Умримда
биринчи бор шундай кутилмаган, нохуш ҳолатга тушган
эдим. Миям фалажланиб,
идрокимга итоат қилмай қўйганди, содир
бўлаётган воқеликнинг фаҳмига
етмай қолгандим.
Ҳаво совуқ бўлишига қарамай,
ташқарида, ички кийимимда,
тўнтариб қўйилган пақир
устига ўтириб олганимнинг боисини билгим
келарди. Қизим – Сухайло
фарёд чекиб, дилхун бўлиб йиғлар, мен эса
ўзимча уни уришардим: “Нимага бақирасан, тентак?” Ўғлим мени
бағрига босиб, дил тўла дард билан бақирганини ҳам тушимми,
ўнгимми эканлигини идрок этишга қувваи-ҳофизам ожизлик қиларди.
Бир маҳал ҳовлида маҳалла оқсоқоли - Илҳом милисанинг овози
эшитилди. “Саҳарлаб нима қилиб юрибди бу хумпар, менинг
ҳовлимда” ўйлардим ўзимча, алғов-далғов фикрларимни йиғиб
олишга ҳаракат қилиб. “Бугун чиқаришимиз керак”, деди маҳалла
сардори ғала-ғовурлардан кейин. У нимани назарда тутаётганлигини
фикрлаётганимда, акамнинг кескин жавобини эшитдим: “Эртага
қолдиришимиз керак! Душанбеда опаси бор – келишини кутмасак
бўлмайди!” “Йўқ барибир, чиқариш зарур”, деди оқсоқол. “Нима,
йигирма беш йил сиққан даргоҳга тағин бир кеча сиғмайдими?”
Бу даҳанаки жангнинг моҳиятини чақиш учун хаёлимни жамлаб,
жиловлаб олишим керак эди. Беихтиёр, содир бўлган воқеалар
занжирини кўз олдимга келтиришга уннаб кўрдим.