Ҳикоя
Агар бизнинг
орамизда яхши одамлар бўлсалар, булар бошлаб мактаб муаллимларидир. Агар бизда
фойдали одамлар бўлса, булар ҳам муаллимлардир...
Шараф сизга,
муҳтарам ўқитувчилар! Мусулмонларда ғурурланмоқ учун бирор нарса бўлса, булар
ҳам сизлар! Сизнинг фидойи меҳнатингиз қадрига етмаганимиз учун, сизни
фақирликда, муҳтожликда қолдирганимиз учун бизларни, ўқитган болаларингизнинг
оталарини кечирингиз!”
Исмоилбек Гаспринский
* * *
“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга
басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер...
Эй Оллоҳи азим-у шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур? Афу
эт, биз-инсонларни; ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умуми ато айла,
инсонларға инсоният бер.
Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат
ва ҳаққоният! Омин...”
Маҳмудхўжа Беҳбудий
Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у
руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди;
киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин
ҳақиқат ёки чўпчаклигини фарқлаб
бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси
билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”,
дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир,
унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва
шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид бўлиб қолаверади.
Начора,
ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий
шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар
ўйлаб топишга мажбур бўлади.
Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир.
Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки
жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
Ижозатингиз билан илк ҳикоямни
афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни
сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва
форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда тутасизми, ўзимизнинг
“Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган
ривоятлардир.
Ҳамма
нарса вақтдан қўрқади, дейишади.
Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга
қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.
Хуллас, эзмалик
чикора ...
Бир бор экан,
бир йўқ экан, жуда ... (дарвоқе, қайси замонда бўлганининг аҳамияти йўқ ҳам)
қадимий Самарқанд томонда болакайларга ўқиш, ёзишни ўргатадиган хокисоргина
Муаллим рўзгурзонлик қиларкан. Ҳайтовур, муаллимлик – ота касби бўлганиданми
ёки бошқа сабабми – мактабни, болакайларни жуда яхши кўраркан. “Афсуски, биз
алдам-қалдам замонда вояга етдик, деркан у ёшларга бот-бот; тугал ва комил
бўлолмадик. Энди ҳамма умид сизлардан!”. Фақат сўздамас, амалда ҳам интилувчан,
равшанфикр экан; мактабда кўпинча биринчиликни оларкан; маъмурият буни эътироф
этиб, байрамларда мукофотлар бераркан унга.