“Ассалому алайкум, ҳурматли тоғажон!
Ушбу номани қадрдон жиянингиз − Содиқжондан деб билгайсиз!
Саломатлигингиз яхшими? Янгам, жиянларим соғ-саломатми?
Диссертациянгиз қийнаб қўймадими?
Мендан аҳвол сўрасангиз, ёмон эмас. Врачлар обдон
текширишди, рентгендан ўтказиб, дори-дармон тайинлашди. Жуда меҳрибон, ғамхўр
одамлар экан. Тузалиб кетсам, бирор йўл билан яхшиликларини қайтаришни
кўнглимда тугиб қўйдим. Дори-дармонлардан кейин енгил таомларни баҳазўр ҳазм
қиляпман. Доктор узум, анор, савзи шарбати ичишни тавсия этяпти.
Палатамиздагиларнинг ҳаммаси бир-бирига меҳрибон, ажойиб
кишилар. Ўнг томонимда Ҳожи бобо деган мўйсафид ётадилар. Инқилобдан илгари –
ҳали мендан ҳам ёш бўлганда тоғалари ҳажга олиб борган экан. Туяда, отда нақ
олти ой йўл босибди. “Ҳозирги ҳожилар ҳожи эмас, — дейди у киши, — зув этиб
самолётда бориб келади”.
Чап томонимда Владик деган бола ётади. Болалар уйида
тарбияланган экан. Ҳеч кими йўқ. Владик биз билан камдан-кам гаплашади,
китобдан бош кўтармайди. Ундан нарида Сергей деган амаки бор! Бир оёғи протез.
Даволовчи врачимиз Ҳакимжон ҳам мен тенги йигит. Жуда
камтарин, виждонли. Ҳожи бобо аввалари қандайдир арабча китобни ҳамширалардан
яшириб ўқирди. Ўша Ҳакимжон сезиб қолиб: “Қўрқмай ўқийверинг, ишимиз йўқ”,
деди. Ҳожи бобо жуда қувондилар.
Тоғажон! Ортиқча тафсилотларни ёзиб, вақтингизни олаётганим учун кечиринг. Бу ерда одам зерикиб, нима қилишини билмай қолади. Шунинг учун бошқа одамларга ёзган хатларим ҳам узундан-узоқ. Дадамга ҳам икки варақли хат ёзиб, яқин кунларда тузалишимни айтдим.