Табиат
қўйнига кимдир милтиқ билан, кимдир фотоаппарат билан овга чиқади. Аммо қалам
билан шикор қилиш ҳам мароқли экан. Турли вақтлар блокнотимга туширган
«ўлжа»ларимни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сиз ҳўкизлар, мушуклар, хўрозлар ва
ҳатто чумолиларнинг ҳам бир-бири билан жиққамушт бўлиб уришганини кўп марта
кўргансиз, албатта. Ҳа, уларнинг ҳам чегара низолари, озуқа ва зурриёт
жанжаллари йўқ эмас. Начора, тириклик…
Лекин бирор ҳайвон, қуш ёки ҳашарот шу
курашда ўз наслидан бўлган рақибини зинҳор ўлдирмайди. Ожизи маълум бўлиши ва
чекиниши билан кураш ҳам, низолар ҳам, кеклар ҳам барҳам топади.
Табиат шундай гуманистик инстинкт бахш
этган уларга!
***
Ота-боболаримиз азалдан ўз фарзандларини "бўталоғим", "қўзичоғим", "лочиним", арслоним… деб эркалашган. Жониворларни севсин,
бераҳм, бешафқат бўлиб ўсмасин, деб шундай қилишган бўлса ажаб эмас.