ОГОҲ БЎЛИНГ, МИНА МАЙДОНИ! * Яқин тарих яралари* Саксон ёшда ёзганларим* Гул ва ажал*
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, мамлакатимизда иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Яшаш, нон топиш ваҳимаси пайдо бўлди. Оиламизда хавотир ошиб,Тошкентдан Самарқандга кўчиб келдик: бу ерда томарқа бор эди, асалари боқиб ҳам ризқ топса бўларди.
Мен асалари қутиларини кўпинча Ургут, Бахмал тоғлари пойига олиб борардим. Тоғлар тепасига мина қуйилган бўлиб,подачилар, чўпонлар молларни бу хавфли ҳудудга киритишмасди. Асалари эса минадан чўчимай, нектар таширди. Мол ораламагани боис ўт-ўлан ҳам, гул ҳам сероб эди.
Ургутнинг Қатағон деган қишлоғида чегарачи ҳарбийларнинг штаби бўларди. Ундаги аскарлар чегараларни жангарилар, нашапурушлардан ҳимоя қилиш учун навбатчилик қилишпрди.
Мен улар билан суҳбатлашишни хуш кўрардим.
“ Аввал бошқа зонада турардим, деб ҳикоя қилди қашқадарёлик йигит. Мина қўйилган майдонга бир баллоснинг (барлос демоқчи) сигири кириб, минани босибди. Жониворнинг орқа оёғи узилган, ўзи тирик қолганди. Зорланиб маърайди, денг жонивор. Эгаси: олиб бер, ҳеч бўлмаса сўйиб еймиз, дейди.
Бундай қилишим мумкин эмасди. Тошкентдан мутахассис келиб, схемага қараб, олиб бериши керак эди. Ҳалиги одамнинг аёли жанжал кўтариб, гирибонимдан олди. Кейин, хавфсизлик учун, мени у ердан олиб, бу штабга ташлашди.Командиримиз фарғоналик; жуда яхши одам: фақат аскарлармас, қишлоқдагилар ҳам яхши кўришади...”
“Ҳарқалай, одамлар адашиб, паласага ( мина ётқизилган жойлар) киришмаятими”, тергаб қўяман.