вторник, 13 января 2026 г.

Анжирзор ҳангомалари

 


Anjirzor suhbatlari

 


Anjir sayli

 


САРҲИСОБ - 6

 8-феврал куни набирамиз Парвинанинг фотиҳа тўйи бўлиб ўтди. У,  иккинчи қизим - Дилафрўзнинг фарзанди. Ёши - 18 да. Коллежни битириб, Ёшлар марказида ишлайди.Ўтган йил олий мактабга киролмади.

   Парвинанинг  эртароқ турмушга чиқишига монелик қилмадик. Баръакс,  ота-онасини шунга даъват этдик. Боиси: илк эвара кўришга бўлган истагимиз устун келди. Бунинг устига, қуда томон дилимизга “жиз” этди.
   Бўлажак қуда авлодини ёшлигимданоқ биламан. Зеро, ургутлик  Набиевлар кўпчиликка таниш. Шўролар даврида улар катта лавозимларда ишлашарди. Бўлажак куёвнинг отаси фалсафа бўйича профессор Фарҳод Набиев билан йиғилишларда учрашиб турамиз.  Унинг эгизак ўғиллари - Ҳасан, Ҳусан Лондонда иқтисодчилик курсида таълим олишаркан. Иккаласини бирайўла тўй қилишмоқчи экан. Ҳусан билан Парвина учрашишди ва бир бирига маъқул бўлди.


   Унаштириш тўйи “Афсона” ресторанида  ўтди. Тахминан 300 кишига зиёфат бериб,  нон синдиришди. Ҳаммамиз ўша ерда бўлдик.
 Бу ўринда қизимиз Дилафрўз,  куёвимиз Ашраф ва уларнинг хонадони ҳақида ҳам маълумот бермасак, суҳбатимиз тўмтоқ бўлиб қоладигандай.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг мухбири сифатида Ғаллаоролга боргандим. Меҳмонхонада аллақандай зарур мақолани қоғозга тушираётганимда,  мендан ёши жилла каттароқ киши кириб келди. У менинг ҳамхонам эканлигини дарҳол фаҳмладим. Биз енгилгина саломлашдик. “Меҳмон юринг, чой ичиб келамиз”, деди у бир оздан кейин.  Мен ишим кўплигини айтиб, узр сўрадим. Ҳамхонам бирор соатдан кейин кириб келди. “Меҳмон, концерт бор экан, иккита билет олдим”,  деди ўзини каминага яқин тутиб. У кишининг гапидаги тожикча лаҳжани сезиб қолдим ва қаердан эканлигини сўрадим. “ Самарқанд районидан”, деди  шеригим. “ Мен ҳам ўша ердан” жавоб бердим ва бир беихтиёр тожикча гаплашиб кетдик.
   Ҳамхонам Садри ака Аҳмедов билан йўлма-йўл ва концерт бошлангунча гаплашдик. Бу ерга  маҳаллий саноат бўлими бошлиғи бўлиб келган экан. Гилам тўқиш, ҳалвопазлик цехларини ишга туширибди.
   Орадан тўрт беш йиллар чамаси вақт ўтгач, Садри ака ҳам қайтиб келди ва районимизда ишга жойлашди. Уйларига меҳмон бўлдим ва у кишининг саксондан ошган отаси билан танишдим. Бу отахонни Ҳожи Аҳмад бобо дейишаркан. У киши октябр инқилобидан олдин карвон билан Маккаи Мадинага бориб келган эканлар. Буёғи бир оз эртакка ҳам ўхшаб кетади. У кишини тоғаси олиб борган экан. У ердан қайтиб келишда,  жияни касалланиб қолибди. Карвонбоши болани ўлатга дучор бўлганлигини тахминлаб, уни ташлаб кетишни буюрибди. Тоға худонинг зорини қилиб,  ёлворса ҳам қулоқ солмабди. “Ундай бўлса, мен ҳам у билан қоламан, дебди тоға. Қарангки, касаллик тоғага ҳам юқиб, ўша ерда жон берибди. Болани чўпонлар топиб олиб, кучга киритибдилар. Орадан бир неча йиллар ўтиб, ҳожи Аҳмад қайтиб келибдилар.
Ҳожи Аҳмад бобо юз ёшдан ошгандан кейин инсульт бўлдилар. Садри ака билан янга у кишига узлуксиз меҳрибонлик кўрсатганларидан хабардорман. Садри ака оталарининг соқолини тарашлаб қўяр, ҳаммомга киритиб ювинтирар ва бу заруратларни ихлос, меҳр билан амалга оширарди. Бўлажак куёвимиз Ашраф бобосининг ёнларидан кетмас, у кишининг истакларини нигоҳлариданоқ фаҳмлаб оларди.
   Хуллас, шу оила билан қуда бўлдик. Кейинроқ Садри ака ҳам Ҳажга бориб келдилар. Ҳозир у киши ҳам тўшакка михланиб қолган. Тўрт йил олдин  миясига қон қуйилди. Кейин янга ҳам касалланиб қолди. Қизимиз Дилафрўз ТВдан бошловчи эди. Ишдан чиқиб, беморларга қарашадиган бўлди.  Ашраф ҳам фарзандлар, шу жумладан Парвина  ҳам беморлардан узоқлашишмайди. Оила шаҳардан ҳам уй олган. Қишда “дом”га кўчиб келишади.
   Мен бу хонадонда бўлганимда оқибат ва инсон қисматлари ҳақида ўйлаб қоламан. Бизнинг ҳар биримизни қандай кунлар кутаётганидан бехабармиз. Тўшакка михланиб қолишдан, илоҳим Худонинг  ўзи асрасин. Мабодо шундай бўлиб қолса, меҳрибон ўғлимиз, келинимиз, набирамиз борми?
   Хуллас, шунақа гаплар. Ана шу беморлар дуосини олган Парвина ҳам бахтли бўлар, деган умиддамиз! Зеро, Худодан  илтижомиз ҳам шудир!

САРҲИСОБ-5

    Рухсора  иккаламиз ёлғиз қолиб, беихтиёр,  бу ёруғ дунёни ногаҳонда ва  барвақт тарк этган  қадрдонларни хотирлаб қолдик.   Мўмин Шерқулов, Фазлиддин Султонов, Холкарим Расулов ва бошқаларни эҳтиром ила ёдга олдик, уларнинг олийжаноб хислатларини сифатладик.

   Номини тилга олган биродарларимнинг бари мендан тахминан ўн ёшлар катта эди. Ўзимдан ёши анчайин катта  кишилар  билан бунчалик дўстлашиб қолганим сабабларини  эса ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Лекин худди тенгдош  дўстлардек эдик бу жаннати инсонлар билан.
    Бугун шулардан бири - Мўмин Шерқулов  ҳақида ёзгим келди.
   Бу ашраф инсон  билан агрофакда бирга ўқиганмиз. Ўқишнинг дастлабки ҳафталари,  анчайин деҳқонча кийинган, ёши катта бу ҳамкурсимизга жилла мавҳум ва нописандроқ муносабатда бўлганмиз. Бир куни декан ўринбосари уни ўрнидан турғизиб,  саволлар берди.
    Шерқулов қизилтепалик эканлиги,  курсни битириб,   колхозда бош агроном бўлиб ишлагани, билим ва диплом олиш зарурати уни институтга етаклагани;  хотини, тўрт нафар боласи билан  келиб,  ижарада яшаётганлигини гапириб берди.

   Бора-бора бу ҳамкурсимиз ҳаётий тажрибада  ҳаммамиздан устунлигини намоён қилди ва унга нисбатан ҳурматимиз ошаборди. Ҳар гал амалиётга чиққанимизда, декан у кишини бизга  раҳбар қилиб тайинларди.
    Институтни битиргандан кейин Мўмин акани институтнинг ёрдамчи хўжалигига агроном қилиб қолдиришди. Кўп ўтмай,  у ерга раҳбар бўлди. Бир неча йилдан кейин эса “Боғизоғон” совхозига директор қилиб тайинлашди.
   Мен бу орада совхозда агроном-энтомолог бўлиб ишладим, кейин вилоят газетасига ишга олишди. Лекин Мўмин ака қаерда бўлса, бориб турардим. У киши билан оилавий борди- келдимиз  ҳам бор эди.
   Раҳматли Мўмин ака бағоят самимий одам эди. Самимий кишилар эса  ишонувчан, беғубор  бўлишади.  У киши  совхозда директор бўлганда мен “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири эдим. Бир куни совхозга борсам, директор машина-трактор паркида эканлигини айтишди. Ўша томонга  йўл олдим. Биродарим ташрифимдан қувонди ва қилган ишларидан кўра режалари ҳақида кўпроқ гапирди. “Молдавиядан токарлик  станоги олаяпмиз, қўшни хўжаликлар техникасини ҳам  ўзимиз таъмирлаб берамиз”, деди  у киши.  Кейин борона бўяётган икки киши томон имлаб:  булар ўша ердан келган вакиллар эканлигини, станоклар келгунча бекор туришни истамаганликларини  гапирди.
  Мен ҳам ҳеч нимарсадан шубҳаланмадим ўшанда. Орадан бирор ҳафта ўтгач, вилоят газетасида  ишлайдиган ҳамкасбим, анчайин ташвиш билан: “Цыганлар бародарингизни катта пулга  тушириб кетибди, бари қаллоблар экан” деб қолди.
   Аён бўлишича, ҳалиги борона бўяётганлар  лўлилар экан. Мен бориб-келгандан кейин уч кунлар ўтиб,  уларнинг хотин-халаж, бола-чақалари идорага бостириб келишибди. Лўлилар атамани қўлидаги ойболтани ўйнатиб, директорга юзма-юз бўлибди ва ҳисоб-китоб қилишни талаб этибди. “Тезроқ бўл, ҳақимизни тўла, дебди. Вақтимиз зиқ, бизни Бухорода кутишаяти. Тўламасанг, хотин-халажга айтаман, дабдалангни чиқаришади, булар жуда шалаққи” қўшиб қўйибди. “Қанақа ҳақ,” ажабланибди Мўмин ака. “Фалон минг сўмга шартнома тузилиб,  ҳар икки томон имзо чеккан  пул”,  деб қоғозни кўрсатибди. “Ҳақимизни тўламагани учун бир директорни болта билан чопиб ташлаганман, менга ҳеч нима дейишмади, чунки қонун мен томонда эди” дебди.
    Қарангки, Мумин ака  “Биз молдавиядан келган меҳмонлар” деган гапга ишониб, оғзаки шартнома тузган ва уларнинг таклифи билан тўлдирилмаган қоғозга имзо чекиб юборган экан. Булар шартномани ўз ихтиёрларича  тўлдириб, директорни катта қарзга ботириб қўйишибди.
   Районга -  прокурор,  милицияга сим қоқишибди. Райкомни хабардор қилишибди. Бир маҳал прокурор билан милиция бошлиғи кириб келса, икки лўли аёл қўлидаги боласини зудлик билан уларга тутқарибди. Болакайлар бўлса худди ўргатилгандай зум ўтмай, қонун ҳимоячилари кўйлагини ҳуллаб қўйибди. “Сизлар қонунни ҳимоя қилинглар, дейишибди аёллар, золим директордан пулимизни ўндириб беринглар.”   Прокурор билан милиция бошлиғи болаларни эгасина топшириб, зўр келса, қочмоқ ҳам ҳунар, деганларидек, жуфтакни ростлаб қолишибди. 
   Бир вақт масалани ҳал  қилгани бағоят  зебо кийиниб юрадиган, нуқул русча гапирадиган райижроком раиси  келибди. Бу бева аёлни айнан ана шу хислатлари учун ижроком раиси қилиб тайинлашган бўлишса ажаб эмасди ўшанда.
  Лўли хотинлар уни кўришлари билан ўраб олишибди “Сен директорнинг хотини ёки ўйнашига ўхшайсан, дебди улардан бири, унга айт ҳақимизни берсин”.  Бу билан қаноатланмай ижроком аёлнинг, тилла занжирини тортиб олишибди.
   Кейин обкомнинг иккинчи котиби келибди. “Буларни жазолаш мумкин эмас, дебди у Шерқуловга, пулни топиб беринг!”  Директор бунча пули йўқлигини айтган экан, у ўзича ёрдам берибди. “Биз банкдан қарз олиб берамиз, сиз кейин маошингиздан тулайсиз”.
   Шундай қилиб, лўлиларни ҳам кўндиришибди. “Энди сизларни автобус билан қўшни Қашқадарё вилояти худудига элтиб  қўямиз,”  дебди обком котиби. “Биз  у ердан яқинда келдик, яхшиси, Бухоро вилоятига борамиз, дебди атаман.  У ердаги раҳбарлар билан тузилган шартномалар бор”.
   Шундай қилиб, кутилмаган, ногаҳоний ва беор меҳмонларни ясама иззат-ҳурмат билан қўшни Бухоро  вилоятидаги  колхозга тушириб келишибди.
   “Боғизоғон”га ҳол сўраб борганимда, Мўмин аканинг кайфияти тузук эди. “Ҳеч қиси йўқ, деди у киши сигирни сотдик, икки-уч ойда қарздан қутуламиз.”  “Пул берай десам, ўзим ҳам ойликдан орттирилмайман” дедим. “Лекин сиз бошқа бир иш қилишингиз мумкин, деди  киши. Лўлиларни қўшнининг ерига қўйиб келиш доно иш эмас. У ерда ҳам бу масхаравозлар кимларнидир қақшатиши аниқ. Газета  орқали хўжалик раҳбарларини огоҳлантириш керак, токи ҳушёр бўлишсин, менга ўхшаб чув тушишмасин.”
     Кўп ўтмай  “Қишлоқ ҳақиқати”да “Огоҳ бўлинг: қаллоблар” деган мақолам босилди.   Муҳаррир атайин сим қоқиб, мақола “юқори”га маъқул тушганини, қишлоқ хўжалик вазирлигининг топшириғи билан  жойларда ўрганилаётганлиги айтганди.  Бу - мен учун қувончли эди, албатта. У вақтларда газетанинг тиражи катта, мавқеи баланд эди.
   Мўмин Шерқулов совхозда кўп ишламади. Самарқанд туманига, ҳалиги бева аёлнинг ўрнига ижроком раиси бўлди. Бир йилдан кейин эса саркотибликка сайлашди. Туманга раҳбар бўлиб ҳам нақ бир йил ишлади. Уни  ишдан олишди. Биродаримга қўйилган айбни гапирсам, Худо ҳаққи кулгингиз келади.
   Ўша пайтларда мафкура бўйича котиба Р. Абдуллаева миллий урф-одатларимизга, жумладан наврўз байрамига ҳам қарши чиққан пайтлар эди. Ёдимда: Тошкентда Ёзувчилар уюшмаси йиғилишида у наврўзни, форсийзабон халқларнинг байрами, унинг бизга алоқаси кам,  деди. Ёш шоир Мирзо Кенжабек: “Бу қандай гап, байрамнинг ҳам миллати бўладими”  деди.
   Хуллас, бу аёл катта йиғилишда  Мўмин акани қаттиқ танқид остига олди.  Аён бўлишича, у киши  совхозда директор бўлганида, қишлоқдаги бир қабристонни обод қилган экан. Бу қабристонда бир авлиё кишининг ҳам қабри бор экан. Табиийки,  шу  вайрона жойга ҳам қувур тортиб, сув келтиришибди, қабр ғиштларини қайта териб,  атрофига гуллар экишибди.
   Абдуллаева бу ҳолни очиқчасига ашаддий хурофот, сиёсий кўрлик, коммунистик ғоялардан чекинишга  йўйди. Шерқуловни ишдан олишди.
   Шундан кейин Мўмин ака Зарафшон дарёси соҳилларидан руслар арзон-гаровга сотиб кетаётган бир неча дала-ҳовлиларни харид қилиб, токзор, боғ барпо  қилди, иссиқхона қурди. Аёли билан ўша ерга кўчиб борди. Мен Рухсора билар, гоҳида эса бола-чақаларни олиб борардик. Жомакорни кийиб олган бародаримиз ташрифимиздан беҳад қувонар, бизни мева, сабзавот билан сийлаш ташвишида бўларди. Суҳбатимиз эса поёнига етмасди.
   Аммо бу ҳол ҳам узоқ давом этмади. Ҳукуматда ўзгаришлар бўлгач, Мўмин Шерқуловни тағин совхозга директор қилиб тайинлашди. Бир йилдан кейин эса Тайлоқ туманининг ҳокими бўлди.
   Мўмин Шерқулов 75 ёшида инфарктдан жон берди.
   У кишининг оиласи билан  борди-келдимиз ҳозир ҳам давом этади.

САРҲИСОБ - 2


Ҳаётимдаги муҳим воқеалардан бири Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон давлати, Ҳинд океани соҳиллари бўйлаб ўтказган сайёҳатим бўлди. У ўлкалардан катта таассурот билан қайтдим.
   Дубай шаҳри мени ҳайратга солди. Саҳрода қисқа  муддатда шундай шаҳар барпо этганларга тасаннолар бўлсин!  Эҳтимол, ҳамма гап нефтда ҳам эмасдир. Бу ерда қазиб олинадиган нефт, масалан Туркманистондан анча кам. Аслида  бир ҳовуч тиллоси бўлган довдирдан қўлида ҳунари бўлган уддабурро тадбиркор афзал.

   Бу ерда туризм ва савдо яхши ривожланган. Ҳозир одамларни тарихий обидалардан кўра савдо кўпроқ жалб қиладиганга ўхшайди. 163 қаватли осмонўпар Бурж Халифа биносининг 145 қаватига тезюрар лифтлар билан чиқдик ва шаҳар Форс кўрфази билан саҳро орасида жойлашганига гувоҳ бўлдик.
    Ёзда ҳаво ҳарорати 60 даражага кўтариладиган, қор нималигини билмайдиган юртда усти ёпиқ, сунъий тоғ чанғиси мажмуаси  яратишганичи?
   Намоз вақти шаҳарни муаззин овози тутиб кетади. Мачитлар кўп, обод, гавжум.  Уларнинг айримларига кириб, Беҳбудий ҳазратларининг муножотларини сидқидилдан такрорладим.
   “Эй Оллоҳи азим уш-шон! Авф эт, биз инсонларни. Ҳидоят эт!  Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин!”
    Шаҳардаги аквариумнинг эса дунёда қиёси йўққа ўхшади.
   Йўллар, йўллар... Нечун  кўчалар бу қадар текис, равон, тоза. Нега шундай баланд ҳароратда улар “гармошка” бўлиб қолмайди, ўйдим-чуқур жойини эса излаб ҳам тополмайсиз?
   Қайси юртда бўлсам, қишлоқ ҳаёти билан ҳам қизиқаман. Икки қаватли сайёҳ кемамиз Тинч океанининг Уммон денгизи ва  мамлакати қирғоғига лангар ташлади. Одамлар қайиқ билан соҳилга чиқиб, чўмилдилар, балиқ тутдилар. Менинг эътиборимни эса фақат тошлардан иборат тоғ ҳамда океан оралиғидаги тор ва узунгина масофадан иборат бўлган қишлоқ тортди. Бу ерда балиқчи араблар яшар эканлар. Улар биздан, негадир шубҳаланишди, лекин шунга қарамай,  эҳтиром кўрсатишди. Қоп-қора миллий либосга ўранган ва фақат юзининг бир қисми кўриниб турадиган, дастпанжалари ёғочга ўхшаш  кампир бизни қовурилган криветка билан сийлади.
    Дарахтдан фақат палма, чорвадан эчкини кўрдим, холос.
     Шу ўринда, адабиётчилар тили  билан айтганда бир лирик чекиниш. Бизнинг ТВда турли тоифадаги кишилар: “ Биз энг меҳмондўст халқ” деган иборани бот-бот такрорлашни хуш кўришади. Назаримда дунёда меҳмондўст бўлмаган халқ ёки миллат бўлмаса керак. Ҳарҳолда дунёнинг талай мамлакатларида бўлиб, шундай хулосага келганман. Шунинг учун бизнинг меҳмондўстлигимизни ўзимиз эмас,  ўзгалар эътироф этгани маъқул деб ўйладим.
   Бу одамларнинг ҳаётлари анчайин қашшоққа ўхшади. Машина йўли йўқ экан. Занглаган велосипедларини кўтариб, тоғдан ўтишар ва шаҳарга қатнашаркан. Велосипедлар ва қайиқлар эски, занглаб кетган. Айримлардагина моторли  қайиқ бор. Аҳоли балиқ овлаб, қайиқ билан шаҳарга элтиб сотишаркан.
   Шундай бой мамлакатда қишлоқ аҳлининг хароблигини кўриб, фикрлаб қолдим. Бозор иқтисоди, яъни капиталистик тузумда қишлоқ ўз ҳолига ташлаб қўйилар экан. Социализм замонида қишлоққа дотация бериларди. Ўша даврда бизда қишлоқлар элекрлаштирилди, газлаштирилди, асфалт йўллар ётқизилди, одамлар иш билан таъминланди. Эндиликда бу имтиёзлар йўқ. Қишлоқларимиз келажаги қандай бўлишини ўйлаб қоладиган бўлганман.
   Майли, таассуротлар ҳақида тағин батафсилроқ ёзарман.
  Ўғлим Улуғбек бу ердан менга наубук олиб берди ва Интернетда  қалтис гаплар ёзмаслигимни тағин бир бор тайинлади.
  Дарвоқе, ойнинг бошида “ЦенрАзия”да “Президентам необходимо встретиться” деган мақолам  эълон қилинганди. У анчайин шов- шувларга сабаб бўлди. Кўп мактуб олдим. Тожикистон парламенти томонидан бизнинг Парламентга учрашиш ҳақида таклиф тушди. Аммо  ҳозирча жавоб йўқ.

 


понедельник, 12 января 2026 г.

 

САРҲИСОБ - 4


Назаримда, етмиш ёшдан кейин табиат ҳам, жамият ҳам сенга  бот- бот чап қўлини чўзишга мойил бўлаверади. Сен эса бунга жавобан,  яшаш учун кураш қонунларига таяниб иш тутишинг: сабот билан, қасдма-қасд умр ўтказишга куч топишинг керак!
   Кечки овқатдан кейин сайрга чиқаман. “Дом”нинг орқа томонидаги бир неча маҳаллаларни бирваракайига эронигузар дейишади. Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида вилоят газетасида ишлаганимда,  бу мавзелар  Энгельс ва Пушкин номидаги колхозларга тобе эди. У замонлардан яккам-дуккам кекса тут дарахтлари сақланиб қолган, холос.  Эронигузар эндиликда шаҳарнинг деярли  марказ қисмига айланган.


   Маҳаллаларнинг турфа кўчалари бўйлаб ширин хаёл суриб юришни хуш кўраман. Гарчанд бу обод кўчалар, бинолар шўролар даврида барпо этилган бўлсада, ҳар жой-ҳар жойда  кўп қаватли, серҳашам уйлар пайдо бўлганлиги кўриш мумкин. Булар мустақиллик мевалари яъни, ўзига тўқ кишиларнинг уйларидир. Самарқандда уларни аллақандай кесатиш билан “навбойчалар” дейишади.
   Ҳарҳолда, бизда кўпчилик бой бўлишни истайди ва шу билан бирга бойларни ёқтиришмайди.
   Бу уйларнинг меъморий ечими ҳам дигаргун. Кўп ҳолларда дарвозалари иккита ва икки қаватдан. Айримларида қопонғич итнинг акси кўринади. Дераза, эшиклар шакли-шамойили, бино бўёқлари, архитектуранинг янги ечимлари  ҳавасингизни келтиради. Ҳовли атрофида  доим яшил игнабарг дарахтлар, дарвоза олдида қимматбаҳо машиналар. Хуллас, ҳавас қилса арзигулик ҳаёт.
   Бу уй соҳиблари билан танишгим, улар билан суҳбатлашгим келади. Гоҳида дарвоза олдида юзма-юз келиб қолганда енгилгина салом ҳам бераман. Аммо  уларнинг бағоят эҳтиёкорликлари мулоқотга монелик қилаётганлигини ҳис этаман.
   Бу мавзенинг Эронигузар деб аталиши хусусида икки оғиз маълумот.  Мазкур мавзуда  Беҳбудий ёзадилар:
  “Бухоро амирларидан Шоҳмурод отлиқ  замонида Бухоро ва Самарқанд ўзбеклари келиб, Марв ва Байрамалининг сувбандини бузуб, истило этиб, халқидан Самарқандга нақл (кўчма) қиладурлар. Бу муҳожирлардан бир қисмини Самарқанд шаҳарини шарқиға, дигар қисмини ғарбиға ўтқузадурлар. Шаҳарни атроф ўзбекларининг босқунидан сақламоқ учун. Ва алар бугунғача мазкур ўрунлардадурлар. Бу муҳожирлар шиъа мазҳабиға бўлуб, Самарқандда ўн минг қадар бордур. Ва алар ўзларини эроний атайдурлар. Холбуки, аларнинг аксари турк қабилаларидан бўлуб, ичларинда балки юзда бир эрон форси ва эронлашган араб ва саййидлар бордур.”
   Беҳбудийнинг таъкидлашларича эронийларнинг “Марви Шоҳжаҳондан” бу ерларга кўчирилиши 1780 йилларга тўғри келади.
   Ҳозир бу ердаги эронийлар деярли батамом ўзбеклашган.
   Ана шу авлоддан бузуқ аёл ва гадо чиқмаган дейишади. Бу гапга ишонгиси келади кишининг!
   Маҳаллага, инчунин анчайин ўзбек ва тожиклар ҳам кўчиб келишган.
   Бизнинг домдан жилла нарироқда кўп йиллик биродаримиз Фарҳод Ализода яшайди. Мен гоҳида у кишининг эшигини қоқаман ва  қадрдоним  ташрифимдан беҳад қувонади. Суҳбатимиз эса соатлаб давом этади.
   Фарҳод ака шу қавмдан чиққан машҳур маърифатпарвар жадид таржимон, журналист Саидризо Ализоданинг набирасидир. Беҳбудий ҳажга равона бўлиш олдидан жами юмушларни шу зотга топшириб кетган: “ Бир санадан бери идора ишиға ошино бўлған Саййид Ризо афанди Ализода жанобларининг “Ойна”ға масъул мудирлиғи учун ҳукуматдан рухсат олинди”, деб ёзади у киши.
   Фарҳод Ализоданинг фарзандлари Москвада яшайди. Бу ҳовлида у киши ёлғиз туради. Бобосига муносиб набира, дейишади бу одамни. Маърифатпарвар бобосининг уй-музейини обод қилиб ўтириш, у кишининг ижодини тарғиб қилиш,  чароғини ёқиб ўтириш учун яшайди бу инсон.
   Саидризо Ализодага бағишланган китоб тақдимотида эронигузар зиёлилари тўпланишганда шу ерда эдим. Уларнинг аҳиллиги, жонкуярлигига ҳавасим келди.
   Бу қавмдан кейинги пайтларда Исмоил Жўрабеков, Аҳмаджон Мухторов, Насиба Абдуллаева сингари доно, жасур, истеъдодли кишилар етишиб чикдилар. Эронийлардан чет элга кетиб, баракали ижод  қилаётганлар ҳам бор.
  Ҳаво совуқ бўлса ҳамки, якшанба кунлари оилавий бўлиб, қишлоққа борамиз. Ўртанчи ўғлим Мирзо шу ерда яшайди. Бу ердаги ҳовли- жойга қоровуллик қилиш унинг зиммасига тушган. Аммо ҳар гал борганимизда асаби жойида эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Тасаввур қилинг: печ ёқиладиган кичик хоначанинг ўзида  ётиб туриш, овқатланиш, кир ювиш, ювинишдан ўзга илож йўқ. Боланинг туваги ҳам, сатилдаги кўмир шу ерда. Газ бўлмагани устига электр ҳам суткалаб бўлмайди. Уйда кўмир, керосин, шамнинг омухта  ҳиди ҳукмрон. Келин биздан ҳижолат бўлади, биз - келиндан. Бу шароитда болаларнинг бот-бот шамоллаши - дард  устига чипқон.
   Биз галалашиб, ўғлимиз ва келинимизни овутишга киришамиз. Мен Қорақалпоғистон ва Қарши чўлларидан янги газ конлари топилганини, ҳадемай биз томонларга ҳам етиб келишини каромат қилабошлайман. Аммо Мирзонинг кўзларига қараб, ўзим иккиланаётган бу гапларга унинг батамом ишонмаётганлигини сезиб қоламан.
   Рухсора эса март ойи яқинлашиб қолганини, кунлар исиб  кетишини  гапириб, уларга далда бермоқчи бўлади. “Келаси йил пул топиб, мен ҳам шаҳарга кўчиб кетаман” дейди  жавобан Мирзо. Биз бошқа бир нимарса демаймиз.
   Бу йил қишлоқларга бўри оралаганини, талай қўйларни чавақлагани ёки  думбасини юлиб кетганлигини айтишди.
   Камина бўрининг тириклик тарзини жиддий ўрганганман. Москвадан чиқадиган “Журналист” журналининг  1977 йил феврал сонида бўрига муносабат масаласида мақолам босилган, у  анчайин шов-шувларга сабаб бўлганди. Гап шундаки, америкалик табиатшунос Д.Пимлоттнинг “Инсон -  бўрига бўри” деган асарини ўқиб, дунёқарашларим батамом ўзгарган ва бу жониворни  “Қизил китоб”га киритиш зарур, деган хулосага келгандим. Муаллифнинг, бўри асосан касал ва нимжон жониворларни овлаб, санитар ролини бажаради, деган гапига ишонгандим. Кейин эса бўри бир бошдан бўғизлаб кетган қўй сурувлари кўрдим.  Отлар, сигирлар, жаҳон  “Қизил  китоби”га кирган нодир жониворларни ёриб кетганига  гувоҳ бўлдим ва иккиланиб қолдим. Шундан кейин бўри инсониятга зарар келтираётган жойларда уларни овлаш керак, лекин ҳар бир мамлакатда бўрилар сони имкон қадар ҳисобга олиниши ва бу миқдор сақлаб қолиниши лозим, деган тўхтамга келгандим. Мақола шу ҳақда эди.
    Бизнинг қишлоқларда бўри ҳужуми билан боғлиқ шов-шувларда ҳақиқатдан кўра тўқималар кўпга ўхшаб кўринди. Чунки тафсилотлар бўридан кўра кўпроқ ёввойи итларнинг феъл-атворига ўхшарди.  Бўри, аввал айтганимдек, ўз ўлжасини буғзидан олади. Уларни шу тариқа ўлдириб, бирортасини кўтариб кетади. Қолганларига эса орани совутиб, кейинроқ келади.
    Кейин жабрдийдаларнинг айримлари билан гаплашишга тўғри  келди. Катта қизим ишлайдиган шифохонадаги ҳамшира, қўшни Равонак қишлоғидаги газ қуйиш шохобчаси қоровули ҳам қўйлари тирик қолганлигини, аммо думбасидан жудо бўлишганини, уларни сўйишдан бошқа илож топишолмаганини гапиришди.
   Нормал бўри бир кунда ўрта ҳисобда 5 килограмм гўшт ейиши керак. Бу рационга фақат чорва моллари эмас, турли ўлаксалар, тулки, юмронқозиқ сингари жониворлар ҳам  киради. Аммо бу йил қиш қаттиқ ва давомли келди. Бўрилар озуқа тополмай, тоғдан пастга тушган бўлиши  мумкин.
   Ёдимда: қиш бағоят совуқ ва давомли келган 1969 йили улар ҳатто шаҳарга ҳам оралаб, қўй ва қорамолларни бўғизлаб кетган эди. Аммо ўшанда ҳам думбасини юлиб қочмаганди.
   Тағин бир қонуният бор. Одатда бўрилар камайиб кетган юртларда ёввойи итлар кўпайиши кузатилган. Чунки табиатда кимдир санитар ролини бажариши керак-ку! Бунинг устига шаҳар-қишлоқларда маиший  чиқиндилар кўпайди.
   Ёввойи итларнинг феъли эса бўридан ҳам ёмон бўлади. Улар одамларда эндиликда милтиқ  йўқлигини билишади ва шу сабаб улардан чўчимай, дадил ҳужумга ўтишади.
   Шу орада қўшни Бадал ва Боғитилло қишлоқларида айнан бўри отилганини айтиб қолишди.
   Шаҳарга кўчиб келганимиздан буён машинамни минмаган эдим. Қарасам, аккумлятори ўтириб қолибди. Шу сабаб,  у ерларга бориб, масаланинг  тубига етолмадим. Лекин барибир, вақт топиб бу жумбоққа равшанлик киритишим керак!
  


 

САРҲИСОБ - 1


Буган  2011 йилнинг сўнгги куни.
     
Ўтган йил етмиш ёшга кирдим. Юбилей қилдик. Баракали йил бўлди – бир набирам мединститутга, иккитаси коллежга кирди, Улуғбекнинг бизнесида ривож бор. “Калвак махсум номалари”га нуқта қўйдим. Ўз сайтимда ва “Замондош”да пешма-пеш эълон қилинди.    Соғлиғим ҳам тузук. Қон босим фақат бир  бор 200 га чиқди. Уни назорат қилиб бораман. Эрталаб бадантарбияни, кечки сайрни канда    қилмайман, вазнимни нормал тутаман.

   Аммо етмиш ёшнинг ўзига хос руҳиятини фаҳмлагандай бўлаябман. Амалга ошмай қолган ниятлардан надоматлар, хатолардан изтироб чекишлар, фарзандлар ва набиралар тақдиридан ташвишнинг ошиши дилни ғаш қилади. Бот-бот ўлим ҳақида ўйлайсан,  бу дунёни дарк этган дўстлар, қариндошларни хотирлайсан...
    Бултур Интернет сайтларида анчайин дадил чиқишлар қилдим. Қавмлар бу рафторимни   аллақандай хавотирлик билан оқлашмаябди. Янги йилда уларга  қулоқ тутаман!
Қишлоқларда ҳаёт оғирлашди. Газ бермай қўйишди, свет ҳам дудмал. Кичик ўғлим билан Гагарин кўчасидаги домга кўчиб келдик. Бу ерда шароит тузук.
Бу уйлар ўтган асрнинг етмишинчи йилларида  қурилган ва фақат русларга берилган экан. Баъзи домлардагина амалдор ўзбек, тожиклар оз миқдорда яшашган. Эндиликда улар кетиб ёлғиз чол кампирлари, қашшоқлари, алкашларигина қолган.
Қаердадир ўқиган эдим: “Ҳар қандай империя ниҳоясига етади ва унинг ўша юртда қолган фуқаролари ғарибга айланади,”  деб. Бу ерда қолган русларга ҳавас қилиб бўлмайди. Россияга кўчиб кетган руслар ўрнига ўзбек, тожиклар келишган ва улар ғарибларга ғамхўрлик қилишади.
Мен Евразияга катта умид билан қарайман. Назаримда фақат шу бирлашма бизни сақлаб қоладигандай. Аммо тағин рус диктатураси қайтиб келишидан хавотир тортаман.
Тағин  қувончли гап. Йил охирида  тўққизинчи набирам ( улар, жами бўлиб ўн олти кишига етишди)  тўққиз ёшли Фотима “Янги авлод” конкурсида фортопиана чалиш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллади.
Шундай шоуни ташкил этгани учун Гулнора Каримовага ғойибона раҳматлар айтдик.

суббота, 10 января 2026 г.

 

САРҲИСОБ-3


   Мана, икки ойдирки, шаҳарда – Гагарин кўчасидаги 138- уй, иккинчи қават, 48- хонада яшаябман. “Дом”да яшаш мен учун янгилик эмас. Тошкентда ҳам ўн йил тўртинчи қаватда истиқомат қилганман. Аммо асосий умрим Самарқанд шаҳридан олти километр жанубдаги қишлоқда - Кўтармада ўтди. Газ ва электр таъминоти аввалгидай бўлганда, шаҳарга келмасдим, албатта.
   Бу ердаги ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Умуман, етмиш ёшдан ошган, қон босими бот-бот безовта қилиб турадиган кишининг тириклик тарзи, руҳиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятдан андак узоқлашгандайман. Эндиликда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, редакциялар ва ТВга, токи чақиришмаса, бормайдиган бўлганман. Фақат, уларнинг бинолари совуқлигидан эмас, дилкаш суҳбатдош тополмаганим, бугунги ёшларни яхши тушунмаганим боис тезда ўзимни ортиқча сезиб қоламан.

   Аслида, ёшликдаги хатоларни қадамба-қадам тузатиб бориш керак. Чунки кексаликнинг ўзига яраша қусурлари бўладики, улардан холи бўлиш осон эмас.  Менинг ёшимда киши бот-бот ўлим ҳақида ўйлайдиган, соғлигига эътиборни оширадиган, андак иззатталаб, инжиқ; бир вақтлар йўл қўйган хатолари, бой берган имкониятларидан надомат чекадиган бўлади.

   Умр давомида йўл қўйилган ҳар бир хато, бой берилган  имконият кейинчалик пистирмада милтиқ тутиб, юрагингни мўлжалга олаётган овчига айланар экан. Ўз вақтида айтилмаган ва бугун ҳам ичга ютилаётган ҳақиқатлар танометр шкалаларида ўз ифодасини топаверади.
   Ижодий ишларим суст. “Калвак махсум номалари” ва “Я из редакции”  китобининг тўлдирилган иккинчи нашрини тайёрлаб қўйибман. Ўзбекистонда бирорта нашриёт уларни чиқармаслигини биламан. Зеро, китоб чиқаришнинг ўзи ҳам аввалгидай шавқовар эмас. Китоблар нашри, ўртача минг донага тушиб қолган ва у Тошкентдаги уч-тўрт дўконда сотилади, холос. Бунинг учун китоб ҳажмига қараб ўн миллион сўмгача тўлашга тўғри келади. Бир қисмини таниш билишларга  дастхат ёзиб берасан, қолгани жой эгаллаб ётаверади. Эндиликда Лев Толстой, Чингиз Айтматов,  Абдулла Қодирийни ҳам ўқимайдиган авлод сенинг қораламаларингни титкилаб ўтирармиди?!
    1986 йилда “Мен мухбирман” деган китобим 40 минг нусхада чоп этилганини, унинг гонорарига янги “Жигули” харид қилганимни айтсам, ҳозирги ижодкорлар мийиқларида айёрона кулиб, бу гапимни кексаларга хос мақтанчоқликка йўйиб қўяқолишади.
   Мени андак ижодга даъват этиб турадиганлар “Замондош” ва “Туронзамин” сайтларидир. Мен уларнинг раҳбарларидан ўзимни бир умр қарздор деб ҳисоблайман.
   Бу ерда эса каминага ўша!!!  воқеадан кейин  жилла шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолишган.
   Кун тартибим қуйидагича. Эрталаб соат 5 да кўчага чиқаман. Бадантарбия машқлари билан жиддий шуғулланаман. Тротуар бўйлаб, тахминан 3 километр масофада тез юраман. Кейин бошқа машқларни бажараман. Рухсора тайинлаган бўлса, дўкондан нон, сут олиб келаман. Нонуштадан кейин дам оламан, қон босимимни ўлчайман, зарур бўлса энап н, конкор, аделфан таблеткаларини ютаман. Ўғлим ва келин ишга, набиралар боғчага жўнашади. Уларга кўмаклашамиз. Кейин Интернетга кираман, ТВ кўраман, компютерда ишлайман. ўқийман.
   Гоҳида ўғлимнинг вет аптекасига бораман. Бу ерга дори-дармон ва маслаҳатлар олгани асаларичилар, фермерлар, олимлар, собиқ раҳбарлар, дори олиб-сотувчилар келишади. Уларнинг айримлари билан гаплашиб қоламан.
   Айниқса, асаларичилар билан суҳбатлашишни хуш кўраман. Умрим давоми икки бор ишсиз қолганман ва асалари боқиб рўзғор тебратганман. Ҳозир вазият ўзгача. Табиатда гуллар камайди, асалари қутиларини кўчириш харажатлари ошди. Шунинг учун асаларичилар анчайин қашшоқлашишди.
   Баъзи кунлари эса дўстим Миршариф ( Хўжаев)га телефон қиламан ва фурсати борлигини айтса, у  хизмат қиладиган Ўқитувчилар малакасини ошириш институтига  бораман. Дарвозадан киришим билан Беҳбудий ҳазратларининг хушқомат ҳайкалларига кўзим тушади ва юрагим ҳиприқиб кетади. Бу ҳайкални 2006 йили мен ўз ҳисобимдан тиклаганман. ( Нокамтарлик учун узр).  
   Бу, Ўзбекистонда жадидлар сарварига  ўрнатилган биринчи ва ҳозирча ягона ҳайкалдир!  Уни тиклашга рухсат олиш, яъни ҳукумат қарорини чиқариш учун ҳам қарийб бир йил идорама-идора югурганман, жипириқ амалдорларга зўрма-зўраки тавозелар қилганман.
   Бунга туртки бўлган воқеага қулоқ тутинг. 2000 йили буюк маърифатпарварнинг 125 йилликларини нишонлаган эдик. Шунда одамлар гуллар олиб келишди. Аммо у гулларни қўядиган қабр ҳам ҳайкал ҳам йўқ эди. Бу ҳол мени беҳад ўртантирган эди.
   Ҳозир ҳар йили Беҳбудий таваллуд топган кун(19. 01) да  ҳайкал пойи гулларга тўлиб кетади. Ҳар гал дийдамга ёш келади.
   Унгача эса бу ўқув юртининг собиқ ректори Абдуазиз Аминов билан ҳамкорликда институтга Маҳмудхўжа Беҳбудий номи бериш ҳақида вилоят ҳокимининг қарорининг ҳам чиқариб олган эдик.
   Буюк маърифатпарварнинг ўлим олдидан ёзган васияномасида, жумладан шундай илтижо бор: “Туркистон фарзандларини илмсиз қолдирмангиз” Бу зот ўлими олдидан ўзини, оиласини ўйламаган. Аммо бечора жадидларни айнан шунинг учун - “Болаларингни ўқитинглар!”дейишгани боис отишди, осишди, қамоқларда чиритишди. Уларни чоризм ҳам, болшевизм ҳам, ўзимизнинг уламо ҳам душман, кофир деб эълон қилди.
    Эҳ, нақадар бедодлик, нақадар жаҳолат!
   Инсониятнинг энг катта хатоси, ўз хатосини такрорлаб туришидадир!
   Жадидлар - ашраф боболар.  Садриддин Айний,  Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Шакурий, Ажзий, Исматулло Раҳматулло...  аксарининг қабри ҳозиргача ноаён, ҳайкаллари йўқ.
   Бир тўртлик ўқигандим. Фақат мазмуни ёдимда қолган. “Эй, чароғбон, сен бу одамларни ўйғотма. Қўй, ухлашсин. Ўйғониб кетишса, жаҳлга миниб, ўзингни отиб қўйишлари мумкин.”
   Биз Миршариф билан узоқ мубоҳазалар қиламиз. Лекин дўстим, аввалданоқ қаттиқ кулмаслигимни тайинлаб қўяди. Биз раҳматли Ваҳоб Рўзиматовни ёдга оламиз. Ҳар гал қаттиқ кулсам, эшигимни секин очиб, пичинг қиларди: “Окоси, тағин битта кулинг, жуда мазза қилдикда...”
    Гапимиз поёнига етавермайди. Хотиралар, муносабатлар, ғийбатлар  бардавом бўлади. Ниҳоят гапимиз тугаб,  иккаламиз ҳам жимиб қоламиз ва  хайрлашиб,  кулбамиз сари пиёда равона бўламиз.
   Мен Россия ТВси каналларидан бирор нимарса топиб, томоша қиламан. Кейин ухлайман

 

ЎРХАН ПАМУК САБОҚЛАРИ

  

Ўрхан Памукнинг “Қора китоб” романида кекса журналист шогирдига шундай тавсиялар беради.
“Ёзаётганингни самимийлигига аввал ўзинг ишон”
“Ўз шахсий мақол, матал, афоризмларингни ярат”
“Ҳақиқий эътиқодинг бўлмаса ҳам ўқувчига буни сезиб қолмаслиги керак”
“Устунликка эришишга ишонганингдагина баҳсга кириш.”
“ Ҳар бир чиқишинг Шаҳризода эртакларидай бетакрор бўлсин.”
“Ўқувчининг хатини жавобсиз қолдирма, агар у ёзмаса ўзинг мактуб йўлла ва кейин жавоб қайтар.”
“Аллақандай муҳим сирдан воқиф одамдай тут ўзингни.”
“ Шундай кишилар билан танишгинки, оламдан ўтганларидан кейин ҳам улар ҳақида қалам тебратиш мумкин бўлсин.”
“Озроқ, аммо қониқиш билан ўқи”

 КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

2 ҚИСМ: НОМА № 5. НОМА № 6

НОМА № 5

“Хоҳиш этсаларинг, эртага тоққа сайрга борадурмиз”, деди
Найимбек. Тархашлик этмадик ва авволи шаб ноз-неъмат
тараддудини кўрдук. Саҳармардон офтоб шўъла кўрсатмай, боре
рўзғор жамулжам ўлуб, “Matis”имизга ўтурдук ва қаёндасан, Тахти
Қароча давони, деб йўлга тушдук.
Қирларнинг ёнбоши фасоҳат-у, жозибаси бирла кишига
дилхушлик бахш этур эрди. Кўча лаб-лаби дарё ўрлагани боис
тамошодан кўзунг ва дилинг беҳад ҳаловат топур, завқинг чандон
ошур эрди.
Якчанд кент-у, деҳалар арқага қолди ва чорчархамиз тоғ йўлидан
зўр бериб, баландга чиқмоқни бошлади. Ёнбағирларда шумтол, арча,
эман дарахтлари зич эрдилар ва алар хушрўй ва хушқоматлиги бирла
дилга хуррамлик ато этур эрдилар.

Беғарзи ошхоналар бандаларнинг ҳавли жойларга ҳам картлар
қўйулган бўлуб, меҳмонларга хизмат кўрсатмоқ ва шу тариқа андак
чойчақа ишламоқ ташвишида эрдилар. Таваккал қилиб, бир чорбоғ
ёнида тўхтадук. Ўсмир бала пайдо ўлди, эҳтиром изҳор қилиб, жой
ишора этди. Магарам, тоғлар қоматдор, дарахт-у ўт-ўланлар бисёр
эди.

 ОГОҲ БЎЛИНГ, МИНА МАЙДОНИ! * Яқин тарих яралари* Саксон ёшда ёзганларим* Гул ва ажал*

 


                                   


          Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, мамлакатимизда иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Яшаш, нон топиш ваҳимаси пайдо бўлди. Оиламизда  хавотир ошиб,Тошкентдан Самарқандга кўчиб келдик: бу ерда томарқа бор эди, асалари боқиб ҳам ризқ топса бўларди.


   Мен асалари қутиларини кўпинча Ургут, Бахмал тоғлари пойига олиб борардим. Тоғлар тепасига мина қуйилган бўлиб,подачилар, чўпонлар молларни бу хавфли ҳудудга киритишмасди. Асалари эса минадан чўчимай, нектар таширди. Мол ораламагани боис ўт-ўлан ҳам, гул ҳам сероб эди.


  Ургутнинг Қатағон деган қишлоғида чегарачи ҳарбийларнинг штаби бўларди. Ундаги аскарлар чегараларни жангарилар, нашапурушлардан ҳимоя қилиш учун навбатчилик қилишпрди.


   Мен улар билан суҳбатлашишни хуш кўрардим.


 “ Аввал бошқа зонада турардим, деб ҳикоя қилди қашқадарёлик йигит. Мина қўйилган майдонга бир баллоснинг (барлос демоқчи) сигири кириб, минани босибди. Жониворнинг  орқа оёғи узилган, ўзи тирик қолганди. Зорланиб маърайди, денг жонивор. Эгаси: олиб бер, ҳеч бўлмаса сўйиб еймиз, дейди.


  Бундай қилишим мумкин эмасди. Тошкентдан мутахассис келиб, схемага  қараб, олиб бериши керак эди. Ҳалиги одамнинг аёли жанжал кўтариб, гирибонимдан олди. Кейин, хавфсизлик учун, мени у ердан олиб, бу штабга ташлашди.Командиримиз  фарғоналик; жуда яхши одам: фақат аскарлармас, қишлоқдагилар ҳам яхши кўришади...”


   “Ҳарқалай, одамлар адашиб, паласага ( мина ётқизилган жойлар) киришмаятими”, тергаб қўяман.


   Аскар дудуқланиб қолди. Тушундимки, бу ҳақда гапириш ман қилинган.


  Лекин қишлоқ подачиси ҳеч нимани яширмас, билганини гапириб берарди.


    “Ўнинчини битирган болалар тоққа сайрга  чиқишган. Бир йигитчанинг ёнида кўнгил қўйган қизи ҳам бор экан денг; ёнбағирда очилиб турган лолани кўриб, ҳалиги бола ўша томонга югурган; қизни хурсанд қилмоқчи бўлган, шекилли...  Бир маҳал денг, бомба гумбирлаб, ҳалиги йигитчани улоқтириб юборган.  Буни кўрган қиз уни қутқараман деб, ваҳима билан дод деганча, ўша томонга югурган, локинда у ҳам ажалга гирифтор бўлган.


 Тумонот одам тўпланди: обком, райком, военнийлар... Ичкарига киргани қўймайди. Қиз билан йигитчанинг оналари фарёдига чидаб бўлмайди: қавмлари зўрға ушлаб турибди. “Қўйворинглар, биз ҳам болаларимиз ёнида ўлайлик,”  деб талпинишади, бечоралар.  Йиғламаган одам қолмади. Гўрков ҳам йиғлаб-йиғлаб, ёнма-ён гўр қазиди.”


   “Ёзиб қўйибди-ку,  “мина бор”, деб; кўришмаганми, сўрайман ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб.


  “ Буларни кейин ўрнатган. Аввалгиларини иморат қиладиганлар  суғуриб кетган: арматураси билан тунукаси асқотган бўлса керак. Бизнинг одамлар қолоқ...”


  Кўз ўнгимда ҳамон ўша бахтиқаро йигит билан қиз гавдалаётганлиги боис, юрагим зириллаб, бошқа савол бермайман.


   Лекин тағин бир тафсилотни айтмасам бўлмас.Ажал  тасмаси  сойликдан ўтган бўлиб, нари томонда тожиклар, бу томонда ўзбеклар қишлоғи бор экан. Бу одамлар йиллар  давомида қуда-қудағай бўлиб, жуда аҳиллашиб кетишган экан. Энди эса тўй-марака,  жанозага  боришнинг  иложи бўлмай қолибди.   Ажал уруғи қўйилгандан кейин ҳам ўша баланликка чиқиб, жаназага ёки тўйга чорлашаркан, албатта.  Аммо...Бирнеча қадам наридаги қишлоққа бориш учун Тошкентдаги элчихонадан рухсат олиш ва ўн кунлаб навбат кўтишга тўғри келаркан. Лекин, бора-бора ҳийласини топишибди. Ҳар иккала қишлоқ йигитлари баландликдан туриб,  катта катта тошларни юмалатишибди. Паласадаги ажал ўралари бирин-кетин портлаб,  тор ва хавфли сўқмоқ очилибди: борди-келди изга тушибди.


   Бу – қоидага зид бўлса  ҳамки, боя биз тилга олган фарғоналик командир (Мамажон)  бағрикенглик қилиб, индамай қўяқолибди.


   Кейинроқ, Мамажон билан ҳам танишдим.Ҳамиша кулиб турадиган, қоматбаланд, дилкаш йигит экан.


 “Амаки менга шу асалари боқишни ўргатинг, ҳарбийдан қайтсам, ари боқаман”, деди биринчи учрашувда.


Ўзи ҳақида ҳам бор гапни яширмади.


   Ойша деган қиз билан бирга ўқиб, унга кўнгил қўйган экан. Ойша месхетилик туркнинг қизи бўлиб, хушқомат ва сулув экан.

  (Уни тарифлаётганда йигитнинг кўзидан ўт чақнагандан бўларди). Хуллас, тўйлари  бўлибди, бир йилдан кейин ўғилчали ҳам бўлишибди. Шу орада Фарғонада жанжал бошланибди. “Қайнотангни уйига  ўт қўйишди”, дебди биров. Югуриб борса, уй ёнаётган, уч тўртта  таниш-нотаниш киши қайнатасини дуч келган жойига, дуч келган нарса билан ураётган экан. Мамажон ҳам бир арматурани суғуриб, ҳалигиларни бир бошдан қонга булайверибди. Шунда кимдир: “Каримов келяпти!” деган экан, ҳалигилар тумтарақай бўлишибди.


   “ Лекин Каримов келмади, дейди  Мамажон  ўша дамларни ғамгин эслаб, аммо туркларни ақтобусларга солиб, Россияга жўнатишди. Ойша ҳам ўғлимни олиб,улар билан кетди. Роса зорландим - бўлмади...”


   У ўксиди, далда берган бўлдим. “Улар Россиядан Португалияга кўчиб кетган экан. Адресини топиб, хат ёздим.”


   “Жавоби келдими”, шошилиб, унинг сўзини бўламан.”Ойша ўғлим билан тушган суратини ҳам юборибди: эртага олиб келиб, кўрсатаман. Ўзимга ўхшайди. Мен уларни, албатта, олиб келаман. Ойша қаҳр билан: “У жойларни елкамнинг чуқури  қўрсин, ўзбеклар ёмон одамлар” дебди. Бу ўзининг гапи эмас, аламзада қавмларининг сафсатаси. Бориб, албатта, кўндираман, У менга ишонади, гапимга қулоқ солади”...


   Мамажон худди монолог айтаётгандек, ишонч билан анча гапирди. Биз тез-тез учрашадиган бўлиб қолдик.


   Бу орада Тошкетга боришимга тўғри келиб қолди.  Самарқандга кўчиб келишда анчайин шошилганимиз боис, талай заруратлар: либослар, китоб-дафтарлар қолиб кетган экан.


   “Қутиларга кўз ташлаб қўйинг, мен бир икки кунда келаман”, дедим Мамажонга, кетиш олдидан.


   “Хавотир олманг, деди у, зарур бўлса навбатчи ҳам қўяман.


   Тошкентда узоқроқ туриб қолдим: болаларнинг мактабларидан справкалар олиш, прописка ташвишлари  чўзилиб кетди. Бунинг устига, ишхонадагилар, ёзувчилар  билан учрашувлар сабаб бўлиб ўн кун қолиб кетдим. Қайтиб келгач, бир кун уйда туриб, эртаси “Жигули” рулини Қатағон томон бурдим.


 Бу ерда ҳеч нарса ўзгармагандай эди: арилар ажал полосасидан бол ташишида давом этарди. Рамкалар асалга тўлгани учун ўша куни янги мумпардалар қўйдим. Ва Мамажонни қумсайбошладим; уни Тошкентда ҳам кўп эслагандим. Аммо ундан ҳамон дарак бўлмаётганили, дилимни  ғаш қилабошлади.


  “Командирларинг шу ердами, айтинг бир келсин”, дедим таниш аскарга.


   У дудуқланиб,жўнаб қолди. Жавобидан ҳеч вақо тушунмадим.  Кейин ўзим штаб томон йўл олдим.


   “Мамажонни айтиб юборинг, дедим эшик олдида турган дарбонга.


   “ У киши йўқ” деди аллақандай надомат ва андиша билан.


  “Кетдими?”


   “ Йўқ, ўзини отиб қўйди.