Мана, икки ойдирки, шаҳарда – Гагарин кўчасидаги 138- уй, иккинчи қават, 48- хонада яшаябман. “Дом”да яшаш мен учун янгилик эмас. Тошкентда ҳам ўн йил тўртинчи қаватда истиқомат қилганман. Аммо асосий умрим Самарқанд шаҳридан олти километр жанубдаги қишлоқда - Кўтармада ўтди. Газ ва электр таъминоти аввалгидай бўлганда, шаҳарга келмасдим, албатта.
Бу ердаги ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Умуман, етмиш ёшдан ошган, қон босими бот-бот безовта қилиб турадиган кишининг тириклик тарзи, руҳиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятдан андак узоқлашгандайман. Эндиликда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, редакциялар ва ТВга, токи чақиришмаса, бормайдиган бўлганман. Фақат, уларнинг бинолари совуқлигидан эмас, дилкаш суҳбатдош тополмаганим, бугунги ёшларни яхши тушунмаганим боис тезда ўзимни ортиқча сезиб қоламан.
Аслида, ёшликдаги хатоларни қадамба-қадам тузатиб бориш керак. Чунки кексаликнинг ўзига яраша қусурлари бўладики, улардан холи бўлиш осон эмас. Менинг ёшимда киши бот-бот ўлим ҳақида ўйлайдиган, соғлигига эътиборни оширадиган, андак иззатталаб, инжиқ; бир вақтлар йўл қўйган хатолари, бой берган имкониятларидан надомат чекадиган бўлади.