Ер
миналаридан фойдаланиш халқаро қонунлар билан таъқиқланган. Шунга қарамай, биз қўшни
республикалар чегараларига минглаб
миналар кўмдик. Бу, аслида, кўп йиллик дўстликка қўйилган бомбалар эди.
Кейинги маълумотларга қараганда, бу миналар
474 кишининг жонига зомин бўлган экан. Ногирон бўлиб қолганлар қанча. Уларнинг
аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, чўпонлар, туристлар, лола тергани чиққан болалар, қўшни қишлоққа тўйга ёки азага бораётган бегуноҳ
кишилардирлар. “Қизил китоб”га кирган жониворлар, чорва моллари ҳақида айтмай
қўяқолайлик. Аммо бирорта жангари, қурол ёки наша сотувчи минага дуч келгани
ҳақида маълумот йўқ!
Ҳозир ҳам минглаб миналар ўз қурбонларини кутиб ётибди. Уларни топиб,
зарарлантириш жуда мураккаб юмушлигини айтишмоқда.
Бу жиноятлар учун кимдир жавоб бериши зарурку,
ахир!
Мен бу мавзуда “Айиқ эргаштирган амаки” деган
ҳикоя ёзиб, 2008 йилда эълон қилинган “Фожиа” китобимга киритган эдим.
Хоҳишингиз бўлса уни қуйидаги тармоқдан
ўқишингиз мумкин.
https://nusratrahmat.blogspot.com/
АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ
- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум тин
олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига
ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар,
тўқайлар чиқар ва уларнинг енгиб ёки
четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи
олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун
ва бошқа егуликлар билан сийлашарди. Айиқ
эса турли илдизпоялар, парранда тухумлари,
жониворлар билан нафсини қондирарди.