Жамила ўз гарданига олгани боис, камина анинг умедида бепарво бўлганман. “Эмди бундоқ қиладурмиз, давом берди завжамиз, сиз мана бу рўйхатни олиб, бозор боринг, ушбу неъматларни муҳайё қилинг. Бегоҳи ҳам ифтор қиладурмиз, ҳам юбилей. Рўзғор даврасида. Ман бориб келинни келтирурман,” деди ишонч бирла.
Камина мамнулик ила сар хам қилиб, бозор тамон йўл олдим, Жамила шахдам юруб, келинникига кетди.
Гап бундоқки, Найимбекнинг ҳолиги бетамизлиги, яънеким ўйнош зиёд қилгани ошкор бўлган санада, келинимиз рашк-у аламга тоб бермай, қаҳр бирла балани кўтариб, дадасиникига кетган эрди. Арқасидан Найимбек экки бор борди, аммо келинимиз солом-алек қилмоқни ҳам раво кўрмаганлиги аён бўлди. Ўзум ҳам бисёр дилтанг бўлдум, боз Сухайлони соғиндим. Шу боис майда-чуйда харид қилиб, қудоникига йўл олдим.
Қудомиз борасида аввол гапурган эрдим. Касби-кори, бозорда қуруқ мева сотмоқдур. Локинда мачитда танишиб қолганмиз. Бисёр хокисор ва кўнгли бўш одам. Хотирангизда бўлса, имом-хатибнинг амру-маъруфи жилла таъсирли чиқса ҳам кўз ёш қиладур, деган эрдим.
Ўйларида келин баласи бирла қолган экан. Бу эмин-эркин гаплашмоқ учун айни муддао эрди. Бир маҳал Сухайло мани кўриб, “Бобожон” деб истиқболимга чопди. Кўзумга ёш келди, ани бағримга олдим.
Сухайломиз бисёр гапдон ва доно қизча. Ҳали тўрт ёшга тўлгани йўқ, локинда “Р” ҳарфини бурро талаффуз қиладур, шеърлар айтадур, қўшуқ хиргойи қиладур.
Қисса кўтоҳ, келин бирла бақамти меҳрибон оҳангда, насиҳатомуз гаплашдим, рўзғорни барбод этмаслик, ани асраб қолмоқ учун экки тамон ҳам курашмоғи, бунинг учун кечирмоқни билмоғи зарурлигини, бу дунёда барвақт бева бўлиб қолмоқ бебахтлик эканлигини анча эзмалик ила гапурдим. “Бала катта бўлса, дадам қани, деган савол тош дилни ҳам ларзага солиб юборадур”, дедим охирида. Локинда худонинг зорини қилсам ҳам тузук жавоб ололмадим. Фақат бир нарсадан мамнунлик ва юпанч топганимни тан олмоғим жойиз. Келинимиз аразлаб келганининг асл боиси, яъни эрининг хиёнатини ўйидагиларга ошкор қилмаган экан. Буни қудомиз келгандан кейин анинг гапидан фаҳмладим. “ Айб қизимда, такрор этарди у, билмадим, ани қайбир шайтон йўлдан урди,” деди дийдаларини артиб, бирорта сабаб йўқ, локинда бормайман” дейди. Рўзғори бузилмоғидан бисёр ташвиш тортаман. Ҳоли укаларини ҳам ўй-жойли қилмоғим керак.”
Шу тариқа, ноумед қайтдим. Аммо бугун фариштам - Жамила дангал гапурди. У бўлса, айтганини қиладурғон, уддалайдурғон заифа.
Бадаз намози пешин аёлим тутқазган рўйхатга қараб бозор қилдим. Боз устига балиқ, нишалло ҳам харид қилиб, андак хавотир, умедворлик ва ҳаяжон ила арқага қайтдим. Дарвозадан кирмоғим бирла, келинга кўзум тушди ва дилим ҳаприқди. Ул ҳам бамисли ҳеч нимарса бўлмаган янглиғ, ҳавли супурар эрди. Салом бермоғи бирла камина ҳам ўзумни сокин тутуб, бамайлихотир фармойиш бердим. “Келин, ман балиқ келтурдим. Луқмаи ҳалол. Ифторликка қавуриб қўярсиз.” Учоқ бошида Жамилани кўриб, ани алқаб қўйдум. “Қойилман! Ман бирла Найимбек уддалолмаган проблемани сан ҳал қилдинг.” “О, томиримда сизнинг хунингиз оқадурда” ул ҳам каминани сифатлаб қўйди.
Бир китобда шундоқ гап ўқуган эрдим: “Одамнинг ўпкасида бир пуфакча бор, мақтав ўша пуфакчани шундоқ ҳузурбахш қитиқлайдики, ҳаловатдан энтикиб кетурсан. Жамиланинг таърифидан сарафрозлигим чандон ошди. Аммо бу ўрунда: ”Томиримда сизнинг хунингиз оқадур” деган иборага андак шарҳ бермоғим зарурга ўхшайдур.
Бу - ўн етти йил аввол содир бўлган ҳодисот. Жуфти ҳалолимиз оғираёқ эрди ўша маҳал ва нақ янги йил кечаси шўрликни дард тутди. Зудлик бирла роддомга элтдук. Бу жойда ҳамширалар, санитарлар қолган бўлуб, алар ҳам байрамни нишонламоқда эдилар. Навбатчи духтурнинг кайфи баланд эрди. Ман жон ҳавучлаб ўтурдум. Бир маҳал ҳамшира чиқиб дедики: “Бала чаппа келди. Буни биз удда қилолмаймиз.” “Қандоқ қилай?” умед бирла анга боқдим. “Кан деган карейс духтур занак бор, Олга апа деймиз. Ўшани топиб келтирмоқ керак.” Дарҳол манзилни ёзиб олдим ва такси тутуб, ўша тамон равона бўлдум. Микрорайонда, тўртинчи қаватда турар экан. Ваҳима бирла ҳансираб, баландга чиқдим. Аҳли рўзғори бирла янги йилга пешвоз бўлуб ўтурган эканлар. Камина, авозим ларзон бўлуб, уруси гап бошлаган эрдим, у ўзбекилаб сўроқ берди: “Бала аёғи бирла келганми ёки арқаси бирлан?” “Билмадим, алар чаппа дедилар, жавоб бердим ва сизни рози қиладурман”, дедим... Садағанг кетай аёл, гапимни эшитиб, инжилмади, эккиланмади ва бозуд либосини кийиб чиқди. Йўл-йўлакай хотуним кеча, бугун нима юмуш бирла банд бўлганини сўради. “Байрамга тайёрлик кўрди, хоналарни тозалади, кир ювди.” “Ҳомиладор заифа бундоқ вақтда фақат дам олмоғи зарурлигини билмас эрдими?” деди бошини сарак-сарак қилиб.” Ман елка қисдим.
Етиб келмоғимиз бирла у саросима бўлуб ичкари кирди. Камина зина ёнида қолиб, бот-бот худога нола этардим, шафқат ва махфират кўрсатмоғини илтижо қилур эрдим. Бир маҳал мани ичкарига таклиф қилдилар. Апа дедики: “Аёлингизни қорнини кесмоқдан дигар илож йўқ. Хавотир қилманг, бу қийин кечмайдур.” Бу гапдан оғир хаёлга ботдим ва: “Завжамни сизга, сизни худога топшурдим,” дедим йиғламсираб. Соатлар ўтуб, балани, яъне қизимиз Маржонани соғ амон олганлари маълум бўлди. “Хуш, завжамизнинг ўзи қандоқ, аҳволи тузукми,” бетоқат сўроққа тутдум ҳамширани. Қизгина андак дудмал жавоб қилди ва бундан хавотирим чандон зиёд бўлди. Билсам, дигар кўргулук юз кўрсатибдур, яъне Жамилани қони қотмасдан, оқишда давом этиб, духтурларни ваҳмга солибдур.
Юқори чиқдим. Олга апанинг ҳам кайфи учиб кетган эрди. У дилтанг бўлуб, мутасаддиларга сим қоқар, аммо байрам кечаси бўлгани боисми ёки дигар сабабми, хун топмоқ мушкул кечар эрди. Бир маҳал, қўлинг дард кўрмагур апамиз каминадан сўроқ айлади: “Қонингниз сифатликму? Дедим: “Илло, шундоқ!” “Келинг.” Бир маҳал каминани жарроҳ хонасига олиб кирдилар. Жамила чўзилиб ётур ва бечора беҳуш эрди. Буни кўруб, йиғламоқдин бери бўлдум. Халоскоримизнинг фармойиши бирла мани завжамнинг ёнига чўзултуруб ётқуздилар. Бадазон духтур қон томиримни Жамиланикига улади. “Эй Худо зорланардим яратганга, майли мани жонимни ол, Жамила балаларим бошига амон қолсун!” Юрагим ҳар бора тепганда, риштайи жонимдаги қон анинг вужудига оқиб кирмоғини ҳис қилар ва умедворлигим устивор бўлур эрди. Бечора Олга апанинг хавотир ва ҳаяжони маникидан чандон баланд эрди. Анинг пешонасидан маржон-маржон тер оқар, ўзи бисёр тажанглик, асабийлик бирла мандан аҳвол сўрар, аёлимнинг қон босими бирла қизиқар эрди.
Алламаҳал ўтуб, халоскоримиз билинар-билинмас табассум қилди. Бадазон “Харашо!” деди, пешона тери ва кўз ёшларини артиб. Билдимки, Жамиланинг қони андак қотди ва оқмоқдан тин олди. Сўғун каминанинг томиримдан ҳам игнани суғуриб олдилар.
Ҳафта ўтуб, хотуним тузолди. Карейс заифанинг маржондай оққан пешона тери ҳурмати анинг номини Маржона қўйдум. Гўдакни роддомдан чиқармоқдан аввол, бир даста гул бирла юз долларча пул олиб, андешалар бирла апанинг ўйига бориб, эшигини қоқдим. “Гулни олурман, деди, локинда пулнинг ҳожати йўқ. Бу ҳолдан бисёр дилтанг бўлуб, анга худонинг зорини қилдим. Локинда, барибир рози бўлмади. Бу ҳолдан қониқмадим. Олганида тузук бўлур эрди...
Жамила бирла Маржонани роддомдан олиб чиқмоқ маҳали, қўлумга оч эчкидак термулиб турган санитар, навбатчи духтур, фаррошларни, аз ин жумла мошиним теграсида ҳазорўспанд дудлаб юрган якчанд мўлтони заифаларни рози қилдим. Магарам, ғайридин бўлса ҳамки, карейс апа бу тўдадан маънан чандон устун турмоғини фикрладим.
Қаранг эмди, немис аёли - Мария апа энг ками қирқ минг доллар турадурғон дачани тегинга инъом қилиб кетди. Олга апанинг яхшилигини эса баҳоси осмон қадардур! Худо ул халоскоримни пайдо қилмаганда, ё қизим, ё хотунимдан муқарар жудо бўлур эрдим.
Борингки, Фидел укамизнинг мазорига қаро тош қўйуб, боз халққа ош бериб, Мария апанинг қарзидан пича озод бўлмоғим мумкин. Карейс апамданчи? Андан қарзни қандоқ қилиб узадурман?
Роҳ-бароҳ фикрлаб, ўзумга таскинлар пайдо этдим. Ҳар байрам гул ва шакалод элтмоқ, мошин бирла хизматларини бажармоқ, ўйига мева-чева олиб бормоқни ният этдим. Инчунин, таниш карейсларни бир-бир кўз ўнгумда намоён қилиб, аларнинг боридан яхшиликлар кўрганимни хотирга олдим. Бу миллатнинг бисёр меҳнатдўстлиги, ҳалоллиги, одамшавандалиги, ростгўйлигига тан бердим. Саъдий ҳазратларининг “Инсон зоти бир-бирининг жигаридур”, деган ҳикматлари нақадар ростлигига имон келтурдим.
Бу эмди, ўн етти йиллик гап. Аммо Жамила ҳамон, жон ришталарида каминанинг хуни оқмоқлигини тан олиб ва таъкид этиб, мани сарафроз этадур.
Қисса кўтоҳ, вақти намозшом дастархон теграсидан жой олдук ва ноз-неъматга боқиб, оғиз очар маҳалига интизор бўлдук. Биримиз қўйуб, дағе биримиз бот-бот соатга боқсак ва ботинан бисёр хотиржам кўрунсак ҳамки, зоҳиран дилимизда туғёнлар, гиналар, дардлар жамулжам ва жобажо эрди. Тахминимча, келинимиз, эрининг қилмишидан бисёр ранж топган бўлса ҳамки, ота даргоҳида унча тинчини топмагани, ўзи ҳам Сухайло ҳам бизни қумсаганини фикр қилар, Найимбегимиз қилмишидан надоматлар тортар, Жамила келинни олиб келмоқни уддалаганидан мамнунлгини ёширолмас эрди. Камина эса зоҳиран худога нола қилар эрдим. “Эй, Аллоҳу Аълам! Авф эт, биз гуноҳкор бандаларингни! Махфират эт, токи чумчуқнинг ҳам рўзғори бузилмасин. Келинсиз, набирасиз ўтган кунлар хонадонимизда кулгу нималигини фаромуш қилдик, дилимиза ботиний ғусса ҳукмрон эрди. Эй, ўн саккиз минг олам Парвардигори! Бизни сандан бўлак сиғинадурғон такягоҳимиз йўқдур! Гуноҳларимизни кечир”! Кечир!
“Дада, деди мактабхон ўғлимиз Сардор, бийим бирла сизни табрик қиладурмиз! Йигирма беш йиллик бирла. Сизлар китоб ўқумоқни хуш кўрадурсизлар. Укам Сарвар бирла якчанд китоб келтурдук.” “Иби, тузук. Янгилик,” алқаб қўйди аларни. Муқоваларига кўз югуртирдим. “Ўзбек халқ эртаклари”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” “Чорак аср ҳамнафас” ва дигар. Бисёр сарафроз ўлдум. Кейинги якчанд йил бирор мўмин каминага китоб инъом этмагани ва бу анъана қарийб фаромуш бўлганини хотирлаб, надомат тортдим. Бундоқ фикр юрутсам, ўзум ҳам тириклик ташвишлари сабаб, китоб ўқумоқдан андак йироқ тушган эканман. Бир замонлар чароқ ёруғида Саъдий, Хайём, Муқимий, Абдулло Қодирий, Садриддин Айний ва дигар бузургларнинг китобларини ўқуганим, гоҳида аларнинг таъсирида дийдамга ёш келгани ёки уйқум учиб кетганини хотирга олдим. Кичик ўғулларимнинг фаросати ва заковати ривож топганлиги, аларнинг мутолааси ва тарбиясини назорат қилмоғим зарурлигини фикрдан ўтказдим.
Ётар маҳали, эркакча умед яънеким, эҳтиросларни қондирмоқ нияти бирла обдон ювуниб, Жамила ётган хона тиризасига бош суқдум. “ Ётибсанму, жонидан?” “Йўқ”. “Найимбек бирла келин кириб ётдилар. Бир тўшакка...” “Тузук”. “Дунёда аксар эр-хотунлар бир тўшакда ётурлар, фақат биз айро-айро.” У сукут тутди. Ман давом этдим: “Ярим соатдан сўғун дарвозани тамбалаб келадурман”. Жавобан заифамиз қаҳ-қаҳ отиб кулди. Беҳад сарафрозлигидан анинг ҳам интиқлигини фаҳмладим ва жавобини бетоқат кутдим. “Махсумзодасизда, деди бадазон, о ҳавлининг бир тамони очиқ – девол йўқ-ку...Тамба қўймоққа бало борми?” ”Барибир, тамба босадурман”, дедим.
Жуфти ҳалолимиз боз сукут сақлади.
Машойихлар демишларки: “Сукут – аломати ризо.”
Аларнинг садағаси кетсанг арзир!

МОМОКАЛОНИМ

"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИ" ТУРКУМИДАН


Амакимни армияга жўнатадиган бўлдик. Шу сабаб бўлиб, уйимизга бир талай меҳмонлар келишди. Гулдиёр деган қизалоқ ҳам ойиси билан келди. Қошлари қоп-қора, юзи ҳам ширмондай. Унга конфет узатдим.
– Қучоқлаб ол, ўп, – дедилар амаким шивирлаб. Энди ўпаман деганда, бетимга чанг солди. Йиғлаб юбордим. Ойим мени овутар экан, Гулдиёрнинг онасига, яъни холамга ҳазил шаъмалар қилди:
– Вой, битта ўпса нима қилибди, осмон узилиб, ерга тушибдими?! Намунча шаддодлигу бедодлик...
У киши ҳам жим ўтирмадилар:
– Бу тирмизак иккига кирмай қизларни ўпса, келгусида нима бўлади? Бепул муччи йўқ!
Мен тағин бир оз йиғламоқчи эдим-у аммо дадам бақириб қолдилар.
– Жим бўл!
«Жим бўл! Ўтир! Тегма! Бас қил! Ташла!» Булар бари менинг кун бўйи эшитадиган танбеҳу дашномларим, кўп хоҳиш-иродамни-иштиёқимни чеклаб турадиган пўписалар. Уйдагилар ўқимасдан, ишламасдан туролмаганларидек, мен ҳам бақирмай, шўхлик қилмай, ўйнамай туролмаслигимнн билишмайди ёки билгилари келмайди бу калондимоғларнинг! Синглим–Моҳинбонудан ташқари ҳаммага бўйсунишимни талаб қилишади. Ваҳоланки, катталарнинг ўзлари гоҳида бир-бировларига қулоқ солишмайди. Мана сизга ҳаёт–катталар ва болалар ҳаёти!
Ҳадемай уйимизга бувимнинг ойилари – момокалоним келиб қолдилар. Ёшларини ҳам сал кам юзда дейишди. Дадам у кишини суяб машинадан туширдилар-у уйга олиб кирдилар. Ажабо, ёшлари шунча улуғ бўлса ҳам ўзлари юролмасканлар. У киши картга жойлашиб олгач, қўлларини дуога очдилар.
– Аскарбаччалар ой бориб, омон келсин, бизга қасд қилганлар паст бўлсин!
Каминадан ташқари ҳамма юзини силади. Уйимиздаги катта-кичикни, ҳатто оиламиз сардори бувимни ҳам аллақандай салобат босганди. Барилари оёқ учида юришар, шивирлаб гаплашишарди. Дадам мени даст кўтариб, у кишининг олдиларига қўйди.
– Мана – чеварангиз – Улуғбек.
У киши пайпаслаб (кўзларн ҳам яхши кўрмаскан) мени қучоққа олдилар. Оғизларига қарасам, ҳалигача тишлари ҳам чиқмаган экан.
– Бу бола нега бунча ориқ, – сўрадилар у киши.
– Жуда шўх, тинмайди, – жавоб қайтардилар ўзимнинг бувим.
– Шўх бўлгани яхши, – дедилар момокалоним ва сўрадилар, – келининг ишлайдими? Бувимнинг жавобларини эшитгач, тағин норози оҳангда давом эттирдилар: – Санга ҳам қийин экан–иккита бўлса булар, эмизикли бўлса...
У киши тағин алланималар дегач, амакимни йўқлаб, у кишига насиҳат қилабошладилар.
– Командирингни гапини икки қилма! Бошинг айланиб, ўша ёқлардан уйланиб қўйма.
Зум ўтмай у киши каравотнинг чеккасида муштдайгина бўлиб ухлаб қолдилар. Меҳмонлар ўзларини анча эмин тутиб, гапга киришиб кетишди.
– Дадам ҳам бу кишидан ҳайиқиб турардилар, – дедилар бувим, – ҳеч кимга бўйсунмаганлар.
– Ваҳоланки, у замонлар аёл зоти эридан ўлгудай қўрққан, – дедилар катта аммам.
– Ўшанда ҳам санга ўхшаган–гапи оғзидан тўкиладигани қўрққан, зарбини ўтказгани ўтказган.
Бувимнинг бу гапларидан сўнг негадир ойимга жон кирди.
– Тўғри, энди мен ҳам хўжайиннинг гапини гап деб лаллайиб ўтирмайман.
Бувим у кишини андак жеркиб, дадамга ҳамду сано ўқиб кетдилар. Улар шу алпозда узоқ саннашгач, дастурхон бошидан жой олишди.
– Лайлолар нега келишмади-а, – сўради кимдир ойимдан.
Лайло – камина илк бор танишган қизалоқ. Шунинг учун қулоғимни динг қилдим. Ҳийла танаффусдан кейин ойим чўчиброқ жавоб қайтардилар:
– Улар ажралишди.
– Ўзи сақласин,–дедилар бувим дарҳол, – чумчуқнинг ҳам ини хонавайрон бўлмасин!
Ойим ҳам бир нималар дедилар, назаримда бор айбни Лайлонинг отасига юкладилар.
– Эҳтимол ундаймасдир, аёлдан ҳам ўтгандир, – қўшилмадилар дадам. Ойим тағин ўзлариникини маъқулладилар.
– Айб эрда ҳам, хотинда ҳам эмас, – якун ясадилар бувим, – гап ўша рўзғорда бирорта мўйсафиднинг йўқлигида. Чол-кампир бўлган даргоҳда файзу садоқат, аҳиллигу фароғат бўлади. Бўлмаса ҳозирги ёшлар оилани сақлаб қололмайдилар.
– Оила учун аса курашмоқ керак, – фалсафа суқдилар дадам.
Улар тағин эзмалик билан гапга киришиб кетишди. Аммаларим рўзғори бузилган қўшниларни бирма-бир тилга олиб, роса ғийбат қилишди.
Вокзалга чиқишдан олдин момокалоним дастурхонга фотиҳа ўқидилар: «...ширин обод, манзил озод, пайгамбар-у худога салавот. Эккан, теккан, олиб келган, еганга ҳасанот. Илоҳим олганларинг олтин бўлсин, аскарбаччаларнинг бурни ҳам қонамай, қайтиб келсин».
Вокзал. Қувончлар-у кўз ёшлар, ҳаяжон-у ғуссалар... Амаким поездга чиқадиган бўлдилар. Бувим у кишини қучоқлаб йиғлаб юбордилар.
– Нега йиғлайсиз, – ранжиганнамо сўрадилар амаким.
– Ёдимга укам тушди – Давронжон. Санинг ёшинг¬да эди...
Поезд жилди. Дадам ғайритабиий ҳолда овозларини кўтардилар:
– Хат ёзиб тур! Эҳтиёт бўл!
Поезд кўздан ғойиб бўлгач, бувимга шафиқ оҳангда мурожаат қилдилар: «Юринг, ойижон, кетамиз! Хавотир тортманг, замон тинч!»

четверг, 1 сентября 2011 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ


№ 10

Қизимиз Маржона мактабни тамом қилди ва рўзғор бошига ани дағе ўқутмоқ ташвиши бор эрди. Ўтуруб машварат қилдук. “Иссиқ жонни иситмаси бор, ҳаммадан пеш сухан бошлади, завжамиз, ўзумни ҳам бот-бот иссиғим ошадур, биқиним оғрийдур. Умед қилур эрдимки, ўйда бир духтур бўлса, дори берса, укол қилса.” “Медкаллежга киритмоқ бир ярим минг доллар турадур”, деди анга жавобан Найимбек. “Ваҳима этмоқни бисёр хуш кўрадурсан”, эътироз қилдим гапига. “Ҳа энди билурманда. Сали гузашта бир минг экки юз эрди. Бу йил андак ошадур. Хотиримда турубдур, бултур шу маҳал даштдан келган бир амак мошинимга миниб, медтехникомга элт, деди. Анинг дарвозасидан кирмоғимиз баробари, экки-уч чаққон шитоб бирла юриб келдилар. “Амак, нима хизмат бор, нима хизмат”, савол айладилар алар.” “Қизни ўқутмоқ...”, деди амак хавотир бирла. “Мадад кўрсатурмиз”, “Хизмат қиладурмиз”, дедилар алар сухан талошиб. Ҳожатбарорларнинг бири бирла савдо қилдук ва минг долларга тўхтадук. Ул корчаллон бирла шинос бўлуб қолганман. Кўча-кўйда бот-бот саломлашиб турурмиз. Ўзи майда амалдор – дегани рост бўлса, сардорнинг муовуни бўлиб ишлайдур.”
“Манга қара, дедим зарда бирла, ҳар бир банда арқасига бир чекист қўюлган, деюрсан. Нима боис ўша чекистлар ул ҳаромхўрларнинг ҳиқилдоғидан тутмайдур.” “Алар боре ҳамтабоқдурлар”, жавоб берди найнавимиз.” Ҳа эмди нима ҳам деюрмиз. Ҳамма ҳам ўз қаричи бирла ўлчак-чинак қиладур.
Масалага равшанлик киритмоқ умеди бирла ул илмгоҳ сори равона бўлдум. Халойиқ бисёр ва нечундир дилтанг эрди. Папка тутган қизлар, волидалар, муаллимлар... Аллоҳу аълам, алар кимларнидур нафрат ва ҳақорат қилур эрдилар. Боиси: бу жойга фақат экки кун ҳужжат олибдурлар ва фармойиш бўлибдурки, эмди тўхтатсунлар, токи балалар башқа каллежларга ҳам борсунлар, дигар ҳунарларни ҳам ўргансунлар.
Ўзумнинг ҳам кайфим андак тароқ бўлди. Бунча бандани офтоб тиғига жизғанак қилмоқ, иншооллоҳ, гуноҳи азим деб фикр қилдим. Кетар маҳал бу жойда ногоҳ, Жонсарак биргадни кўрдум. Қизини ўқутмоқ илинжи бирла бир бедавога кўкидан чўзиб қўйган эрсада, то ҳануз дакументларни супориш қилмабдурлар.
Машойихлар демишларким, ноумед – шайтон. Саҳарликни ўқуб, Сухайло, Найимбек уччав боз ўша тамон равона бўлдук. Ота-оналар, муаллимлар ҳамда папка кўтарган қизлар экки ҳисса кўп эрдилар. Гап юрур эрдики, бугун соат тўққуздан бошлаб дакумент олур эмишар. Илло рост экан, бир жойда қабул қилмоқни бошладилар. Лек кўп ўтмай тўпаланг, шавқун кўпди, бор мардум ўша дарча тамон от солди. Заифа иддао ва қаҳр бирла эшикни ёпди ва чиқиб кетди. Шу маҳал Найимбек бир мардак бирла боҳамро пайдо бўлди ва ўғлимиз каминага ўқдурдики, ўша деган шиноси бутурур ва илло миёнаравлик қилиб, мадад кўрсатур. Панага ўтуб гуфтигў қилдук. Ул мардак аввол қизимизнинг шаҳодатномасини бисёр диққат қилиб кўрди ва боре баҳолар “аъло” бўлғонлигидан сарафрозлик намоён қилди. Муддаога ўтдук. Деди: ” Бу йил бисёр мушкул кечур. Ҳар сол мингдан зиёд талаба олур эрдик, эмди уч юзтага рухсат бўлди. Алар ҳам тест бирла кирурлар. Баҳони Тошкан қўюр. Локинда ман койиш қилурман, зора имкон пайдо бўлса. Бадаз қабул минг доллар берурсизлар,” деди.
Мундан якчанд ой пеш Мария апамизга бермоқ умеди бирла Янгиариқдаги ерни уч минг долларга сотган эрдик. Аммо апамиз пулни олмоққа зарра хоҳиш этмади. Локинда зору-тавалло бирла ярмини тутқаздик. Бир ярим минг долларга томни ёпмоқ ёхуд янги инкубатор олмоқ илинжи бирла хотунга бериб қўйган эрдим. Том билан инкубатор қочиб кетмас, қиз ўқусун, деб рози бўлдум.
Бадаз рози ризолик ул мардак Сухайлонинг папкасини олиб кетди. Интиқ ва дилтанг бўлуб ўтурдук. Тахмин экки соатлардан ўтуб, пайдо бўлди. Дедики: “Ул жойда бегона мардак ҳозирдур. Эҳтимол эсенбедан бўлса. Бо ин боис, сизлар кетаверинглар ман имкон топиб топширурман.
Боз саҳармардон пайдо бўлдук. Ул миёнарав сар хам қилиб дедики, : ”Мани тушунунглар ва авф этинглар, илож бўлмади. Бугун, албат ҳужжат қабул қилурлар, ўзларинг уннаб кўрунглар. Топшурса ва насиб ўлса, имтиҳонга кўмак кўрсатурман.
Шундоқ қилиб, то туш маҳали офтоб тагида тик турдук. Ҳар замон шақилдоқ заифа пайдо бўлуб, қўлидаги қоғозга қараб, бир-экки талабгорнинг исм-шарифини тилга олар ва аларнинг ҳужжатларини олиб жўнар эрди. Бу эркатойлар амалдорларга ё катта ақча чўзган худобехабарларга тегиш эканлигини фаҳм қилиб, ноҳақликдан қаҳримиз баттар зиёда бўлур эрди. Худо қисган бу манзилда на бирор дарахт ёинки ўтурадургон жой, ичадурғон сув йўқ эрди, то ҳаттоки ҳожатхона эшигига ҳам қулф эрдилар, нокаслар! Оломоннинг қаҳру ғазаби жўш урар ва бу кўргуликка қайси падарлаънат сабаблигини билмоқ душвор кечурди. Мардаклар аллакимларни сукмоқдан, заифалар эса қарғамоқдан тин олмас эрдилар.
Пешин маҳали эрди. Жони ҳалқумига келган бир мардак баландроқ жойга чиқиб, дарғазаб аламонга деди. “Биродарлар! Токай бундоқ азоблар, ҳақсизликка бардош берурмиз?! Жам бўлуб юрунглар, юқорига борурмиз! Адолат ва ҳақиқат талаб қилурмиз!” Одамлар якчанд дақиқа сукут тутдилар, бадазон якдил бўлуб авоз кўтардилар. “Давай! Давай! Кетдук!”
Жам бўлиб ва шавқун авоз бериб катта кўчага чиқдук ва аввол йўлни тўсдук. Экки тамондаги мошинлар авоз берар, шофирлар бақирар эрди. Қўлимиздан иш келганини кўруб, бу жойда бир лаҳза мамнун тин олдук. Ва боримиз кўзимиз тўрт бўлиб, ҳолиги сардорнинг ногаҳоний даъватига интизор бўлдук. Шу маҳал якчанд ҳарбий мошинлар бошитоб келиб тўхтади, алардан бетига ниқоб кийган, қўлига резин қамчи тутган, ( алар дубинка деюрлар) савутдор аскарлар тушуб, бизни ҳалқа қилиб ўрадилар. Пажарний мошинлар ҳам авоз бериб ҳозир бўлдилар.
Тилвизорда худди шундоқ либос кийган кўппак миршаблар одамларни уриб, судраганларини, алав ўчурадургон мошинлар халққа сув сепганини кўрган эрдим. Дилимда ваҳм ўйғонди. Сухайлонинг кўз ўнгида каминани дўппосласалар, қизим қўрқуб кетишини фикр қилдим. “Манга қара, дедим анга, қари шумтол дарахти тагига элтиб, сан бу жойдан кетмай тур, ман келадурман.” “Дадажон кетманг, улар сизни урадурлар”, деди зорланиб. “Онажон, қўрқма, алар мани урмайдурлар, о, ман нима гуноҳ қилдим?” Бадазон яккакифт бўлуб, пеш қаторга ўтдум. Бул жойда бир заифа авоз кўтариб, амалдорларни лаънат қилур эрди. “Бу нима бедодлик? Қирқ йил муаллима бўлдум! Шуми эришганим? Хор қилдилар, каззоблар! Инсон баласига қулоқ тутмайдургон, қулоқ тутмоқни истамайдургон...”
Ногоҳ миршаблардан бири заифага хезланиб, унинг гапини бўлди. Қаҳру-ғазабим ҳалқумимга келди: магарам муаллимани урса, ифлоснинг бошини ёрадурман, деб тош охтардим. Қўлумга офтобда қизиб кетган асфалт парчаси илинди. Яқин бормоғим билан ҳолиги муаллима зарра тап тортмай, миршабга рўбарў бўлди: ”Ур! Ур! деди, ман сани онанг бўламан, кўрнамак, ур!” Ғала-ғавур авжга чиққан маҳал, якчанд, сипо мардаклар юз кўрсатдилар. Алардан бири аскарларнинг мошинига миниб, карнай бирла гап бошлади: “Муҳтарам, азиз биродарлар!.. “
Мана, эмди муҳтарам-у азиз бўлуб қолдикму, фикр қилур эрдим. Во сани сигирнинг елинига ўхшаган башарангга аёғим! Офтобда жизғанак қилдинг-ку, хуноса! ”Тартиб сақланглар, давом берарди ул фосиқ, андак тушунмавчилик бўлганга ўхшайдур. Ҳужжат олмоқ бошланди, Тўрт жойда! Бугун ҳамма топширадур, бирор кимса қолмайдур! Тез бўлунглар, арқага қайтинглар!!”
Фикр қилур эрдимки, исёнкор бандаларга, ҳарқандой шароитда ҳам ақли зукко саркардалар даркор. Боиси, бу тўдани бошқармоқнинг масъулияти чексиз. Ғазабга минган аламон душман излайдур ва аларга бу кўргуликларга фалон миллат ёки ана у дўкончилар ё дигар деб хитоб қилинса бас, ўшанга ташланадурлар! Таассуфки, бизнинг миллат қўлига ялав эмас, тош олмоқни мақбул биладур ва бу анинг қосирлигидур! Бу иллат ҳали бисёр сана анинг халқ бўлиб шаклланмоғига монелик қилмоғи муқаррар! Аслида, қаҳрига соҳиб, ҳамма нарсага соҳибдур!
Магарам қаҳр-ғазаблари чандон зиёд бўлса ҳамки, халойиқ аста-секинлик бирла арқага қайтди ва боримиз экки соат ичида урунмай-сурунмай, жаъме қоғозларни топшурдик.
Шоирнинг: “Халқ денгиздур, халқ тўлқиндур, халқ кучдур”деган шеъри, дағе дигарининг “Кишан кийма, бўйун эгма, ки сан ҳам ҳур туғилғонсан”, деган исёнкор гапи ёдимга тушди ва қадимги қалам аҳлининг шердиллигига тасаннолар дедим. Бугун ана шу тоифадаги шерюрак шоирлар – анқонинг уруғидай гап. Зеро Беҳбудий ҳазратлари дейдиларки: “Ҳақ берилмайдур, у олинадур.” Биз ҳақимизни олмоққа эришганимиздан сарафроз бўлдук. Амалдорлар раиятнинг ана шу андак бош кўтармоғимиздан ваҳмга тушганлари, магарам бу гап Тошканга етиб борса, шўрликлар курсисидан жудо бўлмоғи муқаррарлиги боис, не бўлса ҳамки, мардумни хотиржам қилмоқлари зарур эрди.
Қисса кўтоҳ, боз ҳолиги миёнарав мардак пайдо бўлди ва дедики, “Эмди имкон бўладур ва кўмак кўрсатурман. Фақат ақчани аввол қўлга киритмоғим зарур, токи масъулларнинг тамоғини ҳўллайин”. Чаҳоршанба ўтуб, рўзи пайшанба минг бир андеша бирла беш юз доллар келтириб тутқардим: Дедимки: “Укажон, бақиясини бадаз қабул олурсиз. Бизда лафз битта, намозхонмиз”.
Камина аввол якчанд тахмин-у хавотирлар бирла, хусусан қиз баланинг одоби доирадан чиқмоғидан чўчуб, Сухайлога қўл тилифонидан фойдаланмоққа монелик қилган эрдим. Бо ин боис андин фойдаланмас эрди. Бу ҳолдан Найимбекнинг шиноси андак ранж топби. Дедики: “Бо зуд тилифон олиб беринглар, имтиҳон маҳали ул воситасида мулоқот қилурмиз ва жаме сўроқларга жавоб қайтарурмиз.”
Шундоқ йўл тутдук. Ҳафта ичи ул миёнарав қизимизга тилифондан фойдаланмоқнинг якчанд йўлларини уқдурди. Аммо-локин имтиҳон куни назоратчи занак қизимизнинг тилифонини тортиб олибдур ва бечора Сухайломиз ночор қолиб, боре сўроқларга калласидан чиқориб жавоб берибдур. Бу ҳолдан бисёр ранж-у пушмонлиқ топдук. Буни қарангки, дағе экки ҳафта ўтуб, ани қабул бўлғони аён ўлди. Хонадонда ид бўлиб кетди. Бечора Жамила сарафрозликдан бисёр йиғлади ҳам. Бадазон ҳолиги миёнаравни кўруб дедимки, “Жўра, эмди ақчани қайтарурсиз, қизим ўз қуввати бирла кирди. Камина аёлмандман ва пулни бисёр азоб бирла пайдо қилурман.” Ул нокас баланд келиб дедики: “Бу даргоҳга бирор кимса ўз кучи бирла киролмайдур. Ман мадад кўрсатдим ва ул қабул бўлди”. Жаҳлим чиқди, дедимки: “Бародари азиз, ман шаҳар кўрган эчкиман. Яъни як чанд муддат Московда хизмат қилганман. Пасту баланднинг фаҳмига етурман. Сиз мададингизни исбот қилинг, ақчанинг қолганини ҳам тутқазмаган номард!” Машмаша авжига чиқди, андак авоз кўтармоғим бирла ноилож дедики: “Рўзи чаҳоршанба келинг, амонатингизни қайтарурман.” Чаҳоршанба катта-кичик амалдорлардан бирови ҳам пайдо бўлмади. Аён ўлдики, алар Тошкант кетибдурлар. Юздан зиёд кишидан сармояни олиб қўйган нафси ўпқонлар, янги ўрун олмоқ илинжи бирла пулни белга боғлаб, вазирлик тамон йўл олган эканлар.
Ҳафталар ўтса ҳамки на бошлуқ ва на анинг муовун-у, шотирлари қароларини намоён қилмас эрдилар. Пул чўзиб, ноумед бўлуб қолган юздан зиёд ота-она аларга интизор эрдилар. Алар арасида ақчаларини аллақандоқ фиребгарга тутқозиб, чув тушган давдирлар ҳам муҳайё эрди.
Тахмин ўн кунлар ўтуб, ҳолиги муттаҳамни ҳавлида кўруб қолдим ва тариқча андеша қилмай, қаҳр бирла гирибонидан тутдум. “Пулни чўз, онағар!”дедим. У шарманда бўлмоқдин бисёр қурқуб, атрофга хавотир бирла боқди ва ўша заҳоти киссасидан амонатимни чиқориб берди. Пулни санар маҳалим нечундур вазирни ҳақорат қилди. Фикри ожизимча, янги вазир бу ҳаромхўрларга имкор бермаган кўринадур. “Амак, деди хайр-хуш қилмоқ олдидан, бўйинбоғини эбга келтирур экан, ким айтадур сизни намозхон деб, одамлар арасида бировнинг гирибонидан тутуш, уни ҳақорат қилиш уволку! Дўзах азобидан қўрқмайсизму? “ Кечиринг, дедим, мандан ўтди, бадфеллик қилдим”. “Ҳай, ҳай, ҳай,” деди жавобан надомат бирла.
Мурод муаллимнинг чойхонасига борганимда, бу воқеликни баён этган эрдим, алар роса баҳс-у мунозара қилдилар.
“Тест имтиҳони фақат экки-уч йил ишлади, деди Жамил домло,- ўшанда адолат юз кўрсатди-ю, билимли балалар ўқушга кирдилар. Бора-бора қаллоблар, каззоб-у корчаллонлар тестнинг амонат жойлари, тешукларини топдилар ва ани доллар топадурғон хазинабонга айлантурдилар. Ўзум ишлайдурғон институтда дастлаб билимли балаларнинг бари кирар эрди. Йил ўтуб ўндан тўққуз, сўғун саккиз, еттиси кирадурғон бўлганди. Аниқ биладурман, ҳозир билимли толиби илмларнинг ўндан бири кирадур, башқаси доллар чўзмоққа мажбур.” “Айтингчи, анинг сўзини бўлди, Мурод муаллим Шўролар замони қишлоқдан келган каллали талаба, ҳарҳолда ўқишга кираолур эрди. Мана, ўзум ҳам бир тин чўзмай қабул бўлганман. Ҳозирчи?” “Ҳозир киролмайдур, андак ишонч билан жавоб берди домло, биринчидан институтга кирадурғонлар бир-икки йил репетитордан таълим олмоғи зарур. Қишлоқда унақа репетиторлар бўлмайдур. Юрфак, экономфак, стомфак киби факулталарга ҳар қандоқ репетиторда таълим олганлар ҳам киролмайдур. Талаб, яъне конкурс катта.” “Демакки, биз арқага кетибмизда” савол бердилар. “Шўролар даври маориф системаси мустаҳкам сиёсий пойдевор устида эрди. Ибрат олса арзирди. Узоқ қишлоқларда янги мактаблар қурилди ва Уруссиядан ёш рус , татар қизлар балаларга таълим бермоқ учун келур эрди. Алар шўролар сиёсати бирла жадид бир маърифат, маданият ҳам келтурдилар. Шу боис ўрис забонини ўргандик ва жаҳонга чиқдук”. “Давом этаверинглар, калтабин, шўрпешона шўропарастлар” киноя қилди Самандар.
“Ҳозир олий мактабларда жиноий гуруҳлар реша отган, давом берди Мурод муаллим. Булар арасинда ҳуқуқни ҳимоя қиладурғонлар, домлолар, катта амалдорлар муҳайё. Ҳар бир гуруҳда тахмин ўн-ўн ҳамтабақ жам бўлган. Алар аввол имтиҳон жавобларини Тошкантдан келтириб, сотар эрдилар. Ҳозир бунга имкон йўқ: дарча беркилди. Эмдиликда бу кимсалар ҳар талабанинг ота-онасидан саккиз-ўн минг доллар оладурлар. Кирувчини қўл тилифони бирла таъмин этиб, роса машқ қиладурлар. Саволларни суратини олиб жўнатмоқ ёхуд тилифонда мулоқот қилмоқ йўлларини обдон ўргатадурлар. Аларда любой имтиҳонга кириб-чиқмоқ учун рухсатнома бор. Зарур бўлса, тап тортмай, тайёр жавобни киритиб берурлар. Гуруҳ энг билимдон домлолорни ёллайдурлар ва алар боре саволларга жавоб тайёрлайдурлар. Бундан бағарз ҳам якчанд йўллари бир. Аз ин жумла, назорат қиладурғон кишининг кўзини шамғалат қилиб ёки тамоғини ёғлаб, бесавод, лакалав бала ўрнига билимдонни киритиш ҳам осон кечадур.Бу йил ана шу корчаллонлар тўдаси ҳар бир олийгоҳга қирқ-эллик кишини жойладилар. Албат, ректор, масъул котиб ҳам беш ўндан кишини ўқушга жойлайдурлар. Жилла жой кўйдурмоқ ҳисобига, кўкидан саккиз-ўн минг келиб турса, андин юз ўгирмоқ нодонлик бўлур эрди. Ҳокимиятдан, вазирликдан, манфатдор идоралардан ҳам тилифонлар бўладур, боиси, аларнинг ҳам қавмлари бор. Шу билан берилган ўрун тўлуб, иқтидорли талаба арқага қайтмоққа мажбур бўладур. Буларнинг бори эмдиликда тест имтиҳони яроқсиз бўлиб қолгонидан далолатдур.”
“Ҳой, шаҳар бедарвозами?, жим ўтурмади Самандар,- Бу жойга ўтуруб фол очмоқ чикора. Олийгоҳларга эсенбенинг якчанд одамлари юрадур. Алар зинҳор ва зинҳор бундоқ расволикка йўл қўймаслар. Ҳукумат...” “Фол очмадим, жияним ҳужжат топширган эрди, арқасидан бориб, кўзум бирла кўрдум, деди Мурод муаллим. Пул бериб, ани ололмай юрганлар қанча. Туппа-тузук зиёлилар пора олмоқ ва бермоқдан ор этмайдурғон бўлдилар. Мани ўзумдан Алишер Навоийнинг ахлоқ-одоб борасидаги китобларидан дарс берадурғон жувон, саксонга кирган бир профессор пора таъма қилдилар ва бу ҳолдин бисёр дилтанг бўлдим. Уёт деган нарсани йўқолиши охир-оқибат қимматга тушадур.”
“Аслида пул чўзмоқ ҳам жиноят ва борига ана шу пора берувчилар айбдордурлар, деди Самандар. Энг аввол аларни жазоламоқ лозим. Мана сиз намозхон одам, каминага юзланди Самандар ногоҳ, қизингиз ўз иқтидори бирла кирадурғон экан, нечун ақча чўздингиз. Бундоқ йўл тутмоқ увол-ку”?
Жавобан бир нимарса деёлмадим. Боиси – ул ҳақ эрди. Давра аҳли тарафкашлик қиладур, деган умедда эрдим, локинда алар ҳам кўндаланг қўйилган сўроққа жавоб бермоқдан ожиз қолдилар. Эҳтимолки, бу борада адолат ва ҳақиқатга ишончимиз сўнгани боис, пул чўзмоққа мойил бўлуб қолгандурмиз, фикр юрутдим ўзумча.
“Ким нима деса десун, билими бор талаба ҳозир ҳам кирадур. Мана бу кишининг қизи кирибди-ку!”деди Самандар бўш келмасдан. “Баҳс этмоқ чикора, сукут қилмади Жамил домло, ҳар як ўқув даргоҳидан грант билан кирган ўнтадан балани олиб, адолатпеша комиссия қайта имтиҳон қилсун - масалага равшанлик кирадур. Юз фоиз ишониб айтурманки, аларнинг ўндан бир ёки эккиси ва ул ҳам фақат шартнома билан ўқушга илинмоғи мумкин. Бу гапларни “Фергана РУда ёзишди, “Би-би-си”да ҳам айтишди. Ҳарҳолда, Самарқандда айни замон аҳвол шу тариқадур! Ман бунга комилдурман!”
Самандар андак жаҳл билан авоз кўтарди: ”Санлар хориждаги дилсияҳ, ғирром сиёсатчиларнинг тўрига тушган лаққа балиқсанлар!” Андак сукутдан кейин Мурод муаллим фикр айтди: “Жаҳлга миниб, авозингни кўтараябсан, демак сан ноҳақсан”!
Давра баҳсу-мунозарага барҳам бермоқни лозим деб билди.

МОҲИНБОНУ


"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Ногаҳонда ойим ғойиб бўлиб қолдилар. Бир-икки кунгача у кишини интиқлик ва инжиқлик билан кутдим-у кейин бувим жуда меҳрибонлик қилавергач, индамай қўяқолдим. Бирор хафта ўтар-ўтмас бийим жажжигина чақалоқ кўтариб келдилар: номи – Моҳинбону. Барилари унга парвона бўлиб қолишди. Чақалоқ бўлса кўзларини юмиб олгунча ўзини уйқуга солиб ётибди. Ҳар замонда тамшаниб ҳам қўяди. Бувим уни кўтариб олиб, ҳамду сано ўқий бошладилар.
– Кўзлари қоп-қора, қошлари камондай...
Мени эса батамом унутишди. Уларга яқинлашиб, турфа қилиқлар қилсам ҳамки хушламай тураверишди. Бунинг барига чақалоқ сабаб эканлигини ҳис этдим ва унинг юзига чанг солдим. Ҳаммалари бақириб, мени уриша кетишди. Овозимни баралла қўйиб, йиғлашга тушдим. Аммачам бўйнимга, осилган эмизакни оғзимга суқди.
– Ма, сигаретингни чак!
Зарда билан оғзимга суқилган резинани жаҳл билан пуфлаб ташладим-у тағин йиғлайвардим. Ҳарқалай, бувим мани тушундилар.
– Вой, мани боламга қарамай қўйишдими?! Эсдан чиқаришдими?! Бераҳмлар! Золимлар! Ҳаҳ, чақалоқ ёмон! Моҳинбону ёмон!
Мен ийиб кетдим, беихтиёр юзимни у кишига яқин тутдим-у киши меҳр билан ўпдилар.
Каминага шунинг ўзи кифоя эди.
* * *
Момом мени чўмилтирмоқчи бўлдилар. Сувни шалоплатиб ўйнашни хуш кўраман-у лекин совун... Мени кўндириш илинжида у киши ҳамон шакаргуфторлик қилардилар.
– Қани тишингни кўрсат, қани... Бармоқларимни оғзимга суқиб, оппоқ тишларимни кўрсатаман.
– Балли, балли, – алқашда давом этадилар у киши,– Улуғбек – баҳодир йигит: у чўмилишдан чўчийдиганлардан эмас...
Тоғорага сув солиб, мени қип-яланғоч қилиб ечинтирдилар-у совун излашга кетдилар. Совун урилгандан кейин кўзимни юмиб ўтиришни ўйлаб, дилим андак хуфтон бўлди. Бир неча сония бўлса ҳамки мовий осмонни, яшил дарахтларни, бувижонимнинг нуроний чеҳраларини кўришдан маҳрум бўлиш... Таваккал қилиб қочдим.
Кўчада машиналар занжири узилмасди. Улардан заррача чўчимай, кўчанинг нариги томонига югурдим, аммо ўртага борганда гангиб қолдим. Машинадаги одамлар мени кўрсатиб, алланима дейишар, устимдан кулишарди. Бир шофёр кабинадан бошини чиқариб, бақириб берди:
– Ҳой тирмизак, уйларингга жўна! – Нега бақиради бу ўпка?! Бирпас тўхтаса осмон узилиб ерга тушибдими?! Ахир, кўчадан мен – Инсон ўтяпман-ку! Бунинг устига мен боламан! Болалар ва кексалар, меҳмонлар ва беморлар, мажруҳлар ва болали аёллар ер юзининг барча қитъасида ҳам эъзозланмоғи керак! Улар мададга, эзгуликка муҳтож, дахлдор одамлар!
Майли, садқаи асаб! Шофёрлар ўзи андак бадфеъл бўлишади, шекилли. Кимдир мени даст кўтариб, кўчанинг нарёғига ўтказиб қўйди. Ёдимга совун тушди-ю тағин қочдим. Дуч келган бир эшикни очган эдим, қўзим чипор товуққа тушди. Мен уни тутмоқчи бўлиб қуваётганимда бувимнинг овозлари эшитилиб қолди. Роса танбеҳ эшитдим. Кечқурун дадамга шикоят ҳам қилдилар:
– Бу шатрама кўчага чиқиб қочди. Усто Субҳоннинг ҳовлисидан тутиб келдим.
Дадам юзларига жиддийлик суртиб, кўзларини олайтирдилар.
– Минбад шундай қилсанг...
Индамай қўяқолдим. Катталар билан ўчакишиш одобдан эмас.