БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ
Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид бўлиб қолаверади.
Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.
Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.