вторник, 25 мая 2010 г.

САМАРҚАНДНИНГ ТЎРТИНЧИ МУЪЖИЗАСИ

2006 йили Ўзбекистоннинг етти муъжизаси эълон қилинганидан хабардор бўлсангиз керак. Ана шу етти муъжизанинг учтаси Самарқандда бўлиб чиқди. Булар –
Регистон мажмуаси ( 1-ўрин)
Шоҳи Зинда ёдгорлиги ( 3-ўрин)
Бибим Хоним масжиди ( 5-ўрин)
(Батафсил маълумот Интернетнинг nusratrahmat.blogspot.com сайтида) Кўриниб турибдики, бу биноларнинг бари XIV-XV асрларда бунёд этилган. Ўтган олти аср давомида шуларга монанд бирорта ёдгорлик тикланмаганлиги надоматли ҳол, албатта. Бу эса ўз навбатида Темурийлар даврининг улуғ салтанатидан далолатдир.
Тарихда бу муъжизалардан ошириб қўйиш ёки, ҳеч бўлмаганда, уларга тенглашиш учун ҳаракатлар бўлган, албатта.
Шаҳар Россия томонидан мавҳ этилгач (1868 йил) янги шаҳарга асос солинди. Генерал губернатор Абрамовнинг фармойишига биноан бу ерда бунёд этилган булварнинг тенги ҳозир ҳам Марказий Осиёда йўқ.Унинг расмий номини бир неча бор ўзгартирган бўлишса ҳамки, одамлар уни Абрам булвари, деб аташни тарк этишмаган.
Бундан ташқари ҳам Оврупо меъморчилиги услубида бир неча бинолар қад кўтарди. Офицерлар уйи, губернатор қабулхонаси, черковлар шулар жумласидандир. Бу обидаларнинг бари ҳозиргача яхши сақланган ва ЮНЕСКО ҳисобида туради. Гарчанд улар шаҳримиз кўрки ва фахримиз бўлса ҳамки, муъжизалар руйхатига киритиб бўлмайди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида яъни шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи олдидан ҳам тарихий обидалардан устун бўлган аср биноларини бунёд этиш шиори ўртаган ташланганидан хабардорман. Шунда опера ва балет театри биноси, ўн қаватли меҳмонхона, музей биноси, тўққиз қаватлили тураржой бинолари лойиҳалаштирилди ва бунёд этилди. Ҳа, улар ўз вақтида энг баланд ва кўркам бинолар эди. Аммо негадир, ҳусн-тароватини тез йўқотди. Айримлари бузиб ҳам ташланди.
Ҳамма санъатлар тин олганда, архитектура тилга киради, дейишади. Назаримда бу бинолар ўз қўшиғини айтиб бўлди.
Бугун Самарқанд тағин ишчи кийимида. Ҳукумат томонидан шаҳарни ободонлаштиришнинг кўп йиллик лойиҳаси ишлаб чиқилган ва жуда катта кўламдаги қурилиш, ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Тўғри, шаҳарнинг навбатдаги муъжизавий биносини бунёд этиш, қадимий обидаларни ортда қолдириш шиори йўқ. Аммо ўзгаришлар катта. Ҳатто консервациялаш, яъни сақлаб қолиш ҳам мумкин эмас, деб ҳисобланган маҳобатли Биби Хоним масжиди таъмирдан чиқарилди. Шаҳардаги деярли ҳамма коллеж ва лицейлар янги биноларга кўчиб ўтдилар. Аэропорт, темир йўл вокзали, Регистон майдони таниб бўлмас даражада ўзгарди. Шаҳар магистрал кўчалари атрофидаги дўкон ва ошхоналар олиб ташланди. Йўллар кенгайтирилди. Йил бошидан бери 20дан ортиқ тураржой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Улуғбек обсерваториясида ва шаҳарнинг бир неча нуқталарида ўлкан қурилишдар бошлаб юборилди.
Шаҳар ландшафти ҳам эътибордан четда қолган эмас. Истироҳат боғлари, хиёбонлар чирой очмоқда.
Аммо муаммолар, жумбоқлар ҳам йўқ эмас.
Шўролар даврида шаҳарда ўлкан уй –жой қуриш комбинати бор эди. У қўп қаватли уйлар учун тайёр панеллар, плиталар ишлаб чиқарарди. Аммо тўқсонинчи йилларнинг бошида амалдорлар унинг бор будини пуллаб юборишди ва ўрнига бозор очишди. Бу корхонани қайта тиклаш ва шаҳарда ўн қаватли ва ундан ҳам баландроқ бинолар қуриш лозимга ўхшайди. Ҳозир шаҳарнинг марказида қурилаётган тўрт қаватди уйлар ўн-йигирма йиллардан кейин маънан эскириб қолиши ҳеч гап эмас.
Шаҳар табиатини кўркамлаштириш ҳақида ҳам турфа фикрларни эшитиш мумкин. Шу йилнинг ўзида минг тубдан ортиқроқ чинор дарахти кундаси билан қўпорилди. Тўғри, уларнинг аксари йўл ёқаларида эди ва уларни кесмай кўчаларни кенгайтириб бўлмасди. Аммо генерал губернатор томонидан истироҳат боғига ўтқазилган чинорлар ҳам кундаков қилинди. Чинор сукут сақлаган ҳолда ўпкамиз учун кислород ишлаб чиқаради, микроиқлимни вужудга келтиради, шаҳарликларни қуёш нуридан сақлайди.
Чинор минг йил яшайди, дейишади. Аммо бизнинг муносабатларимиз у ёки бу дарахтга нисбатан ҳар йигирма йилда ўзгариб туради. Ҳозир истироҳат боғлари, аллеяларга асосан қрим қарағайи билан каштан ўтқазилмоқда. Бир неча йил ўтиб, улар ҳам шаҳар ёки вилоятнинг келажакдаги раҳбарларига ёқмай қолиши ҳеч гап эмас.
Шаҳарда шов-шувлар ҳам оз эмас. Бир неча вазирликлар Тошкентдан Самарқандга кўчирилармиш, йирик ва бетакрор стадион, мажлислар зали қурилармиш, деган гап сўзлар қулоққа чалинади. Бу эса ахборот танқислиги оқибатидан бошқа нарса эмас.
Гарчанд, ҳозирча шаҳарнинг тўртинчи муъжизаси бунёд этилмаётган бўлсада, у кундан-кун гуллаб-яшнаётганлигини тан олиш керак.
Аслида, бизнинг замонда шаҳарликларнинг уйида доимий газ, электр, тоза сувнинг бўлиши, яъни инфраструктуранинг мукаммал ишлаши ҳам ўзига хос муъжиза эмасми?

Комментариев нет:

Отправить комментарий