вторник, 2 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 2

Бу нохушликдан экки кун дилхун бўлиб, хобгоҳдан чиқмадим. Бад ялғузлик тортиб, навбатда турадурғон хотунга дедимки: «Бир мўмин-мусулмон ҳамро бўлса. гурунг қилиб ётур эрдим». Деди: «Харашо, ман койиш қилурман». Кулбаи танг-у, торимга ўтуруб, бозорни, бедаво Искандарни ёдга олиб турғон маҳалим эрдики, эшик очилиб, бояги хотун бир алвастисуроб, яввойибашара одамни етаклаб келди. Ани кўруб, нафасим ҳиқилдоғимга тиқилди. Анинг соч-сақоли поки кўрмаган, ўзи сарлуч, камзули ҳирснинг пўстидан, чоруғи ҳам, оллуҳу-аълам, бирор махлуқникидур. Ўзи пакана, чўққисақол, абгор бўлиб қолганлардан. Хотираларингда бўлса, бултур саратон маҳал бола-чақа бирла шаҳар тушиб, «Дерсу Узала» деган бир кинони тамоша қилиб эрдик. Бу мўйсафид ўша Дерсу Узала деган чолнинг қўйиб қўйган нусхаси эрди.
«Бу киши сизга ҳамхона бўладилар», деди, навбатчи заифа манга. Бадазон ул алвастисифат мўйсафидга ўқдурдики, интизом бисёр қаттолдур, бу жойни Москов деюрлар, зинҳор ва зинҳор Тайгадаги тўқай эмасдур. Магарким издан чиқса, бисёр нохушликлар бўлғай. Боз каминага ишора айлаб айтдики: «Бу одам ҳамхонадур, жумбоқки бордур, санга айтар ва дағи кафилдурсан». Иллоҳ, кайфим учди. Ул заифага дедимки: «Меҳмон хурракаш йўқдур, боз шаробга мойил эмасдур?» Ул хотун авоз кўтариб, савол айлади, бисёр ишоралар кўрсатиб, саъй-ҳаракатлар қилди. Локинда бадбахт чол забонни тушунмоқдин ожиз эрканми, чулдираб арзу дод изҳор қилди. «Маники Тайга, маники Тайга», деди. Заифа бу яввойидан зудлик билан қутулиш пайида хайру хушни ҳам насия қилди-ю, эшикни ёпди. Ҳамхонаи ногаҳон ҳамон қаққайиб турур, ундан бадбўй ҳид келур эрди. «Сан – Осиё?» алқисса савол айлади у шаҳодат бармоғи бирла қорнимга ниқтаб. Маъқул ишорасида бош тебратдим. Бадазон забонга кириб, тахминимча исму шарифини, авлоду аждодини, пушту камарини гапурди. Хотири ожизимга бир калом ҳам қолмади. «Сан – Дерсу Узала?» дедим ҳазиломуз кулиб. Ул бадбашара мамнун бўлди, кулиб маъқул ишорасини бажо келтирди. Турфа ишоралар ва чалазабонлик ила гуфтигу қилмоққа киришдик. Сўроқ айладимки, не дард бирла Москов сафарин ихтиёр этмишдур. Пайдар-пай калом ҳамда имо-ишора ила сардафтарини очди; дилхунлик, дилтанглик ила сухан юритди. Фаҳми ожизимча, арзу дод бирла подшоҳ ҳазрати олийларига кирмоқ ниятинда экан. Дунёга келгандан то бугунги рўзгача бешазорларда, дарёлар яқосинда умргурзонлик қилғонини, шаҳар деб номланмиш аждаҳо комига илк бор рўбарў бўлганини арз қилди. Подшоликка не арзи бор – ҳарчандки такрор қилди – фаҳмига бормадим. Ғарибу нотавонлигидан надомат тортиб, шанғи овоз бирла гап берар, танаффус қилмасди. Камина андак дилтанг¬лик-у, дилранжлик тортиб: «Эмди сукут сақла, ором олур вақти етди», дедим. Локинда ул вайсоқи жаврашдан даме олмасди. Дарду ҳасратини тўкадурғон ҳамхонага муштоқ эканму, шўрлик боз баланд пардаларда гўфтигу қилар, лекин фаҳмига етмоқ ҳамон мушкул эрди. Фақир бу дарди бедаводан андак халос ўлмоқ илинжида чаппа ёнбош тортган эрдимки, елкамга уруб: «Эй Осий, эшит», деб ғалча забон бирла надоматлар тўкур эрди. Бу бадбахт баччағардан кўзумни олмасам ҳамки, андин халос бўлиш мўлжалини ўйлар эрдим. Локинда осмон – олис, замин бўлса – қаттиқ. «Дерсу Узала оға, дедим юмшоқ оҳангда, эмди ювиниб, ухламоқ фурсати етди». Бад бу калтафаҳмга тартиб-қоидаларни бир-бир гапурдим. Аммо тирикликнинг бу тарзи анинг табиатига ёт эрди. Бир маҳал ҳожатхонага кирди ва ҳаял ўтмай чиқиб, мани чорлади. Фикр қилдимки, бирор жумбоқнинг фаҳмига бормади. «Эй Осиёлик деди, унитаз устиндаги ипга ишора айлаб, сан бу ипни тортиб тур, мен қуйидан су ичурман». «Эй, бадбахти бефаҳм, дедим, қайсиям тўқумтабиат бу жойдан су ичур?! Бу жой ҳаромдур!» Бадазон пиёлага тўлдируб су бердим. Начора, ул дилшикаста шўрликка гуноҳ йўқ. Бедаво сержоғ боз сафсата сотмоққа киришди. Фаҳмимча айтдики: рўзғорга шайтон бирла арвоҳлар аралашдилар: қут-барака учди, ўғил-қизлар ғарибни тарк этдилар. Дарёдан лаққа бирла зоғора тутиб, рўзғор тебратар эрдим, эмди балиқлар ҳам ман бадбахтдан юз ўгурдилар. Ушбу ноомадликларнинг жами, шайтонлар бирла арвоҳларнинг қаро қилмишидур». «Эй гумроҳ, дедим, шайтону арвоҳга бало борму?! Эмди алар йўқдур!» Дедики: «Осиё¬лик – сан соддасан – билмагайсан. Алар бисёрдур, валек бу кунларда одам қиёфасинда юрурлар. Бу унсурларнинг аксари идораларға кириб олганлар ва боз усталшиндурлар». Во эмди гапга кўнсачи. «Дерсу Узала, дедим сабр косам тўлуб, ухламоқ фурсати етди: дам олмоқ жоиздур. Боз саҳармардонда турурмиз. Алқисса рози бўлди. Локинда каравотнинг устига ётмай, анинг тагига кирмоқ ташвишга тушди. «Эй саҳройи, дедим, бунинг устига ётурлар – таомил шундоқдир. Айтдики: «Сан устига ёт, мен такка. Боисики, заминжунбуш бўлса, тирик қолурман. Боз: панага кирсам, арвоҳи лаинлар мани тополмай чекинурлар – балои қазодан ҳоли бўлурман.
Саҳар турсам, ҳамхонамдан ному нишон йўқ, ҳайрону лол бўлдим. Андин қайта дарак бўлмади. Дуо қилдимки, худои карим корига кушоиш берсун!
Насиб ўлса, бақиясини битурман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий