среда, 20 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 18


                             

  Бугун ( 15−май) пайариқлик аптекачи дўстим − шоир  Зиядуллахон   Нурматов телефон қилиб, тутхўрликка келишаётганлигини хабар қилди. Гап шундаки, ҳовли атрофида бир неча туп балхи,  марвардак тутлар ўстирганман ва дўстлар ҳар йил шу маҳал ташриф буюриб қолишади. Бу гал Зиядулла билан бирга шоирлар Хосият Бобомуродова, Жамол Сирожиддин (Хумий), Ориф Ҳожи, Ойхумор Асадовалар ҳам келишди.

ҲАЗОРАДАН – ЯЛЛАМАГАЧА


Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги

Оиламиз ҳаётида  жиддийгина ўзгариш юз берадиганга ўхшаб қолди. 1982 йилнинг кузида Тошкентга кўчадиган бўлдик.
Киндик қони тўкилган тупроқни ташлаб кетиш, боболар заминидан, уларнинг қабрларидан андак бўлса ҳам узоқлашиш жаъмики кўникмалардан воз кечиш осон эмас, албатта. Бувим, амаким, ёр-қариндошлар, қўни – қўшнилар, қишлоқдошлар бунга рози эмасдилар. Ойим эса дадамга зорланарди.
– Муалим, машшохийлар, дарахт бир жойда кўкаради, дейишган.
Дадамнинг жавоби тайёр эди. Ўша машшохийлар «Кун кўрмасанг, кўчиб кўр» ҳам дейишган.
Лухтак лақабли ёқимтой итимиз, заҳматкаш асалариларимиз, эндигина ҳосилга кирган гилос ва шотутларимиз... Эҳ-ҳе, озмунча эмасди қадрдон бисотларимиз. Аммо начора. Ноиложлик.

воскресенье, 10 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 17


                               


    11− май куни катта қизим Моҳинбонуни туман марказий шифохонасига бўлим мудирлигига, аниқроғи,  лаборатория раҳбарлигига ишга таклиф этишди. Гарчанд, бундай таклифни бир неча ҳафтадан бери кутаётган бўлсак−да,  қувондик.
   Моҳинбону университетнинг биология факултетини битиргандан бери қўшни Оқмачит қишлоғидаги шифохона  лабораториясига раҳбарлик қиларди. Бу ерда ўн етти йил ишлаб қўйибди.

САРҲИСОБ 16


                      

   Самарқанд шаҳридан нақ олти километр шарқ томондаги Кўтарма қишлоғида яшашимни айтган эдим.  Кўтарма деб номланишининг боиси шундаки, биздан қуйироқда Қозиқўрғон деган кадимий деҳа бор. У ерда бир замонлар  қозикалон яшаган,  дейишади.  Ҳар ҳолда,   у одам катта заминдор бўлган ва шаҳарнинг бош каналидан қишлоғигача ариқ қаздирган.   Жўйи қози деб аталадиган бу ариқдан ҳозир ҳам сув оқади ва ўнлаб қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлайди.  Фақат фарқи шундаки, аваллари бу сув бир неча тегирмонларнинг паррагини айлантирган, одамлар ундан балиқ овлашган. Ҳозир...
    Мазкур ариқни қазиш пайтида бизнинг жойлар пастлик қилган  шекилли, тупроқ ташлаб,  кўтарма қилишган.

27. ЗИЁРАТ


                   "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"

Биз Шоҳи зинданинг беш асрдан бери очилиб ёпиладиган боғдоди эшигидан киришимиз ҳамоно, дадам Американи кашф этган Колумбдай ҳаяжонга тўлиб, завқ-шавқ билан монолог ўқишга киришдилар.
– Дунёнинг бирор қитъасида бунақа обида йўқ. Бу ерда еттинчи асрда арабларга қарши куращда қурбон бўлган суғдий билан кечагина, яъни йигирма биринчи аср арафасида овқатдан заҳарланиб ўлган йигитча ёнма-ён ётишади. Уларни асрлар ҳам, мазҳаблар ҳам ажратолмайди. Мана бу зиналарни санаб чиқиб, санаб тушинг – адашиб кетмасангиз, гуноҳлардан ҳолисиз.
Рости гапки, мен бу сафсаталардан зерикабошлайман. Чунки аввал келганимда ҳам шунга ўхшаш таъкидларни тинглашга тўғри келган. Бир-бирига ўхшаш ялтироқ қошинлар, соқов мақбаралар, тору танг йўлаклар, баланд-баланд зиналар ҳам файзли эмас. Булардан кўра шортик кийиб олган чет эллик чолларни кузатиш мароқлироқдай. Уларнинг ёшига ярашмаган чаққонлик билан, ҳовлиққанча фото ва кино аппаратларини ишга солишлари, туршакдай бужмайиб қолган кампирларнинг алланималар деб чулдираши, таржимонга бот-бот мурожаат этиши; ғужанак бўлиб олган афтодаҳол гадо ғалатироқдай.

пятница, 1 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 15


                               


   Марҳум адибимиз Аҳад Ҳасаннинг Тошкентда нашр этилган каттагина китобини “Очиқ дарвоза” деб аташибди. Бу номни ким танлаганини билмайман, аммо у дилимга ногаҳоний илиқлик аралаш интиқлик ато этди. Ва кўз ўнгимга энг аввало, Аҳад аканинг Шофирконнинг  Денов қишлоғидаги кенг ҳовлиси,  унинг ҳамиша очиқ, қадимий оғоч дарвозаси келди.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. У  пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати”  газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим.  Шофирконга бораётганимни эшитиб, бухоролик дўстим, шоири замон Тошпўлат Аҳмад  ўша ерда яшайдиган  ёзувчи Аҳад  Ҳасан билан учрашишимни маслаҳат берди.
  Тан олмоғим керак, илк учрашувда бу одам менга андак худбин, калондимоғ бўлиб туюлди. Аммо кўп ўтмай туйғуларим мени алдаганига ишонч ҳосил қилдим. У барваста қоматига яраша мағрур, жўмард ва дилкаш дўст бўлиб чиқди.

26. БУВИМ, БУЗУРГМЕҲР ВА АНУШЕРВОН




"Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Самарқанд. 1986 йилнинг мукаррам ёзи.
Дадамнинг яқин дўстларидан бири, Самарқанд Давлат университетининг доценти Аслиддин Қамаров бу гал ногаҳонда тўрт киши билан кириб келдилар. Таништириш тафсилотларидан шу нарса аён бўлдики, ҳамроҳлари ҳам зукко олимлару камарбаста аспирантлар экан. Улар жилла сипойи бўлиб, бири (ёш бўлиишга қарамай) кўзойнак тақиб олган, новчароғининг бўйнига фотоаппарат осилган эди. Сал ўтмай гапнинг ройишу рафторидан аён бўлдики, ногаҳоний меҳмонлар (ўзлари бот-бот такрорлагандай) дадамни кўргани ёки новча-найнов амаки айтгандай, оилавий суратимизни олганимас, балки бувимнинг нодир китобларидан воқиф бўлиш илинжида қадам ранжида қилишган экан. Улар нозиктаъб меҳмонга хос такаллуфларнинг кифтини келтиргандан сўнг муддаога яқинлашищди.