суббота, 3 апреля 2021 г.

8. «Мен редакцияданман»

 – Мен сизни илк бор «Мен редакцияданман» номли китобингиз орқали таниганман. Ким билсин, балки журналистликка ҳавас ҳам ана шу китобингиздаги воқеа-ҳодисалар тафсилотларини ўқигач пайдо бўлгандир? Рози бўлсангиз, ўша китобдан бир-икки ибратли воқеаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилсак!

 

– Майли, агар сиз ўқувчиларимизга ҳам қизиқарли, энг муҳими, манфаатли бўлади, деб ҳисобласангиз, мен розиман. Лекин унга ўша етмишинчи йиллар назари билан қарашларини сўраб қолган бўлардим. Мустақиллик эълон қилингандан кейинги нашрида эса, айрим қўшимчалар киритганман...

 

– Келинг, ўзим ҳам ёзувчиликни, ҳам журналистликни бирдек танлаганим учун менга энг маъқул бўлган «Тўртинчи саҳифа» номли мақолангиздан бошлаймиз.

 

Тўртинчи саҳифа

 

Эндиликда оммавий ахборот воситалари оз эмас. Телевидение, радио, интернет дунё воқеаларини рўзномалардан анча барвақт маълум қилади. Қўлимизда пульт, ихтиёримизда бир неча юзлаб телеканаллар бор. Лекин шунга қарамай, ер юзининг ҳамма қитъаларида маданиятли кишилар ўз тонгларини газета билан бошлайдилар. У худди эрталабки нонуштадай зарурат!

Сиз тонгда дўкондан газета харид қилган кишиларга бир лаҳза эътибор беринг-а. Улар газетани шоша-пиша варақлайдилару, тўртинчи бетдан бошлаб ўқишга киришадилар.

Охирги саҳифада афсона ёки ҳақиқатлигини аниқлаб бўлмайдиган олди-қочди гаплар, латифалар зарур ахборотлардан ташқари бандачиликни бажо келтирганлар (балки танишлари бордир) ажал тугмачасига бармоғини босмоқчи бўлаётган урушқоқлардан огоҳ бўласиз.

Сўнги саҳифа - инсониятни мудҳиш ҳатолардан огоҳлантириб турадиган «Қизил китоб»!

Тўртинчи саҳифа журналистларнинг ҳам хатосини яширмайди, аксинча ошкор этади. Ана шу саҳифанинг бир бурчагидан жой оладиган «Тузатиш» жамоани минглаб кишилар олдида хижолатга қўяди, аниқроғи қўярди.

Ҳозир газеталаримизда «тузатиш» йўқ! Телевидение, радио ҳам хатолар учун узр сўрашганини эслолмайман! Ваҳоланки, таомил бўйича, хато учун кечирим сўраш шарт!

Ўша йили газетамизнинг тўртинчи саҳифасида эълон қилинган бир «Тузатиш» ҳақида гапирмоқчиман.

«Газетамизнинг кечаги сонида эълон қилинган «Яхши ташаббус» сарлавҳали мақоланинг иккинчи абзаци: «Бу яхши ташаббус қўшниларни ҳам жалб этди», деб ўқилсин!

Мазкур хатога йўл қўйгани учун навбатчига нисбатан жиддий чора кўрилди».

Навбатчи эса мен эдим. Чунки мазкур жумладаги «жалб» сўзида «л» билан «б» орасига «а» кириб, бешармроқ маъно чиқиб қолганди. Текшириш пайтида, бу хато аслида машинисткадан ўтганлиги аниқланди, лекин адабий ходим ҳам, бўлим мудири ҳам, қўйингки, муҳаррир ҳам уни илғамай қолишганди.

Шунда мен, энг аввало, негадир Регистондаги газетфуруш чолдан уялиб юрдим. Ўн кунгача ундан газета ҳам харид қилмадим. Шов-шувлар босилиб, унга юзма-юз бўлишим билан таъна қилди.

Кўп ҳато қилаяпсизлар! Мана бу нима дегани?

Тўртинчи саҳифада катта-катта ҳарфлар билан «ОНИК, ОНИК, ОНИК», деб ёзилганди. Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Таҳририятга келсам, туни билан ухламай навбатчилик қилган ҳамкасбим ҳасрат қила кетди.

Қаранг, босмахона айби билан «Кино»нинг клешчаси тескари бўлиб кетибди.

Барибир, навбатчини жазолашди.

Журналистлик ғалати касб. Фараз қилайлик, сиз муҳим муаммони кўтариб чиқасиз, уни минглаб кишилар ўқиб, сизга таҳсин айтишади. Мабодо сиз хатога йўл қўйгудай бўлсангиз, буни ҳам улардан яшириб бўлмайди.

Русларда: «Убить нельзя, помиловать» деган ибора бор. Ана шу жумладаги вергулни «убит»дан сўнг қўйиб кўринг-а, қанақа маъно чиқади. Биргина вергул инсон тақдирини ўзгартириб юборади.

Ҳушёрликни зинҳор қўлдан бермаслик керак. Биз мафкура қули эдик, бугунги журналист қонун қули бўлишга мажбурдир!

Даққоқ статистика газетачиларнинг бошқа касб соҳибларидан қисқароқ умр кўришларини кўрсатади. Эктремал ҳолат, деб аталадиган, яъни қирғинлар, табиий офатлар содир бўлган жойдан, одатда, болалар, кексалар, беморларни олиб қочиш ташвишида бўладилар. Мухбир эса касбу кор тақозоси билан камераси ёки блокнотини кўтариб, ўша ажал комига қараб югуради ва кўп ҳолларда ажалга чап беролмай қолади.

Сўнгги йилларда журналистларни гаровга олиш ҳоллари ҳам кўпаймоқда. Лекин шуларга қарамай, мухбирлар муқаддас касбларидан воз кечмаяптилар! Бунинг устига мухбирларни ёқтирмайдиган кишилар ҳам оз эмас. Фақат турфа тоифадаги амалдорлар ёки нопок безбетларнигина назарда тутаётганим йўқ. Мухбир дегани - қанақа мафкура ноғора чалса, ўша оҳангда йўрғалашга мажбур бўлади. Ваҳоланки, мазкур ноғора ҳеч қачон ҳаммабоп бўлолмайди. Ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай ўткинчи мафкуранинг ҳам қули бўлиб қолавермаслик керак экан. Биз нуқул чучмал шукрона ва ҳамду-санога эрк бермай, қониқмаган, норози одамларнинг ҳам дилларига қўл сола билишимиз зарур. Аслида, ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг локомотивлари ана шу қониқмаган одамлардир. Фақат ўшалар кураш учун куч топа оладилар.

Хўжа Аҳрори Вали ҳазратлари «Бизга бошқа масъулият - одамларни золимлар зулмидан қутқариш масъулияти юкланган», деган эканлар ҳидояткорона.

Бу аҳли қалам учун боқий шиор эмасми?!

Бу мустақил Ўзбекистон конституциясининг талаби эмасми?!

Бугуннинг золими эса одамларни дарра билан урмайди, банди зиндон қилмайди, аммо тиржайиб туриб, унинг ҳуқуқларини оёқости қилади.

Мақтанишга йўйманг-у, ХХ асрнинг саксонинчи йилларига келиб, матбуотимизда ошкоралик, демократия жумраклари етарлича очилди. Қанақа қалтис муаммоларни дадиллик ила кўтариб чиқмадик биз. Аммо ҳозир ундай эмас. Айниқса, Россия ОАВ идан бохабар киши газета, журналларимиз, телевидениемиз анчайин чучмал, жун ва хароблигига ишонч ҳосил қилади. Бу ҳолни парламентда ҳам тан олишди, Президентимиз ҳам танқид қилди. Муҳаррирлар эса бор айбни журналистларнинг журъатсизлиги, савиясига тўнкамоқда. Менинг назаримда, асосий айб муҳаррирларнинг ўз курсисидан хавотир тортишидадир. Шахсан ўзим талай мақолаларимни айнан муҳаррирлардан ўтказолмай ҳалак бўлиб юрибман.

Кечирасиз, чалғиб кетдим, 

Барибир, журналист бўлиш яхши!

Журналистлик билан ёзувчиликни уйғунлаштирган кишилар эса яна ҳам бахтлироқ кишилардирлар.

 

 

«Шоирлар палатаси»

 

«Мен катта ноҳақликка дуч келдим, бошлиқлар устидан ёзганим учун руҳий касаликлар шифохонасига ётқизишди. Милициядагилар, докторлар билан тил бириктириб, шу қабиҳликка қўл урдилар, безбетлар! Ҳурматли редакция! Бирор муҳбир келиб, мен билан гаплашишини илтимос қиламан!»

Мени ана шу хат муаллифи билан гаплашишим керак эди.

Хат муаллифи хатига илова қилиб, шеърларини ҳам юборганди. Мактуби сингари шеърлари ҳам равон эди, уни савдойи одам ёзганига ишониб бўлмасди. Машқларини адабиёт бўлимининг мудирига кўрсатган эдим, у ҳам фикримга қўшилди.

Газетага берса бўладими? сўрадим.

Йўқ, бўлмайди, деди у анча кескин, аммо сабабини айтмади.

Бош врач мени анча совуқ қарши олди. Мақсад-муддаомни айтганимдан кейин ҳам ҳолати ўзгармади. Бу эса унинг менга ўхшаш анча-мунча мухбирлар билан мулоқотда бўлганидан далолат берарди. Ниҳоят, у гапимни лабимдан юлиб олиб, навбатчи врачни чақирди ва дабдурустдан буюрди.

Бу мухбир укамизни «шоирлар палатаси»га олиб бориб, «ёзувчи» билан таништиринг! Кўрсинлар, гаплашсинлар. Касаллик тарихини ҳам кўрсатиб, тушунтириб беринг.

«Шоирлар палатаси», «ёзувчи». Бу иборалар менга дафъатан қаттиқ ботди. Чунки ўзим ҳам бир неча йил шеър машқ қилганман. Бир танқидчи шеъримни ўқиб, унда поэтикликдан кўра, сюжетлилик ошиб кетганини, назмдан кўра, насрга мойиллигини уқтирганди. «Бу тийран кўзлар» деб аталган мазкур шеърда лирик қаҳрамон кўзи ожиз бўлиб туғилганини айтиб, кунлардан бирида доктор, бирор кимса қорачиғини берса, олиб ўтказиши мумкинлигини маълум қилади. Ҳеч ким бунга рози бўлмайди, Аммо лирик қаҳрамоннинг онаси иккала кўзини ҳам инъом этади.

Бош врач авзойим ўзгарганини сезиб, ноиложликдан ҳалиги врачни койиган бўлди.

Бундан кейин ўн учинчи палатани «шоирлар палатаси», демайлик. Ҳалиги беморни ҳам ўз номи билан айтиш керак. Тоштемирмиди, нимайди оти?

У врачдан тасдиқ жавобини олгач, менга ўгирилди.

Мабодо аччиғингиз келмасин, шу ҳафтанинг ичи уч киши текширишга келди. Бу Тоштемирвой ҳам дуч келган жойга ёзавераркан...

Менга ҳамроҳ бўлган врач йўл-йўлакай Тоштемирнинг касалиги ҳақида гапирди. Бу асаб касаллигининг махсус тури бўлиб, куз ва баҳорда, шунингдек, асаб бузилганда авж оларкан.

Раҳбарлар устидан ёзгани ростми?

Ростдир. Бизнинг ҳам устимиздан ёзди-ку?

«Шоирлар палатаси». У кечагидек кўз ўнгимда турибди. Коридор деворларига қўлга тушган бўр, кўмир парчаси билан «шеър» битиб ташланганди. Кимлардир ўзича берилиб монолог ўқирди. Коридор ўртасида чойшаб тўшаб олган художўй бир бемор берилиб намоз ўқирди.

Тоштемир ўттиз ёшлардаги озғин киши бўлиб, саранжом-саришталиги билан ажралиб тураркан. Газетадан келганимни эшитиб, қувонди, миннатдорчилик билдирди. Унда девона ёки телбаларга хос бирорта аломат кўзга ташланмасди. Тоштемир жоҳил одамлар ҳақида дилгиргина шикоят бошлаганда ҳам кўзларида босиқ дард кўрдим.

Бу ер ноқулай, дедим унга. – Юринг, санитарлар хонасига кирайлик, баҳузур гаплашиб оламиз.

Ногаҳонда унинг кўзларида олазараклик пайдо бўлди: менга, врачга нохуш назар ташлади.

Бормайман! Биламан мақсадларингни! - деди у кескин, лекин шикаста оҳангда. – Сизлар билан гаплашишни истамайман!

Ҳақиқатдан ҳам у биз билан гаплашмай қўйди. Унинг ўрнига ёшгина йигит келиб, паст овозда шипшиди.

Уни қўйинглар! У - жинни! Ёмон одамлар кўп. Улар бу ерни жиннихона дейишади. Нотўғри гап! Бу ер - руҳий касалхона. Киришда ёзиб қўйибди. Ўқидингизми, ака?

– Ўқидим, – маъқуллаб бош тебратдим.

– Биз руҳлар билан гаплашамиз. Улар ҳамма гапни бизга айтишади, ака!

Врач уни койиб берди. Бечора бир лаҳза жим турди-ю, тағин давом этди:

Менда уйқу йўқ, ака! Кечаси билан юриб чиқаман! Хотиним ўзини осиб қўйди. Тўйимизга бир ҳафта бўлганди, ака...

Тоштемир эса барибир гапирмади.

Мен ҳужжатларга ҳам унча ишонқирамай, бояқишнинг қишлоғига ҳам бордим: унинг қавмлари минг надомат билан ана шу бедаво дардга чалиниб қолганини гапириб беришди.

Шифохонада бўлганимда медицинамизнинг анчайин ожизлигидан ачиндим ҳам. Бу беморларнинг талайи йиллар оша шифо топмаётган экан. Инсоният ақлли механизмлар, компьютерлар, сунъий йўлдошлар кашф этаётган бир дамда, духтурларимиз сочдай келадиган нерв толаларини тиклаёлмаётганлиги ачинарли ҳол эди, албатта…

 

«Айиқлар ва тулкилар»

 

Таҳририятдаги бир йиғилишда кўрган масаламиз кечагидай ёдимда. Тарғибот бўлимида Анваров деган ўттиз беш ёшлардаги хушқомат киши ишларди. У кўп гапирар, иборалари ҳам расмий - газета тили эди. Агар унга «Ассалому алайкум» дейишса, «Бу анчайин диний сўз. Шунинг учун ҳам «салом» дейиш кифоя, жамоатчиликда шундай қабул қилинган. Бу майда-чуйда эмас, аксинча ҳушёрлик» ... - деб бошлар ва унинг гапи охирига етишини сабр-тоқат билан кутишга тўғри келарди. Сарлавҳалари ҳам бир руҳда бўлиб қоларди: «Атеистлар, олға!» «Тарғиботчининг жанговар сўзи» ва ҳоказо.

«Бу эзма билан хотини қандай қилиб яшаркин», ўйлардик гоҳида ва ўзимиз ҳам бу масалани ғоят эзмалик билан муҳокама қилардик.

Йиғилишда айнан шу гап - унинг хотини, йўқ, хотинининг у билан яшамаслиги масаласи муҳокама қилинадиган бўлди.

Бирга яшамасликка азму қарор қилганимизнинг боиси битта, деди Анваров. – Бу ҳам бўлса, умр йўлдошимнинг менга нисбатан бевафолик элементларига йўл қўйишидир. Икки нафар фарзандга эга бўла туриб, шундай қабиҳ йўл тутиши, коммунистик ғуруримни паймол қилди.

У шунақа узундан узоқ муқаддимадан кейин воқеанинг тафсилотини айтишга киришди.

Командировкага кетаман, деб йўлга чиқдим-у, кечаси атайин уйим томон қайтдим ва остонада бегона пойафзал турганини дарҳол илғадим. Шубҳаларим тўғри чиқди, ичкари кирсам, менга тўшалмаган кўрпалар А ... га тўшалибди.

Шундай пайтда ўзингизни қандай тутдингиз? савол беришди.

Журналистга ва коммунистга хос!

Яъни?

Уларнинг шу қилмишлари коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси талабларига зид эканлигини шартта бетларига айтдим! Аяб ўтираманми?

Шундай қилиб, биз унга чора кўрдик. Уй иккига тақсимланди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Анваров Сарахон деган яҳудий жувонга уйланадиган бўлди. Тўйда, асосан, байналминалчилик, халқлар дўстлиги учун қадаҳлар кўтарилди.

Бизга бот-бот шеър олиб келадиган Барқий деган шоир Анваров бугундан эътиборан Абрамов бўлганлигини айтиб, одамларни кулдирди. Негадир «Айиқлар ва тулкилар» деган янги шеърини ўқиб берди.

Аммо тўйдан кейин Анваров ўзгариб кетди: у аввалгидай кўп гапирмас, кулмас, аксинча, одамови, хомуш бўлиб қолди. Бир кун бунинг сабаби билан қизиқдим.

Сўраманг, деди у дард билан. – Сарахон ҳаётимни суғурта қилишни талаб қилаяпти.

Хўш, нима қилибди? – ажабландим. Тўғри-да, страхование қилдиринг!

Катта пулга деяпти.

Хўш?

Аввалги эри ҳам ҳаётини катта пулга суғурта қилдирган экан?

Кейин-чи?

Ўлибди, – деди Анваров дардли ва паст овозда қўшиб қўйди: – Сирли.

Ҳамма пулни ...

Сарахон олибди.

Мен жуда ўксиб кетдим. Қандай қилиб бўлмасин толеи паст ҳамкасбимга ёрдам беришни ўйлай бошладим, аммо мадад ёки маслаҳат беришдан ожиз эдим.

Шундай қилиб, Анваров Сарахондан ҳам ажралиб, охирги бир хонани ҳамда қолган-қутган ашёларни унга топшириб чиқди.

Бир куни судга чақиришди.

Сиз билан мен ҳам бораман, дедим қандай қилиб бўлмасин, бояқишни ҳимоя қилиш ниятида.

Ўшанда ҳинд кинолари таъсирида юрган пайтларим эди. Бу фильмларнинг қаҳрамонлари суд жараёнида сўз олиб, оташин монолог ўқишар, ғоят чигал муаммоларни ойнадай равшанлаштириб, ҳақиқатни рўёбга чиқаришарди. Уларга тақлид қилгиси келарди кишининг.

Мен суд анжуманида сўз олиб, ҳамкасбимни ҳимоя қилиш режаларини туза бошладим. Унинг буди-шудини икки хотини тақсимлаб олиши ўта адолатсиз эканлигини шунақа ошкор этайки, одамларнинг оғзи ланг очилиб қолсин.

Аммо бу ерда мутлақо бошқача манзарага дуч келдим.

Энг аввало, суд биноси таъбимни бузганини айтиб ўтишим керак. У бир қаватли, пастак эди, пойдеворлари шўрланиб, поллари кўчганди.

Шу кўримсиз бинода инсон тақдири ҳал бўлишини сира ҳам истамасдим!

Залда анчагина киши, жумладан Сарахон ҳам ўтирган экан.

Туринглар, суд келаяпти!

Биз гур-р этиб ўрнимиздан турдик. Суянчиғи жуда балан курсиларнинг (эътибор берганмисиз? Нега бунақа бесунақай?) ўртадагисига қорачадан келган, пакана киши келиб ўтирди. Унинг бўйи кресло суянчиғининг ярмига ҳам етмагани, яъни судьянинг салобатсизлиги ҳам дилимни ғаш қилди.

Шу пайт кутилмаганда аскарлар Барқийни олиб киришди. Мен масаланинг моҳиятига тушунмай, Анваровга юзландим.

Ҳозир биласиз, бу ерда бошқа гаплар ҳам бор, еди у дудмал қилиб.

Айбномада баён этилишича, Барқий мазкур залда ўтирганларнинг кўпини лақиллатиб, пулларини олган, алданганлар орасида Анваров билан Сарахон ҳам бор экан. Барқийнинг қармоғига илинганларнинг аксарияти абитуриентлар экан. Уларни юрфакка қабул қилмай туришганда, Барқий пайдо бўларкан-у, ёрдамини аямаслигини шаъма қиларкан.

Таксаси фалон сўм, - деркан у. – Пулни эса буйруқ чиққандан кейин чўзасизлар.

Ҳалигилар рози бўлишаркан. Эртасиёқ ота-оналари, қавм-қариндошларидан пул келтириб, буйруқни кутишаркан. Ниҳоят, Барқий рўйхатга кирган ўсмирларни ректор қабулхонасига эргаштириб бораркан-у, уларни ўша ерда қолдириб, ўзи ичкари кириб кетаркан. Абитуриентлар жон ҳовучлаб, халоскорларини кутар эканлар.

– Сизларни табриклайман, - дер экан Барқий анча ҳаялликдан кейин у ердан чиқиб. – Ректор имзо чекди. Мана!

Қалбаки ҳужжатда ўз фамилияларини кўрган «бўлажак қонуншунослар» бир чеккага ўтиб, омонатни эгасига топширар эканлар.

Анваров билан Сарахонга эса Барқий тўрт хонали квартира олиб бермоқчи экан. Дарҳақиқат, ваъдасидан бирор ҳафта ўтар-ўтмас, шаҳар ижрокоми бланкасига ёзилган қарор билан, янги калитни уларга тантанали топширибди, қизғин табриклабди. Пулни санаб олишдан олдин эндигина уч қавати кўтарилган бинони кўрсатибди.

Бу бино нақд икки ойдан кейин топширилади,: биринчи подъезд, тўртинчи қаватдаги уй сизларники.

Сарахон шартномада кўзда тутилганнинг устига тағин пича қўшиб, иккинчи қаватга алмаштиришни сўраган экан, Барқий зўрға рози бўлибди ва (магазиндан) бошқа калит келтириб берибди.

Айбдор, сизга сўз берилади, деди ниҳоят судья бир қатор расмиятчиликлардан кейин, маъмурларга хос фармойиш билан.

Барқий эса хотиржам эди: қора курсидамас, ресторанда ўтиргандай эркин тутарди ўзини.

Мен айбдор эмасман, деди у ишонч билан ва атрофга аланглаб қўшиб қўйди: – сигарет топиладими?

Судянинг жаҳлга минишига қарамай, кимдир унга сигарет узатди.

Барқий нописандгина рад этди.

Филтрлисидан чекаман.

У бир лаҳза сукутдан сўнг жавобга ўтди.

Мен ҳақиқатнинг ғолиб кучига, тантанасига ишонаман! Лекин бугунги суд жараёнини кўпикдай омонат ва энг муҳими, ҳақиқатга зид деб биламан!

Масаладан четга чиқмай, саволга жавоб беринг! – унинг сўзини бўлди судья. – Ректор билан нима ҳақда гаплашдингиз?

А, ундан интервью олдим, жавоб берди у хотиржам. – Бу йилги қабул ҳақида. Устоз илтимос қилувдилар, - қўшиб қўйди Анваров томон имлаб.

Анваров тан олди ва ўзини оқлаш учун бўлса керак, Барқийни газетанинг жамоатчи мухбири эканлигини узундан-узоқ тушунтирди.

Нега устозингизни лақиллатиб, пулини олдингиз? - Барқийга савол берди суд маслаҳатчиси.

Устозимни алдаганим йўқ, - тан олмади Барқий. – Унинг хотинида бир оз ҳаром пул тўпланиб қолганди, ўшани олдим, холос. Аввалги эри ҳаётини катта пулга суғурта қилиб, бу ойимтилланинг қўйнида Азроилга жон таслим қилган. Инсоф, диёнат қани? Лекин мен шунисига ҳайронманки, ана шундай қабиҳ йўл тутган аёл даъвогар-у, мен бўлсам, қора курсида ўтирибман! Ёки мана бу ғалча бойваччаларни олинг! Булар пул бериб, юрист бўлишмоқчи. Жамиятга шунақа қонун ҳимоячилари керакми? Йўқ, керак эмас! Аслида, қора курсига мен эмас, ана шулар ўтириши керак! Зотан мантиқ ҳам шуни тақозо этади. Демак, ё буларни ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз ёки мени озод қиласиз!

Залда ғала-ғовур бошланди. Барқий монолог ўқишдан бир лаҳза тин олди, судья одамларни тартибга чақирди. Айбдор анча юмшоқ оҳангда давом этди:

Муҳтарам судья, ҳурматли маслаҳатчилар! Буларнинг бари даъвосидан кечишга рози. Майли, дастлабки тушунтириш хатларини олиб, бошқасини ёзиб беришсин, сизлар ҳам ишни ёпиб қўяқолинглар. Бизга раҳм-шафқат қилинглар. Кўриб турибсизлар - баримиз ёшмиз, ёшлик эса бебошликдир. Мен шоирман - халқимга керакман! Бунинг устига одамлардан олган ортиқча пулларни аҳволи ночор кишиларга тақсимлаб берганман! Гувоҳларим бор. Улар залда ўтиришибди.

Судья негадир бу гувоҳлар билан қизиқмади. Яна анча тортишувлардан кейин ҳужжатларни қайтадан терговга топшириш зарур, деган хулосага келишди. Суд мажлиси кейинга қолдирилди.

Ниҳоят, суд Барқийни саккиз йил муддатда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу масала бизда ҳам муҳокама қилинди. Барқийга мандат бергани учун Анваров ишдан четлаштирилди, раҳмдил муҳарриримиз уни суғурта идорасига ишга жойлаштириб қўйди...

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий