воскресенье, 17 января 2010 г.

"Мен мухбирман" китобидан

Муқаддима

Ассаломалайкум! Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри 1987 йил-да "Мен редакцияданман" номи билан чоп этилганди ва мақтаниш эмас-у, анчайин қўлма-қўл бўлиб ўқилганди. Йиллар ўтиб, бугуннинг (2003 йил) кўзойнаги билан қарасам, ибратомуз воқеалар, ашраф инсонлар, сурурли саргузаштлар билан бирга, социалистик реализмни ҳам анчайин қалаштирган эканман.
Зеро, мустақиллик борлиққа тиниқроқ кўзойнак билан қарашни, жадидона рафторни тақозо этади. Асарни қайта ишлашда бу эврилиш ва эминликларга эътибор бермасдан иложим йўқ эди.
Аслини олганда, бунақа эсдалик асар нафақага чиқиб олгандан ке-йин ва мункайиб борган сари ёзилади. Боиси: умр ниҳоясида насл ёки меърос қолдириш табиат ва жамиятнинг барҳаёт қонунидир. Лекин, нечун энди саргузаштларни (агар у кимлар учундир ибратли бўлса) қоғозга тушириш умидида кексаликни кутиш керак?! Табаррук ёшларга етиш насиб этса яхши, аммо олам ҳам тасодифларга тўла. Шунинг учун ҳам уни қирқ ёшлар атрофида ёзганман. Бугун - олтмиш ёшнинг эшигини қоқаётганимда, қайта нашр эттиргим келди.
Олтмиш – ғалати ёш. Ундан ўтгандан сўнг, бот-бот ўлим ҳақида ўйлаб қоларкансан. Қабристонга борганингда, мармар лавҳалардаги таниш номлар дилингни ўртандиради, зоҳиран қзинга жой чамалайсан. Аммо шунга қарамай, менинг қораламаларимга мемуар деб қарамаслигингизни сўрар-дим. Бир-икки турткилар сабаб бўлиб, мухбирлик ва умуман ижод чорраҳаларидаги курашлар хусусида ҳикоя қилгим келди, холос.
Журналистлар мактабидаги бир учрашувда публицистларга сабоқ бўладиган китоблар озлигини танқид қилишди. Улар ҳақ эдилар. Ибрато-муз асарлар нари турсин, улар учун тузукроқ дарсликлар ҳам оз.
Ўша воқеадан кейин бирор йил ўтгач, очерклар китобимга уч-тўрт қоғоз кириш сўзи ёзиб беришни сўрашди.
- Асосан, ўзингиз ҳақингизда бўлсин, - деди муҳаррир ноширларга хос такаллуф билан.
Рози бўлдим. Аммо бу вазифанинг маъсулиятини қўлимга қалам олгандан кейин обдонроқ ҳис этдим: қарийб йигирма беш йил давомида (ҳа, бу унчалик оз муддат ҳам эмас) ўзгалар ҳақида ёзавериб, шунга анчайин кўникиб қолган эканман. Ўзим ҳақимда ёзиш ноўнғай бўлаверди. Шунда "ўзи ҳақида" ёзилган айрим асарларга кўз югуртиришга тўғри келди. Негадир, уларнинг аксарияти менга унчалик ўтиришмади: бу муаллифлар воқеа-ҳодисани ўз манфаати йўлида бойитгани, билган ёки билмаган ҳолда "камина"ни бош қаҳрамон қилиб, ҳамду-санога эрк бергани сезилиб турарди. Отасининг баъзи хислатларини улуғлаш, турли тоифадаги раҳбарлар билан бўлган мулоқотларини дастурхон қилиб ёзгани ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.
Хатоларчи? Йўқ, улар бу хусусда ёзишни унчалик эп кўришмаганди. Ваҳоланки хато, кўп ҳолда энг яхши сабоқ ҳамдир.
Хуллас, "ўзим хақимда" ёзабошладиму, яна бошқаларни ўйлаб қол-дим. Ибратли воқеалар, яхши одамлар хусусида очиқ-ойдин ёзавериш мумкин, аммо айрим сабабларга кўра, хатога йўл қўйган, адашган ёки борингки, менга нохушлик, носамимийлик қилган кишилар масаласида қандай йўл тутсам экан?!
Орадан шунча йиллар ўтгач, уларнинг иллатларини юзларига солиш одобданми?!
Адабиётда худди шариатдаги каби ўнғай йўллар кўп: айримларнинг номлари, манзилгоҳларини ўзгартираман. Бундан қаҳрамоним ҳам ўқувчим ҳам ранжимайди. Ижод одобини эса озми кўпми бузган ўринларда, улар мени кечиришар.
Идрок этганим, яна бир ҳақиқат шу бўлдики, тарихнинг қай бир босқичида бу фоний дунёга келишинг - омадинг ёки ютқазиб қўйишинг экан. Мен Иккинчи Жаҳон урушининг баравж кунларида туғилдим ва Яратганнинг иноятига қарангки, юртимда ҳар ўн-ўн беш йилда такрор-ланиб турадиган таҳликали хунрезликлар 1945 йилга келиб, батамом барҳам топди.

- Дадажон нега йўқ оёқларингиз,
Наҳот бувим сизни туққан ногирон?
Эҳ, ёғоч оёқли бўлмасайдингиз,
Қирлар қучоғида чопардик чунон
Нега оёғингиз йўқ-а, дадажон?

Уруш йилларида не-не қўл оёқ
Госпиталда қолиб кетганин
Ва улар ўрнини олганин таёқ
Бу қизчага ўқдириш қийин!

Шундай изҳор этгандим илк кечинмаларимни.
Тағин: шўролар замони нонини еб, ўлғайдим, аммо тақдир мустақиллик шарофатларидан ҳам бенасиб этмади.
Фақат икки тузумнинггина эмас, икки асрнинг ҳам гувоҳи бўлдим.
"Кайфиятингни баён этиб кет"... деган экан, Нодирабегим.
Ушбу китоб менинг кайфиятим, кечинмаларимдир!
Муддао эса, ҳидоят, даъватдан ўзга нарса эмас!
Шундай иш тутайликки, ҳаётимиз узлуксиз қувонч-у зафарларга эш бўлсин!
Арабларда ибратли нақл бор: "Ал фақру-фахри", яъни, фақирлик фахримдир.
Мазкур нақлга риоя этишга саъй-ҳаракат қиламан!

БИРИНЧИ ҚИСМ

БИРИНЧИ БОБ

МАУГЛИ

Вилоят газетасида чоп этилган илк мақоламнинг тафсилоти ғалати бўлган: агрономия куллиётининг иккинчи курсида ўқирдим. Тупроқшу-нослик фанидан дарсга кирган аспирант кулнинг, ҳа, одий ростмона кул-нинг бебаҳо ўғитлигини, унинг таркибидаги калций моддаси ҳосил тугун-чаларини сақлаб қолишини айтди. Мен учун бу янгилик эди: ундан бош-қаларни ҳам ҳабардор қилгим келди ва қўлимга қалам олдим. Иккаламиз-нинг фамилиямизни кўриб, аспирант қувонди, сўнг мақолага кафедра му-дирининг ҳам исм-шарифини тиркашни таклиф этди.
Орадан ўн кунлар чамаси ўтар-ўтмас, мақола босилиб чиқди: унда сарлавҳа ҳам, рақамлар ҳам жойида эди-ю , менинг фамилиям кўринмас-ди - фақатгина доцент билан аспирантнинг имзоси қолганди.
Ҳамкурсларимга бу мақолани мен ёзганимни айтиб, мақтанган эдим, улар каминани меровликда айблашди. Шундан кейин тахририятга бориб, бунинг сабабини билишга қарор қилдим. Аммо газетанинг бўлим мудири бу ҳаракатимни беандишаликка йўйди.
- Энди доцент билан аспирантнинг имзоси турганда, студент...га бало борми", демоқчи бўлди-ю, уёғини айтмай қўйақолди.
Бу воқеага кўп йиллар бўлди, лекин ҳамон газеталарда қўш имзо кўрсам, илк мақоламни эслайман, имзоси пастда турган муаллифга хай-рихоҳ, бўламан, азиятни асосан ўша чеканини (агар ундан пастдагиси олиб ташланмаган бўлса) ҳис этаман.
Курсдошларимнинг маломатларидан қутулиш учун ёзавердим, ёза-вердим. Таҳририятдан эса бир хил қолипдаги жавоб келаверди, келаверди.
"Газета расмий материаллар билан банд бўлгани учун ундан фойда-лана олмадик!"
Ўша пайтлар ана шу баҳонага ҳам ишонганман! (Афсуски, ҳозир муаллифга умуман жавоб қайтармай қўйишди). Ниҳоят, бир аёл канди-датлик диссертациясини ёқлаганини ёзиб юборгандим, эълон қилишди. Аммо бунинг ҳам иллати чиқиб қолди: ҳалиги аёлга "ветеринария фанла-ри кандидати", деган даража берилган экан. Менинг айбим билан "қиш-лоқ хўжалик фанлари кандидати" бўлиб кетибди. Шундай қилиб, газета-нинг эндигина қия очилган эшиги тағин ёпилди.
Бир куни таҳририятдан хат олдим. У батамом ҳидояткорона оҳангда ёзилган эди.
"Хурматли . . . . . . . . . . . . . . ев!
Институт тажриба участкасида синовдан ўтказилаётган ток ва мева навлари ҳақида ёзиб юборишингизни сўраймиз.
Салом билан, Ҳожиқурбон Ҳамидов!"
Шундай қилиб, Ҳожиқурбон Ҳамидовнинг топшириқларини изчил бажарадиган, у ҳам беминнат мадад ва маслаҳат берадиган бўлди. Шу орада шоир Нормурод Нарзуллаев билан ҳам танишдим ва у киши каминага эмин ва хайрихоҳ қўл чўзди.
Институтни битириб, бир йилга етар-етмас энтомолог бўлиб ишла-дим. Ана шу даврда олийгоҳда беш йилда эгаллаган сабоғимдан кам нарса ўрганмадим.
Каминани вилоят газетасига ишга таклиф этишмаганда, ҳаёт йўлим қайси ўзан бўйлаб кетишини айтишим қийин. Бу ҳақда ҳозир ҳам гоҳида ўйлаб қоламан: тўғри қилдимми шу соҳага ўтиб? Ҳозирги кунларда ҳам курсдошларимдан бир неча киши туман, вилоят миқёсида раҳбар, фан кандидати, доктори. Демак, мен ҳам публицистика йўлини танламаганим-да, ана шундай ашрафликларга эришишим мумкин эди.
Хўш, мабодо тақдир тақозоси билан орқага қайтиб, мени энтомо-логликдан газетага таклиф қилишса борардимми?
Ҳа, борардим! Бугун ижодда нимагаки эришган бўлсам (гарчанд салмоқсиз бўлса ҳамки) матбуотдан миннатдор бўлишим керак. Назаримда, публицист сифатида жамиятга, одамларга кўпроқ наф етказишим мум-киндай. Бунда агрономлик маълумотим ҳар қадамда асқотди.

* * *

Газетага ишга келиб, илк бор йўл қўйган ҳатоим ҳақида гапирмоқ-чиман.
Мен махсус мухбир бўлсам ҳамки, қишлоқ хўжалиги, адабиёт ҳамда иқтисод бўлимларига баббаравар кўмаклашардим.
Ўшанда адабиёт бўлимининг мудири, шоир Суръат Орифийнинг столи устидаги мактуб эътиборимни тортди. "Қоратоғли маугли" деб номланган бу мақолага география фанлари кандидати, Халқаро география жамиятининг аъзоси имзо чекканди. Унда ёзилишича, Форишнинг Қора-тоғ қишлоғида Жиян деган бола ногаҳонда йўқолиб қолибди, уни ҳарчанд излашса ҳам топиша олмабди. Орадан икки йил ўтгач, Жиянни бўрилар маконидан ушлаб олибдилар. Бола бўрига ўхшаб увлайдиган, тўрт оёқлаб юрадиган, овқатни ҳам ўша жониворлардек чўккалаб ейдиган бўлиб қол-ган экан. Мақолага Жияннинг турли ҳолатдаги суратлари илова қилин-ганди: фотолар ҳам унинг ғайритабиийлигидан далолат берарди.
- Қизиқарли мақола экан, - дедим, негадир Орифийнинг эътиборини тортиш илинжида.
У ойлаб эътиборсиз ётган мақолани ўқиб чиқди-ю, фикримга қў-шилди; тайёрлаб беришимни илтимос қилди. Мен ҳам мақолани машинкадан чиқариб бердим. Шоир олди-қочди жойларини қисқартириб, силлиқлаб секретариатга топширди.
Мақола босилиб чиқди ва кўпчиликнинг эътиборини тортди. Уни йиғилишда мақташди. Ой охирида бўлим мудирига мукофот ҳам беришди.
Бўлим мудири, муҳаррир менинг ҳиссамни таъкидлашмаганини ўйлаб, жилла ўкиниб юрганимда иш тескари тус олиб кетди.
Рус тилида босиладиган газетанинг муҳаррири (Лев Абрамович) анчайин калондимоғ, нописанд, ҳаннот одам эди. Лекин шунга қарамай, у билан ҳисоблашишарди: хушлаган кишисига уй, машина олиб бериш, бу корчалонга қийин эмасди. Лев Абрамович редакциямиздан фақат Орифийнинг хузурига кириб турар, у билан адабиёт хақида суҳбатлашишни хуш кўрарди.
- Бу редакцияда энг доно одам - сен, - деярди у Орифийни ҳижолатда қолдириб.
Бир куни у суҳбат чоғи, газета тахламини варақлайди ва ногаҳонда "Қоратоғли маугли"га кўзи тушади. Бўлим мудири мақоланинг мазмунини айтиб бергач, қизиқиши янада ортади.
Хуллас, мақола рус газетасида босилиб чиқди. Республика матбуотида эълон қилинди. Кўп ўтмай радио ва телевидение бу сенсациядан одамларни ҳабардор қилди. Маугли тўғрисидаги шов-шувлар кундан-кун авж олар ва Лев Абрамович ҳатто асл муалифни ҳам тан олмай, бу янгиликни ўзи кашф этганини кўкрак кериб гапирарди.
Самарқандда мазкур масала юзасидан матбуот анжумани ўтказиладиган, Жиян тўғрисида филм олинадиган бўлди. Чунки биздан ҳали маугли чиқмаган ва бунинг ўзига яраша илмий аҳамияти бор эканда.
Тасодифни қарангки, Москвадан чиқадиган "Комсомольская правда" газетасининг ходими Лев Абрамовичнинг "Маугли ҳузурида" деган мақоласини эълон қилишдан олдин, шу соҳа бўйича йирик мутахассисга кўрсатади.
- Мен бу гапни эшитдим, - дейди олим ишонқирамай, - ахир Ўзбекис-тон Ҳиндистон эмас-ку! Қишда совуқ ўттиз даражадан ошиб кетади: бола нари турсин, катта ёшдаги одам ҳам қотиб қолади. Бунинг устига овқатсиз, бошпанасиз...
Бу жумбоқ ҳамон бошимни қотиради. Нега буни мен ўйлаб кўрмадим? Нега бу очиқ хақиқатни мазкур мақола эълон қилинган ўнлаб (ҳа, ўнлаб) оммавий-ахборот воситаларининг маъсуллари хаёлдан кечирмадилар?
"Журналист", "Маугли сабоқлари" сарлавҳали мақоласида Форишга уюштирилган экспедиция натижаларини ёзиб, минглаб, миллионлаб ки-шилар алданганлигини надоматлар билан маълум қилди.
Аён бўлишича, боланинг асли исми Мамат бўлиб, ота-онасидан эрта ажралгани, тоғасиникида яшагани учун, Жиян дейишаркан. Жиян ҳақиқатдан ҳам қишлоқда икки йилча бўлмабди. Бу ҳақда тоғасининг гапи айнан келтирилганди.
"Болада сал етишмайди, савдойироқ. Бальницага олиб бордим: қишлоқчилик - тоғаси сиғдирмабди, дейишмасин, деб ҳалиги гапни тарқатганман".
Лев Абрамович бор айбни бошқаларга тўнкамоқчи бўлди, аммо тусланиш наф бермади: ғалчани ишдан олишди.
Муҳтарам ўқувчим! Мабодо сиз бирор газета ёки журналда фалон тоғда қор одам бор, фалон қишлоқда бир табиб докторлар тузатаолмаган ҳар қандай беморни даволаб юборади, фалон кўлда диназаврлар яшайди, фалон жойда коинотдан одам келибди, деб ёзса сира ишонманг! Ишонманг, тамом! Бундай бўлиши мумкин эмас! Биз бундай мўъжизаларни бир умр кутиб яшаймиз - шунинг учун ишонгимиз келади ва туйғуларимиз бизни бот-бот чалғитиб туради. Бўлгани шу!
Мобода сиз журналист бўлсангизу, ном чиқариш учун ана шундай олди-қочди гапларга кўп ўрин берсангиз, бу ғирромлик бўлур эди.
Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда: «Одам боласини Худонинг ўзи билан ёқалаштириб қўядиган газетачилардан» асрасин.
Матбуотдай муқаддас нарсага нуқул ёлғон ёзиб, одамларни чалғитиш дастурхон устига муляж1 қўйишдай гап.


ИККИНЧИ БОБ

ТОМОШАБИН АДОВАТИ.

Матбуот ҳаётдан олдинда бўлиши, оммани эргаштириши керак, дейишади назариётчиларимиз. Лекин амалий жиҳатдан у ҳаёт билан баббаравар қадам ташлагандагина таъсирчан, оммавий бўлишига бир неча бор ишонч ҳосил қилганман. Гоҳида олдинлаб кетиш ҳам ҳаётдан узилишга сабаб бўларкан. Бунинг эса орқага қолишдан фарқи кам.
Тан олиш керак, бизнинг оммавий-ахборот воситаларимизда бундай узилиб қолиш ҳоллари сероб. Одамларга микрофон тутсангиз, ёки блокнотингизни қўлга олсангиз, уларнинг фақат гап оҳангларигина эмас, юз тузилишлари ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишига, энг аввало, биз журналистлар айбдормиз! Модомики, бугунги оммавий-ахборот воситалари ҳақида гап кетар экан, бу борадаги ислоҳотлар ҳақида тўхталмасак, инсофдан бўлмас. У пайтларда Самарқандда атиги иккита газета чиқарди. Ҳозир бўлса... Аммо шунга қарамай дилга етиб борадиган гаплар тақчилроқ. Аксар мухбирлар шўролар даврини ёмонлашдан нарига ўтишмаябди.
Майли, мавзудан четлаб кетмайлик.
Ўша пайтларда опера ва балет театрида мунтазам тарзда "Деҳқонлар куни" ўтказиб туриларди. Театр намойишлари бошлангунча, колхозчилар тарихий жойларда, бозор, ресторанларда бўлишар, кечқурун уларга "Жи-зель" ёки "Чио-чиосан"ни кўрсатишарди.
- Бизни танқид қилишди, деди бир кун бюродан қайтган муҳаррир ўринбосари, - чунки "Деҳқонлар куни"ни ёмон ёритаяпмиз. Деҳқон оила-си билан опера кўради-ю, биз бу ижтимоий ўзгаришни қадрламаймиз, мағзини чақиш ўрнига ахборот билан чекланамиз!
___________
1. Мумдан ясалиб, бўялган "мева"
Шундай қилиб, бу вазифани менга юклашди. Ярим саҳифали репор-таж тайёрлайдиган бўлдим. Тажрибали журналистлар йўл-йўриқ кўрса-тишди: артистлар билан колхозчиларнинг мулоқотларига қулоқ солишни, залда ўтирган колхозчиларнинг ҳис-туйғуларини илғаб олишни маслаҳат беришди.
Аммо театрда батамом бошқача манзарага дуч келдим: майдонда оломон тўпланиб турар, негадир ичкари киргиси келмас, ит эгасини, мушук бекасини танимасди. Кўплар тешик кулча, хўрозқанд харид қилган бўлиб, уйга кетишга шошилишар, нарироқда ўн чоғли ширакайф кишилар бир-бири билан сану манга боришаётганди. Бир маҳал улар муштлашиб қолишди.
Маълум бўлишича, томошабинлар шаҳар чеккасидаги икки қишлоқ-дан бўлиб, бир вақтлар ана шу даҳаларнинг бирида яшайдиган йигит нари томондан соҳибжамол қизни олиб қочган экан. Қиттай ичиб олгандан кейин ўша адоватлар ёдга тушибди ва ғазаб отига минишибди.
Ғазаб эса ичингдаги тимсоҳдир!
Уни нарироқ ҳайдаш керак!
Мен милиционер излаб залга кирдим. Эшик олдидаги мижғов милиционер фақат залга кирган кишиларни ташқарига чиқармаслик учун қўйилганини, постни ташлаб кетолмаслигини айтиб, афсусланди. Ичкарида эса ҳаммаси бўлиб ўн чоғли томошабин ўтирар, улар ҳам чиқиб кетиш ташвишида эдилар. "Жизел" бошланганди.
Ниҳоят, милицияга телефон қилдик. Улар етиб келишди ва жанжални бартараф қилишди.
Бу ҳолни ўз ҳолича ёзсам, устимдан кулишлари аниқ эди, аммо ёзмасам ҳам маломатга қолардим. Лекин бошдан-оёқ ёлғонни битиш ҳам инсофдан эмасди. Ниҳоят мен "Деҳқонлар куни" ёмон ўтганини, уни яхшилаш тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларимни қоғозга туширдим. Бу ишга хўжалик раҳбарлари бош бўлишлари зарурлигини, шу билан бирга театр ҳам колхозчиларнинг дидини ҳисобга олиб, яхши концертлар қўйишини таклиф қилдим. Лекин кўнглимдан ўтгани бўлди - уни ўтказишмади. Бу ҳам етмагандай, бўлим мудирларидан бири йиғилишда сўз олиб, идорада: "қошиқ кўпайиб кетганидан" нолиди-ю, менга кўз ташлаб қўйди.
Ҳаёт эса ўз ишини қилди: кўп ўтмай "Деҳқонлар куни"ни бекор қилиш-га мажбур бўлишди.


УЧИНЧИ БОБ

НОХУШ МАНЗИЛГОҲ

Мухбирлик - ёзувчи учун энг яхши мактаб. Газета, журнал, телевиде-ние ёки радиода ишласангиз, - касбу кор тақозаси билан қаерларга бош суқ-майсиз, кимлар билан мулоқотда бўлмайсиз?!
Вилоят газетасида ишлаб юрган пайтларимда жасадлар қаторлашти-риб қўйилган моргга ҳам; жиннихона, қамоқхонага ҳам кириб чиқишимга тўғри келган.
Моргга кирганимни эсласам, ҳамон этим жўнжикиб кетади.
Шифохона этагида жойлашган бу пастқам бино ўша пайтларда жуда хароб бўлиб, пойдеворидаги ғиштлар емирилган, шувоқлари кўчиб кетган эди. Бу бинони таъмирлашди, мармар қопламалар билан зеб беришди, аммо у ҳамон нохуш ва совуқ! Чунки у - морг! Бир шоир бу иборани: "Марҳумларнинг охирги роҳат гўшаси", деб шарҳлаганди. Уни маргхона ҳам дейишади. (Марг: тожикча -ўлим дегани).
Бинонинг ичи зах, ним қоронғу эди. Марҳумлар никель дасталари занглаб кетган темир кроватларда ётишар, устларига ёпилган оқ чойшаб, кафанга ўхшаб туйғуларингни ғижимларди.
Дилимни беҳудуд ғусса босди.
"Зах ва қоронғу жойда ётқизилган ҳолда сақлансин".
Муҳтарам ўқувчи! Бу жумлани қаерда ўқиганингизни эслайсизми? У минераль сув шишасидаги ёзув. Ҳар гал ана шу ёзувни ўқиганимда ҳам, негадир лоп этиб, ўша маҳзун манзара кўз ўнгимга келади.
Турли ёш, миллат, касб-корга мансуб бандалар бу дахшатли "роҳат гўшаси"да ҳеч нима даъво қилмай, асаблари ҳам бузилмай, жимгина ётишарди. Улар орасида инфарктдан ўл (дирил)ган хўжалик раҳбари, ногаҳонда сирли жон берган терговчи, овқатдан заҳарланган корейс қизи, ҳали чимилдиққа кириб улгурмаган келин куёв ҳам бор эди.
Инсон қисмати нақадар ранго ранг!
Бу ерда ҳеч кутилмаган оқибатлар билан юзма-юз бўлади, дафьатан ҳушёр тортади, киши. Жумладан, келин билан куёв ЗАГСдан қайтаётиб, автомобил ҳалокатига учрашган экан. Машина капоти устига ёпилган сўзана узилиб, шофёр ойнасини тўсиб қўйибди. Улар МАЗга бориб урилибдилар....
Тақдир уларга лоақал ҳаловатсиз бир оқшомни ҳам раво кўрмагани аламли, албатта.
Ташна кетган лаблар!
Қониқмаган эҳтирослар!
Чап томонда бир нечта бўш кроватлар. Уларга "меҳмон" бўладиганлар шу тобда нима иш қилишаётганикин?
Эҳтимол, қадаҳ кўтаришаётгандир.
Эҳтимол, бўса олишаётгандир.
Эҳтимол, дарддан тўлғанишаётгандир.
Бу ерда занглаган кроват уларга мунтазир.
Инсон қазо қилганда эса ўзи билан оламни олиб кетади!
Майли, мавзудан узоқлашиб кетмайлик. Мен бу ерга қил-шчётка фабрикасининг ишчиси, толеи забун Аъзамовнинг шикоятини текширгани келгандим. Унинг ўзи билан эса илк бор муҳаррир хонасида учрашдим. Икки кўзи ожиз, барваста, чайир, якров, баджаҳл одамни кўз олдингизга келтиринг. Шунақа эди у!
- Тагига етмасам қўймайман, - сўзида давом этди қори, муҳаррир бизни таништиргандан кейин, - кўр ушлаганини қўймайди, деб эшитганмисиз?! Онасини кўзига кўрсатаман, ж... ни!
- Мана бу йигит сиз билан боради, шуғулланади, - деди бошлиғим ғал-вани бошидан соқит қилиб.
- Қаерда жанг қилгансиз, - сўрадим ташқари чиққач, ва у Жаҳон урушининг ногирони эканлигини айтгач.
- Ҳеч қаерда! Фронтга етиб бормай, поездимизни бомбардимон қилишди, ж.... лар! Кўзимга бир нима келиб урди: кўп госпиталларда ётдим.
У морг санитарини порахўрликка айблар, буни газетада фош қилиш-ни талаб (илтимос эмас) этарди. У билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш зарур-лигини тезда ҳис этдим. Чунки Аъзамов даъфатан жаҳлга минар, алла-кимларни болохонадор қилиб сўкиб қоларди.
- Ижроком раисини стул билан туширганман, - деди у тантана оҳангида, - уй бер, деб уч марта бордим. Нуқул баҳона қидиради. Тўртинчисида стулни отиб юбордим. Афсуски, тегмади! Кейинги борганимда ордерни ёзиб, ёрдамчисига бериб қўйган экан. "Кириб, раҳмат, деб қўяй", десам унашмади. Ўзимиз айтамиз, дейишди. Биринчи қаватдан уч хонали уй олдим. Бир тожик жўрам бор: ҳовлисида ҳамиша ўнтача қўй боқади. Ҳар байрамда биттасини сўяди. Шунга ҳавасим келди: учта қўй олиб, балконда жой қилдим. Жониворлар денг саҳар мардондан туриб маърайди. Ёзга келиб, денг, балкон сасиди, пашша кўпайди. Қўшнилар ўзимга "ғинг" ҳам дейишмай, юқорига ёзишди. Комиссия келиб: "Балконда қўй боқиш мумкин эмас", деди. "Қаерда ёзилган бу гап? Кўрсат!" дедим. Хуллас, коттедж беришди. Ҳовлиси ҳам бор. Ҳозир ўша ерда яшайман.
Аъзамов аризасини бир неча нусҳаларга кўчиртириб, турли ташки-лотларга юборган экан. Соғлиқни сақлаш бўлими врачи билан ҳамкор-ликда текширадиган бўлдик.
Санитар ориқ, заҳил, лекин бечораҳол одам эди.
- Қори ака бизни ҳасса билан урдилар, - деди у йиғламсираб, - ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик эканда: энди устимиздан ёзиб юрибдилар. Текши-ринглар - ҳақиқат бор-ку! Лекин мен шикоят қилмайман! Бўлмаса, гувоҳларим ҳам бор! Ўзига ташладим!
Биз ишни жанжал сабабларини ўрганишдан бошладик.
Маълум бўлишича, тақдир Аъзамовни икки томонлама исканжасига олган: кўзи ожиз бўлиши устига безурриёд экан. Хотини билан нақ қирқ йил бирга яшаб, бирга ишлашибди; унинг вафотидан кейин чол қийналиб қолибди, ҳамкасбларининг маслаҳати билан болалар уйидан тўрт ёшли ўғил олибди. Бола жуда зийрак, доно экан. Қори бу ҳақда надомат билан гапиради.
- Отини, ўзгартириб Равшан деб қўйдим. Менга ўхшамасин, кўзлари ҳамиша нурафшон бўлсин, деб шундай қилдим. Аломат эди-да! Мени ишга олиб борарди, нон, сутни ўзи харид қилиб келарди.
Эҳ, шуни ҳам кўп кўрди-я!
Азиз ўқувчим! Сиз жамоа жойлари, магистрал йўл ёқаларидаги неон чироқларига бир лаҳза эътибор беринг-а! Унинг қуйи қисмида предохронител деган мато ўрнатиладиган, симлар уланадиган қутича ҳам бўлади. Одатда ана шу қутичанинг эшиги ҳавфсиз қилиб беркитилиши керак. Лекин айрим бефаҳм монтёрларнинг айби билан баъзан у очиқ ҳам қолдирилаверади.
Қори ўғли билан бекатда турганда, бола беихтиёр ана шу сандиқ-чадаги предохронителни олмоқчи бўлади, уни ток уради.
- Равшан шундоққина қўлимда жон берди, - дейди қори дил тўла дард билан, - кейин хушимдан кетиб қолибман. Ўзимга келсам, болани олиб кетишган экан. Излай-излай маргхонадан топдим. Олиб кетаман, десам, бу занчалиш санитар қўймайман, дейди: операция қилармиш! Лекинда қўлингга қарайди! Шундай жойда! Кейин урдим ғалчани! Чидаб бўладими?!
Биз регистрация ҳужжатларини синчиклаб текширишга киришдик: "тез ёрдам" навбатчилари, улардан сўнг хирурглар қайд этган қоғозлар -, аммо ҳаммаси сарамжон-саришта эди. Сўнгги ойларда фақат бир киши операция қилинмаганини аниқладик - бу ҳам қорининг ўғли бўлиб чиқди.
- Шикоятингиз исботланмади, - деди эртаси мен билан текширишда иштирок этган врач қорига, - ҳаммаси рисоладагидай экан.
- Исботлангда, - деди Аъзамов ҳам зарда билан, - ахир, шунинг учун мояна оласиз, бола-чақа боқасиз!
Врач индамади. Қори мен томон ўгирилиб, давом этди:
- Духтирлар жуда аҳил халқ бўлади: бир-бирининг айбини ёпади, ле-кин журналист ҳақгўй бўлиши керак! Исботланг! Мен барибир қўймайман!
Бир ҳафтадан кейин у муҳаррир ҳузурида охирги қарорини айтди.
- Менинг кўзим кўр бўлса ҳамки ўша порахўрларни кўрдим, лекин сизлар кўрмадиларинг! Мен ёзаман! Шахсан Шароф Рашидовга ёзаман! Исботлангандан кейин, кириб салом бераман! Ландаҳўрлар! Нобарорлар!
У айтганини қилди, исботлади - прокуратура ходимлари санитарни пора билан қўлга туширдилар.
Биз мутлақо бошқа томонларни титкилаб юрган эканмиз, ваҳоланки санитарнинг пора олиш усули анча жўн экан: марҳум операция қилингач, унинг яқин кишилари келганда, уларга тасалли бериш, кўмаклашиш ўрнига:
- Ана, ўликлар орасидан топиб олинглар! Буларнинг орасида куйгани ҳам, чавақлангани ҳам бор, - деб қўшиб қўяркан.
Табиийки, бундай пайтда ва ҳалиги нохуш гапдан кейин ҳамма ҳам сесканиб кетади; бунинг устига санитарнинг таъмаси сезилиб туради. Садқаи сар, деб унга пул чўзишади.
Қори қайтиб келмади.
Ҳозир ҳам ўша ҳодиса ёдимга тушса, ўйлаб қоламан: балки шу кунларда ҳам айрим шаҳарларда марҳумлардан бож ундираётган тубан қаланғи-қасангилар бордир?!
Улар муқаддас қонунларимиз олдида жавоб беришлари шарт!
Биз ўшанда бу тафсилотни газетага ёзмадик. Аммо мазкур клиникада тарбиявий ишларнинг бўшлиги, набарор монтёрлар ҳақида, никоҳ маро-симларида машиналарни безашга қарши мақолалар эълон қилинди. Энг муҳими, бу чиқишларимиз изсиз кетмади. Улар "ишлади". Бунга амин бўлдим!

ТЎРТИНЧИ БОБ

О, ОНА ТАБИАТ

"Табиатни севасизми?" деб аталган биринчи китобчам 1975 йили босилган бўлса-да, уни ўша илгарироқ ёзган эдим.
Табиат ҳақида қалам тебратишимга энг аввало, инглиз табиатшуноси Жан Дорстнинг "Табиат нобуд бўлгунча" деган китоби сабаб бўлди. Инсон она табиатни "олов, кимё ва чиқинди ёрдамида" нобуд қилаётганлигини у шунчалик оташин публицистик эҳтирос билан очиб берганки, таҳсин айтмай иложингиз йўқ!
Яхши китоб - беқиёс қудрат! Атрофимдаги дарахлар, қушлар, ариқ-ларни қайта кашф этгандай бўлдим. "Бобурнома"ни такроран ўқиганимда, навқирон Заҳириддин кўз ўнгимда саркарда ва шоирдан кўра, энг аввало, зукко табиатшунос бўлиб гавдаланди. Кейин табиат ҳақидаги адабиётлар-ни ўқишга киришдим: Пришвин, Леонов, Арманд...
Сўнг жониворлар, тоғлар, гиёҳлар ҳақида ёзабошладим. Уларни мадҳ этиш билан чегараланмай, мададга муҳтожлигига кўпроқ урғу бердим. Га-зета ва журналлар тузаётган "рационда" таъбир жоиз бўлса бундай "таом"ларга эҳтиёж катта эди. Шунинг учун бирин-кетин эълон қилишга киришишди.
Ўшанда деворий газетага менга ҳазил қилишгани ёдимда. Расмимни беўхшов чизиб, менинг номимдан: "Табиат битмас-туганмас завқ, илҳом ва ...гонорар манбаи" деб ёзишганди.
Ўзингиз тасаввур қилинг, агар ҳавода кислород бўлмаса, одам икки-уч дақиқада нобуд бўлади. Аммо табиат бунга йўл қўймайди. Биз ҳавони зўр бериб ифлослантиришимизга қарамай, табиат уни тозалайди ва ўпкамиз учун керагича тоза ҳаво етказиб беради.
Дарёлар бўлмаса-чи, қуёш бўлмаса-чи?
Йўқ, улар бўлишади! Она табиатнинг боқий қонунларига бўйсуниб, тирик мавжудодга хизмат қилишаверади!
Бугун табиатни севишнинг ўзи оз. Зотан у бизнинг табиатпараслиги-мизга заррача муҳтож эмас! Лекин уни муҳофаза қилиш ҳаммамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу борада журналист потенциал қудратга эга эканлигини унутмаслиги лозим.
Мен табиат ва уни муҳофаза қилиш тўғрисида матбуотда ёзган мақолаларимни Ж.Дорс, Р.Персон, В. Песков асарларига таққослайдиган бўлсам, ҳижолат тортиб кетаман. Табиат ҳақидаги билимим ва маҳоратим етишмаганидан надомат чекаман!
Ниҳоят энтомология кафедрасининг доценти Н.Козимирский мени илмий ишга таклиф этди. Газетадан кетмаган ҳолда фан билан ҳам шу-ғуллана бошладим. Мавзу - ғалла қандаласига қарши биологик курашиш-да унинг антенаси (мўйлови) ҳусусиятларини ўрганиш ва ишга солишга бағишланган эди.
Бу жуда тор эмасми? Миттигина ҳашаротнинг кўзга аранг кўринадиган мўйловида ҳам жумбоқлар бор эканми, деб сўрашингиз мумкин. Жуда қисқа муддатда қандала мўйловида ўнлаб докторлик диссертациялари ўз кашфиётчиларини кутиб ётганига ишонч ҳосил қилдим. Қандала ва аксарият ҳашаротлар мўйлови билан "ҳидлайди", "кўради", "эшитади". Мўйловдаги жонстон органи деб аталадиган қисм ультратовушлар чиқариб, шу восита билан жонивор ўз жуфтини топиб олади.
Бу мавзуда адабиётлар жуда оз эди. Борлари ҳам инглизчадан таржима қилинмаганди. Шунга қарамай, иштиёқ билан иш бошладим: чўнтагим, столим тормасидаги пробиркаларга нуқул қандала солиб юрадиган, унинг мўйловини турли узунликда кесиб, ҳашарот ҳолатини кузатадиган бўлдим.
Сарҳадсиз уммон эди буларнинг бари!
Аммо ишни охирига етказиб бўлмади: домла Москвада докторлик диссертациясини ёқлаётган пайтда инфаркдан жон берди. Кейин бошқа раҳбар тополмадим.

БЕШИНЧИ БОБ

"ШОИРЛАР ПАЛАТАСИ".

Адабиётда "сакраб кетиш" деган ибора бор. Одатда тажрибали ёзувчилар бундай йўл тутишмайди. Уларнинг асарлари бошдан оёқ қуйма бўлади. Тан олиш керакки, менда бундай қусур анчагина.
"Сакраб кетиш" масаласида китобхонларнинг ҳам кўпчилигини оқлаб бўлмайди. Баъзан саҳифалар, бобларни ташлаб кетадиган одатларимиз йўқ эмас. Буни "чўқилаб ўқиш" дейишади. Айб ёзувчидами, ўқувчидами, - буни билмайман, аммо мен яна андак орқага сакраб, сизни бир шикоят тарихи билан таништирмоқчиман.
"Мен, деб ёзган эди шикоят эгаси, катта ноҳақликка дуч келдим: бошлиқлар устидан ёзганим учун руҳий касаликлар шифохонасига ётқи-зишди. Милициядагилар, докторлар билан тил бириктириб, шу қа-биҳликка қўл ўрдилар безбетлар!
Ҳурматли редакция! Бирор муҳбир келиб, мен билан гаплашишини илтимос қиламан!"
Ҳатга илова қилиб, у шеърларини ҳам юборганди. Мактуби сингари шеърлари ҳам равон эди, уни савдойи одам ёзганига ишониб бўлмасди. Машқларини адабиёт бўлимининг мудирига кўрсатган эдим, у ҳам фик-римга қўшилди.
- Газетага берса бўладими, - сўрадим.
- Йўқ, бўлмайди, - деди у анча кескин, аммо сабабларини айтмади.
Бош врач мени анча совуқ қарши олди. Мақсад-муддаомни айтганимдан кейин ҳам ҳолати ўзгармади. Бу эса унинг менга ўхшаш анча-мунча муҳбирлар билан мулоқотда бўлганидан далолат берарди. Ниҳоят у гапимни лабимдан юлиб олиб, навбатчи врачни чақирди ва дуппа-дурустдан буюрди.
- Бу муҳбир укамни "шоирлар палатаси"га олиб бориб, "ёзувчи" билан таништиринг! Кўрсинлар, гаплашсинлар. Касаллик тарихини ҳам кўрса-тиб, тушунтириб беринг.
"Шоирлар палатаси", "ёзувчи". Бу иборалар менга дафъатан қаттиқ ботди. Чунки ўзим ҳам бир неча йил шеър машқ қилганман. Бир танқидчи шеъримни ўқиб, унда поэтикликдан кўра сюжетлилик ошиб кетганини, назмдан кўра насрга мойиллигини ўқтирганди. "Бу тийран кўзлар" деб аталган мазкур шеърда лирик қаҳрамон кўзи ожиз бўлиб туғилганини айтиб, кунлардан бирида доктор, бирор кимса қорачиғини берса, олиб ўтказиши мумкинлигини маълум қилади. Ҳеч ким бунга рози бўлмайди, Аммо лирик қаҳрамоннинг онаси иккала кўзини ҳам инъом этади.
Бош врач авзойим ўзгарганини сезиб, ноиложликдан ҳалиги врачни койиган бўлди.
- Бундан кейин ўн учинчи палатани "шоирлар палатаси", демайлик. Ҳалиги беморни ҳам ўз номи билан айтиш керак. Тоштемирмиди, ни-майди оти.
У врачдан тасдиқ жавобини олгач, менга ўгирилди.
- Мабодо аччиғингиз келмасин: шу ҳафтанинг ичи уч киши текши-ришга келди. Бу Тоштемирвой ҳам дуч келган жойга ёзавераркан...
Менга ҳамроҳ бўлган врач йўл-йўлакай Тоштемирнинг касалиги ҳа-қида гапирди. Бу асаб касаллигининг махсус тури бўлиб, куз ва баҳорда, шунингдек, асаб бузилганда авж оларкан.
- Раҳбарлар устидан ёзгани ростми?
- Ростдир. Бизнинг ҳам устимиздан ёзди-ку.
"Шоирлар палатаси". У кечагидек кўз ўнгимда турибди. Коридор деворларига қўлга тушган бўр, кўмир парчаси билан "шеър" битиб ташланганди. Кимлардир ўзича берилиб монолог ўқирди. Коридор ўртасида чойшаб тўшаб олган художўй бир бемор берилиб, намоз қироат қиларди.
Тоштемир ўттиз ёшлардаги озғин киши бўлиб, саранжом-саришталиги билан ажралиб тураркан. Газетадан келганимни эшитиб, қувонди, миннатдорчилик билдирди. Унда девона ёки телбаларга хос бирорта аломат кўзга ташланмасди; Тоштемир жоҳил одамлар ҳақида дилгиргина шикоят бошлаганда ҳам кўзларида босиқ дард кўрдим.
- Бу ер ноқулай, - дедим унга, - юринг, санитарлар хонасига кирай-лик, баҳузур гаплашиб оламиз.
Ногаҳонда унинг кўзларида олазараклик пайдо бўлди: менга, врачга нохуш назар ташлади.
- Бормайман! Биламан мақсадларингни, - деди у кескин, лекин шикаста оҳангда - сизлар билан гаплашишни истамайман!
Ҳақиқатдан ҳам у биз билан гаплашмай қўйди. Унинг ўрнига ёшгина йигит келиб, паст овозда шипшиди.
- Уни қўйинглар! У - жинни! Ёмон одамлар кўп. Улар бу ерни жиннихона дейишади. Нотўғри гап! Бу ер - руҳий касалхона. Киришда ёзиб қўйибди. Ўқидингизми? Ака!
- Ўқидим, - маъқуллаб бош тебратдим.
- Биз руҳлар билан гаплашамиз. Улар ҳамма гапни бизга айтишади, ака!
Врач уни койиб берди. Бечора бир лаҳза жим турди-ю, тағин давом этди.
- Менда уйқу йўқ, ака! Кечаси билан юриб чиқаман! Хотиним ўзини осиб қўйди. Тўйимизга бир ҳафта бўлганди... Ака...
Тоштемир эса барибир гапирмади.
Мен ҳужжатларга ҳам унча ишонқирамай, бояқишнинг қишлоғига ҳам бордим: унинг қавмлари минг надомат билан ана шу бедаво дардга чалиниб қолганини гапириб беришди.
Шифохонада бўлганимда медицинамизнинг анчайин ожизлигидан ачиндим ҳам. Бу беморларнинг талайи йиллар оша шифо топмаётган экан. Инсоният ақлли механизмлар, компьютерлар, сунъий йўлдошлар кашф этаётган бир дамда, сочдай келадиган нерв толаларини тиклаёлма-ётганлиги ачинарли ҳол эди, албатта!


НОМАЪЛУМ РАССОМ


Ғалатида ўзи: одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни ёқтиришмайди.
Маҳалладошлари уни ҳам хушламайдилар. Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл жихозлари нопок йўл билан келаётгани устига феъл-атвор ҳам ҳалигидақа...
Шунга қарамай унинг олдига келиб туришади, илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров машина ололмай ҳалак. Бунақа юмушларга унинг суяги йўқ: танишларин ишга солади, урушда "қон тўкканини" пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.
Шаҳарга туташ колхознинг бригадири унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон ҳам олиб беради.
Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса, бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман.
Бу даргоҳга ижара излаб келганим кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болахонадаги уй бўшлигини, хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.
- Ургутданман, - дедим, сўнг қўшиб қўйдим: - Юрфакда ўқийман.
- Ҳа, тузук, - деди у чиройи очилиб, - ургутликлар закунчи келади ўзи.
Шу билан гапимиз тугади. Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
- Майли, - деди, у ниҳоят, - аммо маст бўлинса, аёл-паёл олиб келинса хафалашиб қоламиз.
Кўчиб келганимнинг биринчи ҳафтаси эди. Кечқурун хонамга кириб кетаётганимда, хивичдан тўқилган креслода ялпайиб ўтирган хўжайин мени чойга таклиф қилиб қолди. Унинг рўпарасидан жой олдим-у, ногаҳонда нигоҳим кўкрагига чизилган катта расмга тушди. Табиатан баданида турфа ёзувлар ва расмлар бўлган кишиларни ёқтирмасдим. Нохуш бўлдим. Хўжайин ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, чой узатди. Унинг кайфияти яхши эди. Ўзимни мумкин қадар бепарво тутишга уриниб, унинг кўкрагига тағин зоҳирий назар ташладим. Балоғат ёшидаги қизнинг жуда зўр ҳафсала ва дид билан чизилган расми эди у. Қиз бошини осиёлик жувонларга хос танғиб олган бўлса-да, қирра бурни ва яна алланималари европача эди. Кўкраги жуда бўлиқ, сийнабанди осмонранг. Кўкрагининг ярми хўжайиннинг майкаси остида қолганди. Аммо, синчиклаб қаралса, тўр остидаги унинг бор вужудини кўриш мумкин эди. Назаримда, у ҳозиргина чўмилишдан чиққандай, устига енгилгина мато ташлаб олганди. Қизнинг боши негадир бир оз хам қилиб чизилганди, табассумида билинар-билинмас ғуссами, истеҳзоми яширинганди.
- Ўқиш қачон тамом бўлади? - ногаҳонда сўраб қолди хўжайин.
- Яна бир йил бор.
- Яхши! Кейин ҳаёт тузук бўлиб кетади. Ҳозир судья-ю терговчиларнинг пичоғи мой устида.
У Ургутда бадавлат одамлар кўплигини айтиб, Гена деган серпул кишини суриштириб қолди. Танимаслигимни билгач, афсусланди.
- Жуда ҳам уддабарро одам. Бир вақтлар Москвадаги ресторанда директорлик қилган. Бундай одамларни таниб қўйиш керак!
Унинг ўгитларини тинглаган киши бўлиб, тағин расмга назар ташладим. Ҳар қалай бу ўлкан санъаткорнинг иши эди. Расм учун чап сийнанинг усти яъни юрак атрофи танлангани бежиз эмасди. Юрак тепганда қизнинг узун киприклари, бўлик, оппоқ кўкси тебраниб кетар ва бу ғайритабиий ҳол кишини беихтийр ҳаяжонга соларди. Бу соҳибжамолнинг нозик бармоқлари ҳам шу қадар оппоқ ва нафосатли эдики, таърифига сўз ожизлик қиларди.
Хўжайин қўзғалди, негадир деканимизнинг фамилиясини суриштириб қолди. Мен чўчиб тушдим ва жавоб бердим.
- Танийман, - деди у, - агар бирор иш чиқиб қолса, менга айтилсин, ёрдам бераман!
У ҳомуза тортиб, хонасига кириб кетди. Бетакрор сиймо эса хаёлимга кўчди ва михланиб қолди.
Эртаси хўжайин кеч келди. Унинг кайфи баланд эди. Бека саросималаниб унга сув тайёрлади.
- Биласанми, хотинлар нима учун яратилган? - лаблари тамнашиб, хотинига савол берарди у .
- Биламан, биламан - эркакларнинг эрмаги учун, - ҳазил тариқасида, ҳадик билан жавоб қайтарарди хотини.
Аёл эрини уйига олиб кирди. Хўжайин кимнидир болохонадор қилиб сўкди. Кейин жимлик чўкди.
Бир ҳафтагача унинг майкачан чиқишини кутиб юрдим. Якшанба куни эндигина креслодан жой олганда, ҳалиги таниш бригадир келиб қолди. У расмга мутлақо эътибор бермай, нуқул илтимос қиларди.
- Фақат помидор қолди. Икки кун турса, бари эзилиб кетади. Борамизу келамиз.
Улар чиқиб кетишди ва тушдан кейин ширакайф бўлиб қайтишди. Ток остида жой ҳозирлагач, қимтинибгина пастга тушдим.
- Қани, студент, би-ир чой ичайлик.
Мен ичкаридан у-бу олиб чиқдим. Сўнг столнинг бир чеккасидан омонатгина жой олиб, ташна нигоҳларимни қадрдон расмга тикдим. Ҳавонинг иссиғидан бўлса керак, қизнинг яноқларида реза-реза тер ялтирарди. Инсон қиёфаси акс этган жамики полотнолар, портретлар, ҳайкаллардан фарқли ўлароқ, бу расм жонли эди: у қизарар, терлар, гоҳида чимирилар, табассум қилган бўларди.
Бригадир нуқул бу йил ҳосил баракали бўлганини бошлиғи уни таърифлаганини такрорларди. Хўжайин эзма суҳбатдошининг гапига шунчаки одоб юзасидан қулоқ солгандай бўлса-да, аслида батамом бошқа нарсаларни ўйлаётганини англаш қийин эмасди. Нафисламбирини айтганда, учаламиз ҳам роль ижро этаётган актёрларга ўхшаб кетардик шу тобда.
- Топширишни ўйламанг, - далда берган бўлди хўжайин, - биз бор эканмиз, ҳосилингиз ерда қолмайди.
Суҳбат қовушавермагани учун бўлса керак, бригадир узр сўраб, кетишга шайланди. Уни дарвозагача кузатиб қўйдик. Хўжайин креслодан жой олиб, хотинини чақирди.
- Қарзни обкелдими, ана у? - қўшни томон имлади.
- Йўқ! Кейинроқ берар, хотинини Москвага олиб кетди. Бу ерда даволаб бўлмасмиш...
- Нодон! Ризқи бут бўлса, нима фарқи бор?!
Аёл мендан ҳижолат бўлди. Мавзуни усталик билан бошқа томонга бурди.
Ўғлингиз аттестатини олибди... Билим юртига борсам майлими, деяпти...
- Йўқ, - деди у кескин, - ё юрфакка ёки савдо соҳасига боради. Мана шу болалар, - у мен томон имлади, - қишлоқдан келиб ўқияпти-ку.
Шундан кейин орадан ўн кунлар чамаси вақт ўтди. Менинг ширин умидларим, орзиқиб кутишларим сароб бўлиб қолаверди.
Бу орада бека мени жуда қадрлайдиган бўлиб қолди. Ўша куни унинг маслаҳати билан маҳаллага тўйга боргандим. Хизмат қилиб юрганимда хўжайин келиб қолди. Уч-тўрт баковул унга пешвоз чиқиб тўрдан жой кўрсатишди. Сўнг алоҳида дастурхон ёзиб, ноз-неъмат келтиришди. Хўжайин бу ерда ҳам ўзига хос виқор, нописандлик билан ўтирди. Маҳалла комитетининг раиси билан қадаҳ уруштирди, кимгадир зарда қилди. У чиқиб кетиши билан одамлар ғийбатга тушиб кетдилар.
- Маст бўлди, муттаҳам!
- Бу зулукни одам қилиб юрган - ўша хотини. Бўлмаса аллақачон балои азимга дучор бўларди.
Уларни гапидан шу нарса аёни бўлдики, бека - хўжайиннинг учинчи хотини экан. Биринчиси, узоқ йил кутган бўлишига қарамай, хўжайин ўша ёқдан хотин олиб келибди. Кейин иккаласи муроса қилмагани учун жавобларини бериб юборибди.
- Бари бир маҳаллага шунақа одам керак, ғийбатни якунлашди улар, - ёрдами тегиб туради.
Тўйдан келсам, хўжайин креслода майкачан ўтирган экан. Жуда қувониб кетдим.
- Хўш, студент, ишлар жойидами, тўйга борилдими?
- Ҳа.
- Кўрилдими, бари менга думини ликиллатади. Лекин қўлларидан келса бир кун қўймайди, бу нокаслар!
Таниш расмга кўзим тушиб, юрагим гупиллаб ура бошлади. Унинг нигоҳларида бу гал ўта жоҳил одамнинг қўлига тушиб қолган бокира аёлнинг изтиробларини кўргандай бўлдим.
Эҳ, гўзал, гўзал эди у.
Шундан кейин ҳам ҳар гал унинг янгидан-янги қирраларини кашф этардим. Мен у қизни интиқлик, ташналик билан қумсардим, негадир пешоналарини силагим, далда бергим келарди. Хўжайин эса аксига олиб, кўпинча халат кийиб чиқар ва менинг ташна нигоҳларим интиққина мунғайиб қолаверарди.
Ўша куни маҳалладан бир киши илтимос билан кириб келди.
- Шу укамиз касал бўлиб қолган денг. Духтурга борсак, жой йўқ, дейди...
Хўжайин креслога ястаниб ўтириб олди, хотини телефон аппаратини олдига келтириб қўйди. У кимларгадир телефон қилиб, ҳалиги одамнинг ҳожатини чиқарди. Сўнг сўради:
- Қаерларда ишлаяпсиз?
- Ўша - аввалги жойда.
- Аввалги жой қаер эди?
- Паррандачилик фабрикаси.
- Дарвоқе, товуқлар семириб юрибдими?
- Семириб юрибди.
- Нима, эшитиш бор-у, кўриш йўқми?
У бугуноқ етказишга сўз берди. Хўжайин қувонди ва негадир намойишкорона халатини ечиб кўкрагини очди.
- Мана, студент...
Мен хижолат тортдим. Хўжайин расмни ёқтириб қолганимни билмайди, деб ўйлагандим-да.
- Билганман, студент, билганман шу расм ёқиб қолганини.
Мени ногаҳоний хижолатдан чиқариш учун бўлса керак, у қадаҳларга коньяк қуйди, биринчи менга узатди.
- Ҳеч ичолмайман! Ичмаганман!
- Олинсин, студент, расмнинг тарихини айтиб бераман!.
Мен қадаҳни олдим.
- Бу расм - Польшадан ёдгорлик. Концлагердан.
Қизиқишим ошиб, унга яқинлашдим. У ҳам эътиборимни жамлаб олишим учун бир лаҳза сукут сақлаб давом этди.
- Бир рассом билан бирга тушиб қолгандик. Жуда мўмин-қобил одам эди. Бизнинг тақдиримиз маълум эмасди. Ўзимизникилар яқинлашиб келаётган пайтлар эди ўшанда.
"Дўстим, - деди бир куни ўша рассом жуда илтижо билан, - ўттиз йилдан бери хаёлимда бир сиймони олиб юрибман. Йўқ дема, шуни сенинг кўкрагингга чизай. Кўксинг жуда кенг, беғубор экан".
"Расм чизишга бало борми, - дедим нохуш, - эрта-индин ўладиганга ўхшаб турибмиз-у...."
"Йўқ, биз ўлмаймиз, - деди у ишонч билан, - бу расм сенга асқотади. Ишонавер!"
Мен чалқанча ётдим. У анча уннади. Қалам билан чизиб, игнани қора рангга ботириб санчиб чиқди. Бир ҳафтадан кейин бизни отишга олиб чиқишди. Аблаҳ фашистлар баримизни қатор қилиб қўйишди. Бир маҳал мўъжиза рўй берди. Сафнинг олдидан ўтиб кетаётган офицер, атайин орқага қайтиб, кўкрагимдаги расмга суқланиб тикилиб қолди. Сўнг шерикларини ҳам чақирди. Улар алламаҳалгача чулдираб муҳокама қилишди. Кейин офицер мени сафдан чиқариб юборди.
- Қолганларни-чи? - шошиб сўрадим.
- Отиб ташлашди, - деди у совуққина қилиб.
- Рассомни ҳамми?
- Ҳа!
- Афсус! Номини сўрамаганмидингиз?
- Ёдимдан чиқиб кетган, - деди у лоқайдгина, - кейин ўша офицер расмни яхши кўриб қолди. Мени Германияга олиб кетмоқчи бўлганди, аммо бизникилар бостириб келиб, иложи бўлмади. Кейин ўпкам шамоллаб госпиталда ётдим. Врачим ҳам шу расмни яхши кўриб қолса бўладими. Кейин билсам, тузалганимдан кейин ҳам жавоб бермай юрган экан. Бир ҳамшира билан соз бўлиб қолдик. Ўшани олиб, қайдасан Самарқанд деб йўлга тушдим. Бу ерда кундошлар келишолмади. Иккаласидан ҳам воз кечиб, бу аёлимга уйланганман.
Хўжайин тин олди. Менинг кўз ўнгимда ўлимга маҳкум этилган истеъдодли рассом, мана бу галварсни бир неча йил кутиб, орзулари саробга айланган аёл, яна алланималар гавдаланди. Хўжайин давом эттирди:
- Бир куни ҳаммомда бир чол шу расмни ёқтириб қолди. Рассом экан. "Рухсат бер, пешанасидан бир ўпай", деб ялинди. Жеркиб солдим.
У қаршисидаги қадаҳни тўлдирди. Менинг рюмкамни ҳам зўрлаб тутқазди.
- Давай, студент, ичамиз!
- Майли.
- Давай!
- Нуқул яхши одамларга қирон келтирган урушга қирон келиши учун!
Кейин хонамга шошилдим. Ҳаёт-мамот жангида қатнашган хўжайин, уни эзгуликка чорлаган рассом ва яна аллакимлар кўз ўнгимда худди кино лентасидай пайдар-пай ва бот-бот ўтиб турди. Йиғлаганимни кўришмасин деб, эшикни ичкаридан илгаклаб қўйдим.
ЎЗ-ЎЗИМДАН ИНТЕРВЬЮ ЁКИ
СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА.


Қирқ йил давомида қўлда блокнот билан турфа тоифа, миллат ва ёшдаги кишилар билан мулоқотда бўлдим; дунёқарашлари, эътиқодлари бир-бирини инкор этадиганларнинг мулоҳазаларини ўзимча синтезладим.
Бугун олтмиш ёш арафасида эса биринчи бор ўзимни саволга тутишга жазм қилдим.

* * *

- Азроилга чап бериб, олтмишинчи бекатга етиб келибсиз, буёғига ҳам Оллоҳ сиздан нусрати ҳамда раҳматини аямасин!
- Ҳеҳ, ғалати сўз ўйини.
- Ҳарҳолда ижодкор учун олтмиш - кучга, тажрибага тўлган, айни ижод қиладиган палла.
- Бу, азизим, юбилей тантанасида қўлда микрофон тутиб айтиладиган тавозе ва такаллуф, ўрисчасига айтганда - комплимент. Аслида ёзувчи ҳам, журналист ҳам ўз вақтида нафақага чиққани маъқул. Намоз - вақтида фарз.
- Балки тўғридир! Ўттизга яқин юпқа-қалин китоблар чоп эттирдингиз.
- Лекин булардан икки-учтасигина қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Аслида озроқ ва созроқ ёзсам бўларкан.
- Бунинг устига одамлар борган сари кам китоб ўқишябди.
- Ўзим ўтказган тадқиқотларга суянадиган бўлсам, бугун китоб ўқийдиганлар асосан ТВ кўриш имкони бўлмаган кишилар, шу жумладан, ёлғизлар, кексалар, беморлар, туристлар, асаларичилар, қоровуллар... Аммо зиёлилар, ҳатто ёзувчиларнинг ўзлари ҳам кам ўқишябди. Ваҳоланки инсоният тараққиётининг (ижтимоий ва иқтисодий) локомотиви (таъбир жоиз бўлса) зиёлилар бўлиб келишган.
- Адабиёт ўлади, демоқчимасмисиз?
- Бир-бирига зид бўлган икки ҳолатни кузатганмисиз? Биринчиси, "Адабиёт ўладими", деган серхавотир сўроқ. Иккинчиси, ҳар бир муаллифнинг "Мен зўр асар ёздим" деган ишончи, гоҳида мақтанчоқлиги. Мен буларнинг иккаласига ҳам истеҳзо билан қарайман. Адабиёт ҳам ўлмайди, зўр асар ҳам ёзилмаябди.
- Газета билан студентлик пайтимдан бошлаб дўст тутинганман, дегандингиз...
- Газета билан илк бор етти ёшимда, яъни 1948 йилдан эътиборан иноқ бўлганман. Шунда биз Ургутнинг Қўзичи деган қишлоғида яшардик. Бир куни мактабмиз директори бизни ҳовлига тўплади. "ҳамма диққат қилсин: бизни газетада мақташган" деди у ва ўқишга киришди.
«Доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги туфайли Ургут районида автомашиналар сони учтага етди: "Қизил Шарқ" колхози ҳам "политурка" машинасига эга бўлди.
Буюк доҳиймиз, саркардамиз Иосиф Виссарионович Сталин кўрсатмаларига амал қилаётган шофёр Жумаев Раҳмат колхоз раиси билан ҳам, колхозчилар билан ҳам яхши муомала қилмоқда. Машинага илғор колхозчилар миндирилмоқда».
Жумаев Раҳмат - менинг дадам эдилар.
- Айтингчи бирор нимарсадан хавотир тортиб яшайсизми?
- Рак, инфаркт, автомобил ҳалокатидан! Фарзандларим, набираларимга бирор кори ҳол бўлишидан.
- Ёлғон гапирганмисиз?
- Гапирмаганман, десам ёлғон бўлади. Ёлғон эзгуликка хизмат қилса гапириш мумкин. Чин бўлса-ю, ҳеч ким ишонмаса ёки унга тайёр бўлишмаса, ўйлаб кўриш керак. Мансури Ҳаллож: "Анал ҳақ" яъни "Мен ҳақман", дегани учун териси шилинганини бот-бот кўз ўнгимга келтирадиган бўлганман!
- Тан оласизми, йўқми - сиз шўролар даврининг мухбирисиз. Бугунги ижодкорнинг, табиийки, рафтори бўлакча. Газеталар, ТВ, радио моҳиятан дигаргун, жадиддурлар.
- Бундай максимализм ноўрин. Аксар оммавий-ахборот воситалари-миз ўз фаолиятларини айнан ўша - ўзлари инкор этаётган даврда бошлаганди. Улар устивор анъаналарга содиқ қолиб, мустақиллигимизга камарбаста бўлишди.
- Суҳбатимиз якунида "Мен мухбирман" деган китобингиз ҳақида гапирсангиз.
Кузгуга боқиб, аввал ундаги доққа эътиборни оширадиганлар бор. Китобнинг биринчи нашридан кейин каминани андишасизликка айблаганлар ҳам бўлди. Булар, асосан ўзларини таниб қолган бандалар эдилар. Гоголдан истеҳзо билан: «Кимнинг устидан кулаяпсиз» деб сўрашганда, такаллуф билан: «Ўз устимдан, чироғим, ўз устимдан», деган экан. Мен ҳам шуни такрорлаган бўлур эдим.
Зеро руслар беҳудага: осмон гумбирламаса, мужик чўқинмайди, дейишмайдида.
Китобнинг бош қисмида: «Афсуски, ҳозир муаллифларга умуман жавоб йўлламай қўйишди», деб ёзгандим. Аммо бу – надоматимнинг бир қисми эди, холос. Таҳририят ва нашриётлар қонуний қалам пули тўлашни ҳам йиғиштириб қўйишди. Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри гонорарига янги «Жигули» ҳарид қилган эдим. Иккинчисига…
Китобни «Мен муҳбирман» деб атаганим бежиз эмас. Мен ёзувчи эмас, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман. Ёзувчи деганда, Робиндранат Тагор, Лев Толстой, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний сингари даҳоларни назарда тутишга кўникиб қолганман.
- Бу асар мухбир учун қўлланма ҳам эмас, уни менинг сардафтарим деб ўйламоқ ҳам хато. Асар одамларни эзгуликка, эврилишга, эминликка даъват этса бўлгани.
Насиб бўлса, ноумид қолмасман!
Ва тағин – ўтинчим ҳам бор – ушбу китобни ўқиб, энг яқин елкадошингизга туҳфа этишингизни жуда-жуда истар эдим!
Остонангизга осойишталик берсин!

среда, 6 января 2010 г.

FARZANDGA O’GITLAR

To’ldirilgan beshinchi nashri






* Farzandga yetti nasihat
* Shu tiyran ko’zlar
* Buyuk Kaykovus yozadi
* Millatchilik – ojizlik alomati
* Inson pulni kashf etgandan buyon unga zoriqib yashaydi
* Bu kitobni o’qib, eng yaqin kishingizga tuhfa eting

74,90
R33

Nusrat Rahmat
Farzandga o’gitlar.-To’ldirilgan, 5-nchi nashr.-T.:

Taniqli publisist Nusrat Rahmatning qo’lingizdagi «Farzandga o’gitlar» kitobi oldin «O’gitnoma» nomi bilan nashr etilgan. Kitob o’quvchilar tomonidan iliq qarshilandi va har gal ham tez tarqalib ketdi. Muallif o’tgan vaqt oralig’ida muxlislar bildirgan ko’plab taklif-mulohazalarni hisobga olib, kitobning to’ldirilgan beshinchi nashrini hukmingizga havola etmoqda. Ushbu nashr ham siz aziz kitobxonlarning e’tiboringizga sazovor bo’ladi, degan umiddamiz.



DEBOCHA

Kunlardan birida mukka tushib, nasihatnoma yozayotganimda, tanqidchi do’stim, odatdagidek miyig’ida kulib, zaharxanda qildi.
— Endi hamma pandu nasihatlarni Kaykovus bilan Navoiy bitib ketgan, chamamda...
— Faqat Mir Alisher Navoiy bilan Kaykovus emas, Ro’dakiy bilan Yusuf Xos Hojib, Ibn Sino bilan Maxtumquli ham o’gitnomalar bitishgan.
— Shunday buzruk allomalardan ham qolib ketgan gaplar bor ekanmi-a,— chimchilab olmoqchi bo’ldi u.
— Bor ! — zarda bilan javob qaytardim,— masalan, bu daho- lar qul yoki xizmatkor sotib olish; podsholik, vazirlik taomillari xususida rosa yo’l-yo’riq ko’rsatishgan-u, tabiatni muhofaza qilish, millatni qadrlashdek zaruratlar haqida lom-mim deyishmagan.
— Ularning zamonida ...
— Ha, barakalla, endi o’zingga kelding,— uning kalomini lablaridan yulib oldim,— modomiki, zamonlar o’zgarishi bilan nasihatlarning mazmun-mohiyati ham digargun bo’lar ekan, kimdir yangi o’gitlar bitmog’i kerak-ku!
— Buning uchun o’sha donishmandlarday nuroniy va zakiy bo’lmoq zarurmi, deb uylayman-da...
— Yo’q, ular sen o’ylagandek, juda munkayib qolgandan keyin qalam uchidagi gaplarini kog’ozga tushirishmagan — aksariyatlari aynan mening yoshimda o’ta qimtinish va kamtarinlik bilan o’z o’g’illari nomiga yo’riqnomalar bitishgan...
— Va bu qomusiy nasihatlar insoniyatning dasturil-amaliga aylangan!
— Bu — bir, ikkinchidan, kaminaning ularday zukko va ashraf emasligimni yuzimga solishing ham nojoiz. Modomiki, ul suxan peshvolari darajasiga yetmagan ekanman, demak, kam nasihat tinglabman. Zero, kelajak avlod ham mendek noshud bo’lib qolmasligi uchun ularga nasihatnoma bitmog’im kerak!
Monologimni tutatib, "bopladimmi" degan ma’noda raqibimga ko’z tashladim. U esa kesatish va sovuqqonlik bilan davom yettirdi.
— Endi nasihat odamlarning joniga juda tegib ketgan! Buni biror joyda bosib chiqarishlariga ham ko’zim yetmay turibdi. Homiy topish ham jo’n ish emas.
— Odamlarning badiga puch va varsoqi pandlar tegib ketgan. Nasib bo’lsa, men unaqa bemantiq, sayoz yo’riqnomalar bitmayman! Tag’in: bobokalonlarimiz ham "bosib chiqarishlariga ko’zlari yetmay" yoki homiy topishdan xavotir tortib, qo’llarini qo’ltiqlariga qistirib o’tirishganda, insoniyat "Qobusnoma", "Zafarnoma", "Saodatnoma", "Guliston", "Bo’ston" singari javohir xazinalaridan bebahra qolgan bo’lur edi!
— Shu tariqa o’zimnikini tantanavor ma’qullab, yozishda davom etdim. Marhamat, quvvai hofizam darajasida bitganlarim hukmingizga havola. U sizga o’tirishadimi yoki yoqmaydimi — buning men uchun ahamiyati kamroq. Lekin farzandingiz undan, Mavlono Sa’diy ta’kidlaganlaridek, biror varog’ini olib ketsa va o’qib, o’rtog’iga bersa, shuning o’zi kifoya!
NAVQIRONLIK VA NAVJUVONLIK XUSUSIDA

Ey azamat o’g’lim, mehribon qizim!
Mana, sizlar o’n sakkiz yoshning eshigini qoqyapsizlar. Shu damgacha baqamti o’tirib, bosiqlik bilan sizlarga nasihat berganimni xotirlolmayman. Dashnom berdim, koyidim, urishdim, chunki bola yedilaring-da u paytda. Endi nasihatga o’tsam bo’lar. O’gitning qadriga boradigan yoshga etdilaring. Uzoq yillar — kamida mening yoshimga yetguncha pandu nasihat tinglashlaringga to’g’ri keladi.
Ilk o’gitim, nasihatga nisbatan hech qachon bepisand va beparvo bo’lmanglar; yoshi va martabasi o’zlaringdan ulug’lar, donolarning pandlariga sharqona bir ehtirom bilan quloq tutishga odatlaninglar. O’qish bilan uqish o’zga bo’lgani yanglig’, tinglash bilan anglash ham g’ayri tushunchalardir. Dehqon ne- ne mehnatlar ila somon orasidan donni ajratib olganidek, yaxshilarning maslahatlaridan eng zarurlarini topib olish va hayotga tadbiq etish payida bo’linglar.
Ey o’g’lim! Yigitchilikning talay taomillari borki, ularga amal qilmoq umr yo’lini belgilab olmoq demakdir. Eng zukko va ma’ruf odam ham, ayniqsa, navqironlik pallasida talaygina nuqsonlarga, bema’ni mayllarga yo’l qo’yadi. Jamiyat buni his qiladi va barkamol bo’g’in nuqsonlarini avf etadi. Lekin kamchiliklarini, eng avvalo, hayotga qadam qo’ygan kimsaning o’zi chuqurrok his etmas va saboq chiqarmas ekan, oxir-oqibat gumrohlikka yo’l qo’yishi muqarrar!
Yoshlikning tag’in bir muhim sharti, uning o’tkinchi ekanligini e’tirof etmoqlikdir. Navqironlik yillari seni tez tark yetib, dog’da qoldirishini unutmasliging kerak.

HIKOYAT

Mushtlashish bo’yicha jahon chempioni, hamyurtimiz Ruf’at Risqiyev har gal ringga chiqqanida zal qarsak va hayqirishlardan yorilguday bo’lib ketardi. Uning mansur va mag’rur qomatini hatto ekranda ko’rish ham dilimizga zavqu shavq ato etardi.
Ruf’at bu ehtiromu shariflikka osonlikcha erishmagandi, albatta.
O’n yillar davomida ne-ne qaltis maydonlarga tushib, dovrug’i olamga ketgan bahodirlarni holdan toydirgani, har gal maqsad yo’lida ulkan sabot bilan kurashgani evaziga shunday ehtirom egasi bo’lgandi u. Ha, bu yigitning mushtlashishini tomosha qilish maroqli, hayajonli edi. Davraga tushganda, ortiqcha ehtirosga berilmas, hududsiz olqishlar, unga tikilgan foto va telekameralarga beparvogina qarardi. Birinchi raunddayoq ro’parasidagi raqibning ojiz o’rinlarini ilg’ab olar, so’ng birin-ketin sabot va shiddat bilan musht tushirar-di. Uning mo’ljali aniq, zarbalari larzakor bo’lardi har gal. Bundan man-man degan g’anim ham gangib qolar, o’zini qayta tiklashga imkon topolmasdi. Har bir raund betakror spektaklni eslatardi. Yana ham ramziyroq qilib aytsam, birinchi raund komediyaga, ikkinchisi dramaga, uchinchisi fojeaga o’xshardi. Dastlabki daqiqalarda Ruf’at ring bo’ylab shunday hamohang harakatlar qilardiki, yigit raqsiga o’xshab ketardi u. Orqaga, yonga qarab chekinishi; boshi, yelkasini ko’z ilg’amas shiddat bilan olib qochishi, raqibiga imkonlar berib, tag’in uni holdan toydirishini kuzatish maroqli edi. Ikkinchi raundda vaziyat o’zgacha tus olardi: Ruf’at bosiqliq, ishonch bilan hujumga o’tardi. Kutilmaganda uning cho’qmor mushtlari raqibni gandiraklatib tashlardi. Odatda o’yin taqdiri ana shu raundda hal bo’lardi, lekin Ruf’at zohiriy bir mardlik bilan raqibini avaylar va uchinchi uchrashuvga ham o’rin qoldirardi. Oxirgi raund esa ko’p hollarda poyoniga yetmayoq raqib qo’lini ko’tarardi.
Kinorejissyorlarimiz uning bahodir qomatini qayta–qayta suratga olishar, shoirlarimiz uni millatning faxri deb madh etishardi. Mashrab Boboyevning Ruf’atga bag’ishlangan "Yurak" degan she’rini yodlab yuborgandik.
Bu noxush hol bir necha yil muqaddsam AQShda ro’y berdi. Pahlavonimiz bu gal ana shu mamlakat chempioni Stivenson bilan maydonga tushdi. Amerika bor ovoz bilan hayqirib, o’z chempionini olqishlardi, bayroqlar havoda betinim selpinar; projektorlar, obektivlar batamom kurash maydoniga qaratilgandi.
Men Stivensonni ko’rdim-u, unga zohiran achindim, chunki u Ruf’atga nisbatan yosh va jussasiz edi. Jahon chempioni boyaqishni bir zarb bilan majruh qilib tashlaydiganday edi nazarimda.
"Boks!" xitob qildi hakam.
"Yo, Jamshid!" iltijo qilib qoldik biz.
G’alabaga tashna raqiblar bir-birlariga tashlanishdi. Mushtlashish taomillarini suv qilib ichgan hamzaminimiz o’ziga xos bosiqlik bilan musht tushira boshladi. Yo’q, u dastlab chekingan bo’lib, odatiga ko’ra raqibiga imkon berdi, dushman qal’aning omonat joylarini izlagandek, uning ojiz tomonlarini " paypaslab" ko’rdi.
Ha, Stivenson aksariyat yoshlardek qiziqqon va tajribasiz edi. U o’zini ayamay jahon chempioniga tashlanar, lekin buning evaziga musht yegani qolardi. Sho’rlik shunday shoshqaloqlik qilardiki, ko’p hollarda Ruf’atni quchoqlab olar va ular shu tariqa ham bir-birlarini do’pposlashar; sudya ularni bir azobda ajratib qo’yardi.
Birinchi zangdan so’ng Ruf’atga ta’rif berishdi.
"Jahon chempioni, to’rt marta mamlakat chempioni, oliy dara- jadagi falon va falon mushtlashishlarning mutlaq g’olibi".
"Boks!"
Raqiblar jamiki quvvat va g’azablarini temir mushtlariga to’plab, hamlaga o’tdilar. Tag’in qiy-chuv, hayajonlar... Stivenson degani esa negadir biz intiq bo’lib kutganday chekinmas, uzala tushib yiqilmas, bar’aks tag’in ham shiddatliroq bo’lib, ohuday sakrar, chaqinday yaltirardi. Ruf’atning mushtlari padarqusurni holdan toydirish o’rniga unga kuch-quvvat ato etayottanga o’xshab ketar va bundan biz diltang-u dilgash bo’lardik.
Okean ortidagi qita hamovoz va hamdard bo’lib baqirishni avj oldirar, Stivensonni olqishlardi. Yo’q, Ruf’at ham yolg’iz emasdi: butun O’zbekiston, ehtimolki butun musulmon olami taqdirdan unga omadlar tilardi.
Biz Ruf’atning arqonlar bilan chorkunjak qilib o’ralgan kaftdek joydagi hududsiz jasoratini hamisha umid va qoniqish bilan tomosha qilardik. O’sha kuni birinchi bor dilimizga o’t tushdi, xavotirlandik. Chunki hamyurtimiz muhofazaga o’tib olgani, muskullaridagi quvvatni xasisona tejayotganiga guvoh bo’ldik. Nachora, energiyani ortiqcha sarflab ham bo’lmasdi: oldinda uchinchi raund bor edi.
Mushtlashish davom etardi.
Ruf’at charchay boshladi. Tajribalari va yashirib qo’ygan so’nggi hiylalarini ishga solib, Stivensonga ustma-ust musht tushirdi. U esa bunga javoban raqibini burchakka qisib olib, beayov do’pposlashga kirishdi.
Har qalay shu payt najotkor zang yangradi. Ha, najotkor edi u. Bokschilar nafaslarini, tomoshabinlar hayajonlarini saranjomlab olishlariga imkon beradigan sado edi u. So’ng Stivensonni tanishtirishdi. U Ruf’atdan ancha yosh, ko’pchilikka tanish bo’lmagan bokschi ekan. Lekin bachchag’ar, nogahonda qo’lga tushgan baliqday tipirchilar, kurashga tashnaligini namoyon etardi.
Uchinchi raund ko’p davom etmadi. La’nati Stivenson nogahonda chaqmoqdek otilib, Ruf’atga musht tushirdi. Ammo - lekin yomon irdi, berahm!
Ruf’at Risqiyev yiqildi!
U bilan bizning umidlarimiz ham chilparchin bo’lganday edi. Ha, butun planetaning ko’z o’ngida yiqilib yotgan shunchaki bokschi emas, go’yoki mening millatim, vatanim, shon-shuhratim, nomusim edi. Ko’zimdan yosh tirqirab ketdi!
Bir! Ikki! Uch! To’rt!....hakam barmoqlarini birin-ketin bukib sanar va har bir raqam boshimga to’qmoq bo’lib urilardi. Yetti! Sakkiz!.... Nihoyat, Ruf’at o’rnidan turdi. Yo’q, u endi avvalgi devqomat va shiddatkor Risqiyev emasdi; baraks noumid va pajmurdaroq bir vujud edi. Shu payt operatorlar Stivensonni ham ko’rsatishdi — u hamon kurashga talpinardi.
Men hamzaminimiz qarshisida yengilmas va hamisha g’olib NAVQIRONLIK turganini ko’rdim. Buni Ruf’at ham his etdi va mardlarcha raqibining peshonasidan o’pib, unga omadlar tiladi.
O’g’lim! Navqironlik, g’oliblik demakdir. Dialektik materializmning inkorni-inkor deb ataladigan shafqatsiz qonuni ringda yaqqol namoyon bo’ladi. Bizni dog’da qoldirgan Stivenson ham ertami-kechmi bu maydondan ana shunday noumid bo’lib, shalvirab chiqib ketadi.Chunki balokash dunyoda omad degani ko’p hollarda navqiron odamlarning eshigini qoqadi. Buni hamisha yodda tut va shunga qarab ish ko’r.
Bir chapani odamdan shunday naql eshitgandim: o’n—qo’y, yigirma — bo’ri, o’ttiz — arslon, qirq — qilich, ellik- paxta, oltmish — axta, yetmish — no’xta, sakson — taxta.
Bu maqolni sharhlab o’tirmayman—o’zing xulosa chiqarib ol!
Yigitga o’lim yo’q — o’zini tiqqa uradi, deyishadi, Aziz o’g’lim! Senga yetkazilgan zarofat, eng avvalo menga yetkazilgan jarohat ekanligini unutma. Agar bilsang, ambrazuraga ko’ksini qo’ygan jangchi jasoratidan ko’ra yashash uchun kurashgan, don sepgan, nihol o’tqazgan, kitob yozgan xokisor kishining jasoratini ustun qo’yardim!
Ha, eng katta jasorat yashash, zurriyot va ezgulik qoldirishdir! O’zga yurtlarning manfaatlari uchun jon bergan yigitlarga juda achinaman. Ularni ana shu o’limga safarbar etganlarga qiron kelsin deyman.
Urush va janjallarni hamisha yomon odamlar boshlaydi va unda yaxshi odamlar nobud yoki majruh bo’lishadi! Buni unutma.
Ichkilikka berilma, chekma, ablah odamlar bilan hamtovoq bo’lma, balodan hazar qil, desam meni ezmalikda ayblama. To’g’ri, bu o’gitlarni bobokalonlarimiz juda ibratomuz qilib yozganlar, muallimlar va yaxshi odamlar necha bor qulog’ingga quyishgan. Lekin gohida, mullo bo’lsang, takror qil, degan naqlni ham unutmaslik kerak.
MEHRIBON QIZIM! Allomalar o’z o’gitnomalarini nuqul:
"Ey pisar!" ya’ni ey o’g’il, deb boshlashgan. Ular nechundir qizlariga murojaat etishmagan. Ehtimol o’sha zamonlarda bu taomilga kirmagandir?! Balki ularning ko’ngillari qizlaridan to’q bo’lgandir — busiz ham odobli bo’lishiga ishonishgandir.
Men ham sening odobli va shohista bo’lishingga ishonaman. Ammo bizning ushbu noxush muhitimizda ezgulikning munavvar yo’lidan andak bo’lsa ham chalg’ib ketishingdan xavotir tortaman.
Ha, bizning zamonda ayol bo’lib tug’ilish oson emas. Bolalarni voyaga yetkazish; er va boshliqqa bo’ysunib yashash, faqat farzandlarnigina emas, ularni (er va boshliqni) ham tarbiyalash, bilsang — og’ir qismat! Ammo ayol qalbi bu qudratga qodir! Faqat katta, juda katta maqsadlar kerak!
Sening bahoriy vujudingni ko’rib, ich-ichimdan quvonishim, faxrlanishim va zohiriy xavotirga tushishimga endi ishongandirsan. Johillar va yaramas odamlar nominga dog’ tekkizishlaridan, ruhan ozor yetkazishlaridan; o’zingga bog’lik bo’lmagan falokatlar qaddingni bukib qo’yishidan cho’chib yashayman! Senga ko’z tikkan balolar, mayli menga tega qolsin, deyman! Chunki men ko’proq umr ko’rganman va sendan ko’ra bardoshliroqman!
Bilaman, sen avlodimizni ulug’lash uchun kurashasan, oilangni e’zozlaysan, lekin faqat ro’zg’oring uchun yashamaysan odamlarga naf keltirishni, eng zarur daqiqalarda ularga qo’l cho’zishni odat qilasan.
HIKOYAT

U paytlar respublika gazetasining Samarqand, Buxoro viloyatlari bo’yicha muxbiri bo’lib ishlardim. Bahor edi. Urgut qishloq xo’jaligi boshqarmasi vakili bilan Omonqo’ton qishlog’idagi yangi qurilishlarni ko’rgani borayotgandik. Katta ko’cha toqqa borib qadalgan joyda biz chap tomondagi soylikka burildik. Ikki tomonda baland tog’, o’rtada daryo, uning sohilida esa bir mashina arang sig’adigan yo’l. Bu yo’l ham gohida daryoni kesib o’ng yoki so’l tomonga o’tib turadi. Eskigina "Villis" zo’r berib yuqoriga o’rmalaydi, gohida kabina ichi tutunga to’ladi. Sherigim ana shu soylikda kurilgan zamonaviy pillaxona, maishiy xizmat uyi haqida, ularning loyiha – smetalarini hal qilishda shaxsan kattaning xizmati xususida hikoya qiladi. Men esa qarshimdagi cho’qqiga bostirib qo’yilgan beo’xshov telpakka o’xshash qop–qora bulutning g’ayri-tabiiy quyuqligidan ajablanaman. Ufqda chaqmoq yaltiraganini ko’raman, momoqaldiroq ovozini eshitish ilinjida sukut saqlayman.
Motorning zo’riqqanini sezdi, shekilli, hamrohim mashinaga tormoz berdi, so’ng erinmay tushib, radiatorga suv sepa boshladi.
Xuddi shu paytda kutilmagan hol ro’y berdi: qarshimizda bir otliq paydo bo’ldi va qamchisini o’ynatganicha qo’l silkib bizni allaqanday noxushlikdan voqif qila boshladi. Ikkalamiz ham hushyor tortib, diltanglik bilan uni kutdik: masofa yaqinlashgach, razm solsam, balog’at yoshidagi qiz (ehtimol, juvondir) ekan. U yashin tezligida bizga yaqinlashdi va bor ovoz bilan ogohlantirdi: "Qochinglar, sel kelayapti!"
Hademay to’riq ortida yengilgina chang qoldi, xolos. Biz jon talvasasida o’zimizni kabinaga urdik; shukurlarkim, motor darhol o’t oldi. Andak ilgarilaganimizdan keyin esa ajalning komiga qarab borayotganimizni esladik: bu tor daralarda orqaga burilib olish ham unchalik jo’n ish emasdi. Hademay ulkan xarsanglarning bir-biriga urilishidan hosil bo’ladigan vahimali ovozlar qulog’imizga chalindi, guvillagan yovvoyi ovoz kuchaya boshladi. Kabinadan shaht bilan tushib, ikkalamiz (negadir ikki tomonga qarab) qocha boshladik. Men qoyaga ro’para bo’lganimdan keyingina shoshqaloqlik qilganimni tushundim: sohil tik va qaltis edi. Nari tomonga qarab, sherigim barra o’tloqlar bo’ylab yuqoriga o’rlab ketayotganini ko’rdim. Shu tobda orqaga qaytish ham ajdaho bilan yuzma-yuz bo’lishdek vahimali bo’lib tuyuldi. Shuning uchun ham chapdastlik bilan chaqir toshlarga tirmashib yuqori chiqa boshladim, xarsanglar orasidagi allaqanday buta ildiziga, so’ng badanini tikan qoplagan yovvoyi bodomchaga osilib, yuqori ko’tarildim. Uyog’i yassi yonbag’ir edi: Tag’in ancha yuqorilagach, bo’tana suv endi ta’qib etolmasligiga ishonch hosil qildim-u, tin olib, pastlikka boqdim. Beshikday-beshikday toshlar bir-biriga urilib, pastlikka otilar, loyqa sel duch kelgan narsani komiga tortib borardi. Ildizi bilan qo’porilgan bir terak mashinamizga kelib urildi va uni ag’dardi; so’ng o’ngarib olib, bolalar o’yinchog’iday lopillatib surib ketdi. Zum o’tmay suv beton simyog’ochning beliga chiqdi va uni ham qulatdi. Men tabiatning bunaqa nogahoniy va qaltis qilmishini hech ko’rmagan edim. Dahshatli hayqiriq tobora ko’tarilib borar, sel shiddati dunyoni bosguday edi. Men bebosh va beshafqat qudratga uzoq tikilib, beixtiyor insonning ojizligini o’yladim va negadir o’ksib ketdim.
Allamahaldan keyin suvning kuchi kesildi, uning sathi pasaya boshlashi bilan men ham ortimga qaytdim.
Ikki-uch kungacha xayolim ana shu tabiiy to’fon bilan band bo’lib yurdi: dahshatli ovoz qulog’imga chalinib turganday, hamlakor to’lqinlar pastga otilayotganday bo’lardi. So’ng esa bular bari ikkinchi o’ringa chekindi va men odamlarni ogohlantirib o’tgan o’sha nogahoniy qizni ko’proq eslaydigan bo’ldim: kim bo’ldi ekan u — mening xaloskorim?! Qay bir baxtli otaning farzandi ekan?! Keyin uni behudud bir dard bilan qo’msaydigan bo’ldim va beixtiyor Omonqo’ton sari yo’l oldim.
Odamlar nogahoniy falokat xususida hamon entikish bilan hikoya qilishar, ofat ko’lami va qudratidan xabar berishga shoshilishardi. Ha, ancha-muncha noxushliklar bo’libdi. Jumladan, men ko’rmoqchi bo’lgan o’sha binolardan nom-nishon qolmabdi. Talay qoramollar, qo’y-echkilar aspalasopinga ravona bo’libdi. Bular sadqaisar-kuya odamlar ham qurbon bo’lishganini aytishdi. Pastki qishloqda bir ayol non yopish ilinjida tandirga unnayotgan ekan. Suvora qiz xitob berib o’tganda boshi tandirda bo’lgani uchun eshitmay qolibdi, bolakaylari toqqa qarab qochishibdi-yu o’zi... Tag’in bir kishi mast ekan.
Jon vahimasida o’rmalab chiqib ketganim — o’sha qoya qarshisida bir zum to’xtab qoldim. Shu yerdan alpinistday chirmashib chiqqanimni aytgan edim, hamrohlar ishonishmadi. Haqligimni isbotlash uchun qaytadan chiqmoqchi bo’ldim-u ammo uddalolmadim, g’alati.
Xullas, ko’zlaridan o’t chaqnagan o’sha qizni izlab, avval yuqori qishloqda chiqdim, ammo bu yerda qizning kimligini hech kim aytib berolmadi. Boshqa qishloqdagilar ham uni tanishmadi. Surishtiraverganimdan keyin turfa taxminlarni aytishdi: yuqorida geologlar, biologiya fakultetining amaliyotga kelgan qizlari, turistlar, yo’lovchilar deganday. Qissa ko’toh, men uni topolmadim. Ammo oradan yillar o’tgan sari haloskorimning barkamol va durkun qomati, besaramjon nigohlari, nogahoniy shiddati ko’z o’ngimda tiniqlashib, ulug’lanib, muqaddaslashib boraverdi.
MEHRIB0N QIZIM! Qizlik va navjuvonlik fasli ko’z ochib yumguncha o’tib ketadi. Men o’sha otliq qizni ichki bir entikish bilan qo’msaganday odamlar seni ham ezgu tuyg’ular bilan eslashlarini orzu qilaman. Sershavqat va rahmdil bo’l, bolakaylarni bag’ringga bos, peshonasidan o’p; dilshikasta ayollarning ko’z yoshlarini artib qo’y, jonivorlarni zolimlardan himoya qil!
Mayli, yoshligingdayoq Ovrupo va g’arb adabiyoti, madaniyatiga mehr qo’y, ammo oyog’ing mo’ysafid sharq tuprog’idan uzilib ketmasin! Urf-odatlarimiz, an’analarimiz, diniy e’tiqodlarimizga bepisand bo’lish — ota-onaga, bobolarga hurmatsizlik ekanligini unutma!
Xudo ko’rsatmasin, boshingga og’ir kunlar, nogahoniy musibatlar tushganda ruhing tushib, qadding bukilib qolmasin!
Oldingda hali shu’lakor va munavvar kunlar ko’pligini yoddan chiqarma!

BILIM OLMOQ, HUNAR O’RGANMOQ VA ZAKO-
VATGA ERISHMOQ XUSUSIDA

Bag’oyat ma’ruf ustozim, taniqli adib Asqad Muxtor benihoyat orif va kamsuxan inson bo’lganliklarini ta’kidlab o’tishim kerak. "O’zbekiston adabiyoti va san’ati" gazetasiga u kishi bosh muharrir bo’lganlarida men bo’limda ishlardim; kayfiyatlari xurram damlarda xonalariga kirardim va u kishining mumtoz suhbatlaridan bahramand bo’lardim.
Muhtaram zot bilan qurgan suhbatlarimning biri bu turur:
Dedim:
— Ja’mi jumboqlar va istiqbollar eshigini birma-bir ochadigan kalit nedur?
Dedilar:
— Ilm, hunar va zakovat.
Dedim:
— Millatni kamolot sari yetaklaydigan kishilar kimlar? Dedilar:
— Bilimli, hunarli va aqlli kishilar.
Dedim:
— Bu xislatlarga qanday qilib erishmoq kerak?
Dedilar:
— Katta maqsad va ishtiyoq bilan, andak madad va rahnamolik bilan.
Dedim:
— Inson bir bor dunyoga keladi, uni ham bilim va hunar yo’lidagi mashaqqatga sarflashi joizmi?
Dedilar:
— Kishi kamolot sari intilmas ekan, u jaholat botqog’iga botib qolaveradi; jaholat esa ja’mi illatlarning boshidir.
Dedim:
— Farzandlar va shogirdlarni ne ilmu hunarlarga da’vat etardingiz?
Dedilar:
— O’g’illarni zaminga mehr qo’yishga, kelajak kasbi bo’lmish EHM, kompyuterlar va ilmiy-texnika taraqqiyoti ufqlarini egallashlariga xohishmand edim.
Dedim:
— Axir, yerga ishlash bilan ilmiy-texnika taraqqiyoti kutbning ikki tomoni-ku!
Dedilar:
— Kelajakda ularni birlashtirgan, uyg’unlashtirgan yigitlarning qo’li baland bo’ladi. Zero, Behbudiy hazratlari ta’kidlaydilar: "O’tgan zamon uchun emas, kelajak zamon uchun ishlaylik!"
Dedim:
— Qiz bolalarga istaklaringiz?
Dedilar:
— Loaqal umr va quvvatlarining yarmini ro’zg’orga sarflashga imkon beradigan sohaga safarbar etardim.
Dedim:
— Farzandlar va shogirdlar o’zga yo’lni maqbul topishsa-chi?
Dedilar:
— Ularga omad tilardim, ko’mak ko’rsatardim.
Dedim:
— Ayrim farzandlar, shogirdlarning andishasizligi, loqaydligi, shuursizligi nimadan?
Dedilar:
— Ota-ona va ustozlarning beburdligi, beg’amligi, betuturuqligidan.
Dedim:
— Farzandlar va shogirdlarga tag’in tilaklaringiz?
Dedilar:
— Kasbu koriga — sadoqat, qavmlarga — mehr, tabiatga- muhabbat!
Dedim:
— Bunga qanday erishmoq kerak?
Dedilar:
— Sadoqatga — ehtirom, mehrga — samimiyat, muhabbatga shafqat hamda eminlik tufayli.
Dedim:
— Ziddiyatlarning boisi nedur?
Dedilar:
— Ikki dorvoz bir dorda o’ynolmasligi, ikki qo’chqorning boshi bir qozonda qaynamasligi.
Dedim:
— Isyonning sababi nedur?
Dedilar:
— Zulm.
Dedim:
— Zulmning boisi-chi?
Dedilar:
— Jaholat!
Dedim:
— Xasislik va shuhratparastlikdan qochmoq uchun nima qilish kerak?
Dedilar:
— Bot-bot pul va mukofotdan voz kechmoq kerak.
Dedim:
— Birovning haqiga hiyonat qilmaslik uchun-chi?
Dedilar:
— Oqibat va ohiratni o’ylamoq kerak.
Dedim:
— Atrofda ta’bingga o’tirishmaydigan biqsiq va ipirisqi kimsalar ko’payib, diling g’ussaga to’lganda, nima qilish kerak?
Dedilar:
— Mavlono Muqimiyning to’rtligini yodga olmoq kerak:
Shersiz emasdur beshalar,
Bordur saxovatpeshalar.
Qilmang yomon andeshalar,
Yaxshilari ham bor ekan!
Dedim:
— Siz qayta dunyoga kelsangiz, tag’in shu umr yo’lini tanlarmidingiz?
Dedilar:
— Ha, shu yo’ldan borardim, ammo hatolarimni takrorlamaslik payida bo’lardim.
Dedim:
— Xatolaringiz ko’pmi, sirmi?
Dedilar:
— Umrim davomida kam bilim olganim, ko’proq hunar o’rganmaganim mening xatolarimdir.
Dedim:
— Demak, inson farzandi uchun eng muhimi — bilim va hunar ekan-da?
Dedilar:
— Eng muhimi — aql!
Dedim:
— Nahotki, bilim va hunardan, iste’dod va tajribadan ham aql birlamchi va ustun bo’lsa?!
Dedilar:
— Illo, shunday!
Dedim:
— Endi aqlga erishish yo’llarini ayting.
Dedilar:
— Tabiat va jamiyat har bir kishiga ozmi ko’pmi zakovat urug’ini ato etadi. Uni avaylab undirish, voyaga yetkazish bandasining o’ziga vobastadir.
Dedim:
— Aqllilikning bosh belgilari nedur?
Dedilar:
— Kishi aqlli bo’la borgan sari odamlardagi bu xislatni ko’proq ilg’aydi va qadrlaydi. Hamma narsaga aqli yetgan kishi hamma narsani kechiradi.
Dedim:
— Tag’inchi?
Dedilar:
— Xokisor va kamtarin bo’ladi.
Dedim:
— Xokisorlik o’z qadrini yerga urish emasmi?
Dedilar:
— Faqat kibor va bepisandlar nazdida shunday.
Dedim:
— G’ururga o’xshash johillik nedur?
Dedilar:
— Jahl!
Dedim:
— Balandlikka o’xshash pastlik nedur?
Dedilar:
— Bepisandlik.
Dedim:
— Ojizlik alomati nedur?
Dedilar:
— Millatchilik, mahalliychilik.
Dedim:
— Aqllilikning tag’in qanaqa nishonalari bor?
— Dedilar:
— Ular mantiqiy oqibatni bilib ish tutadilar.
Dedim:
— Tag’inchi?
Dedilar:
— Ular kam gapirib, ko’p tinglaydilar!
OTA-ONA MEHRI HAMDA FARZANDLAR
BURCHI XUSUSIDA

Dunyoda ota va onani madh etmagan allomalar topilmasa kerak. Shoiru fozillar, ayniqsa onaning behudud mehri oldida qayta-qayta bosh egishgan.
Bir mahallar men ham bu mavzuga qo’l urib she’r yozgandim.

***
Sizga boqib turgan shu tiyran ko’zlar,
Menikimas, do’stlar...
«Ko’zi ojiz» bo’lib tug’ilgandim man
«Bechora, derdilar, qismating ekan».
Sezmasdim:
Tun nima yo kunduz nima,
Bahor latofati yo yulduz nima.
Ertadan kechgacha o’tirardim jim,
Axir, yumuq edi mening ko’zlarim.
Ilk bahorda bir kun Toshkentdan dadam
Doktor olib keldi, quvondim biram!
Professor ekan,
Ko’rdi ko’zimni
Tingladi hasratli, mungli so’zimni.
— Davolayman,— dedi, — ammo juda qiyin.
(Dilim tug’yon etar daqiqa sayin)
Buning bir yo’li bor:
Birorta odam
Agar rozi bo’lsa,
Dahshat bo’lsa ham
Ko’z soqqasin bersa, o’yib olaman
Ko’zlari o’rniga uni joylayman!
Tezda do’stlarimni topibdi dadam,
So’rabdi yordam....
Ammo kim ko’z bersin?!
Shu ekan taqdir-
Debdilar: ko’z berish — dahshat-ku, axir!
Qarindoshlarni ham topibdi dadam,
Ko’z in’om etmabdi qavmlarim ham.
Dadam bir gadoyni uchratib bir kun,
Dardu hasratlarni to’kibdi, dilxun.
Debdi: "Bir ko’zingni manga sot, jo’ra..."
Gadoy qo’rqqanidan qochibdi tura!
Sukut ichra g’ussa chekardim, hayhot
Nogoh, eshitildi achchiq bir faryod...
Voy, onam-ku, axir!
Irg’ib turay desam, qo’ymadi kimdir.
Keyin...
Keyin bilsam, bechora onam,
Men uchun beribdi ikki ko’zin ham.
Doktor nigohbonin o’yib olibdi,
Darddan munisginam faryod solibdi.
Jarroh, stoliga so’ngra men yotdim,
Uyog’ini bilmam — hushim yo’qotdim.
O’tib fursat-
Bo’ldi ruxsat!
Dokani ko’zimdan yechdim-u shartta,
Men borliqqa boqdim birinchi marta!
O, oshifta dunyo, Osmon, yulduz, oy!
Odamlarni ko’rdim, ilk bor, hoynahoy!
Onajon, deb uyga qo’yib kirsam ot,
Eh, men noshudga harom bu hayot!
Onamning ikkala ko’zi ko’r edi,
Ingrardi bechora...
Dardi zo’r edi!
U sekin paypaslab boshini tutdi,
Ochiq ko’zlarimni mehr bilan o’pdi.
Sizga boqib turgan shu tiyran ko’zlar,
Menikimas, do’stlar,
Onajonimniki!...
Ey farzand! Bu she’rni sharhlab o’tirishim, ehtimol ortiqchadir. Bizning faqat qorachuqlarimizgina emas, bor vujudimiz ota va ona pushti kamarining mahsulidir. Ammo, tan olmog’imiz va nadomat izhor etmog’imiz kerakki, biz ota hamda ona mehr oqibatlarini ko’p hollarda, ular hayotdan ko’z yumgandan so’ng teranroq his etamiz, afsuslar chekamiz. Buyuk Navoiy ta’birlari bilan aytganda, kimki ota-ona tiriklik paytida ularga "boshni fido aylasa, jismini sadqa qilsa" farzandlaridan shunday mehribonlik, sadoqat kutishiga ma’naviy haqli bo’ladi.
Ota-onasi tiriklik paytida ularni kaftida ko’targan, vafotlaridan so’ng ham ruhlarini shod qilib turgan o’g’il- qizlarga taqdiri azaldan zabtu zafarlar tilayman.

JUFTI HALOL VA ZURRIYOT
XUSUSIDA

Aziz o’g’lim va qizim! Qalqib turgan bu serg’alva dunyoda har kimning o’ziga munosib, mehribon umr yo’ldoshi topishi, borlig’ini unga baxshida etishi, farzandlar ko’rib, ularni voyaga etkazishi uncha jo’n ish emas va yana shu nekbaxtlik hammaga ham nasib etavermaydi. Oila ko'rishdek bag’oyat mas’uliyatli tadbirni amalga oshirish yuzasidan, afsuski hech kim aniq ko’rsatma va tavsiyanoma berolmaydi, chunki jufti halol tanlash — bag’oyat nazokatli ko’ngil ishi. Ammo shunga qaramay bor in’om-ixtiyorni o’zlaringga tashlab qo’ysam uncha to’g’ri bo’lmas. Bir mas’ul va jonso’z ota sifatida maslahatlar bermoqchiman hamda ular asqotadi, deb umid qilaman.
Aslida donishmand xalq bu borada eng mumtoz pandlarni aytib qo’ygan:
Boshing ikki bo’lmaguncha
Moling ikki bo’lmaydi.
Tag’in:
Xotinsiz ro’zg’or — cho’l,
Xotinli ro’zg’or — gul.
Tag’in:
Tengini topsang — tekin ber.
Tag’in:
Aqlli xotin — uy ko’rki.
O’g’lim! Buni umr savdosi debdilar. Shuning uchun uylanishga uncha shoshilmasligingni maslahat beraman. O’smirning andak ulg’ayib, nikoh yoshiga etishish, barkamol ma’nodagi balog’atdan dalolat emas. Turmush qurish uchun ma’naviy, iqtisodiy jihatlardan ham tayyor yoki qariyb tayyor bo’lmoq kerak. Iloji bo’lsa, o’qishni bitirib, biror yumushning boshini tutgach va tag’in, to’yning ayrim sarupolari, zaruratlarini xarid qilgach, taraddud boshlasang o’rinli bo’lur edi. Ammo, so’qqa boshlik ham cho’zilib ketavergani sari kishi injiq, o’ta nozikta’b, hatto anday bepisand bo’la borishini nazardan qochirmaslik kerak.
Gap turmushning muqaddas qo’rg’onini tiklash xususida ketar ekan, undan oldin sevgi deb atalgan ustuvor tuyg’u haqida to’xtalib o’tmasam, oshiqlar meni johillikda ayblashlari hech gap emas.
Eramizdan avval yashab o’tgan qadimgi yunon donishmandidan tortib kechagina maktabni bitirgan yosh shoir ham bu xususda to’lib-toshib afsona-yu ash’orlar yozishgan. Ularga qo’shimcha qilib, biror toza fikr aytishim mushkul. Faqat shuni ta’kidlab va tayinlab aytishim kerakki, bu behudud zavq betakror ma’naviy qudratdan bebahra qolish kattagina yo’qotishdir.




ОНА ЮРАГИ ҲАҚИДАГИ АФСОНАНИ ЭШИТГАН ЧИҚАРСИЗ. УНИ ТАЛАЙ ШОИРЛАР ШЕЪРГА СОЛИШГАН. МЕН ҲАМ БИР ВАҚТЛАР ҚАЛАМИМНИ СИНАБ КЎРГАНДИМ.
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
СЕН ОНА ЭМАССАН.
ЖАЛЛОДСАН – ҲАЁТ!
ОШИҚИ ЗОРЛАРГА ИЗТИРОБ НЕЧУН?
МАЪШУҚЛАР ПОЙИДА НЕ БОИС МАЖНУН?
УЛАРГА ТУТҚАЗИБ, ГОҲ ХАНЖАР, ГОҲ ГУЛ,
ҚИСМАТНИНГ ҚАЪРИГА ОТАСАН БУТКУЛ!
ҚАЛАМГА ОЛГАНИМ ЖЎН БИР АФСОНА,
АФСОНАДА ЗОҲИР – САБОҚ, ФАСОНА
ЎҒЛОН СЕВИБ ҚОЛДИ, ДАРДИ БЕҲУДУД,
КЎЗИДАН, СЎЗИДАН ЎТ ЧАҚНАР БЕДУД.
ОДАМЛАР! ЧЕКИНИНГ, АНА МАСТ КЕЛДИ!
ИШҚ ШАРОБИН ИЧГАН
ҒЎР САРМАСТ КЕЛДИ!
ИШҚИ ТУШГАН САНАМ, О ДИЛДОР ЭДИ,
ЧЕЧАН-У, ШОҲИСТА ВА КИБОР ЭДИ.
МОҲТОБНИ ЭСЛАТАР ХУШРЎЙ ЮЗЛАРИ,
РУҲИНГНИ ЭРКАЛАР СУЗУК КЎЗЛАРИ
ПОЙЛАРИГА ҚЎЙИБ БОШИНИ ТАКРОР?
ЙИГИТ ЗОРЛАНАРДИ – АШКИ ШАШҚАТОР:
«ДИЛИНГНИ МЕНГА БЕР,
БЕРАҚОЛ, ЖОНИМ,
ЗУЛМАТГА ОТМАГИЛ ЖОНУ ЖАҲОНИМ.
НЕ ШАРТИНГ БОР, СЎЙЛА, БОРЛИҒИМ НИСОР,
ЖОНИМ-У, ЖАҲОНИМ, ИМОНИМ НИСОР…» «ЧИРАНМА, ҚОПЛОНИМ, КЎЗ СУЗДИ ДИЛДОР,
АГАР ЖЎМАРД БЎЛСАНГ, ҚАЛТИС ШАРТИМ БОР…
МАЙЛИ, ЮРАККИНАМ СЕНГА БАХШИДА…
(ОШИҚҚА УМИДБАХШ ВАЪДА ЯХШИ-ДА)
УНИНГ ЭВАЗИГА КЕЛТИРГИЛ ЛОЧИН,
ОНАНГ ЮРАГИНИ!
СЎЗИНГ БЎЛСА ЧИН!»
НИМА БУ?
МАКРМИ, СИР-У СИНОАТ,
ДАҲШАТЛИ ҲАЗИЛМИ ЁКИ ХИЁНАТ?
ЁЛҒИЗ ЎҒИЛ ЭДИ, ЁЛҒИЗ ОНАГА.
САРОСАР ҚАЙТДИ У УЙГА – ХОНАГА
ОНАНИНГ КЎЗЛАРИ ЙЎЛГА ЗОР ЭДИ.
ЎҒИЛ ҚЎЙНИДА-ЧИ ХАНЖАР БОР ЭДИ…
ДЕВОНАВОР ЭДИ УНИНГ КЎЗЛАРИ,
САРБАСАР, МАСТОНА АЙТГАН СЎЗЛАРИ.
ОНА ЁЙГАН ЭДИ МУЪЖАЗ ДАСТУРХОН,
ҲАДЕМАЙ НОН ЎЗРА САЧРАБ КЕТДИ ҚОН!
КАФТДА СЕРХУН ЮРАК УРАРДИ ҲАМОН.
ЎҒИЛ МАНЗИЛ САРИ ОТИЛДИ ЧПҚҚОН.
ВА ОСТОНА ЎЗРА ҚОҚИНИБ ТУШДИ,
ОНАНИНГ ЮРАГИ НАРИГА УЧДИ…
ВОДАРИҒ,
ВОДАРИҒ, ТИЛГА КИРДИ У,
ДАРДУ ИЗТИРОБЛИ БИР ҲОЛ ЭДИ БУ
ДЕДИКИ: «ТОЙЧОҒИМ, БУ НЕ ФАЛОКАТ?
ЕТМАДИМИ СЕНГА ЗАРБУ ЗАРОФАТ?
ТУРАҚОЛ, ЧИРОҒИМ, ДАРДИНГНИ ОЛАЙ,
ЙЎЛ ҚАЛТИС, ОГОҲ БЎЛ ҚУРБОНИНГ БЎЛАЙ…
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
СЕН ОНА ЭМАССАН,
ЖАЛЛОДСАН ҲАЁТ!
ОШИҚИ ЗОРЛАРГА ИЗТИРОБ НЕЧУН?
МАЪШУҚЛАР ПОЙИДА НЕ БОИС МАЖНУН?
КЕЧИР, МУНГЛИ БЎЛДИ НУСРАТНИНГ СЎЗИ,
ХУЛОСА ЯCАСИН ҲАР КИМНИНГ ЎЗИ…








Muhabbat — bir-biriga yetishguncha olovlanib so’ng so’nib qoladigan tuyg’u, degan ekan bir faylasuf. Dastlab bu aforizm menga juda yoqib tushgandi, keyin esa hayotda buning aksini ko’p ko’rdim: to’ygacha bir-birini tanimagan, keyin esa majnunona sevib, suyanib qolgan, borlig’ini bir- biriga baxshida etgan talay er-xotinlarni uchratdim; ularga havasim keldi.
Ey farzand! Chiroqqa lampamoy, niholga suv, qushga don kerak bo’lganiday, muhabbat ham ma’naviy va moddiy rag’bat talab qilishini unutma.
Axir, faqat ehtiroslar bilan yashab bo’lmaydiku! Yaxshi ko’radigan kishingning ko’nglini topish vositalarini o’zing o’yla; balki bir dasta gul, ehtimol, yarashiq libos yoxud andak hamdu sano, tabassum...
Zero, shoir aytganidek:

Insonga juda ko’p narsa kerakmas,
Uyda uni kimdir kutib tursa — bas !

Qizim! Bizning goh, turg’un, goh sershiddat zamonamizda kelin bilan kuyovning ajralib ketishi bot-bot ro’y berib turadigan noxush hol, buning sabablari bisyor, lekin eng avvalgisi, oila deb ataladigan muqaddas uyushmani saqlab qolish uchun kurashmaslik, unga bepisand qarashdir. Agar bilsang, beva bo’lib qolish, farzandlar dunyoga kelgan bo’lsa, tirik yetim qoldirish — gunohi azim.
Qismatning bo’yoqlari oz emas: birov qaynona-qaynotasi bilan kelishmaydi, boshqa bir kelin pulsizlik va uysizlikka qarshi bosh ko’taradi, yana bir bebaxtning eri giyohvandlikka, ichkilikka yoki qimorbozlikka beriladi. Sen qizim, bunday nogahoniy zarbalarga hamisha tayyor bo’l, har qanday illatning g’ovlab ketishiga yo’l qo’ymay, uning oldini olishni o’rgan. Qaynona yoki qaynotangdan hasrat qilishdan oldin bir haqiqatni aql tarozusiga solib, mushohada yuritib ko’p: ular o’zga bir davrda yashashdi, sen boshqa zamon odamisan. Modomiki shunday ekan, yillar orasidagi farq dunyoqarashlardagi, nuqtai nazardagi farq demakdir. Ro’zg’or degan qal’aning har qanday omonat joyini mustahkamlab borish; buning uchun bir-birini kechirishni bilish, gohida xokisorlik taomillariga amal qilish, milliy udumlarni qadrlash singari bir talay shartlarni e’tibordan chetda qoldirmaslik kerak. Oila munosabatlaridagi kichik ziddiyatlarga bepisand bo’lmagin — katta jiddiyatlar ana shu kichik ziddiyatlardan boshlanadi.
Tag’in shuni yodda tutginki, erkak zoti hamisha o’z imkoniyatlaridan kattaroq gapiradigan, va’da berib qo’yadigan bo’ladi. Nachora, erkakchilik. Zero, shunday ekan, bu holdan ortiqcha qahrga minishga hojat yo’q. Konstitusiya erkak va ayolga teng huquq bergan bo’lsa-da, musulmonchilikning hech qayerda qayd etilmagan qonunlari oilada, qarindoshlar, do’stlar davrasida sardor mavqyei andak sarbaland bo’lishini taqozo etadi.
Muhabbat va sadoqat shunchaki kitobiy gaplar emas, oila ham erkak yoki shahvoniy zarurat uchun qurilmaydi.

HIKOYAT

Samarqand tumani Qoziqo’rg’on qishlog’ida Jo’raqul sibir degan otaxon yashaydilar. Piru badavlat mo’ysafid: ikki o’g’il, ikki qiz, nevara, chevara deganday.
Hozir (2002 yil) saksondan oshgan otaxon umrlarining o’n bir yilini Sibirdagi avaxtaxonalarda o’tkazganlar. Mash’um qatag’on yillari u kishiga "kolxoz tuzimining dushmani", deb ayb qo’yilgan. Kelinlik libosidagi umr yo’ldoshi chirqillab qolavergan.
Eri qamalgan, qamalayotgan ayollar... Taqdirdan ularga toqatlar tilagisi keladi kishining. Qismatning ushbu nogahoniy zarbasi birovni qulatadi, birovni majruh etadi.
G’ussadan birov ustiga benzin sepsa, boshqasi qaddini mag’rur tutib, qismatga qasdma-qasd kurash boshlaydi.
Xullas, Sharifa opa umr yo’ldoshini naqd bir yil kutadi. Undan nom-nishon bo’lmagach, daraklashga kirishadi va Jo’raqul Sibir tomonlarga surgun qilinganini, u yerda daraxt kesayotganligini, eshitib qoladi.
Sibir! Carhadsiz sovuq o’lka! Oftob degan tabarruk mo’jiza qadrini o’sha izg’irin yalangliklarda loaqal bir bor bo’lgan kishigina dildan his etmog’i mumkin. Uning hatto bahori oniy bo’lib, olis hamda noxush xotiralarga o’xshab ketadi. Bu sarhadsiz hududga Ovrupodagi bir necha mamlakatlarni joylashtirish mumkin.
Mazlumlar avaxtaxonasi bo’lib qolgan bu o’rmonzorlardan bir mahbusni daraklash cheksiz koinotdan uchar tarelkalarni izlashdek gap. Ammo noumid — shayton deydilar. Inson esa esa xamisha ishonch bilan yashaydi. Sharifa ana shu qahraton o’lkadan umr yo’ldoshini topishga azmu qaror qilib yo’lga chiqadi. Bratsk shahriga tushgach, boshqa musofirlardek, avvalo mehmonxonani daraklamay, qamoqxonalarni surishtiradi. Keyin esa ana shu hibsxonalar atrofida arvohday keza boshlaydi. Badjahl soqchilar mahbuslarni ertalab ishga olib chiqayotganda, kechqurun quturgan ko’ppaklar vositasida tikanli simlar ortiga haydab kirayotganda bu pajmurda gavdalar orasidan erini izlaydi. Eh-eh etikdo’z Jugashvilining o’g’li tomonidan Yenisey bo’ylarida qurilgan ne-ne avaxtaxonalarda bo’lmaydi u?!
Ey, sadoqatli hotinlar! Dunyoning eng ulkan shaharlarida hashamdor haykal o’rnatish kerak sizlarga! Toki odamlar muhabbat va sadoqat oldida bosh egib poyingizga gullar qo’yishsin!
Shu ko’yi bir yarim yil izg’iydi u. Musofirchilik va xoru zorlikning behad uqubatlarini boshidan kechiradiki, bu sargardonliklarning o’zi bir kitobga siqqulikdir. Shu sarsonliklar sabab bo’lib, til o’rganadi, hushyorligi ortadi. Alqissa, bir harbiy gruzin uning jasoratiga tan beradimi yoki rahm qiladimi — har holda ko’maklashishga bel bog’laydi. Sharifa opa bir necha oygacha umid bilan uning uyida yashab, kasalvand xotiniga, bolalariga qarashadi. Gruzin ham o’z so’zining ustidan chiqib, bir kuni Sharifa opani daryo bo’yidagi o’rmonzorga ergashtirib boradi. Xuddi shu yerda u umr yo’ldoshini topib oladi!
Bu jarayonlar biz bayon qilgandek jo’n kechgan emas, albatta. Masalan, siz kinolarda basharasi covuq harbiy soqchilarni bir necha bor ko’rgansiz, albatta. Ular zarur bo’lganda, qo’llaridagi avtomat tepkisini bosib yuborishlari ham hech gap emas. Ha, garchand bag’ritosh bo’lishsa hamki Sharifa opaning sadoqati oldida bosh egib, er-xotinning bir-biriga qarab hududsiz mehr bilan talpinishlariga monelik qilishmaydi.
Ertasi ham, indini ham uchrashadilar ular...
Sharifa opa avval shu yerdagi maktabda farroshlik qiladi. Unga bir xonachani jihozlab beradilar. Shunday qilib, o’z ishini ixlos bilan bajargan holda har kuni ovqat pishirib, Jo’raqul sibirga olib borishni kanda qilmaydi. Shu tariqa maktabdagilarning ham, mahbuslarning ham yaqin kishisiga aylanib qoladi. Chunki uning qalbidagi shafqat va mehr odamlarni loqayd qoldirolmasdi-da! Faqat umr yo’ldoshininggina emas, o’zgalarning ham kiyimlarini yamab beradi, bemorlar, bechoralarga yordam qo’lini cho’zadi.
Xullas, xotini sabab bo’lib Jo’raqul sibirga ham ancha-muncha ozodlik epkini tegib qoladi: boshliqlar kechqurunlari oilasi bilan bo’lishga ruxsat berishadi unga. Vatandan juda olis, sovuq bir yurtda er-xotin bir-biriga tayanib, dalda berib umrguzaronlik qila boshlaydilar.
1955 yili ular Sibirdan bir mashinada ko’ch-ko’lon, ikki o’g’il, ikki qiz bilan qaytib kelishadi.
Nadomatlar bo’lsinkim, Sharifa opa bundan besh yilcha muqaddam hayotdan quz yumdilar.
Ey, farzand! Oila jamiyat beshigi bo’lsa, farzand belning quvvati, zurriyotning davomchisi, chirog’imizni yoqib qoluvchi irsiyatimizdir!
Shuni bilki, bolakaylar shovqini egallamagan xonadonni asta-sekinlik bilan zohiriy vahima sharpasi egallay boradi.
Tag’in shuni bilginki, bu dunyoda sog’lom farzandini ko’tarib turgan juvondan go’zal, jozibali sanam hech yerda yo’q va bo’lmaydi ham!
Baski, shunday ekan, farzandlar mo’l, sog’lom, aqlli, o’qimishli bo’lishiga erishmoq kerak. Shunday ish tutmoq zarurki, bolalarimiz, faqat umrimiz davomchisi bo’lib qolishmasin, balki bizdan ham ustunliklarga erishsin. Fan nomzodining o’g’li, masalan, kamida fan doktori bo’lmasa, avlod taraqqkiyotga erisholmay qoladi-ku! Sen faraz qilaylik, uch tilni biladigan bo’lsang, bolang kamida besh-olti zabonda burro bo’lmog’i lozim.
Afsuski, hayotda noqobil odamlar oz emas. Qotillar va sotqinlar, giyohvandlar va fohishalar, bezorilar va qalloblar...
Eh, ular ko’p! Bu odamlarning birortasi ham yomon bo’lib tug’ilmagan. Oilaviy tarbiyaning qo’pol nuqsonlari sabab bo’lib, ana shunday nobop yo’llarga chalg’ib ketishgan ular.
Biologik jihatdan kichik harf bilan yoziladigan inson sut emizuvchilar oilasidagi homo sapiyens turiga mansub bo’lsa hamki, katta harf bilan bitiladigan Inson — ko’zlarida nuri munavvar, qalbida ezgulik shamchirog’i, niyatida ustuvorlik, so’zida eminlik bo’lgan oliy zotdir!
Ota-ona o’z farzandlarining qilmishlari uchun butun jamiyat va tarix oldida javob berishi kerakligini bir daqiqa bo’lsa ham yoddan chiqarmanglar!
Farzandlarning murg’ak qalblariga zariflik, zakiylik va shafqat urug’ini ko’proq, sepinglar; ularni zukko tarbiyachi, shohista muallimlar qo’liga topshiringlar, toki kelajakda faqat o’z oilasigagina emas, millati, xalqi, vataniga ham sharifliklar keltirsin!

SUXANDONLIK, XUSHXATLIK VA MILLATGA
EHTIROM XUSUSIDA

Ey aziz farzand! Bu dunyoni qurol bilan emas, so’z sehri bilangina zabt etish mumkinligini hamisha yodda tut. Zukko suxandonlar, xushxat diplomatlar, xatnavis xattotlar hamma zamon va jamiyatlarda qadrlangan. Faqat ana shunday noyob iste’dodga ega bo’lgan kishilargina afkor va noafkorlarni o’zlariga ergashtirishlari; ularni kurashlarga da’vat etishlari mumkin.
Minbarda yoki davrada bo’lganingda shunday sershira so’zlashga odatlanki, odamlar sendan zarra ham bezishmasin, bar’aks, vujudlari quloqqa aylanib tinglashsin, istiqbolingga qarab talpinishsin. So’z faqat aloqa vositasi emas, kerak bo’lganda u qilich ham, qalqon ham. Kalom ezgulik va kamolot, eminlik va da’vatkorlikdan dalolat bersin!
Zero:
Olqishlayman nurga
Intilsa har kim.
Nur sochganlargachi
Etaman ta’zim!

Suxandonlikning o’z taomil, talablari borligini yoddan chiqarma. Ko’pchilikmi, ozchilikmi — bundan qat’iy nazar, odamlar oldida so’zga chiqishdan oldin mas’uliyatni his etib, obdan taraddud ko’rishga to’g’ri keladi.
Bahsu munozara daqiqalarida o’zgalarning fikrlarini ham ehtirom ila tingla; qizishmay, jahlga minmay, andak bo’lsa ham ovozni ko’tarmay, faktlar, dalillar bilan kurashgin.
Zotan, jahliga hokim — hammaga hokim!
Ovozingni ko’tardingmi, demak sen nohaqsan!
Xatto to’g’ri so’z ham g’azab va nafrat bilan aytilsa, u haqoratga o’xshab ketadi.
Shu yodingda bo’lsinki, turfa yig’inlarda odamlar o’zlarining ustun tomonlarini namoyish qilish payida bo’ladilar. Shuning uchun ham bunday daqiqalarda ularning xislatlari, ustuvorliklarini e’tirof et. Ko’pchilik orasida o’zgalarning nuqsonlarini ochsang-u o’z kamchiliklaring xususida gapirmasang, yoki seni tanqid qilganlarni ta’qib qilsang, mardlikdan bo’lmas!
Shuni yoddan chiqarmaslik kerakki, o’z-o’zini tanqid qilish yo’lga qo’yilmagan, oshkoralik, demokratiya jo’mraklari berkitilgan joyda yoki jamiyatda taraqqiyot bo’lmaydi.
Sening tanqiding kishilarni rag’batlantirsin, kurashga chorlasin!
Zero:
Bulbul g’azalini tinglay deb inson
Intilar boqqa
Yaxshilar, bo’lmasin bog’da hukmron:
Qurbaqa!

Qulog’ingga aytadigan yana bir andisha.
Sen siyosat bilan shug’ullanmasang, siyosat sen bilan shug’ullanadi, deyishadi. Lekin, shu bilan birga siyosatni g’irrom uyinga chiqarishadi. Bu masalada yetti o’lchab, bir kesishingni maslahat beraman. Odamlarning tinchligi, farovonligini chinakamiga birinchi o’ringa qo’ymagan, allaqanday mansab, shuhrat ilinjida bo’lgan aldam-qaldam siyosatbozlardan senga nima naf? Zotan, Shayx Sa’diy ramziy qilib, topib aytganlar:
Puling yo’q, bozorda nima bor sanga?
Tag’in chang solmasin, birov sallanga!
Umuman, o’tdan ko’ra tutun serob bo’lgan muhitdan chetroq turgan ma’qul. Bizning ja’mi toat-ibodatlarimiz, va’zxonlik-u namoyishlarimiz insonning bir tomchi qoniga arzimaydi, bolam!
Shuningdek, kechagina o’pgan bayrog’ini bugun paytava qilgan riyokor va nobakorlardan ehtiyot bo’lmoq kerak! Va o’zini minbarga urayotgan har bir kishi xalq g’amida emasligini unutma!
Inson chinakam demokratiya, erk uchun bir umr kurash olib bo– radi!
Buning farqiga bor va ana shu ezgu kurashdan o’zingni chetga olma!
Minbarda aytilgan so’z shudgorga sepilgan uruqqa o’xshashi — vaqt o’tishi bilan ildiz otishi, hosil berishi lozim.
Bilib qo’y: donolar nafratini, nodonlar hayratini oshiradigan narsa, soxtalik va jo’nlikdir!

HIKOYAT

U paytlar viloyat gazetasida xizmat qilardim. Bir kuni muharrir o’rinbosari Ahmadjon Muxtorov biz — bir necha jurnalistlarni yig’ilishga taklif qilib qoldi.
— Said Usmonov so’zga chiqadilar, — dedi, — daftarlaringni olinglar — foydali gaplar ko’p bo’ladi.
Said Usmonov bag’oyat bilimdon, xushsuxan olim ekanligini eshitgan bo’lsam-da, u kishini ko’rmagan, suhbatidan bahramand bo’lmagan edim. O’ttiz-o’ttiz besh yoshlardagi, yuzidan nur yog’ilib turgan, xushtabassum kishini ko’z oldingizga keltirib ko’ring-a.
Shungacha minbardagi kalomning bu qadar sehrli bo’lishini tasavvur qilib ham ko’rmagandim. Tilimizning bunchalik sershira, kalomimizning serjoziba ekanligini daf’atan tuyganday bo’ldim. Olim o’ziga xos salobat bilan iqtisod va uning omillari xususida so’z yuritardi. Iqtisodday zerikarli fan o’zgacha mazmun kashf eta boshladi.
Odatda yig’ilishlardan o’zimni chetga olardim; shundan keyin esa iqtisodchi olimimiz so’zga chiqadigan majlislarga qarab intiladigan bo’ldim.
Ko’p o’tmay u kishi Bulung’urda chiqish qildi. Zal suv quygandek jim-jit. Yo’q, odamlarni sehrlagan kuch faqat aktyorona harakatlar, tinglovchi mushohada yuritib olishiga imkon beradigan pauzalargina emasdi, eng muhimi — aql va jasorat edi!
O’tkir, jo’yali so’z, ravshan fikr ortiqcha izoh talab etmas va vujudlar quloqqa aylanib har bir kalomni hazm qilish ishtiyoqda bo’lardi.
Olim fermerlar haqida obdon gapirib, ish yuritishni o’shalardan o’rganishga da’vat etardi. O’ttizinchi, qirqinchi yillarda bunday raftor qilgan olim yoki rahbarni «halq dushmani»ga chiqarishardi, men hikoya qilayotgan yetmishinchi yillarda ham qaltisroq edi bu gap.
Samarqand viloyatida mazkur islohotlar joriy etila bordi. Ayrimlar oilaviy zvenolar tashkil etib, ijaraga yer oldilar, brigadalar xo’jalik hisobiga o’ta boshladi. Keyin esa sho’rolar byurokratizmining beshafqat mashinasi bu o’zgarishlarning oldiga g’ov qo’ydi.
Mayli, bu — alohida mavzu.
Gap so’z bilan ishning birligi, kalom qudratida.
Bolalarim! Tag’in shuni yodda tutinglarkim, har bir kishi eng avvalo o’z onasi alla aytgan zabonda burro bo’lmog’i kerak! Ammo shuning o’zi bilan kifoyalanish cheklanish demakdir. Jahon miqyosidagi tillarda ham chechan bo’lmasalaring, omad eshiklaringni qoqmay qo’yishi mumkin.
Tag’in: u yoki bu hududdagi go’zallar ko’rigi g’olibini bilmasalaring hamki (aslida uni ham bilib qo’yish foydadan xoli emas) yozuvchilar, rejissyorlar, qo’shiqchilar, rassomlar, kompozitorlarni bilmaslik; ularning san’atidan bebahra qolish yetuklikdan dalolat emas!
Endi bag’oyat nozik bir mavzuda, quloqlaringa sekingina aytadigan ikki og’iz so’z.
Bu — milliy masala, albatta. Nazarimda bobolarimiz bizdan ko’ra ancha baynalminal bo’lishgan. Ularning qomusiy asarlarini varaqlasangiz, biror millatga nisbatan jilla bo’lsa ham bepisandlik alomatlarini sezmaysiz. Bobokalonlarimiz ko’p hollarda turkiydan tashqari, arabiy, forsiy tillarni ham bilishgan; (Behbudiy hazratlari bularga qo’shimcha tarzda rus tilini ham bilishni tavsiya etadilar). Shuning uchun ham Sharq madrasalari, bozorlarida o’zlarini erkin va mag’rur tutishgan. Biz ulardan ibrat olmog’imiz shart! Biz Mahmo’dho’ja Behbudiy nomlarini tilga oldik. Shu bahonada ashraf bobolarimiz — jannati jadidlar haqida gapirib o’tmasak, suhbatimiz kemtik bo’lib qoladiganday. Bugungi mustaqilligimizning tamal toshlarini asr boshida o’sha jo’mard donishmandlar qo’yishgandi. 1917 yilda Qo’qonda Muxtoriyat e’lon qilgan, Oktyabr inqilobini zo’ravonlik deb atagan, o’z hisoblaridan maktablar, kutubxonalar, teatrlar, gazeta, jurnallar ochib, halqni ma’rifatga chorlagan va bilimsiz halq hech nimarsaga, jumladan, mustaqillikka ham erishishi mumkin emasligini qayta-qayta ta’kidlagan sarchashma bobolarimizga sharaflar bo’lsin!
Har bir millat o’z botqog’i bilan faxrlanadi, har bir xalq o’zi yaratgan falsafaga, o’zi tanlagan boshliqqa munosib bo’ladi, deyishadi. Millatning buyugi bo’lmaydi, binobarin, sening ham millating o’zgalardan ustun yoki past emas! Barodarlik barobarlikdadir! O’z millatini o’zgalardan ustun qo’yish, bu yo’lda turfa vositalarni ishga solish bilan o’lchanmaydi, balki kamolot sari intilish, millatdoshlarini ergashtira bilish bilan belgilanadi. Kishi o’z oilasini qadrlashi zarur, ammo uni ko’pchilik orasida maqtashi kamtarlikdan emas. Millat masalasida ham mantiq xuddi shuni taqozo etadi. Millatning yomoni yo’q, ammo jabrdiydalari, dili o’ksiklari, kamsitilganlari, vatangado qilinganlari, xo’rlanganlari anchagina.
Sen o’g’lim, ularga aka, uka, o’g’il bo’lib, peshonalarini sila, ko’ngillarini ko’tar!
Sen qizim, ularga hamdard, hamshira bo’lib, ko’z yoshlarini artib qo’y!
Har holda «xalq» bilan «olomon» tushunchalari orasida qancha farq bo’lsa, «xalq» bilan «millat» orasida ham shuncha tafovut borga o’xshaydi. Lekin olomon ham, xalq ham, millat ham o’zining buyuk farzandlari bilan faxrlangani singari, nobop odamlari, noxush qilmishlaridan or qilishni ham o’rganmog’i kerak! Qilmish deb ataladigan noxush xotira pistirmada turgan dushmanga o’xshaydi — u bot-bot seni o’qqa tutaveradi.
Qilmish uchun xudo va vijdon oldida hisob berishimiz kerak!
Mardlikning taomili shunaqa!

HIKOYAT

Anton Pavlovich Chexovning «Pomeshchik qo’rg’onida» degan hikoyasi bor. Unda oqsuyak Pavel Ilich Reshevichning past tabaqali kishilarga haddan tashqari bepisandligi; xudbin, injiq bo’lgani sabab odamlar uni xushlamasliklari tasvirlangan.
Pomeshchikning bo’yga etgan ikki qizi bor. Uyezdga yaqinda ishga kelgan tergovchi Meyer Reshevichning katta qizi bilan tanishib qoladi va ularnikiga mehmon bo’lib keladi. Bu dargohga hech kim oyoq, bosmay qo’yganidan bo’lsa kerak, oila, jumladan, Reshevich ham ana shu holdan behad quvonadi. Ammo pomeshchik o’z odatiga ko’ra tag’in o’sha eski diydiyosini boshlab, meshchan falsafasini davom ettiradi.
«Oqsuyakning tabiiy va tarixiy vaj hamda dalillari bor, azizim, va buni inkor etmoqlik, menimcha, kiyikning shoxi yo’q, deyishga o’xshash noma’qul bir gap. Agar men isqirtga, malayvachchaga qo’l bermas ekanman, buning ma’nisi, olamdagi eng yaxshi narsalarni himoya etganim, bizni kamolot sari eltuvchi ona tabiatning eng yuksak yo’l-yo’riqlaridan biriga amal qilganim bo’ladi. Biz ham endi xuddi G’arb risarlari mo’g’ullar hujumini qaytarganidek, vaqtni o’tkazmasdan, darhol qo’zg’almog’imiz va bir yoqadan bosh chiqarib, dushmanga zarba bermog’imiz lozim. Qachongacha ularga ko’ngilchanlik qilamiz?! Bas endi! Hammamiz gapni bir joyga qo’yib, isqirtlar yaqinimizga keldi deguncha nafratimiz qo’zg’ab, iflos basharasiga qarata: «Yo’qol, bu yerdan qo’ng’iz, sening tenging – to’ng’iz» deydigan bo’laylik....»
"Men unday qilolmayman," dedi zo’rg’atdan Meyer va yuzini o’girdi.
"Nega endi, so’radi Reshevich. U g’alati suhbat, uzoq mubohasa va talashuvlar bo’lishini ko’zlab joni kirgan edi. — Nima uchun?"
"Chunki, men o’zim pastki tabaqadanman." Bu iqrordan Meyerning o’zi qizarib ketdi, hattoki bo’yin tomirlari shishib, ko’zida yosh paydo bo’ldi."
Ey farzand! Bilaman, sen odamlarni tabaqalarga ajratmaysan. Ammo beandishalik qilib, millatga ajratishingdan havotirdaman. Yangi tanishing, suhbatdoshing yoki davradoshlar qaysi millatga mansubligini bilmay, uning nozik tuyg’ulariga tegib qo’yish, gumrohlikning o’zginasidir.
Turfa davralarda u yoki bu millatning sha’niga tegadigan latifalar aytib yurish ham vaysaqilikdan o’zga narsa emas!
Ustoz Asqad Muxtor bilan bu mavzuda ham suhbatlar qurganimiz yodimda. Xotiramda qolganlarini qog’ozga tushirishga sa’y harakat qilaman.
Dedim:
— Aytingchi ustoz, kishi suxandon, xushxat va boehtirom bo’lganda nimalarga erishadi?
Dedilar:
— Omad ularga ikki qo’lini cho’zgan go’dakdek talpinadi.
Dedim:
— Siz bunday kishilarga ne muruvvat va saxovatlarni ravo ko’rardingiz?
Dedilar:
— Ixtiyor menda bo’lsa, mehrimni quyoshga qo’shib berardim.
Dedim:
— Minbarga ko’tarilayotgan kishiga nima deyishni istardingiz?
Dedilar:
— Sen rohib emassan, notiqsan — yuragingni och!
Dedim:
— Xatnavislarga nimalarni yozishni maslahat berardingiz?
Dedilar:
— Haqiqatni!
Dedim:
— Millatchilik nimalarga olib keladi?
Dedilar:
— Milliy adovatga.
Dedim:
— Milliy adovatchi?
Dedilar:
— Xunrezlikka!
ITOAT ETTIRMOK, VA BO’YSUNMOQ
XUSUSIDA

Asr dovonidan oshgan, ter va ko’z yoshi ta’mini yetarlicha tatib ko’rgan bir mo’ysafidga savol beribdilar: "Qanday qilib, buncha umr ko’rdingiz?" Otaxon debdi: "Umr bo’yi hech kimga bo’ysunmadim va hech kimni bo’ysundirmay yashadim:
Ey farzand! Bilki, biz kimlargadir tobemiz va allakimlar bizning qarshimizda bosh egib turishga mahkum etilgan. "Bo’yin sunish degan kalomning andak o’zgargan mazmun, shakli va mohiyatiga e’tibor ber. Shuning uchun itoatkorlik ham, itoatgo’ylik ham umrning egovidir.
– Mayli, meni ur, ammo gapimga quloq sol, degan edi afinalik Spartak o’z xo’jasiga.
Yana shuni bilib qo’yginki, kishilar aksariyat hollarda boshliqqa ishonadilar, e’tiqod qo’yadilar, ammo amaldorlar qo’l ostidagi odamlardan shubhalanib yuradilar.
Modomiki dunyo shunaqa qurilgan ekan, bunga qarshi bosh ko’tarmoq nojoizdur. Hamma zamonlar, jamiyatlar va tuzumlarda ham shunday bo’lib kelgan: hokimlar, amirlar, ijroqo’m raislari, sarkotiblarning, ko’p hollarda ideallari tuzuk bo’lsa hamki, o’zlari boshqa narsalarga intilganlar; ular Qur’oni Karimga ham xiyonat qilishdan toyishmagan. Zamonlar o’tgan sari bo’ysunuvchi kishilar talabchan, haqgo’y va andak beandisha bo’lib borgani singari, mansabdorlar ham chechan, makkor va beshafqat bo’lib boraverganlar.
Har holda rahbar bilan amaldorning farqi yo’q emas!
Lekin insof bilan aytganda, bizning zamonda boshliq bo’lish unchalik jo’n ish emas. Asablarning doimiy tarangligidan bo’lsa kerak, ularning aksariyati pensiya yoshiga etmay infarkt, insult, qon bosimi singari dardlarga mubtalo bo’lishadi. Baski shunday ekan, jamiyat adolatli rahbarlarni qadrlamog’i kerak. Kimga ko’p huquq berilgan bo’lsa, undan shuncha ko’p talab qilinishini unutishga haqqimiz yo’q! Boshliqqa itoat etmay, uni bepisand qilishni g’urur deb bilmoq xato, albatta! Ey farzand! har qanday mansab sohibi bo’lganingda ham odamlar bezib ketadigan darajada qattiqqul yoki oyoqosti qilib o’tadigan holatda lakalov bo’lma! Shunday ish yuritmog’ing kerakki, mabodo vaqti kelib, amal kursisidan ajralib qolsang, tanishlaring yuz o’girishmasin. Buning uchun qavmlarga mehribonlik ko’rsatib tursang, mahallaning to’y-ma’rakalaridan o’zingni chetga olmasang, an’analarga befarq bo’lmasang, kishilarning yaxshi kunlarida qo’llarini qisib qo’ysang, mushkul daqiqalarida peshonalarini silasang — kifoya!
Mansab pog’onalariga qarab ish yuritish taomillari ham takomillashib boradi. Ammo har qanday kursini tavsiya etishganda, obdan o’ylab ol: biliming, qobiliyating, tajribang yetarlimi; avvalgi rahbardan oshiribroq ish yurita olasanmi?! Mabodo dilingga o’tirishmasa, yuragingni jizillatmasa nazokat bilan rad et. Mardlikning taomili shunaqa. Kuch-quvvating, imkoniyating darajasidan tashqari bo’lgan zo’riqish seni ma’naviy jihatdangina emas, jismoniy jihatdan ham majruh qilib qo’yishi mumkin. Ahir sen ota-ona, farzandlar, jamiyat uchun sog’lom bo’lishing, ko’proq yashashing kerak-ku!
Har qanday kasbu hunar singari rahbarlik ham senga zavqu shavq ato etsa; ilhom, ishtiyoq bilan ishlasang tatiydi. Shunday ish tutginki, do’stu qarindoshlar, keksalar va majruhlar, ayollar va jabrdiydalar huzuringga kirolmay, aziyat chekishmasin. Inchunin, jurnalistlar, yuristlar, sobiq mansabdorlar jahlga minib qaytishmasin: bu toifadagilar ko’p hollarda kek saqlaydigan bo’lishadi.
Endi o’rinbosar xususida. Buyuk Kaykovus yozadi: "Barcha ishni vazirga taslim qilmag’il, uning ra’yiga hamisha muhtoj bo’lmagil." Vazir har odam haqida so’z aytsa eshitgil, valek darhol qabul qilmagil. Anga deginki: "O’ylab ko’rurman, agar ma’qul topsam, bu yumushni sanga topshirurman. Agar hoh qari, hoh yigitlikda podshoh bo’lsang, qari kishini vazir qilgil."
Bu qomusiy o’gitlarga biror fikr qo’shish mushkul. Faqat shuni aytib o’tishni istardimki, o’rinbosarning keksarog’i, shofyor va kotibaning yoshrog’i afzal. Ular halol, sadoqatli, shu bilan birga hushyor, zukko kishilar bo’lishsin.
Qonunlar bizni himoya qilishi kerak bo’lganidek, biz ham qonunlarga bepisand bo’lmaylik. Ayniqsa, rahbar bu masalada nodonlikka yo’l qo’ysa, beburd bo’lib qolishi hech gap emas!
Sen rahbar bo’lgan davrda siyosat-u vaziyatlar o’zgarib qolishi mumkin. Bunday paytda uzoqni ko’zlab, aql bilan ish yurit. Ta’na malomatlarga, ikkiyuzlamachilarga nisbatan vazmin bo’l. Har ehtimolga qarshi o’zga yerlardan o’zingga va yaqin kishilaringga ish daraklab qo’y!
Vazifasidan nohaq bo’shatilgan ayrim tadbirkor, dono rahbarlar hech o’ksimay kichik va o’rta biznesga qo’l urib, yanada ustuvor shuhratlarga erishganini bilaman. Nazarimda, ular to’g’ri yo’l tutishdi.
Mansabdan ajralishni sira ham baxtsizlik deb bilma!
Ey farzand! Senga tobe bo’lgan uddaburro kishilarni e’zozla! Ayrim illatlari uchun ularning dillarini xufton qilma. Agar bilsang, jamiyatning yetakchi kuchlari — ana shu uddaburro odamlardir. O’ttiz-qirk, yilda yetishib chiqqan ishchan rahbarning oyog’iga bolta urish — endigina g’arq hosilga kirgan daraxtni qulatishdek uvol ish!
Birovni bo’ysundirishdek itoat etish ham murakkab jarayon. Har holda boshliqning ishonchiga sazovor bo’lmoq kerak. Bu tadbirni hamkasb do’stlarni ko’paytirish, ularning ko’nglini topish bilan birga olib borishni o’rgan. Ishxonada ikkiyuzlamachilar, g’iybatchilar va turli... chilar bo’lishi mumkin. Sen ulardan ustun turishning tadbirini qil va atrofdagilarga nisbatan hushyorlikni susaytirma.
Jamoada guruhlar paydo bo’lganda ( nachora — hayot. Bu ham istisno emas) adolat va haqiqat tomonda bo’l. Bu kurashda mag’lub bo’lsang ham zarracha o’ksima! Ammo har qanday sharoitda ham intizom, ishchanlik, jamoaga g’amxo’rlik saqlanmog’i kerak!

HIKOYAT

Bir mahallar chumolilarning hayot tarzini kuzatganim yodimda. Ungacha dunyoda asalari oilasidek intizomli va mehnatkash uyushma bo’lmasa kerak, deb o’ylardim. Qarasam, chumoli ham undan qolishmas ekan.
Bu o’lkan ro’zg’orda katta va kichik lavozimdagi boshliqlar (ularni qanotidan aniqlash mumkin) bo’lib, qolganlari umr bo’yi mehnat qilishga mahkum etilgan jonivorlardir. Ishchi chumolilar tuxumdan chiqqan zahoti ro'zg’orning temir intizomi, tabiatning instinkt degan qonuniga buysunib ishga kirishadi. Avval yo’laklarni, omborlarni tozalaydi, chiqindilarni olib ketadi. So’ng qish tashvishi...
Chumolilar odamlarday yig’ilishlar o’tkazishmaydi; ularda mahalliy qo’mita ham yo’q. Ammo metin intizom, halol va fidoyi mehnat bor. Bu jamoada dangasalar va badmastlar, g’iybatchilar va laganbardorlar, nigilistlar va ekstremistlar, hoinlar va ablahlar yo’q. Mehnat hamma uchun birinchi zarurat, intizom hamma uchun qonun! Ularning bir-biriga, oilaga g’amxo’rligi haqida o’nlab ilmiy va badiiy asarlar bitish mumkin. Masalan, oila a’zolaridan birortasi yaralanib yoki xastalanib qolguday bo’lsa, galalashib unga girgitgon bo’lishadi. Ja’mi jonivorlardan farqli o’laroq, nobud bo’lgan sheriklarini chiqarib ko’mishadi. Biror falokat ro’y berganda, masalan, inlari buzilganda yoki uni suv bosganda eng avvalo tuxumlari, palaponlari, yaradorlarini olib qochishadi.
Vaholanki ular — chumolilar!

TABIAT MUHOFAZASI VA TANSIHATLIK
XUSUSIDA

Ey, aziz farzand! Kornell dorilfununining (AQSH) olimi J.M. Stoykos barcha ijtimoiy islohotlarni, shu jumladan, ekologik evolyusiyani to’rt bosqichga bo’ladi.
1. Gap ham yo’q, ish ham.
2. Gap bor-u, ish yo’q.
3. Gap bor, ish ham bor.
4. Gap tugadi, ish boshlandi.
Biz, nazarimda ikkinchi bosqichni yakunlab, uchinchisiga o’tyapmiz. Lekin bir gunohni gardanimizga olishimiz kerakki, insoniyat taraqqiyoti davomida hech qaysi avlod tabiatni bizning asrdoshlardek qaqshatmadi. G’or odamlari mamontlarni qirganini ayuhannos solib ayblagan holda o’nlab, yuzlab parranda, jonivor turlarini batamom yo’qotdik; yer usti va yer osti suvlarini, shaffof havolarni zaharladik. Eh, bu talafotning ko’lami naqadar katta va dahshatli ekanligini bilganingda edi! Birgina yerosti suvini olaylik. Endi uni hech qachon qayta tozalab bo’lmaydi va yillar osha u avlodlarimizni zaharlayveradi.
Hozir odamlar atrof-muhit muhofazasi xususida ko’proq, balandroq gapiradigan, allanimalarni talab qiladigan bo’lib qoldilar. Jurnalist ham, artist ham, yurist ham tabiat jonkuyariga aylanib borayotganga o’xshaydi. Agar bilsang, bu o’zgarish allaqanday oshkoralik samarasi emas. Odamlar qilmishlaridan hijolat tortdilar yoki ular o’sha yuz-ikki yuz yil keyin yashaydigan zurriyotlar taqdiridan bezovta desak ham juda oldinlab ketgan bo’lamiz. Tabiatga yetkazilgan zarar bevosita jismu jonlariga yetkazilgan jarohat ekanligini his etdilar ular. O’zlari va bolalarining turfa kasalliklariga jo’mrakdan oqayotgan suv, dasturxondagi ne’mat, havodagi og’u sabab bo’layottanligini bilib qolishdi, xolos!
Insoniyat taraqqiyoti davomida xushfe’l otalar hamisha zurriyotlar haqida g’amxo’rlik qilishgan, ularga boy meros qoldirish payida bo’lishgan. Nadomatlar bo’lsinkim, biz kelajak avlod haqiga chang solish bilan kifoyalanmay, ularning nasibasini ham zaharlashda davom etdik!
Hozir rasmiy va norasmiy davralarda, "ekologik xavfli xudud" degan juda noxush ibora paydo bo’ldi. Demak, bunday hududdan inson ko’chib ketishi shart! Ey Ollohu Azim-ush shon! Mening yurtimni ana shunday dahshatli hududga aylantirma!
Sen bolam, biz gumrohlarning gunohlarimizni yengillashtir, nuqsonlarimizni takrorlama. Mabodo, muallim bo’lsang, bolakaylarning quloqlariga quy: ular yashil olamga, zaminga mehr qo’yishsin; mabodo olim bo’lsang, muammolarni ochib ber, odamlarga munavvar yo’llarni kursat! Rahbar bo’lsang, bu borada qo’l ostingdagi kishilarga ibrat bo’l. Xullas, kim bo’lsang hamki, bong ur, da’vat et, toki odamlar hushyor tortishsin: xatolardan o’zlarini tiyishsin!
Shuni yodda tutginkim, bundan keyin millatning madaniyati uning atrof-muhitga bo'lgan munosabatiga qarab belgilanadi.