УЧИНЧИ ҚИСМ
Саккизинчи боб
Мурод муаллимнинг қоровулхонасига ўтмаганимга бир ойдан ошиб қолди ва уларнинг суҳбатларини анчайин қумсагандим. Кечки маҳал унинг эшигини қоқдим. Бу ерда муаллимдан ташқари Жамил домла билан Самандар ҳам келишган экан. Бу гал арақ ичишмади, карта, нарда ёки шахмат ҳам ўйнашмади. Бақамти гаплашиб ўтирдик.
Самандар, меъмор бўлганлиги боис, Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаш комиссиясида аъзо бўлган экан. Шу ҳақда ҳикоя қилди ва бу – мен учун янгилик эди. У етти муъжиза рўйхатини намойиш қилди ва мен уни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.