Бугун - 2012 йилнинг 13-марти. Наврўзга, атиги бир ҳафта қолди. Аммо ташқарида ҳамон қор, совуқ. Қишнинг бундай чўзилиб кетишини фақат 1969 йилда кузатган эдим.
Ўзбек ТВсининг деярли ҳамма каналларида баҳорни мадҳ этиб, яшил ёнбағирлар, сумалак пишираётган аёллар, барг ёзаётган ниҳолларни кўрсатишаябди. Боғда “Баҳор валси” оҳангида рақс қилаётган қизларни намойиш этишдан чарчашмайди. Табиийки, булар бари аввалги йиллар олинган тасвирлар. Начора, биз табиат ҳодисалари масаласида ҳам қўшиб ёзишга, яъни ёлғон гапиришга кўникиб қолганмиз.
Рухсора билан тузган талай режаларимиз орқага сурилаётганидан дилтанг бўлиб, кеча машинам (“Лада-Калина” собиқ “Жигули”)га янги аккумлятор ўрнатдим ва эрталаб уни ҳайдаб чиқдим.
Аввал қишлоққа бордик. Бу ердаги иссиқхонада юмушлар тўпланиб қолган эди. Надоматлар бўлғайким, лимонларни совуқ урибди. Аммо поясидан янги куртаклар чиқар, деган умидда, уларни кесмадим. Икковлашиб, бу ерга кўкат экдик, бодринг уруғларини қададим.