МАНТИҚНИ МАДАДГА
ЧОРЛАЙЛИК
Газета тахламидаги садолар
Адабиётшунос Ҳалим Сайид билан
бўлган бу баҳс “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетасининг 2005 йил 15 апрел сонида эълон қилинганди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва умуман, жадидчилик ҳаракати
ҳақида илмий мақолалар, китоблар ёзилаётганлигидан
мамнунман. Аммо талай тадқиқотчиларимиз, у кишининг ўлимига болшевиклар
сабабчи, деган даъвога кўпроқ урғу бериб, бошқа зарур қирраларни четга суриб
қўйаётганга ўхшашади. Мен эса, бу
иддаолар ва тахминларга ҳамон гумонсираб қарайман. Асосларим эса йўқ эмас ва
уларни такрор бўлса ҳам тилга олмоқчиман.
Тарихий жараёнларга назар солсангиз, ҳар
қандай янги тузум ёки ҳукумат, дастлабки пайтда ўз рақиблари ёки бетарафлар
билан мароса-ю мадора йўлини тутади; кучланиб олгандан кейингина,
улар билан ўзгача оҳангда гаплашади. Беҳбудий Қарши шаҳрида қатл этилган 1919
йилда болшевиклар ҳали ожиз эдилар, душман излаш васвасасидан кўра зарурроқ
юмушлари бисёр эди. Чунки мамлакатда фуқоралар уруши давом этаётганди, иқтисод
ишдан чиққанди. Ўша пайтда қабул қилинган тинчлик, озиқ-овқат,
ер ҳақидаги Декретларда;
Ленинниг “Пролетариат диктатураси пайтида иқтисодиёт ва сиёсат” деган асарида
ўртаҳол деҳқонлар ва маҳаллий зиёлиларга таяниш, уларни сафга қўшиш зарурлигига
такрор ва такрор урғу берилади.